Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

НИМА БАХТГА ЕТАКЛАЙДИ?

Соғлик ва мослашувчанлик

Соғлик ва мослашувчанлик

СУРУНКАЛИ КАСАЛЛИК ВА НОГИРОНЛИК ҲАЁТНИ КЕСКИН ЎЗГАРТИРИШИ МУМКИН. Илгари фаол ва соғлом бўлган Ульф исмли бир киши фалаж бўлиб қолгач, шундай деди: «Мен қаттиқ тушкунликка тушдим. Кучим ва жасоратим сўнди... Ўзимни “яксон бўлгандай” ҳис қилдим».

Ульфнинг вазиятидан кўриниб турганидек, соғлигимизни бутунлай назорат қила олмаймиз. Аммо қайсидир даражада касалликларнинг олдини олсак бўлади. Борди-ю, соғлигимиз ёмонлашиб борса-чи? Бу бахтсизликка маҳкум бўлдик деганими? Асло! Ҳозир бунинг исботини билиб оламиз. Келинг, аввал соғлигимизни асрашга кўмаклашадиган баъзи принципларни кўриб чиқайлик.

ҲАР НАРСАДА МЕЪЁРНИ БИЛИНГ. (1 Тимўтийга 3:2, 11) Еб-ичишда меъёрни билмаслик нафақат соғликка, балки чўнтакка ҳам зарар! «Шаробга ружу қўйганларга, гўштни бўкиб ейдиганларга қўшилма. Ичкиликбоз ва очофат қашшоқликка учрайди». (Ҳикматлар 23:20, 21)

БАДАНИНГИЗНИ БУЛҒАМАНГ. «Тана ва руҳиятимизни булғайдиган ҳар қандай нарсадан ўзимизни поклайлик». (2 Коринфликларга 7:1) Одамлар нос ва тамаки чекиб, ичкиликни суиистеъмол қилиб ҳамда наркотик моддаларни қабул қилиб баданига зиён етказишади. АҚШ Касалликларни назорат қилиш ва олдини олиш марказларининг маълумотига кўра, чекиш оқибатида инсон «касаллик ва ногиронликка дучор бўлиб, деярли ҳамма органлари зарар кўради».

ҲАЁТИНГИЗНИ ҚИММАТБАҲО СОВҒАДЕК БИЛИНГ. «Биз [Худо] орқали яшаймиз, ҳаракат қиламиз, бормиз». (Ҳаворийлар 17:28) Буни ёдда тутсак, ишда бўламизми, машина ҳайдаймизми ёки дам оламизми ҳаётимизни бесабаб хавф остига қўймаймиз. Бир лаҳзалик туйғу бир умр ногирон бўлишга арзимайди!

САЛБИЙ ҲИС-ТУЙҒУЛАРНИ НАЗОРАТ ҚИЛИНГ. Онгимиз билан баданимиз ўзаро чамбарчас боғлиқ. Шундай экан, ортиқча ташвишдан, тийиқсиз жаҳлдан, ҳасаддан ҳамда шу каби зарарли туйғулардан қочинг. Забур 37:8 да: «Қаҳру ғазабни ўзингдан соқит қил»,— дейилган. Инжилда эса: «Зинҳор эртанги кун учун ташвишланманглар, чунки эртанги куннинг ўз ташвишлари бўлади»,— деб ёзилган. (Матто 6:34)

ИЖОБИЙ НАРСАЛАР ҲАҚДА ЎЙЛАНГ. Ҳикматлар 14:30 да: «Хотиржам юрак танага ҳаёт бахш этади»,— деб айтилган. Шунингдек, Муқаддас Китобда: «Шод юрак шифобахш малҳамдайдир»,— деган сўзлар бор. (Ҳикматлар 17:22) Бу сўзлар илмий жиҳатдан ҳам тасдиқланган. Шотландиялик бир доктор: «Агар ҳаётдан мамнун бўлсангиз, ўзини бахтсиз деб ҳисоблайдиган инсонларга қараганда келажакда камроқ касал бўласиз»,— деб айтмоқда.

МОСЛАШУВЧАН БЎЛИНГ. Боя айтиб ўтилган Ульф сингари бизнинг ҳам чидашдан бошқа иложимиз қолмаслиги мумкин. Лекин буни қандай бошдан кечириш ўз қўлимизда. Баъзилар тушкунликка тушади ва бундан аҳволи янада ёмонлашади. Ҳикматлар 24:10 да: «Оғир кунда руҳинг тушса, кучинг ҳам заифлашади»,— деб айтилган.

Бошқалар эса бошида хафа бўлади-ю, лекин кейин вазиятни қўлга олади. Улар вазиятга мослашиб, чидашнинг йўлини топишади. Ульф айнан шундай йўл тутди. У кўп ибодат қилиб, Муқаддас Китобдаги хушхабар устида мулоҳаза юритгач, «тўсиқларни эмас, имкониятларни излай» бошлади. Боз устига, қийинчиликларни бошдан кечираётган кўп инсонлар каби Ульф ҳам раҳм-шафқатли ва меҳрибон бўлишни ўрганди. Бу эса уни Муқаддас Китобдаги далдали фикрларни бошқалар билан баҳам кўришга ундади.

Стив исмли бир киши ҳам қаттиқ азоб чеккан. Ўн беш ёшида у дарахтдан йиқилиб, бўйнидан пасти фалаж бўлиб қолди. Ўн саккиз ёшга тўлганида эса қўллари қайта ишлашни бошлади. Шунда у университетга ўқишга кирди. Тенгдошлари қатори Стив ҳам наркотик моддалар ва ичкиликни суиистеъмол қилиб, ахлоқсиз ҳаёт кечирди. У бутунлай умидсизликка тушиб қолди. Аммо Муқаддас Китобни тадқиқ қилиш ҳаётга янгича нуқтаи назар билан қарашига ва ёмон одатларини ташлашига ёрдам берди. У шундай дейди: «Ҳозир ҳаётим мазмунга тўла. Мен бахт, мамнуният ва хотиржамликни ҳис қиляпман».

Стив ҳамда Ульфнинг шарҳлари Забур 19:7, 8 да ёзилган қуйидаги сўзларни ёдга солади: «Яҳованинг қонуни мукаммалдир, инсонга қайтадан куч бахш этади... Яҳованинг буйруқлари адолатлидир, қалбни шод этади, Яҳованинг амри покдир, кўзларга нур беради».