НИМА БАХТГА ЕТАКЛАЙДИ?
Ҳаёт мазмуни
ИНСОН НОЁБ ИСТЕЪДОД СОҲИБИДИР. МАСАЛАН, БИЗ ЁЗАМИЗ, ЧИЗАМИЗ, ЯНГИ НАРСА ЯРАТАМИЗ ҲАМДА ҚУЙИДАГИ ЭНГ МУҲИМ САВОЛЛАР УСТИДА МУЛОҲАЗА ЮРИТАМИЗ: Коинот қандай пайдо бўлган? Инсонлар қандай вужудга келган? Ҳаётнинг мазмуни нимадан иборат? Келажагимиз қандай бўлади?
Баъзилар бундай саволларга жавоб топиш имконсиз, деб ўйлашгани учун жавоб излашдан ўзини четга тортишади. Бошқалар эса ҳаёт эволюция натижасида пайдо бўлгани учун бу каби саволларга жавоб излашнинг ҳеч қандай маъноси йўқ деб айтишади. Тарих ҳамда биология фанлари бўйича олим Уильям Провайн шундай деб таъкидлаган: «Худолар йўқ, ҳеч қандай мақсад ҳам йўқ. Ахлоқий меъёрлар ҳам ҳеч нарсага асосланмаган ва ҳаётнинг мазмуни йўқ».
Аммо бу каби дунёқарашга қўшилмайдиган одамлар ҳам бор. Улар коинот математик жиҳатдан аниқ ва мураккаб қонунлар асосида бошқарилишига ишонч ҳосил қилишган. Улар табиатдаги ҳайратомуз ижодларни кўриб лол қолишади. Инсонлар баъзида табиатдан андаза олиб, бирор нарса яратишади. Атрофимизни ўраб турган мураккаб ва кўп вазифани бажарувчи жамики ижодлар ўз-ўзидан пайдо бўлмаган, балки уларнинг маҳоратли лойиҳачиси борлигидан далолат беради.
Бундай мулоҳазалар ҳатто баъзи эволюция тарафдорларини ҳам нуқтаи назарини қайта кўриб чиқишга ундади. Келинг, қуйидаги иккита мисолни кўриб чиқайлик.
НЕЙРОХИРУРГ АЛЕКСЕЙ МАРНОВ. «Мен ўқиган мактабларда атеизм ва эволюция ҳақида таълим беришарди. Мабодо кимдир Худога ишонса, уни саводсиз деб билишарди»,— деб бўлишди у. Аммо 1990 йилдан бошлаб унинг фикри ўзгарди.
У шундай деб тушунтирди: «Мен ҳамма нарсада, жумладан, инсон мияси борасида ҳам мантиқий сабаб излардим. Инсоннинг бу ажойиб органи биз билган коинотдаги энг мураккаб тузилма эканига шубҳа йўқ. Унда нега билим олишга ва ҳунар ўрганишга мослаштирилган миямиз вақт ўтиб ўлим билан якун топиши керак? Ахир бу мантиққа зид-ку! Шунда “Нима учун дунёга келганмиз? Ҳаётнинг мазмуни нимадан иборат?” дея ўйланиб қолдим. Булар ҳақда чуқур мулоҳаза юритгач, Яратувчи бор деган хулосага келдим».
Ҳаёт мазмунини излаган Алексей охири Муқаддас Китобни ўрганишга бел боғлади. Кейинчалик шифокор хотини ҳам унга қўшилди. У эри каби атеист эди ва Алексей адашганини исботлаш ниятида тадқиқни бошлаган эди. Энди бўлса уларнинг иккови Худога қаттиқ ишонади ва Муқаддас Китобдан Аллоҳ нима мақсадда инсониятни яратганини билиб олишди.
ПЛАЗМА БЎЙИЧА ОЛИМ АЁЛ ХУАБИ ИНЬ. У физика фанини тадқиқ қиларди ва кўп йиллар давомида плазма устида изланишлар олиб борарди. У модданинг тўртинчи — плазма ҳолатини ўрганиб, қуёш плазмаси асосан электрон ва кучли ионлар йиғиндисидан иборат эканига амин бўлди.
Хуаби Инь шундай дейди: «Биз олимлар табиат ҳодисаларини ўрганамизми ёки бошқа нарсаларними, барчасида доимо юқори даражадаги тартиб борлигини ва улар аниқ қонунларга бўйсунаётганини кўрамиз. Мен “Бу қонунлар қандай пайдо бўлган? Ҳатто оддий овқат пиширганда ҳам оловни назорат қилиб туриш керак бўлса, наҳотки қуёшнинг ҳароратини назорат қиладиган шахс бўлмаса?!” деб ҳайрон бўлардим. Вақт ўтиб, Муқаддас Китобдаги: “Бошида Аллоҳ осмон билан ерни яратди”,— деб айтилган сўзлар ягона мантиқий жавоб эканига ишонч ҳосил қилдим». (Ибтидо 1:1)
Тўғри, илм-фан «қандай қилиб» турдаги кўпгина саволларга, жумладан: «Қандай қилиб мия ҳужайралари фаолият юритади? Қандай қилиб қуёш иссиқлик ва ёруғликни ҳосил қилади?» — деган саволларга жавоб бериши мумкин. Аммо Алексей ва Хуаби «нима учун» деган муҳим саволларга Муқаддас Китоб жавоб бера олишига амин бўлишди. Масалан: «Нима учун коинот пайдо бўлган? Нима учун у муайян қонунларга бўйсунади? Нима учун биз дунёга келганмиз?»
Муқаддас Китобда Ер ҳақида: «Тангри Ерни бекорга эмас, инсонлар яшаши учун барпо этган»,— деб айтилган. (Ишаё 45:18) Ҳа, Худонинг Ер учун нияти бор ва Унинг мазкур нияти келажакка бўлган умидимиз билан боғлиқ. Бу ҳақда кейинги мақолада билиб оламиз.