ҚИЙИНЧИЛИК
Муаммоларимизнинг илдизини топиш
Тинчимизни ўғирлаб, хавфсизлигимизга рахна солаётган, шунингдек, келажагимизга хавф туғдираётган муаммоларни инсонлар бартараф эта олишига ишонасизми? Муаммоларимизнинг ечимини топиш учун, уларнинг асл сабабини излашимиз зарур.
Мисол учун, Том исмли бир бемор касал бўлиб, сўнг вафот этди. Ўлимининг сабаби нимада эди? «Касалликнинг илк белгилари кўрина бошлагач, ҳеч ким касалликнинг асл сабабини топишга уринмаган»,— деб ёзади Томнинг ўлимидан озгина аввал уни шифохонага қабул қилган бир шифокор. Афтидан, бошида Томни даволаган шифокорлар у ўзини яхши ҳис қилиши учун шунчаки дори-дармон ёзиб беришган.
Бугунги кунда инсонлар ҳам дунёдаги муаммоларни ҳал этишга мана шундай ёндашади. Масалан, жиноятга қарши курашиш мақсадида ҳукуматлар қонунлар чиқаради, видеокузатув тизимини ўрнатади ва полиция кучларини мустаҳкамлайди. Бу чоралар муайян даражада самарали бўлса-да, улар муаммоларнинг илдизини топишга қаратилмаган. Бундан ташқари, инсонларнинг хулқ-атвори муносабат, эътиқод ва истаклари билан чамбарчас боғлиқ.
Жанубий Американинг иқтисодиёти пасайиб бораётган бир мамлакатда яшовчи Дэниел шундай дейди: «Илгари тинч ҳаёт кечирардик. Босқинчилар ҳужумидан қўрқмасдик. Ҳозир эса на бир шаҳарда, на бир қишлоқда тинчлик бор. Иқтисодиёт пасайиб бораётгани кўпчилик инсонлар аслида қандай эканини — очкўз ва ҳаётни қадрламаслигини намоён этди».
Бир киши, унинг исми Элиас дейлик, Яқин Шарқдаги низолардан қочиб, кейинчалик Муқаддас Китобни тадқиқ қилишни бошлаган. У шундай дейди: «Она шаҳримдаги кўпгина йигитлар оила аъзолари ва сиёсий-диний тузум томонидан урушга боришга ва қаҳрамон бўлишга ундалишарди. Душман томондагиларга ҳам худди шундай айтишарди! Бу воқеалар ҳукмдорларга умид боғлаш қанчалик аянчли эканини кўришимга ёрдам берди».
Қадимги бир доно китобда шундай дейилган:
-
«Инсоннинг қалби болалигидан ёмонликка мойилдир». (Ибтидо 8:21)
-
«Қалб ўта алдамчи ва бетайиндир. Ким уни англай олар?» (Еремиё 17:9)
-
«Ёмон ниятлар, қотиллик.., жинсий ахлоқсизлик, ўғрилик, сохта гувоҳлик... юракдан чиқади». (Матто 15:19)
Одамзод ичимизда яширинган ёмон мойилликларни бартараф этишга ожиз. Қолаверса, ўтган мақолада эслатиб ўтилган муаммолардан кўриниб турганидек, бундай мойилликлар кучайиб бормоқда. (2 Тимўтийга 3:1–5) Бугунги кунда ҳар қачонгидан ҳам кўпроқ маълумотга эга бўлиш ва бошқалар билан мулоқот қилиш каби кенг имкониятларга қарамай, шундай ҳолат кузатилмоқда. Нима учун дунёда тинчлик ўрната олмаймиз? Ўзимиздан кучимиздан ортиқ нарсани талаб қиляпмизми? Имконсиз нарсани қилишга уриняпмизми?
ИМКОНСИЗ НАРСАГА ИНТИЛЯПМИЗМИ?
Ҳатто қандайдир мўъжиза юз бериб инсониятнинг ёмон мойилликларини йўқ қила олганимизда ҳам дунёда буткул тинчлик ва хавфсизликни ўрната олмаймиз. Нега? Сабаби инсонларнинг имконияти чегараланган.
Ҳақиқат шундан иборат: «Одамга ҳатто ўз қадамларини йўналтириш ваколати берилмаган». Еремиё 10:23) Ҳа, биз ўзимизни бошқариш қобилияти билан яратилмаганмиз. Чиндан ҳам, сув остида ёки очиқ космосда яшаш учун мослашмаганимиз каби инсонларни бошқариш учун ҳам яратилмаганмиз!
(Ўйлаб кўринг: одамларга бошқа кишилар қандай яшашни ёки қайси ахлоқий меъёрлар бўйича ҳаёт кечиришни ўргатса ёқадими? Агар кимдир аборт, ўлим жазоси ёки болаларини қандай тарбиялаш борасида муайян нуқтаи назарни уқтирса, бу одамларга ёқадими? Бу одамлар орасида бўлинишларга сабаб бўладиган бир нечта масала, холос. Гарчи буни тан олиш осон бўлмаса-да, Муқаддас Китобда ёзилганлар ҳақиқатдир. Биз инсонлар устидан бошқариш ҳуқуқига ёки қобилиятига эга эмасмиз. Ундай ҳолда қаердан ёрдам излашимиз керак?
Биз учун энг тўғри йўл Яратувчимизга мурожаат қилишдир. Ахир У бизни яратган-ку! Баъзилар нима деб ўйлашидан қатъи назар У бизни унутмаган. У бизга бефарқ эмаслиги Муқаддас Китобдаги доноликда намоён бўляпти. Ушбу ноёб китобни яхши тушунсак, ўзимизни ҳам яхшироқ англаймиз. Қолаверса, бу китобдан нима учун инсониятнинг тарихи фожиали бўлганини билиб олишимиз мумкин. Германиялик бир файласуфнинг нима сабабдан «одамлар ва ҳукуматлар тарихдан ҳеч нимани ўрганмади, чиқарган хулосаси бўйича йўл тутмади» деганини тушунамиз.
МУҚАДДАС КИТОБДАГИ ДОНОЛИК БИЗНИ ҲИМОЯЛАЙДИ!
Бир донишманд: «Одамнинг донолиги адолатли ишларидан кўринади»,— деб айтган эди. (Луқо 7:35) Мисол учун, Ишаё 2:22 да ёзилган оқилона сўзларга эътибор қаратайлик: «Ўз фойдангиз учун одамга таянманг». Мазкур доно маслаҳат умидимиз пучга чиқишдан бизни ҳимоялайди. Шимолий Американинг зўравонликка тўлиб-тошган шаҳрида яшовчи Кеннет шундай дейди: «Бир сиёсатчининг кетидан бошқаси аҳвол яхшиланиши ҳақида ваъдалар беради-ю, аммо бажармайди. Бу Муқаддас Китобда чин ва доно сўзлар ёзилганини исботлайди».
Юқорида сўзлари келтирилган Дэниел, шундай ёзди: «Ҳар куни инсонлар яхши бошқара олмаслигига амин бўламан... Банкдаги ҳисоб-рақамингизга ёки нафақа суғуртасига ишониш қарилик чоғингизда ғам-ғуссасиз яшашингизга кафолат бера олмайди. Бу борада одамлар умидсизликка тушиб, азоб чекканининг гувоҳи бўлганман».
Муқаддас Китобда ёзилганлар умидимиз пучга чиқишдан ҳимоялашдан ташқари, бизга умид бахш этади. Келинг, бу ҳақида билиб оламиз.