МУАММО
Хавфсизликка рахна солинмоқда
«Ҳозирги авлод технология, илм-фан ҳамда молия соҳасида мисли кўрилмаган имкониятлардан фойдаланмоқда... Аммо шу авлод дунёни [сиёсат, иқтисодиёт ва атроф-муҳит борасида] ҳалокат остонасига олиб келадиган биринчи авлод бўлиши эҳтимолдан йироқ эмас». («The Global Risks Report 2018, World Economic Forum»)
НИМА УЧУН ТАФАККУРИ КЕНГ АКСАР ИНСОНЛАР КЕЛАЖАГИМИЗ ҲАМДА САЙЁРАМИЗ ҲАҚИДА ТАШВИШЛАНМОҚДА? КЕЛИНГ, БИЗ ДУЧ КЕЛАЁТГАН АЙРИМ ҚИЙИНЧИЛИКЛАРНИ КЎРИБ ЧИҚАЙЛИК.
-
КИБЕР-ЖИНОЯТ. Ҳозирги кунда Интернетга кириш ҳар қачондан ҳам хавфли бўлиб қолган. «Интернет педофил, безори, тролл * ва хакерларнинг макони бўлиб қолган,— деб айтилмоқда «Острэлиан» газетасида. — Шахсиятни ўғирлаш дунёда жадал ўсиб бораётган жиноятлардан бири бўлиб қолган... Интернет ёвузлик ва шафқатсизлик каби иллатлар ривожланишига туртки бўляпти».
-
ИҚДИСОДИЙ ТЕНГСИЗЛИК. Оксфам Халқаро Ташкилотининг сўнгги хабарига кўра, дунёдаги энг бой саккиз нафар кишининг мол-мулки 3,6 миллиард камбағал аҳолининг мол-мулкига тенг. Бу ташкилот шундай демоқда: «Бузилган иқтисодиётимиз аксарияти аёлларни ташкил этадиган жамиятнинг қуйи табақаси ҳисобига юқори табақадаги бойларни янада бойитмоқда». Баъзилар ўсиб бораётган иқтисодий тенгсизлик оммавий норозиликларга олиб келишидан қўрқмоқда.
-
НИЗОЛАР ВА ТАЪҚИБЛАР. БМТнинг Қочоқлар ишлари бўйича агентлигининг 2018 йилги ҳисоботида: «Айни пайтда биз аҳоли кўчиб кетиши энг юқори кўрсаткичга етганининг гувоҳи бўлмоқдамиз»,— деб айтилган. 68 миллиондан зиёд одамлар асосан низолар ва таъқиблар дастидан уй-жойини ташлаб кетишга мажбур бўлмоқда. Бу ҳисоботда, шунингдек: «Ҳар икки сонияда тахминан 1 киши ноилож кўчиб кетяпти»,— дейилган.
-
АТРОФ-МУҲИТНИНГ ЗАРАРЛАНИШИ. «Биохилма-хиллик мисли кўрилмаган даражада камайиб бормоқда,— дейилган бир манбада. — Ҳаво ва денгизларнинг ифлосланиши инсоният соғлигига катта хавф солмоқда». («The Global Risks Report 2018») Шунингдек, баъзи мамлакатларда ўсимликларни чанглатадиган ҳашаротларнинг сони кескин камайиб бормоқда. Олимларнинг айтишича, бу экологик ҳалокатга олиб келиши мумкин. Маржон рифлари ҳам хавф остида. Ҳисоботларга кўра, ўтган 30 йил ичида дунёдаги маржон рифларининг деярли ярми йўқолиб кетган.
Дунёда кўпроқ хавфсизликка эришиш учун бирон-бир ўзгариш қилиш қўлимиздан келадими? Баъзиларнинг фикрича, таълим қисман бу мақсадга эришишга ёрдам беради. Агар шундай бўлса, бу қандай таълим экан? Кейинги мақолаларда мана шу саволлар муҳокама қилинади.
^ Одамларнинг жаҳлини чиқариш ва баҳс-мунозарага чорлаш мақсадида ёмон ва иғволи маълумотларни Интернетга жойлаштирадиган инсон тролл деб аталади.