Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

ҚИЙИНЧИЛИКНИ БАРТАРАФ ЭТАДИГАН ҲУКУМАТ

«Тинчликнинг чеки бўлмайди»

«Тинчликнинг чеки бўлмайди»

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти «глобал фуқаролик» ғоясини олға сурмоқда. Бу эса халқаро ҳамкорликка ундаш, инсон ҳуқуқларига ҳурмат кўрсатиш ҳамда сайёрамизни ҳимоялаш каби мақсадларни кўзлайди. Нима учун? Махер Нассер бир журналда айтиб ўтганидай «иқлим ўзгариши, уюшган жиноятчилик, ўсиб бораётган тенгсизлик, ҳал этилмаган низолар, оммавий кўчиш, глобал терроризм, [ҳамда] юқумли касалликлар» ва шу каби бошқа хавф-хатар ҳеч бир мамлакатни четлаб ўтмаяпти. («UN Chronicle»)

Бошқалар ҳатто бутун дунё бўйлаб ягона ҳукумат ўрнатилишининг тарафдори. Италиялик файласуф, шоир ҳамда давлат арбоби Данте (1265–1321) ҳамда физик Альберт Эйнштейн (1879–1955) шулар жумласидан. Дантенинг фикрича, сиёсий жиҳатдан бўлинган дунёда тинчлик узоққа чўзилмайди. У Исонинг: «Ичидан бўлинган ҳар қандай шоҳлик вайрон бўлади»,— деган сўзларини келтирган. (Луқо 11:17)

Иккинчи жаҳон уруши пайтида иккита атом бомбаси портлаганидан кўп ўтмай, Альберт Эйнштейн Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясига очиқ хат йўллаган. У шундай деб ёзган: «Бирлашган Миллатлар Ташкилоти тезкор ҳаракат қилган ҳолда халқаро хавфсизлик учун зарур шароитлар яратиши ва шу йўсин бутун дунё бўйлаб ягона ҳукумат ўрнатилишига замин яратиши лозим».

Аммо ушбу ҳукуматнинг аъзолари бўладиган сиёсатчилар эртага порахўр, ожиз ҳамда зулмкор бўлиб қолмаслигига қандай кафолат бор? Улар ҳам бошқа ҳукмдорлар сингари ёмон иллатларни намоён этмайди деб ким айта олади? Бу саволлар британиялик тарихчи Лорд Эктоннинг қуйидаги сўзларини ёдга солади: «Ҳокимият — бу ёвузлик, мутлақ ҳокимият эса — мутлақ ёвузликдир».

Шунга қарамай, инсоният оиласи ҳақиқий тинчлик ва уйғунликка эришиши учун орамизда якдиллик ҳукм суриши лозим. Бу мақсадга қандай эришса бўлади? Бунинг имкони борми? Ҳа! Муқаддас Китобга кўра бунинг иложи бор. Қандай қилиб? Бунга порахўр сиёсатчилардан таркиб топган ҳукумат орқали эмас, балки Худо ўрнатган ҳукумат орқали эришса бўлади. Бундан ташқари, инсонлар эмас, фақатгина Худо бошқариш ҳуқуқига эга. Хўш, бу қандай ҳукумат экан? Муқаддас Китобда бу ҳукуматга «Худонинг Шоҳлиги» деб ном берилган. (Луқо 4:43)

«ШОҲЛИГИНГ КЕЛСИН»

Исо Масиҳ Худонинг Шоҳлигига ишора қилиб, намунали ибодатида шундай деган: «Шоҳлигинг келсин... Ерда Сенинг ироданг бажо бўлсин». (Матто 6:9, 10) Ҳа, Худонинг Шоҳлиги ер юзида очкўз ва худбин инсонларнинг хоҳиш-истагини эмас, Худонинг иродасини амалга оширади.

Худонинг Шоҳлиги, шунингдек, «Осмон Шоҳлиги» деб аталади. (Матто 5:3) Нима учун? Чунки у ердан эмас, осмондан туриб ер юзи устидан бошқаради. Бу нимани англатиши борасида бир ўйлаб кўринг. Ушбу ягона ҳукумат моддий ва молиявий ёрдамга муҳтож бўлмайди. Унинг фуқаролари учун бу қандай енгиллик бўлишини тасаввур қилинг!

«Худонинг Шоҳлиги» деган ибора бу ҳукуматнинг шоҳи борлигига ишора қиляпти. Бу шоҳнинг исми Исо Масиҳ бўлиб, унга Худо томонидан ҳокимият берилган. Исо ҳақида Муқаддас Китобда шундай дейилган:

  • «Унинг қўлига ҳокимият берилади. [...] Унинг ҳокимияти ортиб боради... Тинчликнинг чеки бўлмайди». (Ишаё 9:6, 7)

  • «Унга барча халқлар, миллатлар ва турли тилда гапирадиганлар хизмат қилиши учун, унга ҳукмдорлик, шон-шараф ҳамда салтанат берилди. Унинг ҳукмдорлигига... асло чек қўйилмайди». (Дониёр 7:14)

  • «Дунё устидан шоҳлик қилиш Раббимиз ва Унинг Масиҳига тегишлидир». (Ваҳий 11:15)

Исонинг намунали ибодатида айтилганидай, Худонинг Шоҳлиги ер юзида Аллоҳнинг иродасини амалга оширади. Бу шоҳликнинг бошқаруви остида инсоният оиласи сайёрамизни парвариш қилишни ўрганади. Натижада Ер қайта тикланиб, унда ҳаёт қайнайди.

Боз устига, Худонинг Шоҳлигида барча фуқароларга таълим берилади. Талаблар ҳамма учун бир хил бўлади. У ерда келишмовчилик ва бўлинишлар бўлмайди. Ишаё 11:9 да шундай ёзилган: «Улар муқаддас тоғимнинг ҳеч бир ерида зарар етказмайди, ҳеч қандай зиён ҳам келтирмайди. Сувлар денгизни тўлдиргани каби, ер юзи ҳам Яҳова ҳақидаги билимга тўлади».

Бутун ер юзидаги одамлар ўзаро якдил бўлиб, тинчликда яшашади. Бирлашган Миллатлар Ташкилоти бу мақсад сари интилса-да, лекин қўлидан келмаяпти. Забур 37:11 да шундай дейилган: «Улар тинчлик-хотиржамликда умр кечириб, беҳад шод бўлади». Вақти келиб «жиноятчилик», «атроф-муҳитнинг ифлосланиши», «камбағаллик» ва «уруш» каби сўзлар бутунлай унутилади. Аммо бу қачон содир бўлади? Худонинг Шоҳлиги қачон бутун ер юзи устидан бошқаришни бошлайди? Бу қандай амалга ошади? Унинг бошқаруви сизга қандай фойда келтиради? Келинг, кўриб чиқайлик.