ЁШЛАР УЧУН
12. Мақсадлар
НИМАНИ АНГЛАТАДИ?
Мақсад бу шунчаки сиз амалга ошишини истайдиган орзу эмас. Ҳақиқий мақсадларга эришиш учун режалаштириш, мослашувчан бўлиш ҳамда тер тўкиб меҳнат қилиш талаб этилади.
Мақсадлар қисқа муддатли (бир неча кун ёки ҳафтада), ўрта муддатли (бир неча ойда) ва узоқ муддатли (бир йил ёки ундан кўпроқ вақт ичида эришса бўладиган) бўлиши мумкин. Узоқ муддатли мақсадларга бир нечта оралиқ мақсадларни қўйиш орқали эришса бўлади.
НЕГА БУ МУҲИМ?
Мақсадларга эришиш ўзингизга бўлган ишончни оширади, дўстликни мустаҳкамлайди ва янада бахтлироқ бўлишингизга ҳисса қўшади.
Ўзингизга бўлган ишонч. Кичик мақсадлар қўйиб, уларга эришсангиз каттароқларига ҳам эриша олишингизга амин бўласиз. Қолаверса, кундалик қийинчиликларга, масалан, тенгдошларнинг босимига дуч келганда ўзингизни дадилроқ ҳис қиласиз.
Дўстлик. Одамлар оқилона мақсадлар сари интиладиган кишилар даврасида бўлишни ёқтиришади. Чунки бундай кишилар нимани истаётганини яхши билишади ва бунга эришиш учун меҳнат қилишга тайёр бўлишади. Устига-устак, дўстликни мустаҳкамлашнинг энг аъло йўлларидан бири муайян мақсад сари биргаликда интилишдир.
Бахт. Мақсадлар қўйиб, уларга эришганингизда мамнунликни ҳис қиласиз.
«Мен мақсадлар қўйишни ёқтираман. Чунки улар туфайли доим банд бўламан ва бу уларга эришиш учун менга туртки бериб туради. Мақсадга эришгач, ортга қараб мамнуният ҳис қиласиз ва: “Қойил, мен буни қила олдим! Истаган нарсамни амалга оширдим”,— дея оласиз». (Кристофер)
МУҚАДДАС КИТОБДАГИ ПРИНЦИП: «Шамолга қараган уруғ экмайди, булутларга қараган эса ҳосилни йиғиб олмайди». (Воиз 11:4)
НИМА ҚИЛСАНГИЗ БЎЛАДИ?
Қуйидаги қадамлар мақсадлар қўйиб, уларга эришишга ёрдам беради.
Аниқлаб олинг. Мақсадларингиз рўйхатини тузиб, уларни муҳимлиги бўйича рақамлаб чиқинг.
Режалаштиринг. Ҳар бир мақсад борасида қуйидагича йўл тутинг:
-
Мулоҳазакорлик ила муддатни белгиланг.
-
Қўйиладиган қадамларни режалаштиринг.
-
Олдиндаги қийинчиликларни аниқлаб, уларни ҳал қилиш йўлларини ўйлаб қўйинг.
Ишга киришинг. Бошлаш учун ҳар бир нарса майда-чуйдасигача тайёр бўлишини кутиб ўтирманг. Ўзингиздан: «Мақсадимга эришиш учун энг аввало нима қилсам бўлади?» — деб сўранг. Сўнг ишга киришинг. Ҳар бир қадамни қўйгач, эришган ютуқларингизни кузатиб боринг.
МУҚАДДАС КИТОБДАГИ ПРИНЦИП: «Тиришқоқнинг режалари муваффақият келтиради». (Ҳикматлар 21:5)