ОТА-ОНАЛАР УЧУН
6. Тарбия
НИМАНИ АНГЛАТАДИ?
Тарбия сўзи йўл-йўриқ кўрсатиш ёки таълим беришни англатади. Баъзан бунга боланинг нотўғри хулқ-атворини тузатиш киради. Аммо кўпинча бу болани ахлоқий жиҳатдан тарбиялашни ўз ичига олади. Шунда бола тўғри танлов қилишга ўрганади.
НЕГА БУ МУҲИМ?
Сўнгги ўн йиллар ичида баъзи оилаларда болаларни умуман тарбияламай қўйишди. Боиси ота-оналар танбеҳ туфайли боланинг ўзига бўлган ҳурмати пасайиб кетишидан қўрқишади. Аммо доно ота-оналар оқилона қонун-қоидалар ўрнатиб, болаларига уларга амал қилишни ўргатишади.
«Болалар етук инсон бўлиб улғайиши учун уларга муайян чегаралар ўрнатиш зарур. Агар уларга тарбия берилмаса, улар рулсиз қайиққа — охир-оқибат йўналишни йўқотадиган, ҳатто ағдарилиб кетадиган қайиққа ўхшаб қолишади». (Памела)
НИМА ҚИЛСАНГИЗ БЎЛАДИ?
Қатъиятли бўлинг. Агар фарзандингиз сиз ўрнатган қоидаларга амал қилмаса, бунинг оқибатларини тушунтиринг. Бошқа томондан у айтганингизни қилганида, мақтаб қўйишни унутманг.
«Итоатсизлик кучайиб кетган бу дунёда фарзандларим итоаткорликни намоён этаётгани учун уларни тез-тез мақтаб тураман. Сабаби мақтов зарур бўлганда берилган танбеҳни осонроқ қабул қилишларига ҳисса қўшади». (Кристина)
МУҚАДДАС КИТОБДАГИ ПРИНЦИП: «Инсон нима экса, шуни ўради». (Галатияликларга 6:7)
Мулоҳазакор бўлинг. Тарбия бераётганда болангизнинг ёшини, қобилиятларини ва қилган иши қанчалик жиддий эканини инобатга олинг. Агар болангиз нотўғри иши қандай оқибатга олиб келишини аниқ билса, танбеҳ самарали бўлади. Масалан, фарзандингиз телефондан фойдаланиш борасида сиз ўрнатган чегарадан чиқса, телефонини олиб қўйишингиз ёки ундан фойдаланишни муайян даражада чеклаб қўйишингиз мумкин. Шу билан бирга арзимаган нарсалар туфайли жаҳл қилишдан қочинг.
«Фарзандим атайлаб менга қулоқ солмадими ёки билмасдан хато қилдими, шуни аниқлашга ҳаракат қиламан. Чунки йўқотиш керак бўлган ёмон одат билан тўғрилаш керак бўлган хато ўртасида фарқ бор». (Уэндел)
МУҚАДДАС КИТОБДАГИ ПРИНЦИП: «Фарзандларингизнинг руҳи тушмаслиги учун, уларнинг ғашини келтирманглар». (Колосаликларга 3:21)
Севгингизга ишонтиринг. Агар фарзандлар ота-онаси уларни яхши кўришини билса, таълим-тарбияни қабул қилиш ва амалда қўллаш осон кечади.
«Ўғлимиз хато қилса, у авваллари чиқарган тўғри қарорлари туфайли ундан фахрланишимизга ишонтирамиз. Агар у танбеҳни қабул қилса, бу унинг янада яхшиланишига ёрдам беришини ва уни қўллаб-қувватлашга тайёр эканимизни тушунтирамиз». (Дэниел)
МУҚАДДАС КИТОБДАГИ ПРИНЦИП: «Севги сабр-тоқатли ва меҳрибондир». (1 Коринфликларга 13:4)