ОТА-ОНАЛАР УЧУН
8. Ўрнак
НИМАНИ АНГЛАТАДИ?
Бу ўргатаётган нарсаларга мувофиқ ҳаёт кечиришни англатади. Масалан, ким биландир гаплашишни истамаганингиз учун: «Мени уйда йўқ деб айт»,— деган сўзларингизни ўғлингиз эшитиб қолса, унинг ростгўй инсон бўлиб улғайишини кутмасангиз ҳам бўлади.
«“Айтганимни қил, қилганимни қилма”, деган сўзлар кенг тарқалган. Аммо бундай ёндашув бола тарбиясида тўғри келмайди. Улар худди “пахта” сингари ҳамма гапларимизни ва ишларимизни шимиб олади. Агар ишларимиз ўргатаётган нарсаларимизга мос келмаса, улар бу ҳақда бизга айтишади». (Дейвид)
МУҚАДДАС КИТОБДАГИ ПРИНЦИП: «“Ўғрилик қилма”,— деб ваъз қиляпсан-у, нимага ўзинг ўғрилик қиляпсан?» (Римликларга 2:21)
НЕГА БУ МУҲИМ?
Болаларга ва ҳатто ўсмирларга ҳаммадан кўра, тенгдошларидан ҳам кўпроқ ота-онасининг ўрнаги кучлироқ таъсир қилади. Шу боис фарзандларингизга тўғри йўл кўрсатишда сиз муҳим ўрин эгаллайсиз ва, албатта, ўргатаётган нарсаларингизга ўзингиз ҳам амал қилишингиз керак.
«Биз битта нарсани юз марта такрорлашимиз ва фарзандимиз буни қулоғига илмаяпти деб ўйлашимиз мумкин. Аммо айтган гапимизга ўзимиз бир мартагина амал қилмасак, фарзандимиз буни дарров сезади. Болалар қилаётган барча ишларимизга эътибор беришади, ҳатто биз буни хаёлимизга келтирмаган пайтларда ҳам». (Николь)
МУҚАДДАС КИТОБДАГИ ПРИНЦИП: «Юқоридан тушган донолик... риёсиздир». (Ёқуб 3:17)
НИМА ҚИЛСАНГИЗ БЎЛАДИ?
Ўзингизни текширинг. Сиз қандай ўйин-кулгиларни томоша қиласиз? Турмуш ўртоғингиз ҳамда болаларингизга қандай муомалада бўласиз? Дўстларингиз қандай инсонлар? Бошқалар ҳақда ўйлайсизми? Бир сўз билан айтганда, фарзандларингиз қандай инсон бўлишини истасангиз, ўзингиз ҳам шундай инсонмисиз?
«Турмуш ўртоғим иккимиз фарзандларимиздан ўзимиз амал қилмайдиган меъёрлар бўйича яшашни талаб қилмаймиз». (Кристина)
Хатоларингиз учун кечирим сўранг. Фарзандларингиз номукаммал эканингизни яхши билишади. Ўринли бўлганида, улардан ва турмуш ўртоғингиздан кечирим сўрашга одатлансангиз, ростгўйлик ва камтаринликда қимматли сабоқ берасиз.
«Фарзандларимиз нотўғри иш қилганимизни тан олганимизни ва хатоимиз учун кечирим сўраганимизни эшитишлари зарур. Акс ҳолда, улар ўз хатоларини яширишни ўрганади, холос». (Робин)
«Ота-она сифатида фарзандларимизга қаттиқ таъсир қиламиз ва кўрсатаётган ўрнагимиз кучли восита бўлиб хизмат қилади, чунки улар доим буни кўриб туради. Буни улар сабоқ олиши учун доим очиқ турадиган китобга ўхшатса бўлади». (Уэндел)