Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

3- САБОҚ

Чидамли бўлишни ўргатинг

Чидамли бўлишни ўргатинг

ЧИДАМЛИ БЎЛИШ НИМА ДЕГАНИ?

Чидамли инсон тўсиқ ва қийинчиликларга учраса ҳам ўзини ўнглаб олади. Бундай қобилият тажриба билан келади. Кичкина бола йиқилмасдан туриб юришни ўргана олмагани сингари, инсон ҳам ҳаётда муаммога дуч келмай туриб муваффақиятга эришишни ўргана олмайди.

НЕГА ЧИДАМЛИ БЎЛИШ МУҲИМ?

Баъзи болалар муваффақиятсизликка, бирон-бир кулфатга ёки танқидга дуч келса, умидсизликка тушади. Бошқалар эса буткул таслим бўлади. Аммо улар қуйидаги ҳақиқатларни тушуниши муҳим:

  •  Муваффақиятсизликдан умуман қочиб қутулиб бўлмайди. (Ёқуб 3:2)

  • Ҳамманинг бошига қийинчиликлар тушади. (Воиз 9:11)

  • Танбеҳни қабул қилиш фойдамиз учун хизмат қилади. (Ҳикматлар 9:9)

Чидамли бўлиш болангизга ҳаётдаги қийинчиликларга тик боқишга ёрдам беради.

ЧИДАМЛИ БЎЛИШГА ҚАНДАЙ ЎРГАТСА БЎЛАДИ?

Фарзандингиз муваффақиятсизликка дуч келганида.

МУҚАДДАС КИТОБДАГИ ПРИНЦИП: «Одил киши етти марта йиқилса ҳам, яна туради». (Ҳикматлар 24:16)

Болангизга вазиятга тўғри баҳо беришни ўргатинг. Масалан, у мактабда назорат ишини топшира олмаса нима бўлиши мумкин? У таслим бўлиб: «Қўлимдан ҳеч нарса келмайди!» — деб айтиши мумкин.

Болангиз чидамли бўлишни ўрганиши учун, у муайян ишни келаси сафар яхшироқ бажаришига ёрдамлашинг. Шу йўсин, болангиз муаммонинг ечимини топишга ҳаракат қилиб, хафа бўлиб ўтирмайди.

Бошқа томондан болангизнинг ўрнига муаммони ҳал қилишдан эҳтиёт бўлинг. Ундан кўра, муаммонинг ечимини ўзи топишига ёрдам беринг. Мисол учун, имтиҳондан ўта олмаса ундан: «Ўтилган мавзуни янада яхшироқ ўзлаштириш учун нима қилсанг бўлади?» — деб сўранг.

Бошга кулфат тушганда.

МУҚАДДАС КИТОБДАГИ ПРИНЦИП: «Эртага сизлар билан нима бўлишини билмайсизлар». (Ёқуб 4:14)

Ҳаёт ўзгарувчан. Бой одам эртага қашшоқлашиб қолиши, бугун соғлом бўлган киши эса эртага касалликка дучор бўлиши мумкин. Муқаддас Китобда шундай деб ёзилган: «Доим ҳам ютуқ тез югурганга, жангда ғалаба қудратлига... насиб этавермас экан. Сабаби, уларнинг бари вақт ва тасодифга дуч келади». (Воиз 9:11)

Ота-она сифатида фарзандингизни қўлдан келганча хавф-хатардан ҳимоя қилиш истагингиз табиий. Аммо шуни тан олиш керакки, болангизни ҳаётдаги барча қийинчиликлардан асрай олмайсиз.

Албатта, фарзандингиз ҳали кичкина бўлгани учун ишни йўқотиш ёки моддий қийинчиликлар нималигини билмас. Аммо шунга қарамай, унга дўсти билан уришиб қолиш ёки яқинини йўқотиш каби қийинчиликларни енгишга кўмаклашишингиз мумкин *.

Болангизни асосли танқид қилишса.

МУҚАДДАС КИТОБДАГИ ПРИНЦИП: «Келажакда доно бўлишинг учун, маслаҳатга қулоқ сол». (Ҳикматлар 19:20)

Кимдир фарзандингизни асосли танқид қилса, эҳтимол, у болангизни қўрқитиш ёки хафа қилиш учун эмас, балки унга ниманинг устида ишлаш муҳимлигини кўрсатиш ниятида қилаётгандир.

Фарзандингизга танбеҳни қабул қилишни ўргатсангиз, иккалангиз ҳам ўзингизни қайғудан асраган бўласизлар. Учта боланинг отаси Жон шундай дейди: «Агар фарзандлар ўз хатосини тузатишга ўрганмаса, улар ҳеч қачон буни уддалай олмайди. Боз устига, уларнинг боши муаммодан чиқмай қолади. Фарзандларингизнинг муаммосини ҳал қиламан деб бутун умрингиз кетади. Оқибатда бу ҳам ота-онани, ҳам болани бахтсиз қилади».

Қандай қилиб болангизга асосли танқиднинг фойдали томонини кўрсата оласиз? Мабодо мактабда ёки бошқа жойда кимдир фарзандингизни танқид қилса, бу ўринсиз танбеҳ деб айтишдан ўзингизни тийинг. Аксинча, ундан шундай деб сўрашингиз мумкин:

  • «Нима деб ўйлайсан, нега сенга танбеҳ берилди?»

  • «Қандай қилиб ўз устингда ишласанг бўлади?»

  • «Келаси сафар шундай вазиятга тушсанг нима қиласан?»

Эсингизда бўлсин, асосли танқид болангизга нафақат ҳозир, балки катта бўлганида ҳам фойда келтиради.

^ абз. 21 «Қўриқчи минораси»нинг 2008 йил, 1 октябрь сонидаги «Болангизга ғам-ғуссани бошдан кечиришига кўмаклашинг» номли мақолага қаранг.