Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

Муқаддас Китобдан нимани билиб оляпмиз?

Муқаддас Китобдан нимани билиб оляпмиз?

«Бу — осмон билан ернинг яратилиш тарихи». (Ибтидо 2:4) Мазкур сўзлар билан Муқаддас Китобда коинот ва сайёрамиз қандай пайдо бўлгани ҳақидаги баёнотга якун ясалган. Бу китобда ёзилганлар илмий фактлар билан ҳамоҳангми? Келинг, бир нечта мисолни кўриб чиқайлик.

Бошида: коинот ва Ер яратилди

Коинот доим мавжуд бўлганми?

Ибтидо 1:1 да: «Бошида Аллоҳ осмон билан ерни яратди»,— деб айтилган.

XX асрнинг иккинчи ярмигача кўплаб машҳур олимлар коинот доим мавжуд бўлганига ишонишган. Бироқ яқин йилларда ўтказилган тадқиқотлар натижасида аксарият олимлар коинотнинг бошланиши борлигига амин бўлишди.

Ер юзи дастлаб қандай кўринишга эга бўлган?

Ибтидо 1:2, 9 да айтилишича, Ер сайёраси яратилганида «шаклсиз ва бўм-бўш» бўлиб, сув билан қопланган эди.

Бу фикрга олимлар ҳам қўшилишади. Биолог Патрик Шихнинг сўзларига кўра, сайёрамиз пайдо бўлганида унда на нафас олиш учун кислород, на бошқа нарса бор эди. Бир журналда шундай ёзилган: «Сўнгги тадқиқотга кўра, қадимда Ер сайёраси сув билан қопланган эди ва унда деярли қуруқ жой бўлмаган». («Astronomy»)

Атмосферамиз вақт ўтиб қандай ўзгарган?

Ибтидо 1:3–5 га кўра, ёруғлик илк бор атмосферадан ўтганида ер юзига хира бўлиб етиб келган. Маълум вақт ўтгач эса, Қуёш ва Ой ердан тиниқ кўринган. (Ибтидо 1:14–18)

Муқаддас Китобда ер юзида ҳаёт том маънодаги 6 кун ичида яратилган, деб айтилмаган

Смитсон экологик илмий тадқиқот маркази томонидан чоп этилган мақолага биноан, аввалига атмосферамиз жуда қалин бўлганидан ёруғлик ер юзига хира бўлиб тушган. Ўша мақолада айтилишича, бутун ер юзини қалин метанли туман қоплаб турган. Кейинчалик метанли туман тарқалган ва осмон кўм-кўк бўлган.

Ер юзида ҳаёт қандай тартибда пайдо бўлган?

Ибтидо 1:20–27 га кўра, бошида балиқлар, қушлар, қуруқликда яшовчи ҳайвонлар ва охирида одамлар яратилган. Олимларнинг фикрича, илк балиқлар дастлабки сутэмизувчилардан анча олдинроқ, одамлар эса анча кейинроқ пайдо бўлган.

Муқаддас Китобда тирик организмлар вақт ўтиб ўзгармайди, деб айтилмаган

Муқаддас Китобда ёзилганлар борасида нотўғри фикрлар

Айримларнинг ўйлашича, Муқаддас Китобда айтилган нарсалар олимларнинг кашфиётларидан фарқ қилади. Лекин бундай фикрлар кўпинча инсон Муқаддас Китобда аслида нима дейилганини нотўғри тушунгани учун келиб чиқади.

Муқаддас Китобда коинот ёки Ер атиги 6 000 йилдан бери мавжуд, деб айтилмаган. Аксинча, у ерда шунчаки коинот ва Ер «бошида» яратилгани ҳақида ёзилган. (Ибтидо 1:1) Муқаддас Китобда улар айнан қачон яратилгани борасида маълумот йўқ.

Муқаддас Китобда ер юзида ҳаёт том маънодаги 6 кун ичида яратилган, деб айтилмаган. Аксинча, у ерда қўлланилган «кун» сўзи маълум муддатга ишора қилади. Масалан, Муқаддас Китобга кўра, бутун коинотнинг яратилиши «кун» деб номланган муддат ичида юз берган. (Ибтидо 2:4) Бу муддатга Ибтидо китобининг 1- бобида тилга олинган 6 та яратилиш куни ҳам киради. Демак, 6 та яратилиш кунининг (бу кунлар ичида Худо ер юзида ҳаёт пайдо бўлиши учун уни тайёрлаб, унда ҳаёт яратган) ҳар бири анча узоқ вақт давом этган бўлиши мумкин.

Муқаддас Китобда тирик организмларнинг ташқи қиёфаси вақт ўтиб ўзгармайди, деб айтилмаган. Ибтидо китобида ёзилишича, ҳайвонлар «ўз турига қараб» яратилган. (Ибтидо 1:24, 25) Муқаддас Китобда ишлатилган «тур» сўзи илмий атама эмас. Бу сўз остида турли ҳаётий шакллар назарда тутилади. Демак, «тур» сўзи кўплаб гуруҳларни ўз ичига олиши мумкин. Бундан хулоса қилсак бўладики, бир турга мансуб бўлган ва битта ҳудудда яшайдиган тирик организмлар вақт ўтиб ўзгариши ҳеч гап эмас.

Нима деб ўйлайсиз?

Юқорида айтилганидек, Муқаддас Китобда коинотнинг вужудга келиши, Ернинг дастлабки кўриниши ҳамда ҳаётнинг пайдо бўлиши оддий ва аниқ қилиб тушунтирилган. Бундай бўлса, балки Муқаддас Китобда барча нарсаларни яратган Шахс ҳақида ҳам аниқ маълумотлар бордир? Бир энциклопедияда шундай дейилган: «Ҳаёт ғайритабиий ҳодиса туфайли пайдо бўлгани ҳақидаги фикр, умуман олганда, замонавий илмий фактларга ҳамоҳангдир» a. («Encyclopædia Britannica»)

a Бу энциклопедия ҳаёт яратилгани ҳақидаги ғояни маъқулламайди.