Қай йўсин тўғри танлов қилишингиз мумкин?
«Коинот ўзини ҳеч нарсадан ярата олади». (Стивен Хокинг ва Леонард Млодинов, физиклар)
«Аллоҳ осмон билан ерни яратди». (Муқаддас Китоб, Ибтидо 1:1)
Коинот ва ҳаёт Худо томонидан яратилганми ё ўз-ўзидан пайдо бўлганми? Юқорида иккита физик айтган фикр ҳамда Муқаддас Китобнинг биринчи оятида келтирилган сўзлар ўзаро тубдан фарқ қилиб, бу саволга икки хил жавоб бўляпти. Ушбу иккита қарашнинг ашаддий тарафдорлари бор. Бироқ кўплар уларнинг қайси бири тўғри эканига амин эмас. Одамлар энг кўп сотиладиган китобларда ҳамда телекўрсатувларда бу борада баҳслашади.
Ўқитувчиларингиз Яратувчи мавжуд эмас ҳамда Коинот ва ҳаёт ўз-ўзидан пайдо бўлган, деб таъкидлашгандир. Лекин улар сизга Яратувчи мавжуд эмаслигини тасдиқловчи далиллар келтиришганми? Ёки, эҳтимол, дин раҳбарлари Яратувчи бор экани ҳақида ваъз ўқиганини эшитгандирсиз. Улар-чи, сизга ўз фикрини исботлаб беришганми ё далил изламай, Худога шунчаки ишониш керак, деб айтишганми?
Ҳойнаҳой, сиз Яратувчи бор-йўқлиги ҳақида ўйлагандирсиз ва буни ҳеч ким аниқ айтолмайди, деган хулосага келгандирсиз. Ундай бўлса, сизда яна бир савол туғилган бўлиши мумкин: «Бу масала қанчалик муҳим?»
«Уйғонинг!» журналининг ушбу сонида, авваламбор, кўпларни Яратувчига ишонишга ундаган баъзи фактларни кўриб чиқамиз. Сўнг эса ҳаётнинг келиб чиқиши ҳақидаги саволга жавоб топиш нега муҳимлигини муҳокама қиламиз.