35- ТАДҚИҚ МАҚОЛАСИ
Яҳованинг жамоатидаги ҳар бир кишини ҳурмат қилинг
Кўз қўлга: «Менга керак эмассан»,— дея олмайди. Худди шундай, бош ҳам оёқларга: «Менга керагингиз йўқ», — дея олмайди. 1 КОР. 12:21
124- ҚЎШИҚ Вафодормиз
БУ МАҚОЛАДА *
1. Яҳова ҳар бир садоқатли хизматчисига нимага изн берган?
ЯҲОВА севги ила ҳар бир садоқатли хизматчисига Унинг жамоатида бўлишга изн берган. Жамоатдаги вазифаларимиз турлича бўлса-да, барчамиз қадрлимиз ва бир-биримизга керакмиз. Ҳаворий Павлус келтирган мисол ёрдамида бу муҳим эканини тушуна оламиз. Қизиқ, қандай қилиб?
2. Эфесликларга 4:16 га кўра, нега бир-биримизни қадрлашимиз ҳамда биргаликда меҳнат қилишимиз даркор?
2 Ушбу мақоланинг очқич оятида келтирилганидай, Павлус ҳеч биримиз Яҳованинг бошқа хизматчисига қарата: «Менга керагингиз йўқ»,— деб айтишга ҳаққимиз йўқлигига урғу берган. (1 Кор. 12:21) Жамоатда тинчлик ҳукм суришини хоҳласак, бир-биримизни қадрлашимиз ҳамда биргаликда меҳнат қилишимиз даркор. (Эфесликларга 4:16 ни ўқинг.) Бир ёқадан бош чиқариб меҳнат қилганимизда, жамоат ўсади ва севгида мустаҳкамланади.
3. Ушбу мақолада нималарни муҳокама қиламиз?
3 Жамоатдаги имондошларимизга ҳурматни намоён этишнинг баъзи йўллари қандай? Ушбу мақолада қай йўсин оқсоқоллар ўзаро ҳурмат кўрсата олишини муҳокама қиламиз. Шунингдек, турмуш қурмаган биродару опа-сингилларимизни қадрлаётганимизни қандай кўрсата олишимиз мумкинлигига диққат қаратамиз. Сўнг бизнинг тилимизда яхши гапира олмайдиган имондошларимизга қай йўсин севгини намоён эта олишимизни кўриб чиқамиз.
ОҚСОҚОЛЛАР, ЎЗАРО ҲУРМАТНИ НАМОЁН ЭТИНГ
4. Оқсоқоллар Павлуснинг Римликларга 12:10 да келтирилган қайси маслаҳатига амал қилишлари лозим?
4 Жамоатдаги барча оқсоқоллар Яҳованинг муқаддас руҳи орқали тайинланган. Лекин уларнинг инъомлари ва қобилиятлари турлича. (1 Кор. 12:17, 18) Уларнинг баъзилари яқинда тайинланган ва нисбатан камроқ тажрибага эга бўлиши мумкин. Бошқалар эса ёши ёки соғлиқ муаммолари туфайли кўп иш қила олмас. Шунга қарамай, ҳеч бир оқсоқол бошқа оқсоқолга қарата: «Менга керагингиз йўқ»,— дегандай, муносабат қилмаслиги зарур. Бунинг ўрнига ҳар бир оқсоқол Павлуснинг Римликларга 12:10 да (ўқинг) келтирилган маслаҳатига амал қилиши лозим.
5. Қай йўсин оқсоқоллар бир-бирларини ҳурмат қилаётганини намоён эта олишади ва нега бу муҳим?
5 Оқсоқоллар бир-бирларини диққат ила тинглаш орқали ўзаро ҳурматни намоён эта олишади. Оқсоқоллар жиддий масалани муҳокама қилиш учун йиғилишганида бу айниқса муҳим. Нега? «Қўриқчи минораси»нинг 1988 йил 1 октябрь сонида нима дейилганига эътибор беринг: «Оқсоқоллар шуни тан оладики, улар бирон вазиятни ҳал қилиш ёки муҳим қарор чиқариш олдида турганида, Масиҳ муқаддас руҳ орқали оқсоқоллар кенгашидаги ҳар қандай оқсоқолдан фойдаланиб зарурий бўлган Муқаддас Китоб принципини тақдим эта олади. (Ҳавор. 15:6–15) Муқаддас руҳ жамоатдаги биргина оқсоқолга эмас, балки барчасига ёрдам беради».
6. Қай йўсин оқсоқоллар бир ёқадан бош чиқариб меҳнат қила олишади ва бу жамоатга қандай фойда келтиради?
6 Бошқа оқсоқолларни ҳурмат қиладиган оқсоқол оқсоқоллар учрашувида ҳар доим биринчи бўлиб гапиришга интилмайди. Муҳокама пайтида устуворлик қилмайди ва доим ўзиникини ҳақ, деб билмайди. Аксинча, ўз фикрини камтарлик ила билдиради. Қолаверса, у бошқаларнинг фикрини диққат ила тинглайди. Асосийси, у Муқаддас Китобдаги маслаҳатларни муҳокама қилишга ҳамда «ишончли ва ақлли хизматкор» бераётган йўл-йўриққа амал қилишга тайёр бўлади. (Мат. 24:45–47) Оқсоқоллар масалаларни севги ва ҳурматни намоён этган ҳолда муҳокама қилишганида, Худонинг муқаддас руҳи улар билан бўлиб, жамоатни мустаҳкамлайдиган қарорлар чиқаришга кўмаклашади. (Ёқб. 3:17, 18)
ТУРМУШ ҚУРМАГАН ИМОНДОШЛАРГА ҲУРМАТ КЎРСАТИНГ
7. Исо боши очиқ имондошларга нисбатан қандай нуқтаи назарда бўлган?
7 Бугунги кунда жамоатда жуфтликлару оилалар бор. Лекин турмуш қурмаган биродару опа-сингиллар ҳам йўқ эмас. Боши очиқ имондошларга нисбатан қандай фикрда бўлишимиз керак? Хўш, Исо бунга қандай нуқтаи назарда бўлган? Ер юзидаги хизмати давомида Исо оила қурмаган ҳамда эътиборини вазифасига қаратиб, вақтини уни бажаришга бағишлаган. Исо масиҳий учун турмуш қуриш ёки турмуш қурмаслик талаб экани ҳақида ҳеч қачон таълим бермаган. Аммо у баъзи масиҳийлар турмуш қурмасликни танлашини айтган. (Мат. 19:11, 12) Исо турмуш қурмаганларни ҳурмат қилган. У бундай кишиларга паст назар билан ёки бошқалардан кам жойи бордек қарамаган.
8. Коринфликларга биринчи мактуб 7:7–9 га кўра, Павлус масиҳийларни нима ҳақида ўйлаб кўришга ундаган?
8 Исо каби ҳаворий Павлус ҳам турмуш қурмай хизмат қилган. У масиҳий турмуш қурса хато қилган бўлади, деб ҳеч қачон таълим бермаган. Павлус бу шахсий танлов эканини тушунган. У масиҳийларни Яҳовага турмуш қурмай хизмат қила олиш-олмаслиги ҳақида ўйлаб кўришга ундаган. (1 Коринфликларга 7:7–9 ни ўқинг.) Шуниси аниқки, Павлус боши очиқ масиҳийларга паст назар билан қарамаган. Масалан, Яҳованинг ишида муҳим вазифаларни бажаришни у турмуш қурмаган ёш Тимўтийга ишониб топширган *. (Филип. 2:19–22) Дарҳақиқат, биродар вазифаларни бажаришга мос келиш-келмаслигини фақатгина у турмуш қурган ёки қурмаганига қараб белгилаш нотўғри бўларди. (1 Кор. 7:32–35, 38)
9. Оила қуриш-қурмаслик борасида нима дея оламиз?
9 На Исо, на Павлус масиҳийлар турмуш қуришлари ёки қурмасликлари керак, деб ўргатган. Унда оила қуриш-қурмаслик борасида нима деса бўлади? «Қўриқчи минораси»нинг 2012 йил 1 октябрь сонидан мазкур саволга жавоб олишимиз мумкин. У ерда қуйидагича дейилган: «Ҳа, турмуш қуришни ҳам, қурмасликни ҳам Яҳовадан инъом дейиш мумкин. [...] Яҳова турмуш қурмаганликни уялиш ёки тушкунликка тушиш учун сабаб, деб билмайди». Буни ёдда тутган ҳолда, жамоатдаги турмуш қурмаган биродару
опа-сингилларимизни ҳурмат қилишимиз даркор.10. Турмуш ўртоғи йўқ биродару опа-сингилларимизни ҳурмат қилаётганимизни қай йўсин кўрсата оламиз?
10 Турмуш ўртоғи йўқ биродару опа-сингилларимизнинг ҳис-туйғуларию вазиятини ҳурмат қилаётганимизни қай йўсин кўрсата оламиз? Шуни ёдда тутиш жоизки, баъзи масиҳийлар турмуш қурмасликка шахсан қарор қилган. Бошқалар эса турмуш қуришни хоҳлайди-ю, лекин ўз жуфтини ҳали топмаган. Баъзиларнинг эса турмуш ўртоғи ҳаётдан кўз юмгандир. Нима бўлган тақдирда ҳам, жамоатдагилар бу имондошларимиздан нега турмуш қуришмагани ҳақида сўрашса ёки бу борада уларга ёрдам беришни таклиф этишса, ўринли бўлармиди? Албатта, баъзи турмуш қурмаган масиҳийлар бу масалада ёрдам сўраши мумкин. Лекин улар ёрдам сўрамаса-да, кимдир турмуш ўртоқ топишга кўмаклашишни таклиф қилса, улар ўзларини қандай ҳис этишади? (1 Салон. 4:11; 1 Тим. 5:13) Келинг, турмуш қурмаган садоқатли биродару опа-сингилларимиз бу ҳақда нима деганини кўриб чиқамиз.
11, 12. Қай йўсин турмуш қурмаган имондошларимизнинг кўнглини оғритиб қўйишимиз мумкин?
11 Ўз вазифасини яхши бажарадиган бўйдоқ бир туман нозири турмуш қурмасликнинг кўп афзалликлари бор, деган фикрда эканини айтди. Лекин имондошларимиз яхши ниятда ундан: «Нега турмуш қурмаяпсиз?» — деб сўрашгани унга оғир ботишини айтди. Филиалда хизмат қилиб келаётган бўйдоқ биродаримиз шундай деди: «Гоҳида шуни кўраманки, баъзи имондошларимиз турмуш ўртоғи бўлмаганларга ачиниш керак, деган фикрда. Бу туфайли турмуш қурмаслик инъом эмас, балки юкдек туюлиши мумкин».
12 Байтилда хизмат қилаётган турмуш қурмаган опамиз шундай деб бўлишди: «Баъзи ваъзгўйларнинг фикрича, турмуш қурмаган имондошларнинг бари ўзларига турмуш ўртоқ излайди ёки имондошлар даврасида бўлишганида буни ўзига жуфт топиш фурсати, деб билади. Бир сафар Байтил иши билан мамлакатнинг бошқа қисмига борганимда, йиғилиш пайтига келиб қолдим. Мени уйига қабул қилган опа жамоатда мен тенги иккита биродар борлигини айтди. У менга турмуш ўртоқ топишга ёрдам беришга уринмаётганини тушунтирди. Лекин Йиғилиш залига киришимиз билан у мени тўппа-тўғри ўша иккита биродарнинг ёнига олиб борди. Очиғини айтганда, бу учаламиз учун ҳам жуда ноқулай вазият бўлди».
13. Турмуш қурмаган бир опамизга кимларнинг мисоли далда беради?
13 Байтилда хизмат қилаётган турмуш қурмаган бошқа опамиз шундай деди: «Мулоҳазакор, аниқ мақсадларга эга, бошқаларга ёрдам қўлини чўзишга доим тайёр ва турмуш қурмаган ёши катта бахтиёр кашшофларни биламан. Уларнинг жамоатга кўп фойдаси тегади. Улар турмуш қурмаганига нисбатан мувозанатли нуқтаи назарда бўлиб, ёлғиз бўлгани учун ўзларини бошқалардан устун қўймайди. Шунингдек, турмуш ўртоғи ва фарзандлари бўлмагани туфайли ўзларини бахтсиз, деб ҳисобламайди». Бир-бирини ҳурмат қиладиган ва қадрлайдиган кишиларни ўзида мужассам этган жамоатда бўлиш кишига қувонч бахш этади. Улар сизга ачиниб ҳам қарамайди, ҳасад ҳам қилмайди, бепарво ҳам бўлмайди, кўкка ҳам кўтармайди. Шунчаки улар сизни севишини биласиз.
14. Турмуш қурмаган имондошларимизни ҳурмат қилаётганимизни қай йўсин кўрсата оламиз?
14 Имондошларимизни турмуш қурган-қурмаганига қараб эмас, балки гўзал фазилатлари учун қадрласак миннатдор бўлишади. Уларга ачинмай, садоқати учун қадрласак яхши бўларди. Шунда турмуш қурмаган биродару опа-сингилларимиз ўзларини: «Менга керагингиз йўқ» — деб айтилгандек ҳис қилишмайди. (1 Кор. 12:21) Аксинча, уларни ҳурмат қилаётганимизни ва жамоатдаги ўринларини қадрлаётганимизни билишади.
СИЗНИНГ ТИЛИНГИЗДА ЯХШИ ГАПИРА ОЛМАЙДИГАНЛАРГА ҲУРМАТ КЎРСАТИНГ
15. Баъзилар хизматини кенгайтириш учун ҳаётига қандай ўзгаришлар киритди?
15 Сўнгги йилларда кўпгина ваъзгўйлар хизматини кенгайтириш учун янги тилни ўрганишни ўз олдига мақсад қилиб қўйди. Бунинг учун улар ҳаётига ўзгаришлар киритишига тўғри келди. Бу биродару опа-сингилларимиз уларнинг она тилидаги жамоатдан, ўзга тилда гапирадиган ҳамда ваъзгўйларга эҳтиёж катта бўлган жамоатга хизмат қилиш учун ўтишди. (Ҳавор. 16:9) Бу имондошларимиз Шоҳлик манфаатларини олға суриш мақсадида бундай шахсий қарор чиқаришди. Гарчи ўзга тилда равон гапиришлари учун йиллар керак бўлса-да, улар кўп жиҳатдан жамоатга ёрдам беришяпти. Уларнинг ажойиб фазилатларию тажрибаси жамоатдаги биродару опа-сингилларни мустаҳкамлаяпти. Биз бу фидойи имондошларимизни қадрлаймиз!
16. Оқсоқоллар биродарлар оқсоқол ёки жамоат хизматкори бўла олиш-олмаслиги борасида нимага асосланиб қарор чиқаради?
16 Биродар жамоатнинг тилида ҳали равон гапира олмагани туфайлигина оқсоқоллар кенгаши у оқсоқол ёки жамоат хизматкори сифатида хизмат қилолмайди, деб қарор чиқармаслиги керак. Оқсоқоллар биродар ўша жамоатнинг тилида қанчалик яхши гапириши эмас, балки у оқсоқол ва жамоат хизматкорлари учун Муқаддас Китобдаги талабларга мос келиш-келмаслиги асосида бир тўхтамга келади. (1 Тим. 3:1–10, 12, 13; Титус. 1:5–9)
17. Оила бошқа мамлакатга кўчиб ўтса ота-она қандай қарор чиқаришига тўғри келади?
17 Баъзи масиҳий оилалар паноҳ ёки иш топиш мақсадида бошқа мамлакатга кўчиб ўтган. Бундай вазиятларда уларнинг фарзандлари мактабда ўша мамлакатнинг асосий тилида таълим олиши мумкин. Шунингдек, иш топиш учун ота-оналар ўша тилни ўрганишларига тўғри келар. У ерда уларнинг она тилида жамоат ёки гуруҳ бўлса-чи? Оила қайси тилдаги жамоатга қатнаши керак: мамлакатнинг асосий тилида ўтадиган жамоатгами ёки ўз она тилидагисигами?
18. Галатияликларга 6:5 га кўра, оила боши чиқарган қарорга қай йўсин ҳурмат кўрсата оламиз?
18 Оила боши қайси жамоатга қатнаш борасида қарор чиқариши керак. Бу шахсий масала бўлиб, у оиласи учун нима энг яхши экани устида мулоҳаза юритиши даркор. (Галатияликларга 6:5 ни ўқинг.) Биз эса оила боши чиқарган қарорни ҳурмат қилишимиз лозим. У қандай қарор чиқармасин, келинг, бу қарорни ҳурмат қилиб, оиласини жамоатимизнинг қимматбаҳо бир қисми сифатида қабул қилайлик. (Рим. 15:7)
19. Оила боши нима тўғрисида ибодат ила мулоҳаза юритиши керак?
19 Бошқа вазиятларда оилалар ота-онанинг она тилидаги жамоатда хизмат қилиши, болалар эса бу тилда яхши гапира олмаслиги мумкин. Агар ўша жамоат мамлакатнинг
асосий тилида гаплашадиган ҳудудда жойлашган бўлса, унда фарзандлар йиғилишдаги дастурларни тушунишга қийналиши ҳамда маънан ўсмаслиги мумкин. Нега? Сабаби болалар қатнаётган мактаб ота-онасининг тилида эмас, мамлакатнинг асосий тилида бўлиши мумкин. Бундай пайтда оила боши фарзандларига Яҳова ҳамда Унинг халқига яқинлашишга ёрдам бериш учун нима қилиши лозимлиги тўғрисида ибодат ила мулоҳаза юритиши керак. Ота-она фарзандларига ўзларининг она тилини ўргатиши ёки фарзандлари яхши тушунадиган тилдаги жамоатга ўтишлари керак бўлади. Оила боши қандай қарорга келишидан қатъий назар, у хизмат қилишни танлаган жамоат уни ҳамда оиласини ҳурмат қилиши ва қадрлаши даркор.20. Янги тилни ўрганаётган биродару опа-сингилларимизни ҳурмат қилаётганимизни қай йўсин кўрсата оламиз?
20 Юқорида кўриб чиққанимиздек, кўплаб жамоатларда янги тилни зўр бериб ўрганаётган биродару опа-сингилларимиз бор. Улар учун ўз фикрларини ифодалаш қийин кечиши мумкин. Лекин улар янги тилда қандай гапираётганидан кўпроғига назар солсак, уларнинг Яҳовага бўлган севгиси ҳамда Унга хизмат қилиш истагини кўра оламиз. Биродару опа-сингилларимизнинг ушбу гўзал фазилатларини кўра олсак, уларни қадрлаб, чуқур ҳурмат қиламиз. Улар бизнинг тилимизда яхши гапира олмагани учунгина: «Менга керагингиз йўқ»,— дегандай муносабатда бўлмаймиз.
ЯҲОВА УЧУН ҚАДРЛИМИЗ
21, 22. Қандай ажойиб шарафга эгамиз?
21 Яҳова Унинг жамоатида ўз ўрнимизга эга бўлиш каби ажойиб шарафни берган. Эркакмизми ё аёл, турмуш қурганмизми ё йўқ, ёшмизми ё қари, муайян тилда яхши гапирамизми ёки йўқ, Яҳова ҳамда бир-биримиз учун қадрлимиз. (Рим. 12:4, 5; Колос. 3:10, 11)
22 Келинг, Павлус инсон танаси тўғрисида келтирган мисолдан олган ажойиб сабоқларга мувофиқ йўл тутишда давом этайлик. Шундай йўл тутиб, Яҳованинг жамоатида ўзимиз ва бошқалар тутган ўринни қадрлаётганимизни кўрсатишнинг бошқа йўлларини ҳам излаймиз.
90- ҚЎШИҚ Бир-биримизга далда берайлик