Ўқувчиларнинг саволлари
Қай йўсин «Қўриқчи минораси» журналининг 2020 йил июнь сонидаги «”Исминг муқаддас бўлсин”» номли мақола Худонинг исми ва ҳукмдорлиги борасидаги тушунчамизни ойдинлаштирди?
Ўша мақоладан билиб олганимиздай, инсонлар ва фаришталарга таъсир қиладиган энг муҳим масала — Худонинг улуғ исми муқаддас бўлишидир. Яҳованинг ҳукмдорлиги борасидаги масала, яъни У энг аъло тарзда бошқариши бу энг муҳим масаланинг бир қирраси. Одамларнинг бенуқсонлиги борасидаги масала эса бошқа қирраси.
Нега Худонинг исми ва ҳукмдорлиги борасидаги масала ҳозир энг муҳими деб айтяпмиз? Келинг, бунинг учта сабабини кўриб чиқайлик.
Биринчиси, Шайтон Адан боғида Яҳованинг исмига ёки обрўйига доғ туширган. Шайтон Момоҳавога айёрона савол бериб, бу орқали Яҳовани хасис ва инсонларга қўйган чекловлари асоссиз эканини кўрсатмоқчи бўлган. Шайтон Яҳованинг сўзларини рад этиб, Уни ёлғончига чиқарган. Бу орқали у Яҳованинг обрўсига доғ туширган. Шу сабабли у «Иблис», яъни «туҳматчи» деб ном олган. (Юҳан. 8:44) Момоҳаво унинг ёлғонига ишонгани учун Худога итоатсизлик қилиб, Унинг ҳукмдорлигига қарши чиққан. (Ибт. 3:1–6) Ҳозиргача Шайтон Худонинг исмини қоралаб, У ҳақда бўҳтонлар тарқатиб келяпти. Бу ёлғонларга ишонганларнинг Яҳовага итоатсизлик қилиш эҳтимоли катта. Шунинг учун Худонинг халқи Унинг муқаддас исмига қилинаётган туҳматларни ўтакетган адолатсизлик деб ҳисоблайди. Бу бутун дунёдаги азоблар ва ёвузликларнинг асосий сабаби.
Иккинчиси, барча мавжудотлар фойда олиши учун Яҳова Ўз исмини улуғлаб, барча туҳматлардан уни оқлайди. Бу Яҳова учун энг муҳимидир. Шу боис У қуйидагича деган: «Буюк исмимни Мен албатта муқаддас қиламан». (Ҳиз. 36:23) Исо ҳам Яҳованинг барча содиқ хизматчилари энг аввало нима ҳақида ибодат қилиши кераклиги тўғрисида шундай деган: «Исминг муқаддас бўлсин». (Мат. 6:9) Каломда қайта-қайта Яҳованинг исми улуғланиши муҳим экани таъкидланган. Келинг, бир нечта мисолга диққат қаратайлик. «Исми шарафига Яҳовани мадҳ этинг». (1 Сол. 16:29; Заб. 96:8) «Унинг улуғвор исмини мадҳ этиб куйланг». (Заб. 66:2) «Исмингни тоабад шарафлайман». (Заб. 86:12) Бир сафар Яҳованинг Ўзи осмондан гапирганида, Исо Қуддусдаги маъбадда Унга шундай деган: «Ота, исмингни улуғла». Яҳова эса унга жавобан: «Улуғладим ва яна улуғлайман»,— деб айтган. (Юҳан. 12:28) a
Учинчиси, Яҳованинг нияти доим исми ёки обрўйи билан боғлиқ бўлади. Бир ўйлаб кўринг: Исонинг Минг йиллик бошқаруви охиридаги сўнгги синовдан кейин нима юз беради? Ўшанда барча фаришталар ва инсонлар Худонинг исми борасида қандай фикрда
бўлишади? Ушбу саволга жавоб бериш учун у билан боғлиқ бўлган иккита масалани эслайлик — инсонларнинг бенуқсонлиги ҳамда Яҳованинг ҳукмдорлиги. Ўз садоқатини исботлаган инсонлар бенуқсон қолиш учун қийинчиликлар билан курашишда давом этадими? Йўқ. Ўшанда улар мукаммал ва синовдан тўлиқ ўтган бўлади. Бу инсонлар абадий ҳаётдан баҳра олишади. Яҳованинг ҳукмдорлиги борасидаги масала эса онгли мавжудотлар орасида муҳокамаларга ва ҳатто бўлинишларга сабаб бўлишда давом этадими? Йўқ. Ўшанда Яҳованинг бошқаруви энг аъло эканини исботлашнинг бошқа ҳожати қолмайди. Худонинг исми ҳақида-чи, нима деса бўлади?Худонинг исми ҳам бутунлай муқаддас бўлиб барча туҳматлардан оқланади. Аммо осмондаги ва ердаги садоқатли хизматчилар учун Худонинг исми энг муҳими бўлиб қолади. Нега? Сабаби, улар Яҳова ажойиб ишларни қилишда давом этишини кўришади. Мана бунга эътибор беринг: Исо камтарлик ила бутун ҳокимиятни Яҳовага қайтаради. Шунда «Аллоҳ барчанинг ягона Ҳукмдори» бўлади. (1 Кор. 15:28) Бундан сўнг ер юзидаги инсонлар «Худо фарзандларининг улуғвор эркинлигига» эга бўлишдан завқ олишади. (Рим. 8:21) Яҳова узоқ кутилган ниятини бутунлай амалга оширади, яъни осмондаги ва ердаги фарзандлари битта катта ва якдил оилага айланади. (Эфес. 1:10)
Бу нарсалар Яҳованинг осмондаги ва ердаги оиласига қандай таъсир қилади? Шак-шубҳасизки, ҳар биримизда Худонинг исмини улуғлашда давом этиш истаги кучли бўлади. Сано бастакори Довуд қуйидагиларни ёзишга илҳомлантирилган: «Тангри Яҳовага мақтовлар бўлсин! [...] Унинг улуғвор исми абадий мақталсин». (Заб. 72:18, 19) Тоабад бундай қилишнинг янги ҳамда ҳайратомуз сабабларини топишда давом этамиз.
Худонинг исми У ҳақда ҳамма нарсани ошкор этмоқда. Исми устида фикр юритганимизда севгисини кўрамиз. (1 Юҳан. 4:8) Яҳова бизни яратганида ҳамда тўловни тақдим этганида бизга севги кўрсатганини ва Унинг ҳукмдорлиги адолатли ҳамда меҳрга тўла эканини доим ёдда тутамиз. Лекин Яҳованинг бизга бўлган севгисини тоабад кўришда давом этамиз. Абадият давомида Отажонимизга янада яқинроқ бўламиз ва Унинг улуғвор исмига шарафлар келтирамиз. (Заб. 73:28)