Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

Хизматингиз шудринг сингарими?

Хизматингиз шудринг сингарими?

ХИЗМАТИМИЗ муҳим ва қимматбаҳодир. Бироқ Муқаддас Китобдаги хушхабарни эшитганларнинг ҳаммаси ҳам бунинг қадрига етмайди. Гарчи одамлар хушхабарга қизиқиш кўрсатишса-да, айримлари Аллоҳнинг Каломини биз билан ўрганишга ҳожат йўқ, деб ўйлашади.

Масалан, Гавиннинг мисолини олайлик. У жамоат йиғилишларига қатнашни бошлаган эди-ю, Муқаддас Китобни тадқиқ қилишни истамаганди. У шундай деб бўлишди: «Муқаддас Китоб ҳақида билимим кам эди ва бошқалар буни билишларини хоҳламасдим. Мени йўлдан уришади ва масъулият юклашади, деб қўрқардим». Сизнингча, ўшанда Гавиндан умид узиш керакмиди? Йўқ албатта! Келинг, Муқаддас Китоб таълимотлари инсонга қандай таъсир қилиши мумкинлигини кўриб чиқайлик. Яҳова қадимги халқига: «Сўзларим шудринг каби тушсин, майсаларни сийпалайдиган ёмғир томчиларидай... бўлсин»,— деб айтганди. (Қонун. 31:19, 30; 32:2) Шудрингнинг баъзи хусусиятларини кўриб чиқиб, хизматимизда учратган ҳар турли одамларга самарали ёрдам беришни ўрганамиз. (1 Тим. 2:3, 4)

ҚАЙСИ МАЪНОДА ХИЗМАТИМИЗ ШУДРИНГ СИНГАРИ БЎЛИШИ МУМКИН?

Шудринг майиндир. Аслини олганда, шудринг ҳаводаги буғдан майда сув томчилари ҳосил бўлиши натижасида аста-секин пайдо бўлади. Қизиқ, унда қайси маънода Яҳованинг сўзларини шудрингга ўхшатса бўлади? У Ўз халқига мулойимлик ва хушмуомалалик ила гапирган. Агар биз бошқа инсоннинг нуқтаи назарини ҳурмат қилсак, Яҳовага тақлид қилган бўламиз. Биз одамларни мулоҳаза юритишга ва шахсий қарор чиқаришга ундаймиз. Одамларга самимий қизиқиш кўрсатганимизда, улар айтаётган гапларимизни эшитишга мойилроқ бўлишади. Шунда хизматимизни самаралироқ бажара оламиз.

Шудринг тетиклик манбаидир. Бошқаларнинг манфаатларини кўзлашнинг турли йўллари ҳақида фикр юритсак, хизматимиз уларга ором бахш этади. Мисол учун, Крис исмли биродаримиз юқорида тилга олинган Гавинга илк бор Муқаддас Китоб тадқиқини таклиф қилганида, унга босим ўтказмаган. Бунинг ўрнига, у Гавин билан Муқаддас Китобни қизиқарлироқ тарзда муҳокама қилишнинг усулларини излаган. Крис Гавинга Муқаддас Китобда муҳим бир хабар ёзилганини ва унинг мағзини чақиш, йиғилишлардаги дастурни яхшироқ тушунишига кўмаклашишини айтган. Кейин Крис айнан Муқаддас Китобдаги башорат уни Аллоҳнинг Каломида ҳақиқат ёзилганига ишонтирганини тушунтирган. Натижада, улар турли башоратларнинг амалга ошгани тўғрисида анчагина суҳбатлар қуришган. Бундай муҳокамалар Гавинга тетиклик бахш этган ва охири, у Муқаддас Китобни тадқиқ қилишга рози бўлган.

Шудринг ҳаётбахшдир. Исроил юртида жазирама иссиқ ва қурғоқчилик бўлганда, бир неча ой давомида ёмғир ёғмаслиги ҳам мумкин. Шунда шудринг бўлмаса, ўсимликлар сўлиб, қуриб қолади. Яҳова башорат қилганидек, бугунги кунда ҳам қурғоқчилик пайти келади, яъни одамлар Аллоҳнинг сўзларини эшитишга чанқоқ бўлишади. (Амос 8:11) Яҳованинг ваъдасига кўра, мойланганлар хушхабарни ваъз қилишганида, Эгамиз осмондан туширган «шудрингдай бўлишади». «Бошқа қўйлар» эса бу фаолиятда уларга ёрдам беришмоқда. (Михо 5:7; Юҳан. 10:16) Шоҳлик ҳақидаги хушхабар ҳақиқатга чанқоқ бўлганларга нисбатан кўрилган Яҳованинг ҳаётбахш чораларидан бири экан, унинг қадрига етяпмизми?

Шудринг Яҳованинг баракасидир. (Закр. 8:12) Хизматимиз хушхабарга қизиқиш билдирганлар учун барака бўла олади. Гавин айнан шундай баракага эга бўлди. У Муқаддас Китоб тадқиқи орқали саволларига жавоб топди. Гавин тезда маънан ўсиб, сувга чўмди ва ҳозир рафиқаси Жойс билан бирга Шоҳлик хушхабарини ваъз қилишда фаол қатнашяпти.

Яҳованинг Шоҳидлари Шоҳлик хушхабари ер юзи бўйлаб ёйилишида қатнашишяпти

ХИЗМАТИНГИЗНИ ҚАДРЛАНГ

Шудринг ҳақида мулоҳаза юритиш ваъзгўйликда қўшаётган ҳиссамизни қадрлашга ундайди. Қай йўсин? Шудрингнинг битта томчиси кам фойда келтиради, миллионлаб шундай томчилар эса ерни намлик билан озиқлантиради. Шунга ўхшаб, ваъзгўйлик хизматидаги ҳиссамиз бизга камдек туюлиши мумкин. Лекин Яҳованинг миллионлаб хизматчилари қилаётган саъй-ҳаракатлар туфайли, хушхабар «ҳамма халқларга» етказиляпти. (Мат. 24:14) Хўш, хизматимиз одамлар учун Яҳованинг баракасидек бўладими? Албатта, фақат биз ваъз қилаётган хушхабар шудринг каби майин, тетиклик манбаи ва ҳаётбахш бўлиши даркор!