Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

Азиз ёшлар, диққатингиз маънавий мақсадларга қаратилганми?

Азиз ёшлар, диққатингиз маънавий мақсадларга қаратилганми?

Ҳамма ишларингни Яҳовага ишониб топшир, шунда режаларинг муваффақият қозонади. ҲИК. 16:3

ҚЎШИҚЛАР: 11, 24

1–3. а) Барча ёшлар қандай қийинчиликларга дуч келишади? Мисол келтиринг. (Очқич оятнинг юқорисидаги расмга қаранг.) б) Масиҳий ёшларга қийинчиликларни енгишда нима ёрдам беради?

ТАСАВВУР ҚИЛИНГ, муҳим иш билан узоқ шаҳарга боришингиз керак. У ерга етиб бориш учун автобусда анча йўл юришингиз лозим. Бекатда йўловчилар ва автобусларнинг кўплигидан ўзингизни йўқотиб қўйишингиз ҳеч гап эмас. Яхшиямки, манзилга етиб бориш учун қайси автобусга чиқиш кераклигини аниқ биласиз. Албатта, дуч келган автобусга чиқмайсиз, сабаби у бошқа манзилга олиб боришини биласиз.

2 Бугунги кунда ёшлар бекатдаги йўловчиларга ўхшайди. Улар ҳам узоқ сафарга чиқишлари керак. Фақат автобусда эмас, балки ҳаёт йўлида. Вақти-вақти билан улар имкониятлари ва чиқариш керак бўлган қарорлари туфайли нима қилишни билмай қолишади. Ёшлар, агар қаерга боришни хоҳлаётганингизни аниқ билсангиз, тўғри танлов қилиш осонроқ бўлади. Хўш, қаерга йўл олишингиз керак?

3 Ушбу мақолада мазкур саволнинг жавобини топасиз ва у Яҳовани мамнун қиладиган ҳаёт йўлига диққатингизни қаратишга ундайди. Бу ҳаётингизнинг барча соҳаларида, яъни ўқиш, иш, оилавий масъулият ва ҳоказоларда Яҳованинг маслаҳатларига риоя қилишни англатади. Шунингдек, маънавий мақсадларга интилишни ҳам ўз ичига олади. Диққатини Яҳовага хизмат қилишга қаратган ёшлар муваффақиятга эришиши учун У барака ва ёрдам беришига амин бўлишлари мумкин. (Ҳикматлар 16:3 ни ўқинг.)

НЕГА МАЪНАВИЙ МАҚСАДЛАР ҚЎЙИШ КЕРАК?

4. Бу мақолада нимани кўриб чиқамиз?

4 Ёшликда маънавий мақсадлар қўйиш яхши. Бунинг учта сабабини кўриб чиқамиз. Биринчи ва иккинчи сабаб, маънавий мақсадлар қўйиш Яҳова билан муносабатларни мустаҳкамлашини, учинчи сабаб эса ёшликданоқ бундай мақсадлар қўйиш фойдали эканини кўришга ёрдамлашади.

5. Маънавий мақсадлар қўйишнинг асосий сабаби қандай?

5 Маънавий мақсадлар қўйишнинг асосий сабаби, бу билан Яҳованинг бизга кўрсатган севгиси ва қилган ишлари учун миннатдорлигимизни намоён этамиз. Сано бастакори: «Эй Яҳова, Сенга шукроналар айтиш... яхшидир... Ишларинг билан мени севинтирдинг, эй Яҳова, қўлларинг ишидан мен хурсанд бўлиб ҳайқиряпман»,— деб айтган. (Заб. 92:1, 4) Яҳова сизга берган барча нарсалар ҳақида ўйлаб кўринг. Масалан, ҳаёт, имон, Муқаддас Китоб, жамоат ва келажакка бўлган ажойиб умидингиз. Маънавий мақсадларни устувор қўйиб, Тангрининг барча баракалари учун миннатдорлигингизни кўрсатасиз ва Унга янада яқинлашасиз.

6. а) Маънавий мақсадлар Яҳова билан бўлган муносабатларимизга қандай таъсир қилади? б) Ёшликданоқ қандай мақсадлар қўйса бўлади?

6 Маънавий мақсадлар қўйишнинг иккинчи сабаби, мақсадлар сари интилганингизда Яҳованинг назарида маъқул ишлар қиласиз ва У билан яқин дўст бўласиз. Ҳаворий Павлус шундай деган: «Аллоҳ адолатсиз эмас. Чунки У... Унинг исмига кўрсатган севгингизни ҳамда меҳнатингизни унутмайди». (Иброн. 6:10) Мақсадлар қўйиш учун жуда ёшман деб ўйламанг. Мисол учун, Кристина 10 ёшлигида содиқ Шоҳидларнинг таржимаи ҳолларини мунтазам ўқишни мақсад қилган. 12 ёшли Тоби эса сувга чўмишдан олдин Муқаддас Китобни тўлиқ ўқиб чиқишни мақсад қилди. Максим 11 ёш ва синглиси Ноеми 10 ёшда сувга чўмган. Иккаласи ҳам Байтилда хизмат қилишга интилган. Мақсадларини кўздан қочирмаслик ниятида Байтилда хизмат қилиш учун тўлдириладиган аризани уйининг деворига илиб қўйишган. Сиз-чи? Сиз ҳам эриша оладиган баъзи мақсадлар қўйиб, уларга интилишни бошлай оласизми? (Филиппиликларга 1:10, 11 ни ўқинг.)

7, 8. а) Қандай қилиб мақсадлар қўйиш қарор чиқаришни осонроқ қилади? б) Нега бир имондошимиз университетда ўқимасликни танлади?

7 Ёшликданоқ мақсад қўйишнинг учинчи сабаби қарор қабул қилиш билан боғлиқ. Ўсмирлар таълим, иш ва бошқа масалаларда қарорлар чиқариши керак. Қарор чиқаришни чорраҳада туриб тўғри йўлни танлаш билан солиштирса бўлади. Манзилга элтувчи йўлни билсангиз, тўғри йўлни танлаш муаммо туғдирмайди. Шу сингари, мақсадингизни билсангиз, тўғри қарор чиқариш осонроқ кечади. Ҳикматлар 21:5 да шундай ёзилган: «Тиришқоқнинг режалари муваффақият келтиради». Яхши мақсадларни қанча эрта қўйсангиз, шунча тез муваффақиятга эришасиз. Ўсмирлигида муҳим бир қарор чиқариши керак бўлган Дамарис буни ўзида ҳис этган.

8 Дамарис мактабни аъло баҳо билан тугатди. Унда юридик университетида бепул ўқиш имконияти бор эди, аммо у ярим ставка ишлашни танлади. Нега? «Мен ёшлигимданоқ кашшоф бўлишни мақсад қилганман. Бу ярим ставка ишлаш дегани. Университет дипломи билан яхши пул ишлашим мумкин эди, аммо бу билан ярим ставкали иш топишим амримаҳол бўларди»,— деб бўлишди Дамарис. Ҳозир у 20 йилдан бери кашшофлик қиляпти. Ўсмирлигида тўғри қарор қилганидан у шубҳаланяптими? Дамарис қуйидагича давом этди: «Ишда кўп ҳуқуқшунослар билан тўқнашаман. Агар юридик соҳада ўқиганимда, ҳозир улар қилаётган ишларни бажараётган бўлардим. Уларнинг кўпи эса ўз ишидан хурсандчилик топмайди. Кашшоф бўлиш қарорим мени иш туфайли умидсизликка тушишдан асради ва йиллар давомида Яҳовага қувонч билан хизмат қилишга йўл очди».

9. Нима учун ёшлар самимий мақтовларга лойиқ?

9 Бутун дунё бўйлаб жамоатларимиздаги минглаб ёшлар самимий мақтовларга лойиқ. Улар ўзларини Яҳовага бағишлаб, диққатини маънавий мақсадга қаратишмоқда. Ушбу ёшлар ҳаётдан тўлақонли завқ олиш билан бирга, барча соҳада Яҳованинг йўл-йўриқларини ўрганмоқда. Бу таълим, иш ва оилавий ҳаётни ўз ичига олади. Сулаймон: «Яҳовага бутун қалбинг билан таян... Ҳар ишингда Уни ёдда тут, У йўлларингни равон қилади»,— деб ёзган. (Ҳик. 3:5, 6) Ёшлар, Яҳова сизларни жуда яхши кўради! У сизларни қадрлайди, ҳимоялайди, йўналтиради ва баракалар ёғдиради.

ШОҲИДЛИК БЕРИШ УЧУН ЯХШИ ТАЙЁРГАРЛИК КЎРИНГ

10. а) Нега хизмат биз учун энг муҳим ишлардан бири бўлиши керак? б) Қандай қилиб хизматда самаралироқ бўла оламиз?

10 Ҳаётида Яҳовани мамнун этишга диққат қаратган ёшлар хизматга ўзгача муносабатда бўлишади. Исо Масиҳ: «Аввало барча халқларга хушхабар эълон этилиши лозим»,— деб таъкидлаган. (Марк 13:10) Сабаби, ваъзгўйлик фаолияти шунчалик шошилинчки, у биз учун энг муҳим ишлардан бири бўлиши керак. Хўш, хизматда янада кўпроқ қатнашишни мақсад қила оласизми? Кашшофлик қила оласизми? Лекин хизматдан қувонч топа олмаётган бўлсангиз-чи? Қандай қилиб шоҳидлик беришда самаралироқ бўла оласиз? Бунда икки нарса кўмаклашади: яхши тайёргарлик ва билганларингизни бўлишиш имконини бой бермаслик. Ҳа, ваъзгўйликдан қанчалик қувонч топганингиздан ҳайрон қоласиз.

Шоҳидлик бериш учун қандай тайёргарлик кўрасиз? (11-, 12- хатбошиларига қаранг.)

11, 12. а) Ёшлар шоҳидлик бериш учун қандай тайёргарлик кўра олишади? б) Қандай қилиб Лука мактабда шоҳидлик бериш имконидан фойдаланди?

11 Синфдошларингиз сўраши мумкин бўлган саволларга жавоб беришга тайёрланишдан бошласангиз бўлади. Мисол учун: «Нега туғилган кунни нишонламайсан?» — деб сўрашар. Ёшларга шу каби саволларга жавоб беришга тайёрланаётганда jw.org сайтимиздаги ва бошқа адабиётларимиздаги кўпгина мақолалар қўл келади. БИЗ ҲАҚИМИЗДА > КЎПЧИЛИКНИ ҚИЗИҚТИРАДИГАН САВОЛЛАР сарлавҳаси остига қаранг. У ерда «Урф-одатлар ва байрамлар» номли сарлавҳа остида «Нега Яҳованинг Шоҳидлари туғилган кунларни нишонламайди?» деган мақолани топасиз. Бу сизга жавобингизни тайёрлашга ёрдам беради. Мазкур мақолада эътиқодингизни тушунтирганда қўллашингиз мумкин бўлган қуйидаги оятлар келтирилган: Ибтидо 40:20–22; Марк 6:21–29 ва Галатияликларга 5:19–21. Мазкур маълумотдан фойдаланиб, бошқа саволларга ҳам жавоблар тайёрлай оласиз. (1 Бутрус 3:15 ни ўқинг.)

12 Агар имкон бўлса, синфдошларингизни jw.org сайтига киришга унданг. Масалан, Лука ҳам шундай қилган. Унинг синфи ҳар хил динларни муҳокама қилганда, Лука Яҳованинг Шоҳидлари ҳақида китобда нотўғри фикрлар ёзилганини кўради. У озгина хавотирланаётган бўлса-да, бу фикрларни тўғрилаш учун рухсат сўрайди ва ўқитувчиси ижозат беради. Лука нафақат эътиқодини тушунтиради, балки бутун синфга сайтимизни ҳам кўрсатади. Ўқитувчи болаларга «Безорига муштсиз жавоб қайтаринг» номли анимацион роликни томоша қилишни уйга вазифа қилиб беради. Лука яхши шоҳидлик берганидан роса хурсанд бўлади.

13. Нима учун қийинчиликлар туғилганда таслим бўлмаслигимиз керак?

13 Сафар давомида баъзида йўл нотекис бўлса, кўнглингиз тушмасин. (2 Тим. 4:2) Қийинчиликларга дуч келганда мақсадингизга кўз тикинг. Мисол учун, Катарина ҳар бир касбдошига шоҳидлик беришни мақсад қилганида 17 ёшда эди. Касбдошларидан бири Катаринани бир неча бор танқид қилади, лекин у мақсадини кўздан қочирмади. Ханс исмли бошқа ҳамкасби эса Катарина бу вазиятда ўзини қандай тутганини кўриб ҳайрон қолади. Натижада, у адабиётларимизни ўқийди, Муқаддас Китоб тадқиқини бошлайди ва сувга чўмади. Катарина кўчиб кетгани туфайли булардан бехабар эди. 13 йил ўтгач, Катарина оиласи билан жамоат учрашувида оммавий нутқ сўзловчи биродар Ханс эканини кўрганда, қанчалар қувонганини тасаввур қилинг! Яхшиямки, ўшанда Катарина ҳамкасбларига шоҳидлик беришда таслим бўлмаган!

ЧАЛҒИМАЙЛИК

14, 15. а) Босимга дуч келганда нимани ёдда тутишингиз керак? б) Тенгдошларнинг босимига қандай қарши тура оласиз?

14 Мазкур мақола сизни Яҳовага хизмат қилиш истагингизга диққат қаратишга ундади. Бу маънавий мақсадлар ҳаётингизда биринчи ўринда туришини англатади. Эҳтимол, тенгдошларингиз кўнгилхушлик билан банддир ва сизни ҳам уларга қўшилишга таклиф қилишар. Эртами-кечми мақсадларингиз сиз учун қанчалик муҳим эканини бошқаларга кўрсатишингиз керак бўлади. Тенгдошларнинг босими туфайли чалғиманг. Автобус ҳақидаги мисолни эсланг. Албатта, автобусдаги йўловчилар вақтичоғлик қилаётгандай туюлгани учунгина ўша автобусга чиқмайсиз-ку!

15 Тенгдошларнинг босимига қарши туришнинг бир нечта йўли бор. Мисол учун, васвасага тушишингиз мумкин бўлган вазиятлардан қочинг. (Ҳик. 22:3) Номақбул ишлар қиладиган одамларга қўшилишнинг аччиқ оқибатларини эсда тутинг. (Галат. 6:7) Маслаҳатга муҳтож эканингизни тан олинг. Ота-онангиз ва жамоатдаги маънан етук инсонларнинг маслаҳатларига қулоқ тутишингизга камтаринлик ёрдам беради. (1 Бутрус 5:5, 6 ни ўқинг.)

16. Қандай қилиб Кристофнинг мисоли камтаринлик муҳим эканлигини кўрсатяпти?

16 Камтаринлик Кристофни яхши маслаҳатга қулоқ солишга ундади. Сувга чўмганидан кўп ўтмай, у фитнес залига мунтазам қатнай бошлади. У ердаги бошқа ёшлар уни ўзларининг спорт жамоасига қўшилишга таклиф қилишди. Кристоф оқсоқол билан маслаҳатлашди. Оқсоқол уни қарор чиқаришдан олдин рақобат руҳининг таъсири каби хавф-хатарлар тўғрисида ўйлаб кўришга ундади. Лекин Кристоф жамоага қўшилишга қарор қилди. Вақт ўтиб, у ўша спорт тури зўравон ва ҳатто хавфли эканини кўрди. Кейин у бир нечта оқсоқол билан гаплашди ва улар Муқаддас Ёзувлардан маслаҳат беришди. «Яҳова менга яхши маслаҳатчилар берди. Гарчи бу бир оз вақт талаб қилган бўлса-да, мен Унга қулоқ солдим»,— деди Кристоф. Сиз-чи, маслаҳатни қабул қилиш учун камтаринмисиз?

17, 18. а) Яҳова бугунги ёшларга нима тилайди? б) Ёши катталар нимадан афсусланиши мумкин ва бундан қандай қочса бўлади? Мисол келтиринг.

17 «Эй йигит, [ёки қиз] ҳали ёш экансан, ёшлик чоғингда қалбинг шодликка тўлсин!» (Воиз 11:9) Ҳа, Яҳова ёшлигингизда қалбингиз қувончга тўлишини хоҳлайди. Мазкур мақолада бунга эришишнинг фақат бир йўлини кўрдик. Маънавий мақсадларга диққат қаратинг ва қарор чиқарганда Яҳованинг маслаҳатларига қулоқ солинг. Қанча эрта бундай қилишни бошласангиз, шунча тез Яҳованинг йўл-йўриғи, ҳимояси ва баракаларини кўрасиз. Худонинг Каломидаги ажойиб маслаҳатлар устида фикр юритинг ва қуйидаги сўзларни унутманг: «Ёшлик чоғингда Улуғ Парвардигорингни ёдда тут!» (Воиз 12:1)

18 Ёшлик абадий эмас. Ёшлар тезда улғаяди. Афсуски, кўпгина ёши катталар ёшлигида нотўғри мақсад қўйишгани ёки умуман мақсад қўйишмаганидан пушаймон. Лекин маънавий мақсадлар қўйган ёшлар чиқарган қарорларидан улғайганида чуқур мамнуният ҳиссини туйишади. Ўсмирлигида спортда жуда маҳоратли бўлган Миржана ҳам шуни ҳис этган. Уни қишки Олимпиада ўйинларида қатнашишга таклиф қилишади, аммо у тўла вақтли хизматни танлайди. 30 йилдан зиёд вақт ўтди, Миржана ҳанузгача эри билан бирга тўла вақтли хизматда қатнашяпти. У шундай деди: «Машҳурлик, обрў, куч ва бойлик вақтинча бўлиб, арзимас мақсаддир. Энг аъло мақсад — Тангрига хизмат қилиш ва инсонларга оз бўлса ҳам маънавий ёрдам беришга ҳисса қўшишдир».

19. Ёшликданоқ маънавий мақсадларга диққат қаратишнинг фойдали томонларини санаб ўтинг.

19 Ҳаётда қийинчиликларга дуч келишига қарамай, эътибори Яҳовага хизмат қилишга қаратилган ёшларни чин қалбдан мақтасак арзийди. Ёшлар буни маънавий мақсадларга эришиб, ваъзгўйлик фаолиятини биринчи ўринга қўйишгани учун эплай олишяпти. Қолаверса, бу дунё уларни чалғитишига йўл қўйишмаяпти. Уларнинг машаққатли меҳнатлари беҳуда эмаслигидан шубҳаланишмаса ҳам бўлади. Биродару опа-сингилларимиз ҳам сизларни меҳр ила қўллаб-қувватлашга тайёр. Ўзингизни Яҳовага ишониб топширсангиз, режаларингиз муваффақият қозонади.