Тайинланган биродарлар Тимўтийдан ўрнак олинг
ЎТГАН йили дунё бўйлаб минглаб эркаклар Яҳова Шоҳидларининг жамоатларида оқсоқол ва жамоат хизматкори этиб тайинланди. Сиз ҳам шу биродарлардан бири бўлсангиз, янги вазифангиздан хурсанд эканингиз шубҳасиз.
Бир оз хавотирланишингиз табиий. Ёш оқсоқол Жейсон: «Мени тайинлашганда, ўзимда масъулиятни ҳис этгандим»,— деб бўлишди. Мусо ва Еремиё ҳам Яҳовадан топшириқ олишганида ўзларини бунга нолойиқ деб билишган. (Чиқ. 4:10; Ерм. 1:6) Сиз ҳам шундай туйғуларни ҳис этаётган бўлсангиз, қандай қилиб буни енгиб, муваффақият қозона оласиз? Исонинг шогирди Тимўтийнинг мисолига эътибор қаратинг. (Ҳавор. 16:1–3)
ТИМЎТИЙНИНГ ЎРНАГИГА ЭРГАШИНГ
Ҳаворий Павлус Тимўтийни хизмат сафарида ҳамроҳлик қилишга таклиф этган. Ўшанда у тахминан 20 ёшларда эди. Балким ёш Тимўтий янги хизматда ўзига унча ишонмагандир ва тортингандир. (1 Тим. 4:11, 12; 2 Тим. 1:1, 2, 7) Лекин йиллар ўтиб, Павлус Филиппи жамоатига шундай ёзган: «Мен бўлсам, Ҳазратимиз Исонинг хоҳишига кўра Тимўтийни яқинда олдингизга юбориш умидидаман... Сизлар учун чин дилдан ғам чека оладиган бошқа ҳеч кимим йўқ». (Филип. 2:19, 20)
Қандай қилиб Тимўтий бундай ажойиб оқсоқол бўлди? Келинг, ундан ўрганишимиз мумкин бўлган олтита сабоқни кўриб чиқайлик.
1. У бошқаларга ғамхўрлик қилган. Павлус Филиппидаги биродарларга: «[Тимўтий] сизлар учун чин дилдан ғам чека олади»,— деб ёзганди. (Филип. 2:20) Ҳа, Тимўтий одамларга ғамхўрлик қилган. У имондошларининг маънавий равнақи йўлида самимий қизиққан ва улар учун жон куйдиришга тайёр эди.
Йўловчиларни олиб кетишдан кўра, ҳар бекатга ўз вақтида етиб келиш кўпроқ қизиқтирадиган автобус ҳайдовчисига ўхшаманг. 20 йилдан ошиқ тажрибага эга оқсоқол Уильям янги тайинланган биродарларга: «Имондошларингизни севинг. Ташкилий ишларга эмас, балки уларнинг эҳтиёжларига кўпроқ эътибор беринг»,— деб маслаҳат беряпти.
2. У ваъзгўйлик ишини биринчи ўринга қўйган. Павлус Тимўтийнинг ўрнаги бошқаларникидан фарқ қилишини айтиб, шундай деган: «Бошқалар Исо Масиҳга нима маъқул келишини эмас, ўз манфаатларини кўзлайдилар». (Филип. 2:21) Павлус Римда бўла туриб хат ёзганида, у ердаги биродарлар шахсий ишлари билан жуда банд эканини пайқаган. Баъзилари маънавий ишларда фидойилик кўрсатмаган. Лекин Тимўтий уларнинг акси эди. Хушхабарни эълон қилиш фурсати туғилди дегунча, у: «Мен бораман! Мени юбор!» — деб айтган Ишаё каби муносабат кўрсатган. (Ишаё 6:8)
Қандай қилиб шахсий ва маънавий ишлар орасида мувозанатни сақлай оласиз? Биринчи навбатда нима муҳимлигини аниқланг. Павлус: «Қайси нарсалар муҳимроқ эканини фарқланг»,— деб ундаган. (Филип. 1:10) Аллоҳ учун муҳим бўлган нарсалар сиз учун ҳам муҳим бўлсин. Иккинчидан, ҳаётингизни соддалаштиринг. Вақтингиз ва кучингизни ўғирлайдиган нарсаларни рад этинг. Павлус Тимўтийга шундай маслаҳат берган: «Ёшлик эҳтиросларидан қочиб,.. одиллик, имон, муҳаббат ва тинчлик каби фазилатларни ривожлантир». (2 Тим. 2:22)
3. У муқаддас хизматда жон куйдирган. Павлус филиппиликларга эслатиб, шундай ёзган: «Тимўтий ўзини муносиб қилиб кўрсатгани, отасига ёрдам берган бола сингари хушхабар ёйилишида мен билан биргаликда хизмат қилгани сизларга маълум». (Филип. 2:22) Тимўтий дангаса бўлмаган. У жон куйдириб Павлус билан бирга меҳнат қилган ва бу уларнинг муносабатини мустаҳкамлаган.
Бугун ҳам Худонинг ташкилотида иш кам эмас. Бу иш сизга чинакам мамнуният бахш этади ва биродару опа-сингиллар билан яқинлашасиз. Шундай экан, «Раббимизнинг иши билан банд бўлишни» мақсад қилинг. (1 Кор. 15:58)
4. У ўрганганларига амал қилган. Павлус Тимўтийга шундай ёзган: «Сен эса қандай таълим берганимга, ҳаёт тарзимга, мақсадимга, имонимга, сабр-тоқатимга, муҳаббатимга, бардошимга қатъий эргашдинг». (2 Тим. 3:10) Тимўтий ўрганганларига амал қилгани сабабли, масъулиятли вазифаларни олишга лаёқатли бўлган. (1 Кор. 4:17)
Маънан ўсишингизга кўмаклашадиган тажрибали дўстингиз борми? Йўқ бўлса, бундай инсонни топинг. Кўп йиллардан бери оқсоқол бўлиб хизмат қилаётган Том шуларни эслайди: «Бир тажрибали оқсоқол менга самимий қизиқиш билдириб, кўп нарсаларни ўргатган. Доим ундан маслаҳат сўраб, айтганларига амал қилардим. Бу туфайли тез орада ишончим мустаҳкамланди».
5. У ўз устида ишлашни тўхтатмаган. Павлус Тимўтийга шундай маслаҳат берган: «Художўйлик йўлида машқ қил». (1 Тим. 4:7). Масалан, спортчининг мураббийи бўлса-да, унинг ўзи ҳам машқ қилиши керак. Павлус Тимўтийни шу сўзлар билан чорлаган: «Омма олдида ғайрат билан Муқаддас Ёзувларни ўқишда, насиҳат қилишда ва бошқаларга таълим беришда давом эт... Ушбу нарсалар устида мулоҳаза юрит ва муваффақиятинг ҳаммага ошкор бўлиши учун бу ишлар билан банд бўл». (1 Тим. 4:13–15)
Сиз ҳам ўз маҳоратингизни чархлашда тўхтамаслигингиз керак. Маънан ўсишда давом этиб, ташкилотимиз билан ҳамқадам юринг. Қолаверса, ҳаддан ташқари ўзингизга ишонишдан қочинг. Катта тажрибага эгаман, деб ҳар қандай вазиятни чуқур изланиш олиб бормай ҳал қилишдан эҳтиёт бўлинг. Тимўтийга тақлид қилиб, «ўзингга ва қандай таълим бераётганингга ҳамиша диққатли бўл», деган сўзларга амал қилинг. (1 Тим. 4:16)
6. У Яҳованинг руҳига таянган. Павлус Тимўтийга хизмат ҳақида ёзганида, қуйидагини эслатган: «Сенга ишониб топширилган хазинани ичимизда бўлган муқаддас руҳ ёрдамида асрагин». (2 Тим. 1:14) Хизматини асраши ёки уни астойдил бажариши учун Тимўтий Худонинг муқаддас руҳига таяниши керак эди.
Доналд исмли тажрибали оқсоқол қуйидагиларни таъкидлади: «Тайинланган биродарлар Худо билан бўлган муносабатларини қадрлаши керак. Бундай қилишса, уларнинг “кучига куч қўшилади”. Агар улар Худодан муқаддас руҳ ва шакллантиришини сўрашса, имондошлари учун ҳақиқий баракага айланишади». (Заб. 84:7; 1 Бутр. 4:11)
ВАЗИФАНГИЗНИ ҚАДРЛАНГ
Сиз каби кўпгина тайинланган биродарларнинг маънан ўсаётганини кўриш жуда далдали. Юқорида тилга олинган Жейсон: «Оқсоқол сифатида хизмат қилиб, кўп нарсаларни ўргандим ва ўзимга ишончим ортди. Ҳозир бу хизматимдан қувонч топяпман ва уни катта шараф деб биламан!» — деди.
Маънавий қадамлар қўйишда давом этасизми? Тимўтийдан ўрганишни мақсад қилинг. Шунда сиз ҳам Худонинг халқи учун барака бўласиз.