Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

Эркинлик Худоси Яҳовага хизмат қилинг

Эркинлик Худоси Яҳовага хизмат қилинг

Қаерда Яҳованинг муқаддас руҳи бор бўлса, ўша ерда эркинлик бўлади. 2 КОР. 3:17

ҚЎШИҚЛАР: 11, 33

1, 2. а) Нима учун Павлус яшаган даврда одамларни қулчилик ва озодлик масаласи қизиқтирган? б) Одамлар чинакам эркинликка эриша олиши учун Павлус уларнинг диққатини кимга қаратган?

ИЛК масиҳийлар Римда қонун, адолат ва озодлик масаласида биринчи бўлишгани билан фахрланган одамлар орасида яшаган. Аммо Рим империяси асосан қулчилик туфайли кучли ва машҳур бўлган. Аҳолининг тахминан 30 фоизи қуллар эди. Шубҳасизки, қуллик ва озодлик масаласи оддий одамларни, жумладан, масиҳийларни ҳам қизиқтирган.

2 Павлуснинг мактубларида озодлик ҳақида кўп айтилган. Гарчи ўша пайтда одамларнинг мақсади ижтимоий ёки сиёсий ислоҳот ўтказиш бўлган бўлса-да, Павлус буни кўзламаган эди. Павлус ва бошқа масиҳийлар бошқарувчи ёки ташкилотдан озодлик кутмаган, аксинча, улар Худонинг Шоҳлиги ҳақидаги хушхабарни ва Исо Масиҳнинг тўлов қурбонлиги қанчалик қадрли эканини бошқаларга етказиш учун жон куйдирган. Павлус имондошларининг диққатини чинакам эркинлик Манбаига қаратган. Масалан, Коринфликларга йўллаган иккинчи мактубида Павлус аниқ қилиб қуйидагича ёзган: «Яҳова руҳий Шахсдир. Қаерда Яҳованинг муқаддас руҳи бор бўлса, ўша ерда эркинлик бўлади». (2 Кор. 3:17)

3, 4. а) Павлус 2 Коринфликларга 3:17 даги сўзларни ёзишига нима сабаб бўлган? б) Яҳова тақдим этадиган эркинликдан завқ олиш учун нима қилишимиз лозим?

3 Мазкур мактубнинг бошида Павлус, Мусо Синай тоғида Яҳованинг фариштаси ҳузурида бўлиб қайтганидан кейин унинг юзидан нур таралгани ҳақида айтган эди. Мусони кўрган одамлар қўрқиб кетади ва у юзини ёпинчиқ билан тўсиб қўяди. (Чиқ. 34:29, 30, 33; 2 Кор. 3:7, 13) Павлус давом этиб шундай деган: «Бироқ улар Яҳовага топиниш учун ўз йўлларини ўзгартиришса, ёпинчиқ олиб ташланади». (2 Кор. 3:16) Қизиқ, мазкур сўзлар нимани англатади?

4 Олдинги мақоладан Яҳова борлиқнинг Яратувчиси ва фақатгина У мутлақ ҳамда чексиз эркинликка эга эканини билиб олдик. Шунинг учун ҳам «қаерда Яҳованинг муқаддас руҳи бор бўлса», ўша ерда эркинлик бўлишининг ажабланарли жойи йўқ. Бундай эркинликдан фойда олиш учун «йўлларимизни ўзгартиришимиз», яъни Яҳова билан шахсий муносабатларга эга бўлишимиз зарур. Масалан, Исроил халқи Яҳова саҳрода улар учун қилган ишларга нисбатан маънавий нуқтаи назарга эга бўлмаган. Уларнинг юраги ва онги гўёки ёпинчиқ билан тўсилган бўлиб, эътибори яқинда эга бўлган озодлигидан жисмоний эҳтиёжларини қондириш учун фойдаланишга қаратилган эди. (Иброн. 3:8–10)

5. а) Яҳованинг руҳи қандай озодликни тақдим этади? б) Том маънодаги озодликни йўқотиш Яҳова тақдим этаётган эркинликдан маҳрум этмаслигини қаердан биламиз? в) Қайси саволларга жавоб топамиз?

5 Яҳованинг муқаддас руҳи билан боғлиқ бўлган озодлик том маънодаги қулликдан халос бўлишдан кўпроқ нарсани англатади. Яҳованинг руҳи гуноҳ, ўлим, жумладан, сохта дин ва у билан боғлиқ одатлардан озод этади. Ваҳоланки, одамлар ўз ҳаракатлари билан бунга эриша олмайди. (Рим. 6:23; 8:2) Бу нақадар ажойиб озодлик-а! Одам ҳатто қамоқда ёки қулликда бўлганида ҳам бундай эркинликни ҳис эта олади. (Ибт. 39:20–23) Имони учун бир неча йил қамоқда ўтирган опамиз Нанси Юэн ва биродаримиз Харольд Кинг билан айнан шундай бўлган. JW Интернет-телевидениемизда уларнинг интервьюсини кўришингиз мумкин. (ИНТЕРВЬЮ И СЛУЧАИ ИЗ ЖИЗНИ > ПРЕТЕРПЕВАЯ ТРУДНОСТИ сарлавҳаси остига қаранг.) Хўш, эркинлигимизни қадрлаётганимизни қай йўсин кўрсатишимиз мумкин? Қандай қилиб ундан донолик ила фойдалана оламиз?

ХУДО БЕРГАН ЭРКИНЛИГИМИЗНИ ҚАДРЛАШ

6. Қай йўсин Исроил халқи Яҳова уларга тақдим этган эркинлик учун миннатдорчилик намоён этмади?

6 Бизга берилган ҳадя қанчалик қимматли эканини билсак, уни тақдим этган кишига миннатдорчилигимизни кўрсатишга интиламиз. Исроилликлар эса Тангри Яҳова уларни Миср қуллигидан озод қилганини қадрламади. Озод бўлганидан бир неча ой ўтар-ўтмас улар Мисрдаги егулигу ичимликни қўмсаб, Яҳова бераётган нарсалардан нолий бошлади ва ҳатто у ерга қайтишни истади. Бир тасаввур қилинг, бу халқ «балиқлар, бодринглар, тарвузлар, порей пиёзлари, пиёзлару саримсоқлар»ни Худо уларга тақдим этган топинишдан устун қўйди. Яҳованинг улардан жаҳли чиққанининг ажабланарли жойи йўқ. (Саҳ. 11:5, 6, 10; 14:3, 4) Бу биз учун сабоқдир.

7. Қай йўсин Павлус 2 Коринфликларга 6:1 даги сўзларга мувофиқ йўл тутган ва қандай қилиб биз ҳам шундай қила оламиз?

7 Ҳаворий Павлус барча масиҳийларни Яҳова меҳр ила Ўғли Исо Масиҳ орқали тақдим этган эркинликка оддий ҳолдек қарамасликка ундаган. (2 Коринфликларга 6:1 ни ўқинг.) Павлус гуноҳ ва ўлимнинг асири бўлгани учун виждон азобидан қанчалар қийналганини ва азоб чекканини эсланг. Аммо у миннатдорчилик ила: «Аллоҳга шукрлар бўлсин»,— деб айтган. Нега? У қуйидагича тушунтирган: «Чунки Исо Масиҳ билан бирликда ҳаёт ато этувчи руҳ қонуни сени гуноҳ ва ўлим қонунидан озод этди». (Рим. 7:24, 25; 8:2) Палуснинг ўрнагига эргашиб, Яҳова бизни гуноҳ ва ўлимдан озод этганига оддий ҳолдек қарамаслигимиз зарур. Тўлов қурбонлиги туфайли, Худойимизга тоза виждон билан хизмат қилишимиз ва бундан завқ топишимиз мумкин. (Заб. 40:8)

Танлов эркинлигингиздан Яҳовага хизмат қилиш учун фойдаланяпсизми ёки ўз манфаатларингиз йўлидами? (8–10- хатбошиларига қаранг.)

8, 9. а) Эркинликдан фойдаланиш масаласида ҳаворий Бутрус нимадан огоҳлантирган? б) Бугунги кунда қандай хавф мавжуд?

8 Қолаверса, бебаҳо эркинлигимиздан нотўғри фойдаланмаслик учун эътиборли бўлишимиз зарур. Ҳаворий Бутрус эркинлигимиздан тана истакларимизни оқлаш мақсадида фойдаланишдан огоҳлантирган. (1 Бутрус 2:16 ни ўқинг.) Мазкур огоҳлантириш саҳрода Исроил халқи билан нима юз берганини эсга солади. Бу огоҳлантириш бизга ҳам тегишли, айниқса бугун. Шайтон ва унинг дунёси кийиниш, пардоз қилиш, еб-ичиш, дам олиш, ўйин-кулги ва бошқа кўпгина нарсалар борасида ҳар қачонгидан ҳам васвасали таклифлар қилмоқда. Кўпинча реклама соҳасидагилар чиройли одамлардан фойдаланиб, аслида керак бўлмаган нарсаларни биз учун зарурдек қилиб кўрсатиб алдашяпти. Бундай айёрликка лаққа ишониб, эркинлигимиздан нотўғри фойдаланишимиз ҳеч гап эмас.

9 Бутруснинг маслаҳати таълим, иш ва мавқе каби ҳаётимизнинг жиддий соҳаларига ҳам тегишли. Масалан, мактабдаги ёшлар нуфузли олий таълим муассасаларида ўқиш босимига дуч келади. Уларни олий маълумотли бўлиш катта маошли ҳамда обрўли жойларда ишлаш имконини беради, деб ишонтиришади. Қолаверса, улар олий ва ўрта маълумотлиларнинг иш ҳақи ўртасидаги фарқлар келтирилган ҳисоботларни кўрсатишади. Ушбу танловлар уларнинг бутун ҳаётига таъсир қилиши мумкин ва бу, ёшларни ўзига тортиши ҳеч гап эмас. Аммо ёшлар ва уларнинг ота-оналари нимани ёдда тутиши зарур?

10. Шахсий танлов олдида турганимизда, нимани унутмаслигимиз керак?

10 Баъзиларнинг ўйлашича, мазкур танловлар шахсий масала бўлгани боис, виждони йўл қўйса ўзига маъқул бўлганини танлашга ҳақли. Эҳтимол, улар Павлуснинг Коринфдаги масиҳийларга егулик масаласида ёзган қуйидаги сўзларини эслар: «Эркинлигимни бошқа кишининг виждони ҳукм қилишига йўл бериб нима қиламан?» (1 Кор. 10:29) Тўғри, ўқиш ҳамда иш масаласида ўзимиз қарор чиқарамиз, лекин шуни унутмаслигимиз керакки, биз нисбий эркинликка эгамиз ва барча қарорларимизнинг оқибати бор. Шунинг учун ҳам Павлус юқоридаги сўзларни айтишдан олдин шундай деб таъкидлаган: «Менга ҳар нарса рухсат этилган, лекин ҳаммаси ҳам фойдали эмас. Ҳар нарса менга рухсат этилган бўлса-да, ҳаммаси ҳам далда бермайди». (1 Кор. 10:23) Ҳаётимизнинг барча соҳасида шахсий танлов олдида турганимизда, мазкур сўзлар фақатгина ўз манфаатимизни ўйламай, муҳимроқ омилларни инобатга олишга ёрдам беради.

ХУДОГА ХИЗМАТ ҚИЛИШ УЧУН ЭРКИНЛИКДАН ДОНОЛИК ИЛА ФОЙДАЛАНИШ

11. Биз қандай мақсадда озод этилганмиз?

11 Бутрус эркинлигимиздан нотўғри фойдаланмаслигимиз кераклигининг сабабини айтиб ўтган. У эркинлигимиздан «Худонинг қулларидек» фойдаланишга ундаган. Шундай экан, Яҳова Исо орқали бизни гуноҳ ва ўлим қонунидан халос этганининг асл мақсади, ҳаётимизни «Худонинг қулларидек» Унга бағишлашдир.

12. Нуҳ ва унинг оиласи бизга қандай ўрнак қолдирди?

12 Эркинлигимиздан нотўғри фойдаланмаслик ва яна ушбу дунёнинг мақсадларию хоҳиш-истакларининг қули бўлмаслик учун ўзимизни ҳимоя қилишнинг энг аъло йўли маънавий ишлар билан бутунлайин банд бўлишдир. (Галат. 5:16) Мисол учун, Нуҳ ва унинг оиласига эътибор берайлик. Улар зўравон ва ахлоқсиз дунёда яшаган. Бироқ улар атрофидаги одамларнинг хоҳиш-истакларию интилишларига берилмаган. Хўш, улар буни қай йўсин уддалаган? Улар Яҳова берган вазифани бажариш — кема қуриш, ҳайвонлар ва ўзлари учун озиқ-овқат йиғиш ҳамда бошқаларни огоҳлантириш билан машғул бўлган. «Нуҳ ҳаммасини Аллоҳ амр этгани бўйича бажарди. У айнан айтилганидай қилди». (Ибт. 6:22) Натижаси қандай бўлди? Ўша дунё йўқ қилинганда, Нуҳ ва унинг оиласи омон қолди. (Иброн. 11:7)

13. Исо қандай вазифа олган ва шогирдларига нимани топширган?

13 Бугунги кунда Яҳова бизга нимани амр этган? Исонинг шогирдлари эканмиз, Худо бизга берган топшириқни яхши биламиз. (Луқо 4:18, 19 ни ўқинг.) Ушбу замонанинг худоси ҳалигача аксарият одамларнинг кўзини кўр қилиб келмоқда ва улар диний, иқтисодий ҳамда ижтимоий қарамликдадир. (2 Кор. 4:4) Исонинг ўрнагига тақлид қилиб, одамларга эркинлик Худоси Яҳовани таниб-билишга ва Унга топинишга ёрдамлашиш биз учун шарафдир. (Мат. 28:19, 20) Бу осон эмас: ўзига яраша қийинчиликлари бор. Масалан, баъзи мамлакатларда одамлар тобора бефарқ бўлиб, ҳатто бизга қарши чиқмоқда. Ҳар биримиз қуйидаги савол устида мулоҳаза юритишимиз зарур: «Шоҳлик ишини кўпроқ қўллаб-қувватлаш учун эркинлигимдан фойдалана оламанми?»

14, 15. Ваъзгўйлик хизматига нисбатан Яҳованинг халқи қандай муносабат билдирмоқда? (Очқич оятнинг юқорисидаги расмга қаранг.)

14 Кўплар бунинг муҳимлигини англаб, тўла вақтли хизматда иштирок этиш учун ҳаётини соддалаштирганини кўриш далдалидир. (1 Кор. 9:19, 23) Баъзилар маҳаллий ҳудудда хизмат қилади, бошқалар эса эҳтиёж катта бўлган жойга кўчиб ўтмоқда. Ҳисоботларга кўра, сўнгги беш йил ичида 250 000 дан ошиқ киши доимий кашшофлик хизматини бошлади ва ҳозир уларнинг сони 1 100 000 дан зиёддир. Бу, Яҳовага хизмат қилиш учун эркинлигимиздан донолик ила фойдаланишнинг ажойиб натижасидир! (Заб. 110:3)

15 Ушбу биродару опа-сингилларимизга эркинлигидан донолик ила фойдаланишга нима ёрдам берди? Келинг, охирги 30 йил давомида бир нечта мамлакатда хизмат қилган Жон ва Жудитнинг мисолига диққат қилайлик. Уларнинг эслашича, 1977 йили Доимий кашшофлар мактаби ўтишни бошлаганда эҳтиёж катта бўлган жойга кўчиб, у ерда хизмат қилишга тайёр бўлишга эътибор бериларди. Мақсадларини кўздан қочирмай, содда ҳаёт кечириш учун Жон ишини кўп маротаба ўзгартирганини айтди. Ўзга юртга келганда, улар Яҳовага ибодат қилиб ва Унга таяниб, бошқа тилни ўрганиш, янги маданият ва иқлимга мослашиш каби қийинчиликларни енга олишган. Ушбу хизмат йиллари ҳақида улар қандай фикрда? Жон шундай сўзлаб берди: «Мен ўзимни умримдаги энг зўр ишда қатнашаётгандай ҳис этардим. Яҳова мен учун худди меҳрибон ота каби янада мавжуд Шахсга айланди. Ёқуб 4:8 даги: “Аллоҳга яқинлашинглар, шунда У ҳам сизларга яқинлашади”,— деган сўзларни ҳозир яхшироқ тушуняпман. Ҳаётимни мазмунга тўлдирадиган нарсани қидирган эдим ва топдим».

16. Имконияти чегараланган минглаб ваъзгўйлар қай йўсин эркинлигидан донолик ила фойдаланмоқда?

16 Жон ва Жудитдан фарқли равишда, баъзилар шароити туфайли тўла вақтли хизматда қисқа вақт қатнаша олади. Қолаверса, кўпчилик дунё бўйлаб ташкилотимизнинг қурилиш ишларида ихтиёрий хизматчи сифатида иштирок этиш имконини қўлдан бой бермайди. Масалан, Уорвикда (Нью-Йорк) Бош идоранинг қурилишида турли жойлардан бўлган тахминан 27 000 та биродару опа-сингилларимиз икки ҳафтадан бир йилгача ёки ундан ортиқ вақт давомида ихтиёрий хизматчи бўлиб ёрдам берди. Улардан кўпи у ерда хизмат қилиш учун анчагина қурбонликка борди. Эркинлик Худоси Яҳова тақдим этган озодликдан Уни шарафлаш мақсадида фойдаланишнинг нақадар ажойиб ўрнаги!

17. Худо тақдим этган эркинлигидан донолик ила фойдаланаётганларни келажакда қандай баракалар кутмоқда?

17 Яҳовани билганимиздан ва ҳақ топиниш туфайли озодликка эга бўлганимиздан жуда миннатдормиз. Илоё, чиқарган қарорларимиз билан мана шу эркинликни қадрлаётганимизни кўрсатайлик. Келинг, эркинлигимизни беҳуда сарфламайлик, аксинча, ундан имконимиз борича, Яҳовага кўпроқ хизмат қилиш учун тўғри фойдаланайлик. Агар шундай йўл тутсак, Яҳованинг қуйидаги ваъдаси амалга ошганда бўладиган баракалардан завқ олиб яшашга умид қила оламиз: «Яратилганларнинг ўзи ҳам чириш қуллигидан озод этилиб, Худо фарзандларининг улуғвор эркинлигига эга бўлади». (Рим. 8:21)