Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

Азиз ёшлар, Яратувчимиз бахтли бўлишингизни истайди

Азиз ёшлар, Яратувчимиз бахтли бўлишингизни истайди

Бутун умр У сени неъматлар билан қондиради. ЗАБ. 103:5

ҚЎШИҚЛАР: 11, 4

1, 2. Ҳаётимизга тегишли қарорлар чиқарганда Яратувчимизга қулоқ солиш нега доноликдир? (Очқич оятнинг юқорисидаги расмларга қаранг.)

АГАР ёш бўлсангиз, эҳтимол, келажагингиз борасида сизга кўп маслаҳат беришар. Устоз, мутахассис ёки бошқалар олий маълумотли бўлишга ва яхши тўланадиган жойда ишлашни мақсад қилишга ундаши мумкин. Бироқ Тангри Яҳова сизга бошқа нарсани маслаҳат бермоқда. Албатта, У ўзингизни таъминлай олишингиз учун мактабда яхши ўқишингизни хоҳлайди. (Колос. 3:23) Ҳаётингизда нима устувор бўлиши борасида қарор чиқараётганда, Яҳова Унинг илоҳий принципларига амал қилишингизни истайди. Зеро, уларда Тангрининг нияти ва ушбу охирзамонда бизга нисбатан иродаси қандай экани акс этган. (Мат. 24:14)

2 Шуни унутмангки, Яҳова барчасидан хабардор — Худо дунёни нима кутаётганини ва унинг охири қачон келишини билади. (Ишаё 46:10; Мат. 24:3, 36) Қолаверса, У нима бизга ҳақиқий мамнуният ва қувонч бахш этишинию нима умидларимизни пучга чиқариб, қайғуга етаклашини тушунади. Шундай экан, одамларнинг маслаҳати қанчалик доно туюлмасин, Аллоҳнинг Каломида ёзилганларга мос келмаса, унинг донолиги бир тийинга қиммат. (Ҳик. 19:21)

«ЯҲОВАГА ҚАРШИ» ДОНОЛИК ЙЎҚ

3, 4. Ёмон маслаҳатга қулоқ солиш Одамато, Момоҳаво ва уларнинг авлодларига қандай таъсир қилди?

3 Ёмон маслаҳатнинг илдизи жуда қадимга бориб тақалади. Бундай маслаҳат берган илк шахс Шайтон эди. Такаббур ва ўзбошимча маслаҳатчи Момоҳавога эри иккови хоҳлаганча йўл тутишса, бахтлироқ бўлишларини айтган. (Ибт. 3:1–6) Аслида эса, Шайтон худбинларча йўл тутган. У Одамато ва Момоҳаво — уларнинг келажак авлоди — Тангри Яҳовага эмас, унга топинишини истаган. Аммо Шайтон улар учун ҳеч нима қилмаган. Одамато ва Момоҳаво эга бўлган барча нарса, яъни ўзлари, уйи бўлган ажойиб боғ, мукаммал тана ва мангу яшаш истиқболи Яҳованинг туҳфаси эди.

4 Афсуски, Одамато ва Момоҳаво Аллоҳдан юз ўгириб, Унга итоатсизлик қилди. Биламизки, бунинг натижаси аянчли бўлди. Поясидан узилган гул каби уларнинг ҳаёти сўнди. Уларнинг фарзандлари ҳам гуноҳ туфайли азоб чекди. (Рим. 5:12) Ҳозир ҳам кўпгина одамлар Худога итоатсизлик қилмоқда. Улар ўзлари билганча йўл тутишни истайди. (Эфес. 2:1–3) Оқибатлардан шуни кўришимиз мумкинки, «Яҳовага қарши» донолик йўқ. (Ҳик. 21:30)

5. Худо инсонлар борасида нимани билган ва У ҳақ бўлиб чиқдими?

5 Аммо Яҳова шуни билганки, кўпгина инсонлар ва қадрли ёшлар Уни излаб, Унга хизмат қилади. (Заб. 103:17, 18; 110:3) Худо бундай инсонларни қаттиқ севади! Ўзингизни бундай инсонлар қаторидан деб биласизми? Агар шундай бўлса, Аллоҳнинг «неъматлар»идан баҳраманд бўлиб, улкан қувончни ҳис этаётганингиз шубҳасиз. (Забур 103:5 ни ўқинг; Ҳик. 10:22) Мазкур мақолада ушбу ҳадялар маънавий озуқа, яхши дўстлар, арзигулик мақсадлар ва ҳақиқий эркинликни ўз ичига олишини кўриб чиқамиз.

ЯҲОВА МАЪНАВИЙ ЭҲТИЁЖЛАРИНГИЗНИ ҚОНДИРАДИ

6. Нега маънавий эҳтиёжларингиз ҳақида ғамхўрлик қилишингиз керак ва Яҳова бунда сизга қандай ёрдам бермоқда?

6 Ҳайвонлардан фарқли ўлароқ, сизда маънавий эҳтиёжлар бор ва уларни фақат Худо қондира олади. (Мат. 4:4) Миннатдорчилик ила Унга қулоқ солсангиз, фаҳм-фаросатли, доно ва бахтли бўласиз. Исо: «Маънавий нарсаларга чанқоқ бўлганлар бахтлидир»,— деб айтган. (Мат. 5:3) Худо Ўз Каломи ҳамда «ишончли ва ақлли хизматкор» орқали тақдим этаётган мўл-кўл маънавий озуқа ёрдамида маънавий эҳтиёжларимизни қондиради. (Мат. 24:45) Маънавий озуқамиз мўл-кўл эканидан хурсандмиз! (Ишаё 65:13, 14)

7. Худо тақдим этаётган маънавий озуқани истеъмол қилишнинг айрим фойдали тарафлари қандай?

7 Аллоҳ тақдим этаётган маънавий озуқа туфайли донолик ва тафаккурга эга бўлиб, ўзингизни кўп соҳада ҳимоя қила оласиз. (Ҳикматлар 2:10–14 ни ўқинг.) Масалан, донолик ва тафаккур ёрдамида сохта таълимотларни, жумладан, Яратувчи йўқ деган ёлғон нуқтаи назарни фарқлай оласиз. Бундан ташқари, бойлигу мол-мулк бахтиёрликка етаклайди деган ёлғондан ўзингизни ҳимоя қила оласиз. Қолаверса, улар туфайли ёмон истакларни аниқлаб, сизга зарар етказадиган хулқ-атворни рад эта оласиз. Шундай экан, илоҳий доноликни ва тафаккурни ривожлантиришдан тўхтамай, уларни хазина деб билинг. Бу ажойиб фазилатларга эришганингизда, Яҳова сизни севишини ва сиз учун энг аълосини кўзлашини шахсан ҳис этасиз. (Заб. 34:8; Ишаё 48:17, 18)

8. Ҳозирдан Аллоҳга яқин бўлсангиз, бу келажакда сизга қандай ёрдам беради?

8 Тез орада Шайтоннинг бутун дунёси яксон қилинади ва ягона паноҳимиз Яҳова бўлади. Ўшанда У бизга керакли барча нарсани, ҳатто озуқамизни ҳам етказиб беради. (Хаб. 3:2, 12–19) Ҳа, ҳозир самовий Отамизга яқинлашишнинг ва Унга бўлган ишончимизни ривожлантиришнинг айни пайтидир. (2 Бутр. 2:9) Шундай йўл тутсангиз, нима бўлишидан қатъи назар, ўзингизни қуйидаги сўзларни айтган сано бастакори Довуддай ҳис қилишингиз мумкин: «Яҳовани ҳамиша ёдимда тутаман. У менинг ўнг томонимда экан, мен ҳеч қачон тебранмайман». (Заб. 16:8)

ЯҲОВА СИЗГА ЭНГ АЪЛО ДЎСТЛАРНИ ТУҲФА ЭТМОҚДА

9. а) Юҳанно 6:44 га кўра Яҳова нима қиляпти? б) Яҳова хизматчиларининг танишиши нимаси билан ажралиб туради?

9 Самимийлик ила ҳақ топинишни излаган покдил кишиларни Яҳова Ўзига жалб қилиб, маънавий оиласига қўшади. (Юҳанно 6:44 ни ўқинг.) Ҳақиқатда бўлмаган кишини илк бор учратганингизда у ҳақда нимани биласиз? Исми ва ташқи кўринишидан ташқари деярли кўп нарсани билмассиз. Лекин Яҳовани биладиган ва Уни севадиган инсон билан илк бор учрашганингизда, ҳаммаси бошқача. Ҳатто унинг келиб чиқиши, миллати, қабиласи ёки маданияти бошқа бўлса-да, бир-бирингиз ҳақда анча нарсани биласиз!

Яҳова энг аъло дўстларга эга бўлишимизни ва арзигулик мақсадлар қўйишимизни истайди (9–12- хатбошиларига қаранг.)

10, 11. Яҳованинг хизматчиларини нима бирлаштиради ва бундан қандай фойда оламиз?

10 Мисол учун, биз тезда «тил»имизни, яъни ҳақиқат бўлмиш «соф тил»ни тушунамиз. (Заф. 3:9) Бу туфайли эътиқодимиз — битта Аллоҳга ишонишимиз, битта ахлоқий меъёрларга амал қилишимиз ва келажак борасида умидимиз тўғрисида билиб оламиз. Шунингдек, бундай муҳим нарсалар ҳақида билиш кишига ишонишимизга асос бўлади. Қолаверса, булар қалин дўстлик муносабатларини ривожлантириш учун илк қадамдир.

11 Яҳовага топинар экансиз, бутун дунё бўйлаб энг аъло дўстларга эгасиз деб айтиш муболаға бўлмайди. Ҳали уларнинг анчаси билан танишмагансиз! Аллоҳ Яҳовага хизмат қиладиганлардан бошқа яна кимда шундай ажойиб ҳадя бор?

ЯҲОВА АРЗИГУЛИК МАҚСАДЛАР ҚЎЙИШИНГИЗГА ЁРДАМ БЕРМОҚДА

12. Ўзингиз учун қандай маънавий мақсадлар қўя оласиз?

12 Воиз 11:9–12:1 ни ўқинг. Қандайдир маънавий мақсад қўйиб унга эришиш учун тиришяпсизми? Балки ҳар куни Муқаддас Китобдан бир парча ўқишга ҳаракат қилаётгандирсиз. Ёки нотиқлик ва таълим бериш маҳоратингиз устида ишлаётгандирсиз. Нима бўлганда ҳам, ижобий натижаларни кўрганингизда ёки бошқалар уларни пайқаб сизни мақтаганида ўзингизни қандай ҳис қиласиз? Хурсанд бўлишингиз шубҳасиз! Нега деганда, Исо сингари Яҳованинг иродасини бажаряпсиз. (Заб. 40:8; Ҳик. 27:11)

13. Дунёвий мақсадлар сари интилишдан фарқли равишда, Аллоҳга хизмат қилиш нимаси билан ўзгача?

13 Диққатингизни маънавий мақсадларга қаратиб, чиндан ҳам мамнуният бахш этадиган ва арзигулик иш билан банд бўласиз. Ҳаворий Павлус қуйидаги сўзларни ёзган: «Барқарор ва маҳкам туринглар. Доимо Раббимизнинг иши билан банд бўлинглар. Шуни билингларки, Раббимиз йўлида қилган меҳнатингиз зое кетмайди». (1 Кор. 15:58) Бундан фарқли ўлароқ, дунёвий мақсадлар сари интилганингизда — ҳатто улар жуда муваффақиятли туюлса ҳам — ҳаётингиз беҳуда ўтиб кетади. (Луқо 9:25) Буни шоҳ Сулаймоннинг мисолидан кўришимиз мумкин. (Рим. 15:4)

14. Сулаймоннинг мисолидан қандай сабоқ олдингиз?

14 Ақл бовар қилмас даражада бой ва қудратли бўлган Сулаймон: «Вақтичоғлик қилайин. Қани, у яхшилик келтирармикан?!» — дея буни ўз тажрибасидан ўтказган. (Воиз 2:1–10) У уйлар қурди, боғ-роғлар барпо этди ва кўнгли тусаган ҳеч бир нарсадан воз кечмади. Хўш, кейин у ўзини қандай ҳис этди? Қониқдими? Мамнуният ҳис этдими? Тахмин қилишга ҳожат йўқ. Боиси, Сулаймоннинг ўзи: «Қўлларим билан қилган меҳнатим... беҳуда... эканини,.. ҳеч бир арзигулик нарса йўқ эканини англаб етдим»,— деган сўзларни ёзган. (Воиз 2:11) Нақадар ажойиб сабоқ! Донолик ила йўл тутиб мазкур сўзларни қалбингизга жо қиласизми?

15. Нега бизга имон керак ва Забур 32:8 га биноан ундан қандай фойда оламиз?

15 Баъзилар хатоларга йўл қўйиб ва оқибатларидан азоб чекиб тажрибага эга бўлади. Яҳова сиз билан ҳам шундай бўлишини хоҳламайди. Албатта, Худога итоат этиш ва Унинг иродасини ҳаётингизда биринчи ўринга қўйиш учун имон керак. Имон бебаҳодир ва у ҳеч қачон панд бермайди. Дарҳақиқат, Яҳова «Унинг исмига кўрсатган севгингизни» ҳеч ҳам унутмайди. (Иброн. 6:10) Хуллас, имонингизни мустаҳкамланг, шунда самовий Отангиз сиз учун энг аълосини исташини кўра оласиз. (Забур 32:8 ни ўқинг.)

АЛЛОҲ СИЗГА ҲАҚИҚИЙ ЭРКИНЛИКНИ БЕРМОҚДА

16. Нега эркинлигимизни қадрлаб ундан донолик ила фойдаланишимиз даркор?

16 Павлус: «Қаерда Яҳованинг муқаддас руҳи бор бўлса, ўша ерда эркинлик бўлади»,— деб ёзган. (2 Кор. 3:17) Ҳа, Яҳова эркинликни севади ва бизни ҳам эркинликни севадиган қилиб яратган. Шу билан бирга, У эркинлигингиздан донолик ила фойдаланиб ўзингизга зарар етказишингизни истамайди. Эҳтимол, порнография кўрадиган ёки ахлоқсизлик, хавфли спорт турлари билан шуғулланадиган ёхуд гиёҳванд моддаларини қабул қиладиган, спиртли ичимликларга муккасидан кетган ёшларни танирсиз. Улар гўё бахтиёрдай туюлиши мумкин. Аммо кўпинча бу қимматга тушади: касалликка йўлиқишади, ўрганиб қолишади ёки ҳатто ўлишади. (Галат. 6:7, 8) Шуниси аниқки, уларнинг қўштирноқ ичидаги эркинлиги ўз бошига етади. (Титус. 3:3)

17, 18. а) Нега Аллоҳга итоат қилиш бизни чинакамига эркин қилади? б) Одамато ва Момоҳаво бошида қандай эркинликка эга бўлган?

17 Айтинг-чи, Муқаддас Китоб меъёрларига амал қилгани туфайли касал бўлиб қолган неча кишини биласиз? Аниқ-равшанки, Яҳовага итоат қилиш ҳам соғлигимиз учун фойда, ҳам бизга чинакам эркинлик бахш этади. (Заб. 19:7–11) Энг муҳими, Худонинг мукаммал қонунларию принципларига амал қилиб, эркинлигингиздан донолик ила фойдалансангиз, Худога ва ота-онангизга масъулиятли инсон эканингизни кўрсатасиз. Шунда ота-онангиз сизга кўпроқ ишониб, эркинлик бериши мумкин. Аслида, Худо хизматчиларига мукаммал эркинликни туҳфа этиб, улар Муқаддас Китобда ёзилганидек «Худо фарзандларининг улуғвор эркинлигига» эга бўлишларини ният қилган. (Рим. 8:21)

18 Одамато ва Момоҳаво бундай эркинликка эга бўлган. Адан боғида Яҳова бирон нимани тақиқлаш учун уларга нечта қонун берган эди? Атиги битта. Улар бор-йўғи биргина дарахтнинг мевасидан емаслиги керак эди. (Ибт. 2:9, 17) Хўш, бу амр қаттиққўллик ила берилган ёки уни бажариш оғир деб ҳисоблайсизми? Албаттаки йўқ! Инсонлар чиқарган беҳисоб қонунлар ва бошқалар уларга амал қилиши учун уларни мажбурлаши ҳақида бир ўйлаб кўринг.

19. Эркинликка эга бўлишимиз учун Яҳова ҳамда Исо бизга қандай таълим беради?

19 Яҳова Ўз хизматчиларига донолик ила муносабат қилади. У бизга охири йўқ қонунлар бермайди, аксинча севги ҳақидаги амрга амал қилишимиз учун бизга сабр ила таълим беради. Тангри илоҳий принципларга риоя қилишимизни ва ёмонликдан жирканишимизни хоҳлайди. (Рим. 12:9) Исонинг Тоғдаги ваъзи бундай таълим беришнинг яққол исботидир. Сабаби, ундан ёмонликнинг илдизи тўғрисида билиб оляпмиз. (Мат. 5:27, 28) Худо Шоҳлигининг Шоҳи сифатида Масиҳ янги дунёда ҳам бизга таълим беришда давом этиб, одиллик ва қонунсизликка нисбатан унинг нуқтаи назарини акс эттиришимизга ёрдам беради. (Иброн. 1:9) У шунингдек, бизни жисмоний ва ақлий тарафдан мукаммал қилади. Бир тасаввур қилинг, сиз гуноҳ ва унинг аянчли оқибатларини бошқа ҳис этмайсиз. Ниҳоят, Яҳова сизга ваъда қилган «улуғвор эркинликдан» баҳра оласиз.

20. а) Яҳова эркинлигидан қандай фойдаланади? б) Қай йўсин Аллоҳга тақлид қила оласиз?

20 Албатта, биз ҳеч қачон мутлақ эркинликка эга бўлмаймиз. Аллоҳга ва яқинимизга бўлган севги ила йўл тутамиз. Тангри Яҳова бизни Унга тақлид қилишга ундамоқда. У мутлақ эркинликка эга бўлса-да, биз билан муносабат қилганида севги ила ҳаракат қилади. (1 Юҳан. 4:7, 8) Дарҳақиқат, илоҳий севги ила йўл тутсак, эркинлигимиздан тўла маънода фойдаланган бўламиз.

21. а) Довуд Тангри Яҳова ҳақда нима деган? б) Навбатдаги мақолада нимани кўриб чиқамиз?

21 Яҳова сизга берган неъматлар, чунончи, мўл-кўл маънавий озуқа, яхши дўстлар, арзигулик мақсадлар ва абадий яшаш умиди каби туҳфалар учун Ундан миннатдормисиз? (Заб. 103:5) Агар шундай бўлса, Забур 16:11 даги ибодат сизнинг ҳам ҳис-туйғуларингизни акс эттирсин: «Сен менга ҳаёт сўқмоқларини кўрсатдинг. Ҳузурингда улкан шодлик ҳукмрондир, ўнг томонингда бўлиш, тоабад бахт-саодатга етаклайди». Навбатдаги мақолада Забурнинг 16- саносидан яна қандай марваридлар топишимиз мумкинлигини кўриб чиқамиз. Бу туфайли қай йўсин энг зўр ҳаёт йўлидан юра олишингиз тўғрисида билиб оласиз.