«Одил инсон Яҳова туфайли шод бўлади»
ДИАНА исмли аёлнинг ёши 80 дан ошган. Унинг эри Альцгеймер касаллигидан азоб чеккан ва ўлимидан олдин бир неча йил давомида қариялар уйида истиқомат қилган. Бундан ташқари, унинг иккита ўғли ҳаётдан кўз юмган ва унинг ўзи ҳам кўкрак бези саратонига йўлиққан. Шундай бўлса-да, Диананинг жамоатидаги имондошлари уни Йиғилиш залида ёки хизматда кўрганда, у доим хурсанд эканини пайқашган.
Жон исмли акамиз 43 йилдан зиёд вақт мобайнида кўчма нозир бўлган. У ўз хизматини жуда ҳам яхши кўрган, бу унинг ҳаёти эди. Лекин у бетоб қариндошига ғамхўрлик қилиш ниятида бу хизмат турини тўхтатган ва ҳозир маҳаллий жамоатда хизмат қиляпти. Илгари бу акамизни таниганлар уни анжуманда учратганда у ҳеч ҳам ўзгармаганини айтишади. У ҳозир ҳам қувончга тўла.
Хўш, нима туфайли Диана опамиз ва Жон акамиз хурсанд бўлиб қоляпти? Ҳиссан ва жисмонан азоб чекаётганлар қандай қилиб қувончни сақлаб қолиши мумкин? Хизмат тури ўзгарган имондошларимиз қай йўсин бахтли бўла олади? Муқаддас Китобда қуйидагича ёзилган: «Одил инсон Яҳова туфайли шод бўлади». (Заб. 64:10) Агар нима туфайли хурсанд бўла олишимиз ва бунга нима тўсқинлик қилиши мумкинлигини билсак, бу сўзлар чин эканини яхшироқ тушунамиз.
ҚУВОНЧДАН ВАҚТИНЧА АЙРИЛИШ
Шуниси аниқки, айрим нарсалар деярли ҳар доим хурсандчилик бахш этади. Масалан, севишиб турмуш қурган жуфтликни олайлик. Ёки фарзанд кўриш ёхуд янги вазифага тайинланиш. Бу кабилар шодлик келтиради, негаки ҳаммаси Яҳованинг ҳадясидир. Худо никоҳ Асосчиси, фарзанд кўриш қобилиятини ато этган ва Ўз ташкилоти билан ҳамкорлик қилишга лаёқатли қилган. (Ибт. 2:18, 22; Заб. 127:3; 1 Тим. 3:1)
Бироқ баъзи нарсалар туфайли қувончимиздан вақтинча айрилишимиз ҳеч гап эмас. Минг афсуски, умр йўлдошимиз бевафолик қилиши ёки ҳаётдан кўз юмиши мумкин. (Ҳиз. 24:18; Ҳўш. 3:1) Болалар ота-онасига ҳамда Худога бўйсунмаслиги ва ҳатто эҳтимол, жамоатдан четлатилган бўлиши мумкин. Масалан, Шомуилнинг ўғиллари Яҳовага маъқул тарзда хизмат қилишмаган. Довуд эса зинога қўл ургани дастидан кўп муаммоларга дуч келган. (1 Шоҳ. 8:1–3; 2 Шоҳ. 12:11) Бу каби ҳодисалар қайғу-алам келтиради. Албатта, бу хурсандчилик бахш этмайди.
Шу сингари, касаллик дастидан ёки қариндошимизга ғамхўрлик қилиш керак бўлгани учун Худонинг хизматида бажараётган вазифамизни тўхтатишга тўғри келар. Бундай вазиятга рўбарў келган кўплар аввалги вазифасини бажариб қанчалар шод бўлишганини қўмсайди.
Кўряпмизки, булар туфайли қувончимиздан вақтинча айрилишимиз мумкин. Қизиқ, ҳатто ҳаётимиз тобора оғирлашиб борса ҳам хурсанд бўлиш мумкинми? Ҳа, мумкин. Зеро, Шомуил, Довуд ва бошқалар ҳам қийинчиликлар гирдобида хурсанд бўлган.
ДОИМ ШОД БЎЛИШ
Исо севинч қандай фазилат эканини яхши билган. Ерга келишдан аввал у Муқаддас Китобда ёзилишича, «[Яҳованинг] ҳузурида ҳамиша шод-хуррам юрарди». (Ҳик. 8:30) Ер юзида эса у гоҳида шиддатли қийинчиликларга дучор бўлган. Шунда ҳам у Отасининг иродасини бажаришдан завқ олган. (Юҳан. 4:34) Сўнгги оғир пайтда-чи, у ўзини қандай ҳис этган? Қуйидагиларни ўқиймиз: «У олдинда кутаётган шодлик учун... азоб устунидаги ўлимга чидаган». (Иброн. 12:2) Демак, Исо асл хурсандчилик ҳақида айтган сўзларидан иккита нарсани билиб олишимиз мумкин.
Бир куни 70 та шогирди ваъзгўйликдан кейин Исонинг олдига келган эди. Улар ажойиб ишларни бажариб, ҳатто жинларни бўйсундира олишгани туфайли жуда суюнишган. Шунда Исо уларга қуйидагиларни айтган: «Жинлар сизларга бўйсунишганига эмас, балки исмларингиз осмонда ёзилганига хурсанд бўлинглар». (Луқо 10:1–9, 17, 20) Ҳа, Яҳовани мамнун этиш ҳар қандай ўзгача вазифадан кўра кўпроқ аҳамиятга эга. У садоқатли шогирдларни ёдида тутиб, қувонади.
Бошқа сафар эса Исо халойиққа мурожаат қилади. Яҳудий бир аёл Исонинг сўзларидан завқ олиб, унинг онаси қанчалар бахтли бўлса керак деб айтган. Аммо Исо жавобан шундай деган: «Аниқроғи, Тангрининг каломини Луқо 11:27, 28) Фарзанди билан фахрланаётган ота-оналар бахтлидир. Лекин у Яҳовага бўйсуниб, У билан муносабатларга эга бўлса, бу ундан-да қувончлироқ!
тинглаб, уни бажо келтирганлар бахтлидир!» (Дарҳақиқат, Яҳова биздан мамнун эканини билишдан бениҳоя қувонамиз. Ҳатто қийинчиликлар гирдобида бу туйғу бизни тарк этмайди. Аксинча, уларни садоқатли бўлиб енгсак, қувончимизга қувонч қўшилади. (Рим. 5:3–5) Бунинг устига, Яҳова Унга таянган кишиларга Ўз руҳини ато этади. Унутмангки, севинч муқаддас руҳ самарасидир. (Галат. 5:22) Бу бизга нега Забур 64:10 да: «Одил инсон Яҳова туфайли шод бўлади»,— деб ёзилганини тушунишимизга кўмаклашади.
Юқорида тилга олинган Диана ва Жон нима сабабли қийин пайтда ҳам хурсанд бўлиб қолишганини тушуняпмиз. Диана шундай деб бўлишди: «Худди бола учун ота-онаси бўлганидай, Яҳова менинг паноҳим». Бу опамиз Худони мамнун этаётганини қандай ҳис этмоқда? У: «Худо менга барака ато этиб, табассум ила ваъз қилишим учун қобилиятли қилаётганини сезяпман»,— деди. Аввал анча йиллар мобайнида кўчма нозир бўлиб хизмат қилган Жон унга нима ёрдам бергани ҳақида қуйидагиларни айтди: «1998 йилда Хизмат малакасини ошириш мактабида таълим беришга тайинландим ва ўшандан бери жуда кўп шахсий тадқиқ ўтказиш имкониятига эга бўлганман». Ўзи ва хотини ҳақида у шундай деди: «Йиллар давомида ҳар қандай вазиятда Яҳовага хизмат қилишга бўлган муносабатимиз туфайли бу ўзгаришни қабул қилиш осонроқ бўлди. Бундай йўл тутганимиздан сира ҳам афсусланмаймиз».
Бошқа кўп кишилар ҳам Забур 64:10 даги сўзлар ҳақ эканига қўшилади. Масалан, Қўшма Штатлардаги Байтилда 30 йилдан ошиқ вақт мобайнида хизмат қилган жуфтликнинг мисолига эътибор қаратайлик. Улар ҳозир махсус кашшоф этиб тайинланган. Улар шундай деб бўлишди: «Севикли бирон нарсани йўқотганда қайғу чекиш табиий ҳол», лекин давом этиб: «Бу қайғу абадий давом этмайди»,— деди. Улар тезда ўз жамоатидагилар билан ҳамкорлик қила бошлади. Бу жуфтлик шуларни ҳам айтди: «Муайян бир нарсалар ҳақида ибодат қилганмиз. Кейин эса бу ибодатларга олган жавоблар бизга далда бериб, қувонч бахш этди. Жамоатга келганимиздан кўп вақт ўтмай, баъзилар кашшофлик қила бошлади. Биз иккита киши билан Муқаддас Китоб тадқиқини бошладик, улар маънан улғаймоқда».
«ТОАБАД ШОДЛАНАДИ»
Шуни айтиш жоизки, доим ҳам севиниб юриш осон эмас, чунки баланд-пастликлар бор. Лекин Яҳова Забур 64:10 да илҳомлантирган сўзлар орқали бизни шод бўлишимизга ишонтиряпти. Руҳимиз тушган дамларда ҳам қийинчиликларга қарамай, одил бўлиб қолсак, шод бўлишимиз мумкинлигига ишонамиз. Шунингдек, Яҳованинг «янги осмон ва янги ер» ҳақидаги ваъдаси амалга ошишини интиқиб кутамиз. Ўшанда номукаммаллик бутунлайин барҳам топади. Аллоҳнинг хизматчилари мукаммал бўлганда, қувониб, тоабад шодланади, чунки буларнинг барини У амалга оширади. (Ишаё 65:17, 18)
Бир тасаввур қилинг. Мукаммал соғликка эга бўлиб, ҳар куни тўла куч-қувват ила уйғонамиз. Ўтмишда ҳиссан сиқилган бўлсак-да, бари йўққа чиқиб, изи ҳам қолмайди. «Ўтмишдаги нарсалар эсга олинмайди, ҳатто кўнгилга ҳам келмайди». Тирилиш юз берганда, яқинларимизни кутиб оламиз. Миллионлаб кишилар ўзини Исо 12 яшар қизчасини тирилтирган ота-она каби ҳис қилади. Улар ҳақида: «Донг қотиб қолишди»,— деб ёзилган. (Марк 5:42) Натижада, ер юзидаги ҳар бир киши чиндан ҳам одил бўлиб, абадулабад «Яҳова туфайли шод бўлади».