Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

Ҳақиқий бойликларни изланг

Ҳақиқий бойликларни изланг

Бу дунёда топган бойлигингиз билан дўст орттиринглар. ЛУҚО 16:9

ҚЎШИҚЛАР: 32, 51

1, 2. Нега ҳозирги замонада қашшоқлар доим ёнимизда бўлади?

БУГУНГИ иқтисодий тизим шафқатсиз ва адолатсиздир. Масалан, ёшларга иш топиш қийин бўлиб кетди. Кўп одамлар ҳаётини хавф остига қўйиб, бойроқ мамлакатларга кўчиб ўтишяпти. Камбағаллик ҳар ерда, ҳатто ўзига тўқ мамлакатларда ҳам кенг тарқалмоқда. Қолаверса, бойлар ва камбағаллар ўртасидаги фарқ ҳам ўсиб боряпти. Сўнгги ҳисоботларга кўра, ер юзи аҳолисининг 1 фоиз бадавлат одамларининг бойлиги қолган 99 фоиз аҳолининг умумий бойлиги билан тенг экан. Бу рақамни тасдиқлаш қийин бўлса-да, миллиардлаб кишилар қашшоқликда яшаётганини, бошқалар эса бир неча авлодга татигулик бойликни ғамлаб қўйишганини ҳеч ким инкор эта олмайди. Исо ушбу аччиқ ҳақиқатни тушунган ҳолда шундай деганди: «Қашшоқлар доим ёнингизда бўлади». (Марк 14:7) Нега бундай тенгсизлик мавжуд?

2 Исо, Худонинг Шоҳлиги келмагунча, ҳозирги иқтисодий тизим ўзгармаслигини тушунганди. Ваҳий 18:3 да «савдогарларни» тасвирловчи очкўз тижорат тизими ҳамда сиёсат ва дин арбоблари биргаликда Шайтон дунёсининг бир қисмини ташкил этишмоқда. Сиёсат ва сохта дин масаласида бутунлайин бетарафликни сақлаётган Худонинг халқидан фарқли равишда, аксарият одамлар Шайтон дунёсидаги тижорат билан ҳеч алоқани уза олишмаяпти.

3. Қайси саволларни муҳокама қиламиз?

3 Масиҳийлар сифатида биз бугунги тижорат тизимига бўлган нуқтаи назаримизни қуйидаги саволлар ёрдамида текшириб кўрсак бўлади: «Худога бўлган садоқатимни кўрсатиш учун моддий нарсаларимдан қандай фойдалана оламан? Қай йўсин тижорат дунёси билан алоқани чеклашим мумкин? Ушбу қийин шароитларда Худонинг халқи Унга буткул таянаётганини қайси мисоллар кўрсатяпти?»

АДОЛАТСИЗ УЙ БОШҚАРУВЧИСИ ҲАҚИДАГИ МАСАЛ

4, 5. а) Исонинг масалидаги уй бошқарувчиси қандай вазиятга тушиб қолди? б) Исо издошларига қандай маслаҳат берди?

4 Луқо 16:1–9 ни ўқинг. Исонинг уй бошқарувчиси тўғрисидаги масали кишини ўйлантириб қўяди. Гап шундаки, уй бошқарувчиси исрофгарчиликда айбланганди. Шунда у ишидан маҳрум бўлганида унга кўмаклашадиган «дўст орттириш» учун «донолик билан йўл тутади». Албаттаки, Исо шогирдларини ушбу дунёда кун кечириш учун адолатсизларча йўл тутишга ундамоқчи эмасди. Зеро, бундай хатти-ҳаракатларни Исо «замонанинг ўғилларига» хос деб билган, аммо у бу масални бизга сабоқ бериш учун келтирган.

5 Исо билардики, мушкул вазиятга тушиб қолган уй бошқарувчиси каби унинг кўплаб издошлари учун ҳам ушбу адолатсиз, пулпараст дунёда тирикчилик қилиш осон бўлмайди. Шунинг учун, уларни қуйидагича ундаганди: «Бу дунёда топган бойлигингиз [«адолатсиз бойлигингиз», изоҳ] билан дўст орттиринглар. Ўшанда бойлигингиз тугаганда, дўстларингиз [Яҳова ва Исо] сизларни абадий маконларга қабул қилишади». Хўш, Исонинг маслаҳатидан нимани ўрганишимиз мумкин?

6. Пулпарастлик Худонинг ниятига кирмаганини қаердан биламиз?

6 Гарчи Исо нима учун бойликни «адолатсиз» деб номлаганини тушунтирмаган бўлса-да, Муқаддас Китобда пулпарастлик Аллоҳнинг ниятига кирмагани аниқ айтилган. Маълумки, Яҳова Одам ва Ҳавога Адан боғида ҳамма нарсани мўл қилиб берганди. (Ибт. 2:15, 16) Кейинчалик эса, биринчи асрдаги мойланганлар жамоатига муқаддас руҳ ёғдирилганида, улардан «ҳеч ким ўз мулкини меники демасди, аксинча, ҳамма нарсани умумий деб билишарди». (Ҳавор. 4:32) Ишаё пайғамбар барча одамлар ернинг бойликларидан истаганча баҳраманд бўладиган пайт ҳақида башорат қилганди. (Ишаё 25:6–9; 65:21, 22) Аммо бу пайт ҳали келмаган экан, Исонинг издошларига Худога маъқул келадиган ишлар қилиш ҳамда, шу билан бирга, бугунги дунёдаги «адолатсиз бойликлар» ёрдамида кун кечириш учун «амалий донолик» керак бўлади.

АДОЛАТСИЗ БОЙЛИКЛАРДАН ОҚИЛОНА ФОЙДАЛАНИШ

7. Луқо 16:10–13 да қандай маслаҳат ёзилган?

7 Луқо 16:10–13 ни ўқинг. Исонинг масалидаги уй бошқарувчиси ўз манфаатини кўзлаб дўстлар орттирган. Лекин Исо издошларини беғараз ниятда осмонда дўстлар орттиришга чорлаган. Масалдан кейинги оятларда «адолатсиз бойликлар»дан фойдаланиш ва Худога бўлган садоқатимиз ўртасидаги боғлиқлик кўрсатилган. Исо шуни таъкидламоқчи эдики, «ишончли бўлганимиз» ушбу бойликлардан қандай фойдаланишимизда намоён бўлади. Қанақасига?

8, 9. Қай йўсин айримлар адолатсиз бойликларни ишлатишда ишончли эканини кўрсатишаётганини айтиб беринг.

8 Моддий нарсаларимиз орқали ишончли эканимизни исботлашнинг йўлларидан бири — Исо башорат қилган умумжаҳон ваъзгўйлик фаолиятини моддий томонлама қўллаб-қувватлашдир. (Мат. 24:14) Масалан, Ҳиндистондаги бир қизчанинг пул қутиси бор эди ва у ўйинчоқлар сотиб олиши мумкин бўлган пулни вақти-вақти билан қутига солиб қўярди. Қути тўлганида, у йиғилган пулни ваъзгўйлик ишига эҳсон қиларди. Мана бошқа бир мисол. Ҳиндистонлик бир биродаримизнинг кокос фермаси бор. У малаялам таржимонларининг офисларига кўп миқдорда кокосларни эҳсон қилиб туради. Офисдагилар барибир кокосларни сотиб олишлари керак бўлгани учун, биродаримиз пулнинг ўрнига кокосларни тўғридан-тўғри эҳсон қилиш кўпроқ фойда келтиради, деган фикрга келди. Бу амалий доноликдир. Шунга ўхшаб, Грециядаги имондошларимиз ҳам мунтазам равишда Байтил оиласига зайтун ёғи, пишлоқ ва бошқа маҳсулотларни эҳсон қилиб туришади.

9 Ҳозир чет элда яшаётган шри ланкалик биродар эса ўз ерию уйини йиғилишлар ва анжуманлар ўтказилиши ҳамда тўла вақтли хизматчилар яшаши учун тақдим этди. Тўғри, бундай йўл тутиб, биродаримиз қурбонликка борди, лекин моддий томонлама имкониятлари чегараланган маҳаллий ваъзгўйлар бундан кўп фойда олишди. Фаолиятимиз чекланган бир мамлакатда эса, имондошларимиз ўз уйларини маҳаллий Йиғилиш Зали сифатида тақдим этиб, маблағи чегараланган кўплаб кашшофларга ва бошқаларга ижарага пул сарфламай йиғилиб туришга имкон яратишяпти.

10. Бошқаларга сахийлик ила берсак, қандай баракаларга эга бўламиз?

10 Юқоридаги мисоллар Худонинг халқи «кичик нарсада», яъни маънавий бойликларга қараганда аҳамиятсиз бўлган моддий бойликлардан фойдаланишда «ишончли бўлишаётганини» кўрсатишяпти. (Луқо 16:10) Худонинг бу дўстлари шундай қурбонликларга бориш тўғрисида қандай фикрда? Улар сахий бўлиш орқали «ҳақиқий» бойликка эга бўла олишларини тушунишади. (Луқо 16:11) Шоҳлик ишига мунтазам хайр-эҳсон қиладиган бир опамиз қандай барака олганини тушунтириб, шундай деди: «Моддий тарафлама сахий бўлганим учун қалбимда йиллар давомида ўзгача бир ҳолатни кузатдим: моддий жиҳатдан қанчалик сахий бўлсам, бошқаларга нисбатан муносабатим ҳам шунчалик сахий бўлади. Мен бошқаларга нисбатан кечиримли ва сабрли бўлишда, умидсизликларни енгишда ҳамда маслаҳатларни қабул қилишда бағримни кенг қилишни ўргандим». Ҳа, кўплар сахийлик инсонни маънан бойитишини англаб етишди. (Заб. 111:5; Ҳик. 22:9)

11. а) Қай тариқа бошқаларга сахийлик кўрсатишда «амалий донолигимиз» намоён бўлади? б) Худонинг халқи орасида маблағ масаласида мувозанат сақлангани туфайли нималарга эришилди? (Очқич оятнинг юқорисидаги расмга қаранг.)

11 Бундан ташқари, Шоҳлик манфаатларини олға суриш мақсадида моддий нарсалардан фойдаланаётиб, бошқаларга шароитларимиз йўл қўйганча ёрдам қўлини чўзсак, «амалий донолигимизни» намоён этган бўламиз. Бу дунёнинг бойликларига эга бўлган, аммо тўла вақтли хизматда қатнаша олмайдиган ёки ўзга ҳудудга кўчиб ўта олмайдиган кишилар уларнинг эҳсон қилган пуллари бошқаларнинг хизматини қўллаб-қувватлашга хизмат қилаётганини билишдан хурсандлар. (Ҳик. 19:17) Масалан, хайр-эҳсонлар қашшоқлик ини бўлган, аммо тез маънан ўсаётган ҳудудларда ваъзгўйлик қўллаб-қувватланишига ва адабиётлар етказилишига ёрдам беряпти. Йиллар мобайнида Конго Демократик Республикаси, Мадагаскар ва Руанда каби юртларда биродарларга оилалари учун кўпинча озиқ-овқат сотиб олиш ёки Муқаддас Китобга эга бўлиш ўртасида танлашга тўғри келарди. Бу эса баъзида уларнинг бир ҳафталик ёки ойлик маошини ташкил этади. Айни кунда кўпларнинг хайр-эҳсонлари ва маблағ масаласида «мувозанат сақлангани» туфайли, Яҳованинг ташкилоти ҳар бир оила аъзоси ҳамда Худонинг Каломи билан қизиқаётган маънан чанқоқ киши учун Муқаддас Китоб таржима қилиниб, етказиб берилишига ҳомийлик қилмоқда. (2 Коринфликларга 8:13–15 ни ўқинг.) Шу йўсин, ҳам берувчилар, ҳам олувчилар Яҳованинг дўсти бўлишлари мумкин.

«ДАРОМАД КЕЛТИРАДИГАН ИШЛАР БИЛАН» КАМРОҚ БАНД БЎЛИНГ

12. Иброҳим Аллоҳга таянганини қандай кўрсатган?

12 Яҳова билан дўст бўлишнинг бошқа бир йўли — пулпараст дунё билан камроқ алоқада бўлиш ва шароитларимиздан фойдаланган ҳолда «ҳақиқий» бойликларни излашдир. Қадимдаги имонли киши Иброҳим Яҳова билан дўстлиги узилмаслиги учун Унга итоат этиб, фаровон шаҳар Урни тарк этган ва чодирларда яшаган. (Иброн. 11:8–10) У доимо ҳақиқий бойлик манбаи бўлмиш Худога кўз тиккан ва моддий фаровонликни изламаган. Зеро, бу Аллоҳга таянмасликдан далолат беришини билган. (Ибт. 14:22, 23) Исо шу каби имонга эга бўлишга ундаб, бир ёш бадавлат кишига қуйидагича айтганди: «Агар Аллоҳга мукаммал даражада хизмат қилишни истасангиз, бориб барча мол-мулкингизни сотинг-да, камбағалларга тарқатинг. Сўнг келиб, менинг издошим бўлинг». (Мат. 19:21) Бу кишига Иброҳимникига ўхшаш имон етишмаганди, аммо ўшанда Худога буткул ишонган одамлар ҳам бор эди.

13. а) Павлус Тимўтийга қандай маслаҳат берди? б) Бугунги кунда Павлуснинг маслаҳатини қай йўсин қўллай оламиз?

13 Масалан, Тимўтий имонли киши бўлган. Павлус Тимўтийни «Исо Масиҳнинг яхши аскари» деб атаб, унга шундай деганди: «Ҳеч бир аскар уни ҳарбий хизматга қабул қилган кишига ёқишни истаса, даромад келтирадиган ишлар билан банд бўлмайди». (2 Тим. 2:3, 4) Исонинг бугунги издошлари, жумладан, бир миллиондан ошиқ тўла вақтли хизматчилардан иборат қўшин шароитлари йўл қўйганча Павлуснинг маслаҳатига амал қилмоқда. Улар реклама ва дунёнинг босимига қарши туриб, «қарздор... қарз берганнинг қулидир» деган принципни ёдда тутишмоқда. (Ҳик. 22:7) Шайтон биздан унинг пулпараст дунёсига қул бўлиб, вақтимизу кучимизни унга сарфлашимизни истайди. Айрим қарорлар бизни йиллар давомида моддий томонлама қуллик исканжасида тутиб туриши мумкин. Баъзилар уй, машина, ўқиш ёки ҳатто тўй учун катта кредит олишади. Ҳаётимизни соддалаштирганимизда ва ўзимизни бугунги пулпараст дунёга эмас, балки Худога қул сифатида тақдим этиб, қарзлару харажатларимизни камайтирганимизда, амалий доноликни намоён этган бўламиз. (1 Тим. 6:10)

14. Қандай қарор чиқаришимиз керак? Мисоллар келтиринг.

14 Ҳаётимизни соддалаштиришга биз учун устувор бўлган нарсаларни аниқлаб олиш киради. Мисол учун, бир жуфтликнинг гуллаб-яшнаётган бизнеси бор эди. Бироқ тўла вақтли хизматга қайтиш истаги уларни бизнес, моторли қайиқ ва бошқа моддий нарсаларини сотишга ундади. Кейинчалик улар Уорвикда (Нью-Йорк) Бош идоранинг қурилишида ихтиёрий хизматчи бўлиб ёрдам беришди. Улар учун қизи ва куёви билан Байтилда ҳамда Уорвик қурилишида иштирок этган ота-онаси билан (эр томонидан) бир неча ҳафта мобайнида хизмат қилиш ўзгача барака бўлди. Мана бошқа бир мисол. Колорадодаги (АҚШ) кашшоф опамиз банкка ярим ставкага ишга кирди. Иш берувчиларига унинг иши шунчалик ёққандики, улар унга тўлиқ ставка ишлашни ва ойлигини уч баробарга оширишни таклиф қилишди. Аммо опамиз иши уни хизматдан чалғитишини тушуниб, ўша манфаатли таклифни рад этди. Бу, Яҳованинг хизматчилари қилган сон-саноқсиз қурбонликларнинг атиги бир нечта мисоли, холос. Шоҳлик манфаатларини биринчи ўринга қўйиш қароримиз Худо билан дўстлигимизни ва маънавий бойликларни бугунги пулпараст дунё таклиф қилаётган нарсалардан кўра кўпроқ қадрлаётганимизни кўрсатади.

МОДДИЙ БОЙЛИГИНГИЗ ТУГАГАНДА

15. Қайси бойликлар инсонга катта мамнунлик бахш этади?

15 Моддий бойликлар ҳар доим ҳам Худонинг баракасидан далолат бермайди. Яҳова «эзгу ишлари билан бойиган» кишиларга барака ёғдиради. (1 Тимўтийга 6:17–19 ни ўқинг.) Масалан, Лючия * Албанияда ваъзгўйларга эҳтиёж борлиги ҳақида эшитиб қолади ва гарчи Албанияда яшаш учун зарур маблағи йўқ бўлса-да, у Яҳовага буткул таяниб, 1993 йили у ерга Италиядан кўчиб ўтади. Лючия албан тилини ўзлаштириб олади ва 60 дан зиёд одамга ҳақиқатга келиб, сувга чўмишга ёрдам беради. Тўғри, Худо хизматчиларининг аксарияти бундай самарали ҳудудларда ваъз қилишмайди. Аммо бошқалар ҳақиқатни топиб, ҳаёт йўлида қолишлари учун қилаётган ҳар бир ишимиз бизнинг ва уларнинг хотирасида абадий нақшланиб қолади! (Мат. 6:20)

16. а) Бугунги тижорат тизими билан нима юз беради? б) Келажак тўғрисидаги билимларимиз моддий бойликларга бўлган нуқтаи назаримизга қандай таъсир қилиши керак?

16 Исо «бойлигингиз тугаса» эмас, «бойлигингиз тугаганда» деб айтган. (Луқо 16:9) Ушбу охирзамонда банк ва иқтисод инқирозга учраётгани яқин келажакда юз берадиган воқеалар олдида ҳеч нарса эмасдир. Сиёсат, дин ва тижорат — Шайтоннинг бутун тизими ҳалокатга юз тутиши муқаррар. Ҳизқиё ва Зафаниё пайғамбарлар асрлар мобайнида тижорат дунёсининг устунлари бўлган олтин ва кумуш қадр-қимматсиз бўлиб қолиши ҳақида башорат қилишганди. (Ҳиз. 7:19; Заф. 1:18) Ушбу дунёдаги ҳаётимиз якунига етганида, ҳақиқий бойликларни тўплаш ўрнига катта миқдорда бу дунёнинг «адолатсиз бойликларини» йиққанимизни англаб етсак, ўзимизни қандай ҳис қиламиз? Ўшанда биз ўзимизни бутун ҳаёти давомида бир даста пул топиш ва охири улар қалбаки эканини англаш учунгина ишлаган кишидай ҳис этишимиз мумкин. (Ҳик. 18:11) Ҳа, бундай бойликлар келажакда ахийри йўқ бўлиб кетади, шунинг учун, келинг, ҳозирча улардан осмонда «дўст орттириш» мақсадида фойдаланиш имкониятини қўлдан бой бермайлик! Худо Шоҳлигининг манфаатларини олға суриш йўлида нимаики қилмайлик, буларнинг ҳаммаси бизни маънан бойитади.

17, 18. Худонинг дўстларини нималар кутяпти?

17 Худонинг Шоҳлиги келганида, ижара ва ипотекалар бўлмайди, озиқ-овқат бепул ва мўл-кўл бўлади, тиббий харажатлар йўқ бўлади. Яҳованинг ер юзидаги оиласи ернинг маҳсулидан баҳраманд бўлади. Олтин, кумуш ва қимматбаҳо тошлар кимдирни бойитиш учун эмас, инсонларнинг зийнат буюми сифатида ишлатилади. Боз устига, чиройли уйларни қуришда юқори сифатли ёғоч, тош ва металл каби қурилиш молларидан бемалол фойдаланилади. Дўстларимиз уларга пул тўлаганимиз учун эмас, балки исташгани учун ёрдам беришади. Ернинг саховатли бойликлари билан улашиш ҳаёт тарзига айланади.

18 Бу — осмонда дўстлар орттираётган кишилар эга бўладиган бебаҳо мероснинг атиги бир қисмидир. Яҳованинг ердаги топинувчилари Исонинг: «Эй, Отамдан барака топганлар, келинглар, дунёга асос солинганидан бери сизларга тайёрлаб қўйилган Шоҳликка эга бўлинглар»,— деган сўзларини эшитганларида, уларнинг қувончи ичига сиғмай кетади! (Мат. 25:34)

^ 15- х.б. Лючия Муссанеттнинг таржимаи ҳоли «Уйғонинг!» журналининг (рус) 2003 йил 22 июнь сонида 18–22- саҳ. чоп этилган.