Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

Хизмат қилишга хоҳиш билдирганлар. Мьянмада

Хизмат қилишга хоҳиш билдирганлар. Мьянмада

«ҲОСИЛ чиндан ҳам мўл, фақат ишчилар оз. Ана шу сабабдан ҳосилни йиғиш учун ишчиларни юборсин деб, ҳосил Эгасига илтижо қилинглар». (Луқо 10:2) Исонинг деярли 2 000 йил аввал айтган мазкур сўзлари Мьянмадаги вазиятга тўғри келади. Нега деганда, у ерда тахминан 4 200 та ваъзгўй 55 миллион аҳоли орасида хушхабарни ваъз қилмоқда.

Лекин «ҳосил Эгаси» Яҳова турли мамлакатдаги юзлаб биродару опа-сингилларимизнинг қалбига таъсир қилиб, уларни Жануби-Шарқий Осиёдаги бу мамлакатга кўчиб ўтишга ва маънавий ўрим-йиғимда иштирок этишга ундади. Хўш, бу ерга келишларига нима сабаб бўлди? Мьянмага кўчишларига нима ёрдам берди? Улар қандай баракаларга эга бўлишди? Келинг, билиб олайлик.

«КЕЛИНГЛАР, БИЗГА КЎПРОҚ КАШШОФЛАР КЕРАК!»

Бир неча йил аввал япониялик Казуҳирода тутқаноқ хуружи бўлди ва у ҳушини йўқотиб касалхонага тушиб қолди. Шифокор унга икки йил давомида машина ҳайдамасликни айтди. Казуҳиро довдираб қолди. «Қандай қилиб энг яхши кўрган ишимни — кашшофликни давом эттира оламан?» — деб ўйланди Казуҳиро. У Яҳовага илтижолар қилиб, кашшофлик хизматини давом эттира олиши учун йўлини очиб беришини сўради.

Казуҳиро ва Мари

Казуҳиро қуйидагича давом этди: «Бир ой ўтиб, Мьянмада хизмат қилаётган дўстим вазиятимдан хабар топди. У менга қўнғироқ қилиб: “Мьянмада асосий транспорт воситаси автобус. Бу ерга келсангиз, хизматингизни машинасиз ҳам давом эттира оласиз”,— деб айтди. Шифокоримдан аҳволим Мьянмага боришга йўл қўядими, деб сўрадим. У шундай деди: “Тутқаноқ касаллиги соҳасида ишлайдиган мьянмалик шифокор ҳозир Японияда. Сизларни таништириб қўяман. Агар сизда яна хуруж бўлса, у сизга ёрдам бера олади”. Бундай дейишини кутмагандим! Шифокорнинг гапларини Яҳованинг жавоби деб қабул қилдим».

Казуҳиро шу заҳоти Мьянма филиалига электрон мактуб юборди ва турмуш ўртоғи билан у ерда кашшоф сифатида хизмат қилмоқчи эканини билдирди. Атиги беш кундан кейин филиалдан шундай жавоб келди: «Келинглар, бизга кўпроқ кашшофлар керак!» Сўнг Казуҳиро ва хотини Мари иккала машинасини ҳам сотишди, виза олишди ҳамда самолёт чипталарини харид қилишди. Ҳозир улар Мандалайда имо-ишора тилидаги гуруҳда хизмат қилишдан бахтиёр. Казуҳиро шундай деб бўлишди: «Бу воқеа туфайли Забур 37:5 даги: “Йўлингни Яҳовага ишониб топшир, Унга таян ва У сенинг фойдангни кўзлаб иш тутади”,— деган Яҳованинг ваъдасига бўлган ишончимиз ошди».

ЯҲОВА ЙЎЛ ОЧИБ БЕРДИ

2014 йили Мьянмада махсус анжуман бўлиб ўтди. Унга турли мамлакатлардан имондошларимиз ташриф буюрди. Улардан бири АҚШдан бўлган 34 ёшлик Моника эди. У шундай айтди: «Анжумандан қайтгач, Яҳовага ибодат қилиб, қандай қадамлар қўйишим кераклиги ҳақида сўрадим. Шунингдек, маънавий мақсадларим ҳақида ота-онам билан бўлишдим. Барчамиз мен Мьянмага қайтишим керак, деган фикрда эдик. Лекин бир қарорга келишим учун бир оз вақт керак бўлди ва мен кўп ибодат қилдим». Моника нега бундай бўлганини айтиб берди.

Моника ва Ли

У қуйидагича деди: «Исо издошларини “қанча харажат кетишини ҳисоблаб олишга” ундаган. Ўзимдан шундай деб сўрадим: “Кўчишга қурбим етадими? У ерда ишга кўп вақт ажратмай ўзимни таъминлай оламанми?”» У давом этиб деди: «Шунда дунёнинг бошқа чеккасига кўчиб ўтиш учун етарлича пулим йўқ эканини тушундим». Қизиқ, қай йўсин у кўчишга муваффақ бўлди? (Луқо 14:28)

«Бир куни бошлиғим мени чақиртирди. Ўшанда мени ишдан бўшатишмоқчи, деб ўйлаб хавотирландим. Лекин бошлиғим яхши ишлаганим учун миннатдорчилик билдирди. Кейин у мукофот пули тайинлаганини айтди. Бу ўшанда молиявий мажбуриятларимдан халос бўлишга асқатадиган мен муҳтож бўлган пул эди»,— деб бўлишди Моника.

Моника 2014 йилнинг декабрь ойидан бери Мьянмада хизмат қилмоқда. Эҳтиёж катта бўлган жойда хизмат қилиш борасида у қандай фикрда? «Бу ерда эканимдан жуда хурсандман»,— деб айтди у. «Уч киши билан Муқаддас Китоб тадқиқини ўтказаман. Улардан бири 67 ёшда. У доим мени табассум ила қучоқлаб кутиб олади. У Худонинг исми Яҳова эканини билганда, кўзларига ёш келганди. У: “Ҳаётимда биринчи марта Худонинг исми Яҳова эканини эшитяпман. Гарчи мендан анча ёш бўлсанг-да, энг муҳим нарсани ўргатдинг”,— деб айтган эди. Ростини айтсам, менинг ҳам кўзларим ёшланган эди. Бу каби воқеалар эҳтиёж катта бўлган жойда хизмат қилаётганингизда мамнуният бахш этади»,— деб қўшиб қўйди Моника. Яқинда Моника Шоҳлик хабарчилари мактабида ўқиш шарафига эга бўлди.

2013 йилги «Яҳова Шоҳидларининг йилномаси»да чоп этилган Мьянма ҳақидаги маълумот бошқалар учун бу ерга кўчиб келишга туртки бўлди. Ёши 30 дан ошган Ли исмли имондошимиз Жануби-Шарқий Осиёда яшар эди. У кун бўйи ишларди, аммо «Йилнома»да келтирилган маълумот уни Мьянмада хизмат қилиш борасида ўйлаб кўришга ундади. «2014 йили Янгонга махсус анжуманга келганимда, Мьянмада эҳтиёж катта бўлган жойда хитой тилидаги ҳудудда хизмат қилаётган бир жуфтлик билан танишдим. Хитой тилини билганим учун Мьянмага кўчиб ўтиб, бу тилдаги гуруҳда хизмат қилишга қарор қилдим. Моникага ҳамкор бўлдим ва биз Мандалайга кўчиб ўтдик. Яҳова бизга барака берди: иккимиз ҳам битта мактабга ярим ставкали ишга кирдик ва унинг яқинидан уй топдик. Иссиқ иқлимга ва айрим ноқулайликларга қарамай, бу ердаги хизматимдан қувонч топяпман. Мьянмада одамлар содда ҳаёт кечиради. Шу билан бирга улар хушмуомала ва хушхабарни жон деб тинглашади. Яҳова ишни тезлаштираётганини кўриш ажойибдир. Яҳова мен айнан Мандалайда хизмат қилишимни истаётганига аминман»,— деб бўлишди Ли.

ЯҲОВА ИБОДАТЛАРНИ ЭШИТАДИ

Эҳтиёж катта бўлган жойда хизмат қилиш учун кўчиб ўтганлар ибодатнинг кучини ўзларида ҳис этди. Масалан, 37 ёшли Жампеи ва ёши 35 да бўлган рафиқаси Наони олайлик. Улар Японияда имо-ишора тилидаги жамоатда хизмат қиларди. Нима учун улар Мьянмага кўчди? Жампеи шундай деб бўлишди: «Мен ва турмуш ўртоғимда эҳтиёж катта бўлган бошқа юртда хизмат қилиш мақсади бор эди. Япониядаги жамоатимиздан битта биродар Мьянмага кўчиб ўтди. Гарчи йиғиб қўйган пулимиз унча кўп бўлмаса-да, биз ҳам 2010 йили майда бу ерга кўчиб ўтдик. Мьянмадаги имондошларимиз бизни илиқ қарши олишди». У Мьянмада имо-ишора тилида хизмат қилиш борасида қандай фикрда? Жампеи қуйидагича деди: «Қизиқувчилар жуда кўп. Имо-ишора тилидаги видеоларни кўрсатганимизда, қулоғи эшитмайдиган уй эгалари ҳайрон қолишади. Яҳовага хизмат қилиш учун бу ерга келишга қарор қилганимиздан жуда хурсандмиз!»

Нао ва Жампеи

Жампеи ва Наонинг моддий аҳволи билан нима бўлди? «Уч йил ўтгач, йиғиб қўйган пулимизнинг кўп қисмини ишлатиб бўлган эдик ва кейинги йили ижара ҳақини тўлаш учун етарлича пулимиз йўқ эди. Рафиқам билан сидқидилдан ибодат қилардик. Кутилмаганда филиалдан мактуб олдик. Бизни вақтинча махсус кашшоф бўлиб хизмат қилишга таклиф қилишди! Яҳовага таянган эдик ва У бизни тарк этмаганини ҳис қилдик. Ҳа, У ҳар тарафлама бизга ғамхўрлик қилмоқда»,— деди Жампеи. Яқинда Жампеи ва Нао ҳам Шоҳлик хабарчилари мактабида таҳсил олишди.

ЯҲОВА КЎПЛАРНИ УНДАМОҚДА

Италиялик ёши 43 да бўлган Симон ва Янги Зеландиядан бўлган 37 ёшли хотини Аннани Мьянмага кўчишга нима ундади? Анна шундай жавоб берди: «2013 йилги “Йилнома”да Мьянма ҳақида келтирилган маълумот!» Симон қуйидагича деди: «Мьянмада бўлиш катта шарафдир. Бу ерда ҳаёт соддароқ ва Яҳовага кўпроқ хизмат қила оламан. Эҳтиёж катта бўлган жойда хизмат қилганда Яҳованинг ғамхўрлигини ҳис этиш ўзгачадир». (Заб. 121:5) Анна эса шундай деб бўлишди: «Мен ҳар қачонгидан ҳам бахтиёрман. Содда ҳаёт кечирамиз. Турмуш ўртоғим билан кўпроқ вақт ўтказа оламан ва биз яқинроқ бўлдик. Шунингдек, ажойиб дўстлар орттирдик. Одамлар Яҳованинг Шоҳидларига нисбатан юзхотирчилик қилмайди ва улар кўрсатаётган қизиқиш инсонни ҳайратда қолдиради». Қизиқ, қанақасига?

Симон ва Анна

Анна қуйидагича ҳикоя қилди: «Бир куни дўконда бир талабага ваъз қилдим ва биз яна учрашишга келишдик. Учрашганимизда у ўзи билан дугонасини ҳам олиб келди. Кейинги сафар эса улар бир неча киши бўлиб келишди. Кейинчалик эса ундан ҳам кўпроқ бўлиб келишди. Ҳозир уларнинг бештаси билан тадқиқ ўтяпман». Симон шундай деб айтди: «Хизматда учратадиган одамларимиз дўстона муносабатда бўлиб, саволлар беради. Кўплар қизиқиш билдиради. Қизиқиш билдирганларнинг барига ёрдам бериш учун етарлича вақт ажрата олмаяпмиз».

Сахио ва Мизуҳо

Мьянмага кўчиб ўтишга қарор қилишдан олдин қандай амалий қадамлар қўйиш керак? Япониялик Мизуҳо шундай деди: «Турмуш ўртоғим Сахио билан доим эҳтиёж катта бўлган юртда хизмат қилишни истардик. Аммо қаердалигини билмас эдик. 2013 йилги “Йилнома”да келтирилган Мьянма ҳақидаги маълумотни ўқиганимизда қалбни забт этадиган у ердаги воқеалар бизга роса таъсир қилди. Шунда Мьянмада хизмат қилиш учун у ерга кўчишимиз мумкинлиги борасида ўйлай бошладик». Сахио қуйидагича қўшиб қўйди: «У ерда ҳаёт қандай эканини кўриш учун Мьянманинг катта шаҳри Янгонга бир ҳафталик сафар уюштирдик. Ўша кичик саёҳатимиз туфайли бу ерга кўчишимиз лозимлигини тушундик».

СИЗ ҲАМ БОРА ОЛАСИЗМИ?

Жейн, Даника, Родней ва Жордан

Ёши 50 дан ошган австралиялик жуфтлик Родней ва Жейн ўғли Жордан ҳамда қизи Даника билан 2010 йилдан бери Мьянмада эҳтиёж катта бўлган жойда хизмат қилиб келмоқда. Родней шундай деди: «Одамлар маънан чанқоқ экани бизга жуда таъсир қилди. Бошқа оилаларга ҳам Мьянма каби ҳудудда хизмат қилишга уриниб кўришни тавсия этаман». Нима учун? «Бу хизмат туфайли оиламизнинг Яҳова билан бўлган муносабатлари яқинроқ бўлди. Кўпгина ёшлар телефон, машина, иш ва ҳоказоларга берилиб кетган. Фарзандларимиз эса хизматда иштирок этиш учун янги сўзларни ўрганиш билан банд. Улар Муқаддас Китоб ҳақида билмайдиган одамлар билан суҳбатлашишни ва маҳаллий тилдаги жамоат учрашувларида шарҳ беришни ўрганишга ҳамда бошқа кўпгина маънавий ишларга шўнғиб кетган»,— деб қўшиб қўйди у.

Оливер ва Анна

АҚШдан бўлган 37 ёшли Оливер нима сабабдан мана шу хизмат турида иштирок этишни тавсия қилишини тушунтирди: «Қулайликларимдан кечиб Яҳовага хизмат қилиш кўп фойда келтирди. Бу кўчиш ёрдамида ҳар қандай вазиятда Яҳовага ишонишни ва таянишни ўргандим. Мен олдин танимаган имондошларим билан хизмат қиляпман ва биз эътиқодимиз туфайли якдилмиз. Фақатгина Худонинг ташкилотида шундай бўлиши мумкин!» Ҳозирда Оливер ва унинг рафиқаси Анна хитой тилидаги ҳудудда ғайрат ила ваъз қилишмоқда.

Трейзл

Австралиялик 52 ёшли опамиз Трейзл 2004 йилдан бери Мьянмада хизмат қилмоқда. У шундай айтди: «Вазияти йўл қўйганларга, эҳтиёж катта бўлган жойда хизмат қилишни тавсия қиламан. Ўз тажрибамдан шуни кўрдимки, хизмат қилишга тайёр бўлсангиз, Яҳова ҳаракатларингизга барака беради. Бу ерда яшаш хаёлимга ҳам келмаган эди. Бу мен орзу қилишим мумкин бўлган энг арзигулик ва мамнуният бахш этувчи ҳаёт тарзидир».

Илойим, Мьянмада эҳтиёж катта бўлган жойда хизмат қилаётган имондошларнинг сидқидилдан айтган сўзлари, сизни ҳам шу каби ҳудудларда самимий одамларга ёрдам беришга ундасин. Ҳа, эҳтиёж катта бўлган жойда хизмат қилаётганлар сизга: «Илтимос, Мьянмага келиб, бизга ёрдам беринг!» — деб айтмоқда.