Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

«Ҳар турли одамларга» раҳм-шафқат кўрсатайлик

«Ҳар турли одамларга» раҳм-шафқат кўрсатайлик

ИСО шогирдларига хушхабарни ваъз қилишни ўргатганда, Шоҳлик ҳақидаги бу хабарни одамлар доим ҳам қабул қилмасликларини айтган. (Луқо 10:3, 5, 6) Биз ҳам хизмат қилаётганимизда қўпол муносабатга ёки ҳатто ҳақоратга дуч келаётгандирмиз. Шуни тан олиш керакки, бундай муносабат туфайли биз ваъз қилаётган одамларга нисбатан раҳм-шафқат кўрсатишга қийналишимиз мумкин.

Раҳмдил инсон ўзгаларнинг эҳтиёжию муаммоларини кўриб, уларга ачинади ва ёрдам беришни хоҳлайди. Лекин хизматда учратаётган кишиларга раҳм-шафқат кўрсатмасак, ғайратимиз сўниши ва самарасиз бўлиб қолишимиз ҳеч гап эмас. Раҳмдил бўлсак, худди олов алангаланиб туриши учун ўтин ташлангандай бўлади, яъни бу хизматда янада ғайратли бўлишимизга кўмаклашади. (1 Салон. 5:19)

Хўш, ҳатто қийин бўлса ҳам қандай қилиб раҳм-шафқатли бўла оламиз? Келинг, бу борада тақлид қилишимиз мумкин бўлган Яҳова, Исо ва ҳаворий Павлуснинг мисолига диққат қаратайлик.

ЯҲОВАНИНГ РАҲМДИЛЛИГИГА ТАҚЛИД ҚИЛИНГ

Минглаб йиллар давомида Яҳова Унинг исмига доғ тушаётганига чидаб келмоқда. Шундай бўлса-да, У «ношукур ва ёвуз бандаларига нисбатан ҳам меҳрибондир». (Луқо 6:35) Унинг меҳрибонлиги У сабрли эканида намоён бўляпти. Яҳова «ҳар турли одамлар» нажот топишини истайди. (1 Тим. 2:3, 4) Гарчи Аллоҳ ёвузликдан нафратланса ҳам, одамлар У учун азиз бўлиб, уларнинг ўлишини хоҳламайди. (2 Бутр. 3:9)

Яҳова Шайтон имонсиз кишиларнинг зеҳнларини кўр қилишда жуда самарали эканини тушуниб турибди. (2 Кор. 4:3, 4) Кўпларга кичиклигиданоқ нотўғри таълимотлару нуқтаи назар ўргатилаётгани боис, улар учун ҳақиқатни қабул қилиш қийин кечяпти. Яҳова бундай кишиларга ёрдам беришни жуда ҳам истайди. Буни қаердан биламиз?

Яҳова ниневияликларга нисбатан қандай фикрда бўлганига эътибор берайлик. Уларнинг ёмон ишларига қарамай, Яҳова Юнусга шундай деган: «Буюк Ниневия шаҳрида... яхшини ёмондан ажрата олмайдиган 120 000 дан зиёд одам бор-ку! Нега Мен уларга раҳм қилмаслигим керак?!» (Юнус 4:11) Яҳова ниневияликларни маънан касал деб билган ва раҳм-шафқат намоён этиб, Юнусга уларни огоҳлантириш вазифасини берган.

Яҳова сингари биз ҳам одамларни азиз деб биламиз. Унга тақлид қилган ҳолда, ҳатто назаримизда тинглашни хоҳламаётгандай туюлса ҳам, хушхабарни эшитмоқчи бўлган ҳар қандай кишига ёрдам беришга жон куйдирамиз.

ИСОНИНГ РАҲМДИЛЛИГИГА ТАҚЛИД ҚИЛИНГ

Исо Отасига ўхшаб, маънан чанқоқ бўлган инсонларга ачинган. «Исо оломонни кўриб уларга ачинди, чунки улар чўпонсиз қўйлардай тарқоқ ва ҳолдан тойган эдилар». (Мат. 9:36) Исо муаммонинг негизи нимада эканини билган; у шуни тушунганки, уни тингламоқчи бўлган одамларга сохта таълимот сингдирилиб, дин раҳбарлари томонидан ёмон муносабат кўрсатилаётган эди. Гарчи Исо кўплар турли қийинчиликлар дастидан хабарни ижобий тарзда қабул қилмаётганини билса-да, «уларга кўп нарсаларни ўргатарди». (Марк 4:1–9)

Бошида кимдир қизиқиш кўрсатмаса, руҳингиз тушмасин

Ҳаёти ва шароити ўзгарса, киши ҳақиқатга бошқача қараши мумкин

Одамлар хушхабарга салбий муносабатда бўлганда, биз ҳам муаммонинг негизи нимада экани ва улар нега бундай йўл тутаётгани борасида ўйлаб кўришимиз лозим. Ўзини масиҳий деб атаётганларнинг ёмон мисоллари туфайли баъзи одамлар Муқаддас Китоб ёки ҳақиқий масиҳийлар ҳақида нотўғри фикрда бўлиши мумкин. Бошқалар эътиқодимиз тўғрисида ёлғон гапларни эшитгандир. Хушхабарга қизиқиш кўрсатаётган айримлар эса жамият ёки оила аъзолари томонидан масхараларга дуч келиши мумкин.

Биз хизматда учратаётган баъзи кишилар оғир аҳвол дастидан ҳиссан азоб чекаётгандир. Ким исмли тўла вақтли махсус ваъзгўй шундай деди: «Ҳудудимизнинг айрим жойларидаги кўп одамлар урушнинг қурбонига айланиб, бор-будидан маҳрум бўлган. Келажакка умиди йўқ. Улар тушкун аҳволда бўлиб, ҳеч кимга ишонмай қўйган. Бу ҳудудда хушхабар ёйилишига доим қаршилик кўрсатилади. Бир сафар ваъзгўйликда менга ҳужум қилишган».

Бундай муносабатга қарамай Ким опамиз қандай қилиб раҳм-шафқатли бўлиб қоляпти? У қуйидагича бўлишди: «Мени ҳақорат қилишганда, Ҳикматлар 19:11 даги: “Фаҳм-фаросатли жаҳлини тия олади”,— деган маслаҳатни эслайман. Бу ҳудуддаги инсонларнинг ўтмишини ёдда тутиш, уларга раҳмдил бўлишимга кўмаклашади. Учратаётган кишиларимизнинг ҳаммаси ҳам ёмон муносабатда эмас. Бу ерда биз такрорий ташриф қилаётган яхши одамлар ҳам бор».

Ўзимизга шундай савол бериб кўрсак бўлади: «Биз ваъз қилаётган кишиларнинг ўрнида бўлсак, Шоҳлик хабарига нисбатан қандай муносабат кўрсатардик?» Масалан, Яҳованинг Шоҳидлари тўғрисида бизга қайта-қайта бўлмағур гап-сўзларни айтишса-чи? Бундай вазиятларда, эҳтимол, биз ҳам салбий муносабатда бўлиб, раҳм-шафқатга муҳтож бўлардик. Исонинг: «Одамлар сизларга қандай муносабатда бўлишини хоҳласангиз, сизлар ҳам уларга шундай муносабатда бўлинглар»,— деган маслаҳатини ёдда тутиш, ҳатто бундай қилиш қийин бўлганда ҳам раҳмдил бўлишимизга ёрдам беради. (Мат. 7:12)

ПАВЛУСНИНГ РАҲМДИЛЛИГИГА ТАҚЛИД ҚИЛИНГ

Ҳаворий Павлус ҳатто душманларига ҳам ачинган. Нега деганда, у ўз ўтмишини унутмаган. Павлус шундай деган: «Илгари шаккок, таъқиб қилувчи ва сурбет бўлган бўлсам-да, менга раҳм-шафқат кўрсатилди. Сабаби, мен хабарсиз юрганим учун имонсизларча йўл тутганман». (1 Тим. 1:13) У Яҳова ҳамда Исо унга раҳм-шафқат кўрсатганини тушунган. Балки у ваъз қилаётган айрим кишиларда ўзини кўргандир.

Гоҳида Павлус сохта таълимотлар одамларга сингиб кетганининг гувоҳи бўлган. У бунга қандай муносабат кўрсатган? Ҳаворийлар 17:16 га кўра, Павлус Афинада бўлганда, «бу шаҳарнинг бутлар билан тўлганини кўриб ғаши келиб кетган». Бироқ Павлус ғашини келтирган мана шу нарсадан фойдаланиб яхши шоҳидлик берган. (Ҳавор. 17:22, 23) У «ҳеч бўлмаса айримларни қутқариб қолай деб», келиб чиқиши турлича бўлган инсонларга ваъз қилишнинг ҳар хил усулларини қўллаб мослашган. (1 Кор. 9:20–23)

Биз ҳам Павлусга ўхшаб, одамлар нотўғри нуқтаи назарда бўлганини ёки сохта таълимотларга берилганини тушунишимиз лозим. Шунда, маҳорат ила уларга «яхшилик тўғрисида хушхабар»ни тақдим эта оламиз. (Ишаё 52:7) Дороти исмли имондошимиз қуйидагича фикр билдирди: «Ҳудудимиздаги кўп одамларга Худони шафқатсиз, жазолайдиган деб кўрсатишлари мумкин. Бундай одамларни Худога қаттиқ ишонаётгани учун мақтайман, кейин эса Муқаддас Китобда У меҳрибон экани ва келажакка нисбатан Унинг ваъдалари ҳақида нима деб ёзилганига диққатини қаратаман».

«ЁМОНЛИКНИ ҲАМИША ЯХШИЛИК БИЛАН МАҒЛУБ ҚИЛАЙЛИК»

Охирзамонда яшар эканмиз, биз ваъз қилаётган айрим одамларнинг фикр-хаёли «тобора разиллашиб боришидан» ҳайрон қолмаслигимиз керак. (2 Тим. 3:1, 13) Аммо бу раҳм-шафқатимиз сўнишига ёки қувончимизни йўқотишимизга сабаб бўлишига йўл қўймаслигимиз лозим. «Ёмонликни ҳамиша яхшилик билан мағлуб қилишимиз» учун Яҳова бизга куч-қувват ато этади. (Рим. 12:21) Жессика исмли кашшоф шундай деди: «Мен одатда камтарлик етишмайдиган ва бизни ҳамда хушхабарни унча менсимайдиган кишиларни учратаман. Бу ёқимсиз бўлиши мумкин. Суҳбатлашишни бошлаганимизда, ичимда Яҳовага ибодат қилиб, бу кишига У каби қарашга ёрдам беришини сўрайман. Шунда, мен ўз туйғуларимга ортиқча диққат қаратмай, бу кишига қандай ёрдам беришим мумкинлиги ҳақида ўйлайман».

Ҳақиқатни қабул қилишга мойил бўлганларни қидирамиз

Сабр ила қилган ҳаракатларимиз туфайли кимдир ҳақиқатни қабул қилар

Шунингдек, имондошларимизга қандай қилиб далда беришимиз мумкинлиги тўғрисида фикр юритишимиз лозим. Жессика шундай деди: «Кимдир ёмон муносабатга дуч келса, бу ҳақда жуда ҳам кўп гаплашмасликка интиламан. Бунинг ўрнига, суҳбатни ижобий мавзуларга ўзгартираман, масалан, ёмон муносабатга қарамай, хизматда эришилаётган яхши натижалар ҳақида гаплашаман».

Яҳова биз хизматда дуч келаётган қийинчиликлардан хабардор. Худо каби раҳмдил бўлишга интилсак, У жуда қувонади! (Луқо 6:36) Албатта, Унинг раҳм-шафқати чегарасиз эмас. Шунда аминмизки, бу дунёнинг охирати қачон бўлишини У аниқ билади. Ўша пайт келгунига қадар, ваъзгўйлик ишини зудлик билан бажарамиз. (2 Тим. 4:2) Келинг, вазифамизни ғайрат ила бажаришда давом этиб, «ҳар турли одамларга» раҳм-шафқат кўрсатайлик.