Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

28- ТАДҚИҚ МАҚОЛАСИ

Ҳақиқат йўлида эканингизга ишонч ҳосил қилинг

Ҳақиқат йўлида эканингизга ишонч ҳосил қилинг

Сен бўлса, олган таълимингга ва тўғрилигига ўзинг ишонч ҳосил қилган нарсаларга риоя қил. 2 ТИМ. 3:14

56- ҚЎШИҚ Ҳақиқат йўли ҳаёт йўлинг бўлсин

БУ МАҚОЛАДА *

1. «Ҳақиқат» деганда биз нимани назарда тутамиз?

«ҲАҚИҚАТГА қандай келгансиз?» «Ҳақиқатда ўсганмисиз?» «Неча йилдан буён ҳақиқатдасиз?» Эҳтимол, сизга шу каби саволларни беришгандир ёки ўзингиз бировдан шундай, деб сўрагандирсиз. «Ҳақиқат» деганда биз нимани назарда тутамиз? Одатда эътиқодларимиз, қандай топинишимиз ва ҳаёт йўлимизга таъриф бериш учун бу сўзни қўллаймиз. «Ҳақиқатда» бўлган кишилар Муқаддас Китобда нима дейилганини билишади ва ундаги принципларга мувофиқ яшашади. Бу туфайли улар сохта диний таълимотлардан озод бўлиб, Шайтон дунёсида мумкин қадар бахтли ҳаёт кечиришади. (Юҳан. 8:32)

2. Юҳанно 13:34, 35 га кўра, инсонни ҳақиқатга нима жалб қилиши мумкин?

2 Сизни илк бор ҳақиқатга нима жалб қилган? Балки Яҳова халқининг яхши хулқидир. (1 Бутр. 2:12) Ёки улар намоён этган севги бўлиши мумкин. Кўплар биринчи марта йиғилишга келганда саҳнадан айтилган сўзлар эмас, балки кўрсатилган севги уларда катта таассурот қолдирганини таъкидлайди. Бунинг ажабланарли жойи йўқ, чунки Исо ҳам унинг шогирдларини ораларидаги севгидан билиб олишларини айтганди. (Юҳанно 13:34, 35 ни ўқинг.) Бироқ кучли имонга эга бўлишни истасак, бунинг ўзи етарли эмас.

3. Имонимиз Худонинг халқи орасидаги севгигагина асосланса нима юз бериши мумкин?

3 Имонимиз Худонинг халқи орасидаги севгигагина асосланмаслиги керак. Нега? Фараз қилинг, имондошингиз — ҳатто оқсоқол ёки кашшоф — жиддий гуноҳ содир этди. Ёхуд биродар ё опа-сингил сизни қаттиқ ранжитди. Кимдир муртадга айланиб, биз адашаётганимизни таъкидлаяпти. Агар бундай ҳодиса рўй берса, қоқиниб, Яҳовага хизмат қилмай қўясизми? Бундан чиқарадиган сабоқ қуйидагича: агар имонингизни Яҳова билан шахсий муносабатлар эмас, бошқа одамларнинг ишлари асосида қурсангиз, у мустаҳкам бўлмайди. Уйга ўхшатилган имонингизни фақатгина ҳис-туйғулар каби юмшоқ қурилиш материалларидан эмас, балки инкор этиб бўлмайдиган далиллар ва қатъий мантиқдан фойдаланиб ҳам бунёд этишингиз керак. Сиз Муқаддас Китобда Яҳова тўғрисида ҳақиқат ёзилганига шахсан ишонч ҳосил қилишингиз лозим. (Рим. 12:2)

4. Матто 13:3–6, 20, 21 га кўра, имон синови баъзиларга қандай таъсир қилган?

4 Исо айримлар ҳақиқатни «қувонч билан» қабул қилиши, бироқ синовлар пайтида имони заифлашиб қолиши ҳақида айтган эди. (Матто 13:3–6, 20, 21 ни ўқинг.) Балки улар Исога эргашганлар қийинчилик ва муаммоларга дуч келишини тушунмагандир. (Мат. 16:24) Ёки масиҳий бўлиш беташвиш ҳаёт кечириш, яъни қийинчиликларсиз яшаб, фақат барака олишни англатади, деб ўйлагандир. Бироқ бу номукаммал дунёда қийинчиликлар бўлади. Вазиятлар ўзгариши қувончимизни бироз йўқотишга сабаб бўлиши мумкин. (Заб. 6:6; Воиз 9:11)

5. Биродару опа-сингилларимизнинг аксарияти ҳақиқат йўлида эканига ишончи комил эканини қандай исботлаяпти?

5 Биродару опа-сингилларимизнинг аксарияти ҳақиқат йўлида эканига ишончи комил эканини исботлаяпти. Қандай қилиб? Ҳатто имондоши уларни қаттиқ ранжитса ёки масиҳийларга хос бўлмаган хулқ-атворни намоён этса ҳам, уларнинг ишончи тебранмаяпти. (Заб. 119:165) Ҳар бир синов уларнинг имонини заиф эмас, балки янада кучли қилиб қўймоқда. (Ёқб. 1:2–4) Бундай кучли имонни нима асосида бунёд эта оласиз?

ХУДО ТЎҒРИСИДА АНИҚ БИЛИМГА ЭГА БЎЛИНГ

6. Биринчи асрда яшаган шогирдлар ўз имонини нима асосида бунёд этишган?

6 Биринчи асрда яшаган шогирдлар ўз имонини Муқаддас Ёзувлардаги билимлар ва «ҳақиқат бўлмиш хушхабар», яъни Исо Масиҳнинг таълимотлари асосида бунёд этишган. (Галат. 2:5) Ушбу ҳақиқатга масиҳийларнинг барча таълимотлари, жумладан, Исонинг тўлов қурбонлиги ва тирилганига оид далиллар киради. Ҳаворий Павлус бу таълимотлар ҳақиқат эканига амин бўлган. Нега бундай дея оламиз? Чунки у «Масиҳ азоб чекиб ўлиши, кейин эса тирилиши керак бўлганини» Муқаддас Ёзувлар асосида исботлаган. (Ҳавор. 17:2, 3) Биринчи асрдаги шогирдлар ўша таълимотларни қабул қилиб, Худонинг Каломини тушунишда муқаддас руҳ уларга ёрдам беришига ишонишган. Улар бу таълимотлар Муқаддас Ёзувларга асосланганига ўзлари ишонч ҳосил қилишган. (Ҳавор. 17:11, 12; Иброн. 5:14) Улар ўз имонини фақатгина ҳис-туйғулар асосида бунёд этишмаган ва имондошлари билан вақт ўтказиб ўзларини бахтиёр ҳис қилишгани учунгина Яҳовага хизмат қилишмаган. Аксинча, уларнинг имони Худо тўғрисидаги аниқ билим асосида қурилган. (Колос. 1:9, 10)

7. Муқаддас Китобдаги ҳақиқатларга бўлган ишонч бизга қандай ёрдам беради?

7 Худо Каломидаги ҳақиқатлар ўзгармайди. (Заб. 119:160) Масалан, имондошимиз бизни ранжитса ёки жиддий гуноҳ содир этса улар ўша-ўшалигича қолади. Биз муаммоларга дуч келсак ҳам улар ўзгармайди. Шу боис, Муқаддас Китобдаги таълимотларни яхши билишимиз ва улар ишончли эканига амин бўлишимиз керак. Кемага кучли бўрон пайтида ўз жойида қолишга кўмаклашадиган лангар сингари, Муқаддас Китобдаги ҳақиқатлар асосида қурилган имонимиз ҳам бизга синовлар пайтида барқарор қолишга ёрдам беради. Ҳақиқат йўлида эканингизга бўлган ишончни қандай мустаҳкамлай оласиз?

ИШОНЧ ҲОСИЛ ҚИЛИНГ

8. Тимўтийга иккинчи мактуб 3:14, 15 дан ўқиганимиздек, ҳақиқат йўлида эканига Тимўтийни нима ишонтирган?

8 Ҳақиқат йўлида эканига Тимўтийнинг ишончи комил бўлган. Уни нима ишонтирган? (2 Тимўтийга 3:14, 15 ни ўқинг.) У «Муқаддас Ёзувлар»даги таълимотларни онаси билан бувисидан ўрганган. Лекин ўша Ёзувларни ўрганиш учун шахсан вақт ва куч сарфлагани шубҳасиз. Натижада уларда ҳақиқат ёзилганига ўзи «ишонч ҳосил қилган». Кейинчалик Тимўтий, онаси ва бувиси масиҳийларнинг таълимотларини ўрганишган. Тимўтий Исонинг издошлари намоён этган севгидан таассуротда бўлгани шубҳасиз. У маънавий ака-ука ҳамда опа-сингиллари билан вақт ўтказишни ва уларга ғамхўрлик қилишни жуда истаган. (Филип. 2:19, 20) Бироқ унинг имони инсонларга бўлган туйғуларга эмас, балки уни Яҳовага янада яқин қилган далилларга асосланган эди. Сиз ҳам Муқаддас Китобдан Яҳова ҳақида билиб олганларингиз устида мантиқан мулоҳаза юритишингиз даркор.

9. Қайси учта муҳим ҳақиқатга ишонч ҳосил қилишингиз даркор?

9 Аввалига камида учта муҳим ҳақиқатга ишонч ҳосил қилишингиз даркор. Биринчидан, Тангри Яҳова барча нарсанинг Яратувчиси эканига амин бўлишингиз керак. (Чиқ. 3:14, 15; Иброн. 3:4; Ваҳ. 4:11) Иккинчидан, Муқаддас Китоб Худонинг инсониятга йўллаган илоҳий хабари эканига ишончингиз комил бўлиши лозим. (2 Тим. 3:16, 17) Учинчидан, Яҳова Масиҳнинг бошчилигида Унга топинадиган кишилар гуруҳини ташкиллаштирганига ва бу гуруҳ Яҳованинг Шоҳидлари эканига ишонч ҳосил қилишингиз зарур. (Ишаё 43:10–12; Юҳан. 14:6; Ҳавор. 15:14) Айтиб ўтилган асосий ҳақиқатларга амин бўлиш учун Муқаддас Китобдаги билимларга эга “жонли энциклопедия”га айланишингиз шарт эмас. Мақсадингиз — «ақлингизни ишга солиб» ҳақиқат йўлида эканингизга бўлган ишончни мустаҳкамлаш. (Рим. 12:1)

БОШҚАЛАРГА ҲАҚИҚАТ ЙЎЛИДА ЮРИШГА ЁРДАМ БЕРИНГ

10. Ҳақиқатни билиб олишдан ташқари, яна нима қила олишимиз керак?

10 Худо, Муқаддас Китоб ва Унинг халқи тўғрисидаги асосий учта ҳақиқатга ишонч ҳосил қилгач, Муқаддас Ёзувлардан фойдаланиб бошқаларга ҳам бу ҳақиқат эканига амин бўлишга ёрдам беринг. Нега? Чунки масиҳийлар сифатида бизни тингламоқчи бўлганларга ўзимиз билиб олган ҳақиқатларни ўргатиш масъулиятига эгамиз *. (1 Тим. 4:16) Бошқаларни Муқаддас Китобдаги таълимотлар ҳақиқат эканига ишонтираётиб, биз ўша ҳақиқатларга бўлган ишончимизни мустаҳкамлаймиз.

11. Одамларга таълим бериш борасида ҳаворий Павлус қандай ўрнак кўрсатган?

11 Ҳаворий Павлус одамларга таълим берганда «Мусонинг Таврот китоби ва пайғамбарлар китобларидан Исо ҳақида ишонтирарли далиллар келтирар» эди. (Ҳавор. 28:23) Одамларга ҳақиқатни ўргатганда Павлусга қандай тақлид қилсак бўлади? Далилларни айтишнинг ўзи етарли эмас. Тадқиқ ўтаётган кишилар Яҳовага яқинлашгани сайин уларга Муқаддас Ёзувлар асосида музокара юритишга ёрдам беришимиз керак. Улар бизни ҳурмат қилгани учун эмас, балки севувчи Худойимиз тўғрисида ҳақиқатларни ўрганиб, уларга ишонч ҳосил қилгани учун ҳақиқатни қабул қилишини истаймиз.

Ота-оналар, фарзандларингизга «Худонинг чуқур донолигини» ўргатиб имонни ривожлантиришга ёрдамлашинг (12- , 13- хатбошиларига қаранг.) *

12, 13. Қандай қилиб ота-оналар фарзандларига ҳақиқат йўлида қолишга кўмаклаша олади?

12 Ота-оналар, фарзандларингиз ҳақиқатда қолишини исташингиз шубҳасиз. Агар улар жамоатда яхши дўстларга эга бўлса, маънан тез ўсади, деган фикрда бўлишингиз мумкин. Бироқ фарзандларингиз ҳақиқат йўлида эканига ишонч ҳосил қилишини истасангиз, улар яхши дўстларга эга бўлишининг ўзи етарли эмас. Улар Яҳова билан шахсий муносабатларни ривожлантириши ва Муқаддас Китоб таълимотлари ҳақиқат эканига ишончи комил бўлиши даркор.

13 Ота-оналар фарзандларига Худо тўғрисида ҳақиқатни ўргатаётиб, Муқаддас Китобни тадқиқ қилиш борасида ўзлари яхши ўрнак кўрсатиши лозим. Қолаверса, улар ўрганганлари устида мулоҳаза юритишга вақт ажратиши керак. Шундагина фарзандларига буларни ўргата олади. Ота-она Муқаддас Китобни ўрганаётган кишига қайси қўлланмалардан фойдаланиб шахсий тадқиқ қилишни ўргатса, фарзандларига ҳам улардан фойдаланишни ўргатиши керак. Бундай йўл тутиб улар фарзандларига Яҳовадан ҳамда У маънавий озуқани тарқатиш учун фойдаланаётган ишончли ва ақлли хизматкордан миннатдор бўлишни ўргатишади. (Мат. 24:45–47) Ота-оналар, фарзандларингизга Муқаддас Китобдаги асосий ҳақиқатларни ўргатиш билан кифояланманг. Ёши ва қобилиятларини инобатга олиб уларга «Худонинг чуқур донолигини» ўргатинг, шунда имони кучли бўлишига ёрдам берасиз. (1 Кор. 2:10)

БАШОРАТЛАРНИ ТАДҚИҚ ҚИЛИНГ

14. Нега Муқаддас Китоб башоратларини тадқиқ қилишимиз керак? (« Бу башоратларни тушунтириб бера оласизми?» номли рамкага ҳам қаранг.)

14 Башоратлар Худонинг Каломидан муҳим ўрин эгаллаган бўлиб, Яҳовага бўлган имонимизни кучли қилишга кўмаклашади. Қайси башоратлар сизнинг имонингизни мустаҳкамлайди? Эҳтимол, «охирзамон» ҳақидаги башоратлар, деб айтарсиз. (2 Тим. 3:1–5; Мат. 24:3, 7) Бироқ амалга ошган қайси башоратлар ишончингизни мустаҳкамлай олади? Мисол учун, Дониёр 2- боб ёки 11- бобдаги башоратлар қандай амалга ошганини ва ошаётганини тушунтириб бера оласизми? * Имонингиз бақувват пойдевор бўлмиш Муқаддас Китоб устида қурилса, у мустаҳкам бўлади. Иккинчи жаҳон уруши пайтида Германияда кучли таъқиблардан азият чеккан имондошларимизнинг мисолини кўриб чиқайлик. Гарчи улар охирзамонга тегишли Муқаддас Китоб башоратларини тўлиқ тушунмаган бўлса-да, Худонинг Каломига бўлган ишончи мустаҳкам эди.

Муқаддас Китобни, шу қаторда, ундаги башоратларни тадқиқ қилиш қийинчиликлар пайтида бизга аминлик бахш этади (15–17- хатбошиларига қаранг.) *

15–17. Қай йўсин Муқаддас Китобни тадқиқ қилиш нацистлар томонидан таъқиб қилинган имондошларимизга куч берган?

15 Германияда нацистлар бошқарганда минглаб биродару опа-сингилларимиз концентрацион лагерларга юборилган. Гитлер ва Генрих Гиммлер исмли мансабдор киши Яҳованинг Шоҳидларидан нафратланган. Бир опамизнинг айтиб беришича, Гиммлер концентрацион лагердаги опа-сингилларимиздан иборат гуруҳга қуйидагича деган: «Балки Яҳовангиз осмонда бошқарар, аммо ер юзида биз бошқарамиз! Ким охиригача қолишини — сизми ёки бизми — ҳали кўрсатиб қўямиз!» Хўш, Яҳованинг хизматчиларига садоқатли қолишга нима ёрдам берган?

16 Ўша Муқаддас Китоб Тадқиқотчилари Худонинг Шоҳлиги 1914 йили бошқара бошлаганини билганди. Улар шиддатли таъқибларга дуч келаётганидан ҳайрон қолмаганди. Чунки Яҳованинг халқи ҳеч қайси инсоний ҳукумат Уни Ўз ниятини амалга оширишдан тўхтата олмаслигига амин эди. Гитлер на ҳақ топинишни йўқ қила олди, на Худонинг Шоҳлигидан кучлироқ ҳукумат ўрната олди. Эртами-кечми Гитлернинг бошқаруви ўз ниҳоясига етишига имондошларимизнинг ишончи комил эди.

17 Ўша биродару опа-сингилларимиз қатъий ишонган нарса чиндан ҳам рўй берди. Тез орада нацистлар режими барҳам топди ва «ер юзида биз бошқарамиз» деган Генрих Гиммлер ҳаётини сақлаб қолиш учун қочишга мажбур бўлди. Қочиб кетаётганида у илгари қамоқда ўтирган биродар Любкени учратди ва уни таниди. Қаттиқ тушкунликда бўлган Гиммлер биродар Любкедан: «Хўш, Муқаддас Китоб тадқиқотчиси, ҳозир нималар бўляпти?» — деб сўради. Любке Яҳованинг Шоҳидлари нацистлар режими барҳам топишидан ва улар озод бўлишидан асло шубҳаланмаганини Гиммлерга тушунтириб берди. Олдинлари Яҳованинг Шоҳидлари тўғрисида кўп ёмон гаплар айтган Гиммлер энди лом-мим дея олмади. Кўп ўтмай у жонига қасд қилди. Бундан қандай сабоқ оляпмиз? Муқаддас Китобни, шу қаторда, ундаги башоратларни тадқиқ қилиш Худога нисбатан мустаҳкам имонни ривожлантиришга кўмаклашиб, қийинчиликлар пайтида аминлик бахш этади. (2 Бутр. 1:19–21)

18. Юҳанно 6:67, 68 га кўра, нима учун аниқ билим ва тўлиқ тушунчага эга бўлишимиз лозим?

18 Ҳар биримиз Худонинг чинакам хизматчиларини ажратиб турадиган севгини намоён этишимиз керак. Бундан ташқари, аниқ билим ва тўлиқ тушунчага эга бўлиши миз лозим. (Филип. 1:9) Акс ҳолда, «айёрлик билан йўлдан урадиган одамларни тинглаб, ҳар турли таълимотнинг», жумладан, муртадларнинг таъсирига берилишимиз мумкин. (Эфес. 4:14) Милодий биринчи асрда кўп шогирдлар Исонинг изидан юрмай қўйганида, ҳаворий Бутрус Исода «абадий ҳаётнинг сўзлари» борлигига ишончи комил эканини кўрсатган. (Юҳанно 6:67, 68 ни ўқинг.) Ўша пайтда Бутрус Исо ўргатган таълимотларнинг тафсилотларини охиригача тушунмаган бўлса-да, Исони Худо юборганига амин бўлгани учун садоқатли қолган. Сиз ҳам Муқаддас Китоб таълимотларига бўлган ишончингизни мустаҳкамлай оласиз. Бундай йўл тутсангиз, нима бўлишидан қатъи назар, имонингиз мустаҳкам бўлиб қолади. Шунингдек, бошқаларга кучли имонни ривожлантиришга кўмаклаша оласиз. (2 Юҳан. 1, 2)

72- ҚЎШИҚ Шоҳлик ҳақда ваъз қиламиз

^ абз. 5 Ушбу мақола Худонинг Каломидаги ишончли таълимотларни қадрлашимизга ёрдам беради. Ишонаётган нарсаларимиз ҳақиқат эканига бўлган ишончимизни қандай мустаҳкамлашимиз мумкинлигини ҳам муҳокама қиламиз.

^ абз. 10 Бошқалар билан Муқаддас Китоб таълимотлари асосида музокара юритиш учун «Қўриқчи минораси»да чиққан айрим сўнгги мақолаларга қаранг. Масалан, «Исо пайғамбар ҳақидаги саволларга жавоблар», «Худога яқинлаштирадиган ҳақиқат» ва «Худонинг Шоҳлиги ер юзи устидан қачон бошқаришни бошлайди?» номли мақолалар.

^ абз. 14 Мазкур башоратларни кўриб чиқиш учун «Қўриқчи минораси»нинг 2012 йил 15 июнь ва 2020 йил май сонларига қаранг.

^ абз. 60 РАСМГА ШАРҲ. Оилавий топиниш пайтида ота-она фарзандлари билан буюк мусибат борасидаги Муқаддас Китоб башоратларини тадқиқи қиляпти.

^ абз. 62 РАСМГА ШАРҲ. Буюк мусибат пайтида ўша оила бўлаётган воқеалардан ҳайрон қолмаяпти.