Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

30- ТАДҚИҚ МАҚОЛАСИ

Қадимги башоратнинг сиз учун аҳамияти

Қадимги башоратнинг сиз учун аҳамияти

Сен билан аёл орасига... адоват соламан. ИБТ. 3:15

15- ҚЎШИҚ Яҳованинг Ўғлини мадҳ этинг!

БУ МАҚОЛАДА a

1. Одамато ва Момоҳаво гуноҳ қилганидан кўп ўтмай Яҳова нима қилган? (Ибтидо 3:15)

 ОДАМАТО ва Момоҳаво гуноҳ қилганидан кўп ўтмай Яҳова муҳим бир башоратни айтиб, уларнинг авлодларига умид бахш этган. У нима деганини Ибтидо 3:15 дан (ўқинг) топишимиз мумкин.

2. Нега бу башорат муҳим?

2 Бу башорат Муқаддас Ёзувларнинг илк китобида ёзилган бўлиб, у ердаги барча китоблар билан қайсидир жиҳатдан боғлиқ. Масалан, бир китобнинг тикилган жойи саҳифаларини ўзаро боғлаб турганидек, Ибтидо 3:15 даги сўзлар ҳам Муқаддас Ёзувлардаги барча китобларни ўзаро боғлаб, битта хабарга йўналтиради. Бу хабар Худо Иблисни ва барча ёвуз тарафдорларини йўқ қиладиган Нажоткорни юборишидан иборат b. Яҳовани севадиганлар учун бу катта барака бўлади.

3. Бу мақолада нимани муҳокама қиламиз?

3 Бу мақолада қуйидаги саволларга жавоб оламиз: Ибтидо 3:15 даги башоратда кимлар назарда тутилган? У қай йўсин амалга ошяпти? Бу башоратдан қандай фойда олишимиз мумкин?

БАШОРАТДА КИМЛАР НАЗАРДА ТУТИЛГАН?

4. «Илон» кимни билдиради ва буни қаердан биламиз?

4 Ибтидо 3:14, 15 да «илон», «илоннинг зурриёти», «аёл» ва «аёлнинг зурриёти» ҳақида айтилган. Муқаддас Китоб ҳар бири кимни билдиришини аниқлашга ёрдам беради c. Келинг, «илондан» бошлаймиз. Том маънодаги илон Яҳова Адан боғида айтган сўзларни тушуна олмасди. Демак, Яҳова онгли мавжудотга ҳукм чиқарган. Хўш, у ким эди? Ваҳий 12:9 вазиятга ойдинлик киритишга ёрдам беради. Унга кўра, «алмисоқ илон» бу Шайтон Иблис. Қизиқ, унда илоннинг зурриёти ким экан?

ИЛОН

Ваҳий 12:9 дан Шайтон Иблис «алмисоқ илон» эканини билиб оляпмиз (4- хатбошига қаранг.)

5. Илоннинг зурриётига кимлар киради?

5 Муқаддас Китобда зурриёт сўзи мажозий маънода ишлатилганда, у рамзий отаси каби фикрлайдиган ва ҳаракат қиладиган шахсларга ишора қилади. Шу сингари, илоннинг зурриёти руҳий шахслар ва одамларни англатади. Улар ҳам Шайтон каби Тангри Яҳова ҳамда Унинг халқига қаршилик қилишяпти. Бу Нуҳ даврида осмондаги вазифаларини қолдириб кетган исёнкор фаришталарни ҳамда отаси Иблис каби йўл тутаётган ёвуз инсонларни ўз ичига олади. (Ибт. 6:1, 2; Юҳан. 8:44; 1 Юҳан. 5:19; Яҳд. 6)

ИЛОННИНГ ЗУРРИЁТИ

Тангри Яҳова ҳамда Унинг халқига қарши чиқаётган ёвуз руҳий мавжудотлар ва одамлар (5- хатбошига қаранг.)

6. Нега «аёл» Момоҳаво эмас деб айта оламиз?

6 Энди «аёл» кимлигини билиб олайлик. У Момоҳаво эмас. Нима учун? Бунинг бир сабабига назар солайлик. Ушбу башоратда аёлнинг зурриёти илоннинг бошини «эзиб ташлайди» деб айтилган. Ҳозир илон ёвуз фаришта Шайтонни англатишини билиб олдик. Момоҳавонинг номукаммал авлодларидан ҳеч бири уни эзиб ташлаш қобилиятига эга эмас. Хўш, унда ким Шайтонни йўқ қила олади?

7. Ибтидо 3:15 даги аёл кимни билдиради? (Ваҳий 12:1, 2, 5, 10)

7 Ибтидо 3:15 даги аёл кимлигини Муқаддас Ёзувларнинг охирги китобидан билиб оляпмиз. (Ваҳий 12:1, 2, 5, 10 ни ўқинг.) У оддий аёл эмас. Унинг оёқлари остида ой, бошида эса 12 юлдузли тожи бор. У ўзгача ўғил кўрди — Худонинг Шоҳлиги. Бу Шоҳлик осмонда, демак, аёл ҳам осмонда бўлиши керак. Аёл садоқатли фаришталардан иборат Яҳова ташкилотининг самодаги қисмини билдиради. (Галат. 4:26)

АЁЛ

Садоқатли фаришталардан иборат Яҳова ташкилотининг самодаги қисми (7- хатбошига қаранг.)

8. Аёл зурриётининг асосий қисми кимни билдиради ва у қачон асосий қисмга айланди? (Ибтидо 22:15–18)

8 Худонинг Каломи ёрдамида аёл зурриётининг асосий қисмини ҳам аниқлай оламиз. У Иброҳим Халилуллоҳнинг авлодидан дунёга келиши керак эди. (Ибтидо 22:15–18 ни ўқинг.) Башорат қилинганидек, Исо Масиҳ тўғридан-тўғри ушбу садоқатли инсондан келиб чиқди. (Луқо 3:23, 34) Лекин ушбу зурриёт Шайтон Иблисни эзиб ташлаш учун оддий инсонга қараганда қудратлироқ бўлиши лозим эди. Исо тахминан 30 ёшда бўлганида Худо уни муқаддас руҳ билан мойлади. Шу йўсин, у аёл зурриётининг асосий қисмига айланди. (Галат. 3:16) Исо Масиҳ ўлганидан ва тирилганидан кейин Аллоҳ «шон-шараф ва улуғворликни унга тож қилиб кийгизди» ва «еру осмондаги бутун ҳокимиятни», жумладан, «Иблиснинг ишларини барбод қилиш» ваколатини топширди. (Иброн. 2:7; Мат. 28:18; 1 Юҳан. 3:8)

АЁЛНИНГ ЗУРРИЁТИ

Исо Масиҳ ҳамда у билан бирга бошқарадиган 144 000 мойланган масиҳийлар (8-, 9- хатбошиларига қаранг.)

9, 10. а) Аёл зурриётининг иккинчи қисми кимлардан иборат ва улар қачон иккинчи қисмга айланди? б) Ҳозир нималарни кўриб чиқамиз?

9 Лекин зурриётнинг иккинчи қисми ҳам бор. Ҳаворий Павлус яҳудий ҳамда ўзга халқ вакиллари бўлган мойланган масиҳийларга қуйидагиларни айтганида ушбу қисмни ошкор қилган: «Агар Масиҳга тегишли бўлсангизлар, унда сизлар чинакамига Иброҳимнинг зурриёти, ваъдага кўра меросхўрсизлар». (Галат. 3:28, 29) Яҳова масиҳийни муқаддас руҳи билан мойлаганида, у аёл зурриётининг бир қисмига айланади. Шундай қилиб, зурриёт Исо Масиҳ ҳамда у билан бирга бошқарадиган 144 000 мойланганлардан иборат. (Ваҳ. 14:1) Уларнинг барчаси Отаси Яҳовага тақлид қилиб, У каби фикрлашга ва йўл тутишга ҳаракат қилади.

10 Ибтидо 3:15 да кимлар ҳақида айтилганини билдик. Энди бу башорат амалга ошиши учун Яҳова нима қилганига ва бу бизга қандай ёрдам беришига диққат қаратамиз.

БАШОРАТ ҚАНДАЙ АМАЛГА ОШДИ?

11. Қайси маънода аёл зурриётининг «товони» чақилди?

11 Ибтидо 3:15 га кўра, илон аёл зурриётининг «товонини» чақади. Бу башорат Шайтон яҳудий ва римликлардан фойдаланиб, Худонинг Ўғлини ўлдирганида амалга ошди. (Луқо 23:13, 20–24) Масалан, бирон кишининг товони жароҳатланганида у вақтинча юра олмайди. Худди шундай, Исонинг ўлими ҳам уни вақтинча фаолиятсиз қилди ва у уч кун қабрда ётди. (Мат. 16:21)

12. Илоннинг боши қачон ва қандай эзиб ташланади?

12 Ибтидо 3:15 дан Исо қабрда қолиб кетмаганини кўряпмиз. Нега? Чунки бу башоратга кўра, зурриёт илоннинг бошини эзиб ташлаши керак эди. Бу Исонинг товонидаги жароҳат битиб кетиши кераклигини англатарди. Шундай ҳам бўлди! Ўлимидан уч кун ўтгач, Исо ўлмас руҳий мавжудот сифатида тирилди. Худо тайинлаган вақтда Исо Шайтонни эзиб ташлайди. (Иброн. 2:14) Масиҳ ва у билан бошқарадиганлар Худонинг душманларини — илоннинг зурриётини йўқ қилади. (Ваҳ. 17:14; 20:4, 10) d

БАШОРАТДАН ҚАНДАЙ ФОЙДА ОЛИШИМИЗ МУМКИН?

13. Башорат амалга ошишидан қандай фойда оляпмиз?

13 Худонинг бағишланган хизматчиси бўлсангиз, ушбу башорат амалга ошишидан фойда оляпсиз. Исо ер юзига инсон сифатида келган. У Отасининг шахсиятига мукаммал тарзда тақлид қилган. (Юҳан. 14:9) Исо ҳақида ўрганиб, Тангри Яҳовани таниб-билишимиз ва севишимиз мумкин. Қолаверса, унинг таълимотларидан ва бугунги кунда имонлилар жамоатини қай йўсин йўналтираётганидан ҳам фойда олсак бўлади. Исо Яҳованинг марҳаматига эга бўлишимиз учун қандай ҳаёт тарзини кечиришимиз лозимлигини ўргатган. Барчамиз унинг товони чақилганидан, яъни ўлимидан фойда олишимиз мумкин. Қанақасига? Исо ўлганидан кейин Яҳова уни тирилтирди ва «бизни ҳар қандай гуноҳдан пок қиладиган» Ўғлининг қурбонлигини қабул этди. (1 Юҳан. 1:7)

14. Яҳованинг Адан боғида айтган башорати шу заҳоти амалга ошмаганини қаердан биламиз? Тушунтиринг.

14 Яҳованинг Адан боғида айтган сўзларидан шуни кўряпмизки, башорат бутунлай амалга ошиши учун вақт керак эди. Аёлдан ваъда қилинган зурриёт туғилиши, Иблис эса ўз тарафдорларини тўплаши ҳамда икки гуруҳ ўртасида адоват ёки нафрат пайдо бўлиши учун вақт керак бўларди. Ушбу башоратни тушуниш бизга фойда келтиради. Чунки ундан Шайтоннинг дунёси Яҳованинг халқидан нафратланишини билиб оляпмиз. Кейинчалик Исо ўз шогирдларини бундан огоҳлантирган. (Марк 13:13; Юҳан. 17:14) Айниқса, охирги 100 йил мобайнида башоратнинг ушбу қисми амалга ошаётганининг гувоҳи бўляпмиз. Қандай қилиб?

15. Нега бу дунёдагилар Худонинг халқидан ҳар қачонгидан ҳам кўпроқ нафратланяпти, лекин Шайтондан нега қўрқмаслигимиз керак?

15 1914 йили Исо Самовий Шоҳликда ҳукм суришни бошлаганидан кўп вақт ўтмай, Шайтон осмондан улоқтирилди. Ҳозир у фақат ер юзида ёвузликлар қилиб, йўқ бўлиш вақтини кутяпти. (Ваҳ. 12:9, 12) Аммо у ўшандан бери қўл қовуштириб ўтиргани йўқ. Шайтон Худонинг халқига қаҳр-ғазабини сочиб, ҳужум қиляпти. (Ваҳ. 12:13, 17) Бунинг дастидан ушбу дунёдагилар Худонинг халқидан ҳар қачонгидан ҳам кўпроқ нафратланяпти. Бироқ Шайтондан ва унинг тарафдорларидан қўрқмаслигимиз керак. Ҳаворий Павлус каби кучли ишончга эга бўлишимиз мумкин. У шундай деган: «Агар Тангри биз тарафда бўлса, унда ким бизга қарши чиқади?» (Рим. 8:31) Ҳа, Яҳовага тўлиқ ишонсак бўлади. Чунки кўриб чиққанимиздай, Ибтидо 3:15 даги башоратнинг аксар қисми амалга ошди.

16–18. Куртис, Урсула ва Жессика Ибтидо 3:15 даги башоратни тушунганидан қандай фойда олишди?

16 Ибтидо 3:15 даги ваъда қийинчиликларни енгишимизга ёрдам бериши мумкин. Гуам оролларида тўла вақтли махсус ваъзгўй бўлиб хизмат қиладиган Куртис шундай деб бўлишди: «Гоҳида, қийинчиликка дуч келганимда ва тушкунликка тушганимда Яҳовага содиқ қолиш қийин бўларди. Лекин Ибтидо 3:15 даги башорат устида мулоҳаза юритиш самовий Отамга бўлган имонимни мустаҳкамлашга ёрдам берган». Куртис Яҳова яқинда барча қийинчиликларга чек қўйишини интиқиб кутяпти.

17 Баварияда яшовчи Урсула исмли опамизнинг айтишича, Ибтидо 3:15 ни тушуниш Муқаддас Китоб Худо томонидан илҳомлантирилганига ишонишига кўмаклашди. Урсула бу башорат бошқалари билан қандай боғлиқ эканини кўрди. Бу уни қойил қолдирди. У шундай деди: «Умидга эга бўлишимиз учун Яҳова зудлик билан йўл тутганини билиб олганимда Унга бўлган севгим кучайди».

18 Микронезиядан бўлган Жессика шундай деди: «Ҳақиқатни топганимда нималарни ҳис қилганим ҳали ҳам ёдимда. Ибтидо 3:15 даги башорат амалга ошиб келяпти. Бу менга ҳозирги ҳаётимиз ҳақиқий эмаслигини англашга ёрдам берди. Шунингдек, ушбу башорат Яҳовага хизмат қилиш ҳозирнинг ўзида яхши ҳаётга етаклашига, келажакда эса бундан-да аълороқ баракалар олиб келишига бўлган ишончимни мустаҳкамлади».

19. Нега бу башоратнинг охирги қисми ҳам амалга ошишига аминмиз?

19 Ибтидо 3:15 даги башорат амалга ошиб боряпти. Аёлнинг ва илоннинг зурриёти аниқланди. Аёл зурриётининг асосий қисми бўлмиш Исонинг товони битиб кетди ва у ҳозир умри боқий, қудратли Шоҳдир. Осмонда Ўғли билан бирга бошқарадиганларни Яҳова деярли танлаб бўлди. Бу башоратнинг биринчи қисми амалга ошган экан, охирги қисми ҳам амалга ошади, яъни илоннинг боши эзиб ташланади. Бу юз берганида Худонинг хизматчилари роса суюнади. Унгача, келинг, таслим бўлмайлик. Зеро, Тангримиз ишончлидир. У аёлнинг зурриёти орқали «ер юзидаги барча халқлар»га битмас-туганмас баракалар келтиради. (Ибт. 22:18)

23- ҚЎШИҚ Яҳованинг Шоҳлиги бошқармоқда

a Ибтидо 3:15 даги башоратни тушунмасак, Муқаддас Китобни тўлиқ англаб ета олмаймиз. Ушбу башоратни тадқиқ қилиб, Яҳовага ҳамда У ваъдаларини амалга оширишига бўлган ишончимизни мустаҳкамлаймиз.

b «Янги дунё таржимаси»даги илованинг Б1 мавзуси, «Муқаддас Китобдаги хабар»га қаранг.

c «Ибтидо 3:14, 15...» номли рамкага қаранг.

d « Ибтидо 3:15 га оид баъзи муҳим воқеалар» номли рамкага қаранг.