Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

Яҳова ҳамда Исо сингари барчамиз якдил бўлайлик!

Яҳова ҳамда Исо сингари барчамиз якдил бўлайлик!

Илтимос қиламан: ҳаммалари бир бўлишсин. Отажон, Сен мен билан, мен эса Сен билан бирликда бўлганимиз каби. ЮҲАН. 17:20, 21

ҚЎШИҚЛАР: 16, 31

1, 2. а) Исо сўнгги бор кечки пайт ҳаворийлари билан ибодат қилганда нима ҳақида сўраган? б) Нега Исо бирлик ҳақида ташвишланган бўлиши мумкин?

ИСО ҳаворийлари билан сўнгги бор кечлик пайтида бирлик ҳақида ташвишланган эди. Улар билан ибодат қилганда, у ва Отаси сингари ҳамма шогирдлари бирликда бўлишини хоҳлаётганини айтган эди. (Юҳанно 17:20, 21 ни ўқинг.) Бу бирлик ажойиб шоҳидлик бўла оларди. Чунки шу йўсин Яҳова Ўз иродасини бажариш ниятида Исони ерга юборгани яққол кўринарди. Севги Исонинг ҳақиқий шогирдларини ажратиб турадиган белги бўлиб, уларнинг бирлигига ҳисса қўшиши керак эди. (Юҳан. 13:34, 35)

2 Исо бирликка урғу берганининг ажабланарли жойи йўқ. У ҳаворийлари унча якдил эмаслигини пайқагани учун, ўша кеча бирликни таъкидлаб ўтган. Масалан, бундан олдин «ораларида ким буюк деб ҳисобланиши кераклиги тўғрисида» қаттиқ баҳс-мунозара кўтарилган. (Луқо 22:24–27; Марк 9:33, 34) Бошқа сафар эса Ёқуб билан Юҳанно Самовий Шоҳликда Исонинг олдида бўлиб мартабали ўринларга эга бўлишларини сўраган. (Марк 10:35–40)

3. Масиҳнинг шогирдлари якдил бўлишига нима тўсқинлик қилган бўлиши мумкин ва бу мақолада қайси саволларни кўриб чиқамиз?

3 Аммо Масиҳнинг шогирдлари орасида мазкур баҳс-мунозара кўтарилганининг яна бошқа сабаби бор эди. Гап шундаки, Исо яшаган даврда одамлар нафрат ва юзхотирчилик дастидан бўлинган эди. Унинг шогирдлари бу салбий туйғуларни енгиши керак бўлган. Ушбу мақолада қуйидаги саволларни кўриб чиқамиз: «Исо юзхотирчилик қилмаслик борасида қандай ўрнак кўрсатган? Қай йўсин у издошлари бошқаларга нисбатан юзхотирчилик қилмай, якдилликни сақлашларига кўмаклашган? Қандай қилиб унинг ўрнагию таълимотлари якдил бўлишни ўрганишимизга ёрдам беради?»

ИСО ВА УНИНГ ИЗДОШЛАРИ ДУЧ КЕЛГАН ЮЗХОТИРЧИЛИК

4. Исо юзхотирчиликка дуч келгани борасида мисоллар келтиринг.

4 Исонинг ўзи ҳам юзхотирчиликка дуч келган. Мисол учун, Филип Натанилга Масиҳни топгани ҳақида айтганда, Натанил: «Носирадан ўзи бирон яхшилик чиққанми?» — деган. (Юҳан. 1:46) Эҳтимол, Натанил Михо 5:2 даги башоратни билган ва Носира Масиҳ ўсиб-улғайиши керак бўлган шаҳар бўлишга арзимайди деб ўйлагандир. Қолаверса, Исо Жалиладан бўлгани боис таниқли яҳудийлар ундан нафратланарди. (Юҳан. 7:52) Кўпгина яҳудийлар Жалиладан бўлган инсонларни менсимас эди. Бошқа яҳудийлар эса Исони самарияликсан дея камситарди. (Юҳан. 8:48) Самарияликлар ва яҳудийларнинг миллатию дини орасида фарқ бор эди. Яҳудийлар ҳамда жалилаликлар самарияликларни назарига илишмасди ва улар билан алоқа қилишмас эди. (Юҳан. 4:9)

5. Исонинг шогирдлари қандай юзхотирчиликка дуч келган?

5 Яҳудий дин раҳбарлари ҳам Исонинг издошларини ёмон кўришарди. Фарзийлар уларни лаънатланган деб ҳисоблашарди. (Юҳан. 7:47–49) Улар диний мактабларда таҳсил олмаган ёки урф-одатларига риоя қилмаган ҳар қандай кишини арзимас ва оддий одам деб билган. (Ҳавор. 4:13, изоҳ) Ўша пайтда диний, ижтимоий ва ирқий бўлинишлар тарқалгани дастидан, Исо ва унинг шогирдлари юзхотирчиликдан азият чекишган. Шогирдларга ҳам нотўғри фикрлаш тарзи таъсир қилган. Бирликни сақлаб қолиш учун улар нуқтаи назарини ўзгартириши керак эди.

6. Юзхотирчилик бизга қандай таъсир қилиши мумкин? Мисоллар келтиринг.

6 Бугунги кунда, кўпчилигимиз юзхотирчиликка тўлиб-тошган жойларда яшаймиз. Биз юзхотирчилик қурбони бўлаётгандирмиз ёки ўзимиз бошқаларга нисбатан юзхотирчилик намоён этаётгандирмиз. Австралиядаги бир кашшоф қуйидагича тушунтирди: «Оқ танли одамлар аборигенларга ёмон муносабатда бўлганини кузатганим сайин оқ танли одамларга бўлган нафратим ошарди. Бундан ташқари, ўзим ҳам таҳқирланганим учун нафратим кучаярди». Канадалик биродар эса қачонлардир тил туфайли юзхотирчилик намоён этганини айтди. У: «Француз забон кишиларни юксакроқ деб ўйлардим. Инглиз тилида гапирадиган одамларни эса ёқтирмас эдим»,— деди.

7. Исо юзхотирчилик қилмаслик борасида қандай ўрнак кўрсатган?

7 Исонинг даврида бўлганидай, бугун ҳам юзхотирчилик одамлар онгида чуқур ўрнашган бўлиши мумкин. Хўш, Исо юзхотирчилик қилмаслик борасида қандай ўрнак кўрсатган? Биринчидан, унинг ўзи юзхотирчилик қилмаган. У беғараз эди. Исо бою камбағалларга, фарзийлару саддуқийларга ва ҳатто солиқчию гуноҳкорларга ҳам ваъз қилган. Иккинчидан, таълимотларию ўрнаги билан Исо шогирдларига бошқаларга нисбатан гумонларини енгиши ёки юзхотирчилик қилмасликлари кераклигини кўрсатган.

ЮЗХОТИРЧИЛИКНИ СЕВГИ ВА КАМТАРЛИК БИЛАН ЕНГИНГ

8. Якдиллигимизнинг асоси бўлган муҳим бир принцип қандай? Тушунтиринг.

8 Исо якдиллигимизнинг асоси бўлган муҳим бир принципни аён этган. У: «Барчангиз биродарсизлар»,— деган. (Матто 23:8, 9 ни ўқинг.) Барчамиз Одаматонинг авлоди бўлганимиз боис қайсидир маънода «биродарлармиз». (Ҳавор. 17:26) Аммо бунга бошқа сабаблар ҳам бор. Исо тушунтирганидай, шогирдлари Яҳовани самовий Отаси сифатида тан олишгани учун бир-бирига ака-ука ва опа-сингилдир. (Мат. 12:50) Қолаверса, улар севги ва имон орқали бирлашган улкан маънавий битта оила аъзоларидир. Шунинг учун, ҳаворийлар кўпинча ўз мактубларида имондошларига «биродарлар» деб мурожаат қилишган. (Рим. 1:13; 1 Бутр. 2:17; 1 Юҳан. 3:13) *

9, 10. а) Нима учун яҳудийларда ўз ирқи билан мағрурланишга сабаб йўқ эди? б) Ўз ирқи билан мағрурланиш нотўғри эканини Исо қай йўсин таъкидлаган? (Очқич оятнинг юқорисидаги 1- расмга қаранг.)

9 Исо шогирдлари бир-бирини ака-ука ва опа-сингил деб билиши керак дегандан сўнг, камтарин бўлиш муҳим эканини ҳам таъкидлаган. (Матто 23:11, 12 ни ўқинг.) Эътибор берганимиздек, ҳаворийлар орасидаги бирлик сусайишига мағрурлик сабаб бўлган. Бунинг устига, одамлар ўз ирқи билан мағрурланган. Кўп яҳудийлар ўзини Иброҳимнинг авлодлари деб ҳисоблагани учун бошқалардан устунроқмиз деб ўйлаган. Лекин одамларни сувга чўмдириб юрган Яҳё уларга: «Тангри мана шу тошлардан Иброҳимга зурриёт яратишга қодир»,— деб айтган. (Луқо 3:8)

10 Исо ўз ирқи билан мағрурланиш нотўғри эканини таъкидлаган. Масалан, бир уламо Исодан: «Менинг яқиним ким?» — деб сўраганда у буни аниқ тушунтирган. Исо жавоб тариқасида, қароқчилар дўппослаб кетган яҳудий бир кишига самариялик йўловчи меҳр ила ғамхўрлик қилгани ҳақида ҳикоя айтиб берган. Гарчи яҳудийлар ўша бечорага парво қилмаган бўлса-да, самариялик киши унга раҳм қилган экан. Исо ўша уламо ҳам самарияликка ўхшаб йўл тутиши керак деб ҳикоясига якун ясаган. (Луқо 10:25–37) Исо бу ҳикоя ёрдамида, самариялик киши яҳудийларга барчани севиш борасида ўрнак қолдирганини кўрсатган.

11. Нега шогирдлар бошқа халқ вакилларига юзхотирчилик намоён этмасликлари керак эди ва Исо уларга буни тушунишга қандай кўмаклашган?

11 Исонинг шогирдлари уларга тайинланган вазифани бажаришлари учун мағрурликни енгиб, юзхотирчилик қилмасликлари керак эди. Исо осмонга кўтарилишдан аввал уларга «бутун Яҳудия ҳамда Самарияда ва ҳатто ернинг четларига қадар» шоҳидлик беришни тайинлаган. (Ҳавор. 1:8) Исо бундан олдинроқ шогирдларининг диққатини бошқа халқ вакилларининг фазилатларига қаратиб, шу каби улкан вазифа учун уларни тайёрлаган. Масалан, у бошқа халқ вакили бўлган юзбошини кучли имони учун мақтаб ўтган. (Мат. 8:5–10) Исо она шаҳри Носирада, Зорафатдаги финикиялик бева аёлга ва мохов касаллигига йўлиққан суриялик Нўмонга Яҳова қандай ёрдам берганини айтиб берган. (Луқо 4:25–27) Шунингдек, Исо самариялик аёлга ваъз қилган ва самарияликларнинг шаҳрида икки кунга қолган. Чунки улар хушхабарга қизиқиш кўрсатган. (Юҳан. 4:21–24, 40)

БИРИНЧИ АСРДАГИ МАСИҲИЙЛАР ЮЗХОТИРЧИЛИК БИЛАН КУРАШГАН

12, 13. а) Ҳаворийлар Исо самариялик аёлга ваъз қилаётганини кўрганда қандай муносабат билдирди? (Очқич оятнинг юқорисидаги 2- расмга қаранг.) б) Ёқуб билан Юҳанно Исо ўргатмоқчи бўлган сабоқни унча тушунишмагани нимадан аён бўляпти?

12 Ҳаворийларга юзхотирчиликдан қутулиш осон бўлмаган. Улар Исо самариялик аёлга ваъз қилаётганини кўриб ҳайрон қолишган. (Юҳан. 4:9, 27) Негаки, яҳудий дин вакиллари омма олдида аёллар билан гаплашмас эди. Ёмон обрўга эга бўлган самариялик аёл билан суҳбатлашиш ҳақида эса гапирмаса ҳам бўлади. Ҳаворийлар Исони овқатланишга таклиф қилишган, бироқ у бу аёл билан маънавий суҳбат қуришга шунчалик берилиб кетганки, ҳатто овқатланиш ҳам муҳим бўлмай қолган. Ҳатто самариялик аёлга бўлса ҳам ваъз қилиш — Исо учун Отасининг иродаси бўлиб, худди овқат каби бўлган. (Юҳан. 4:31–34)

13 Ёқуб ва Юҳанно бу муҳим сабоқни тушунмади. Шогирдлар Исо билан Самарияда бўлганда, тунаб қолиш учун у ердаги бирон қишлоқда жой излашди. Самарияликлар уларни қабул қилмаганда, Ёқуб билан Юҳаннонинг аччиғи келиб, осмондан олов тушиб ўша қишлоқни гумдон қилишни таклиф қилди. Исо уларга танбеҳ берди. (Луқо 9:51–56) Эҳтимол, бу ҳодиса Ёқуб билан Юҳаннонинг она юрти Жалилада юз берганида, уларнинг шу қадар жаҳли чиқмаган бўларди. Улар юзхотирчилик намоён этишгани боис ғазабга минганга ўхшайди. Кейинчалик ҳаворий Юҳанно самарияликларга ваъз қилганда, уларнинг кўпи қизиқиш билдиради ва у илгари тутган йўлидан хижолат бўлиб қолгандир. (Ҳавор. 8:14, 25)

14. Турли тилда гапирадиганлар орасида пайдо бўлган муаммо қандай ҳал қилинди?

14 Мил. 33 йили Ҳосил байрамидан кўп ўтмай, жамоатда бир муаммо юз берди. Муҳтож беваларга ризқ-рўз тақсимланаётганда, юнон тилида гапирувчи бевалар четлаб ўтилаётганди. (Ҳавор. 6:1) Эҳтимол, бу тил билан боғлиқ бўлган юзхотирчилик сабабли юз бергандир. Ҳаворийлар ризқ-рўзни тақсимлаш учун тажрибали эркак кишиларни тайинлаб, бу муаммони тезда ҳал қилишди. Маънан етук бу барча биродарларнинг исмлари юнонча эди. Хафа бўлган бевалар учун бу тасалли бўлгандир.

15. Қандай қилиб Бутрус ҳеч кимга юзхотирчилик қилмасликка ўрганган? (Очқич оятнинг юқорисидаги 3- расмга қаранг.)

15 Мил. 36 йили шогирдлар барча халқлардаги инсонларга ваъз қила бошлашди. Мисол учун, ҳаворий Бутрус фақатгина яҳудийлар билан мулоқот қиларди. Лекин Худо масиҳийлар юзхотирчилик қилмасликлари кераклигини аниқ кўрсатгандан сўнг, у Рим аскари Корнилийга ваъз қилди. (Ҳаворийлар 10:28, 34, 35 ни ўқинг.) Вақт ўтгач, Бутрус ўзга халқ вакили бўлган имондошлари билан овқатланиб, мулоқот қилишни ёқтирадиган бўлди. Аммо бир неча йил ўтиб, Бутрус Антиохия шаҳрида ўзга халқ вакили бўлган масиҳийлар билан еб-ичмай қўйди. (Галат. 2:11–14) Шунда Павлус Бутрусга танбеҳ берган ва у буни қабул қилган. Бутрус Кичик Осиёдаги яҳудий ва ўзга халқ вакили бўлган масиҳийларга йўллаган илк мактубида барча имондошларни севиш муҳим экани ҳақида ёзган. (1 Бутр. 1:1; 2:17)

16. Илк масиҳийлар нимаси билан таниқли эди?

16 Шубҳасизки, ҳаворийлар «ҳар турли инсонларни» севишни Исодан ўрганишган. (Юҳан. 12:32; 1 Тим. 4:10) Гарчи бунга вақт керак бўлган бўлса-да, улар фикрлаш тарзини ўзгартиришган. Ҳа, илк масиҳийлар бир-бирини севгани билан танилган. Иккинчи асрдаги Тертуллиан исмли ёзувчи масиҳий бўлмаган кишиларнинг қуйидаги сўзларини келтирган: «Улар бир-бирини яхши кўради... Улар бир-бири учун ҳатто ўлишга тайёр». Илк масиҳийлар «янги ўзликни кийиб олиб», барча инсонларга Худонинг нуқтаи назари билан қарашга ўрганишган. (Колос. 3:10, 11)

17. Қандай қилиб қалбимиздаги юзхотирчиликни суғуриб ташлашимиз мумкин? Мисоллар келтиринг.

17 Бугун ҳам қалбимиздаги юзхотирчиликни суғуриб ташлашимиз учун вақт керакдир. Франциядаги бир имондошимиз ўз кураши ҳақида қуйидагиларни айтди: «Яҳова менга севги, уни намоён этиш ва барча одамларни севиш нимани англатишини ошкор этди. Шундай бўлса-да, бошқаларга нисбатан юзхотирчиликни енгишга ҳалигача ўрганяпман ва бу доим ҳам осон эмас. Шу боис, бу ҳақда тинмай ибодат қиламан». Испаниядаги имондошимиз ҳам шунга ўхшаш кураш олиб боряпти. У қуйидагича бўлишди: «Баъзида, муайян халқ вакилларига нисбатан ҳис этадиган салбий туйғулар билан кураш олиб бораман ва кўп ҳолларда муваффақиятга эришаман. Лекин бунда тўхтаб қолмаслигим кераклигини биламан. Яҳовадан миннатдорман, чунки якдил оиланинг бахтиёр аъзосиман». Ҳар биримиз ўзимизни холисона текшириб кўрсак бўлади. Балки ушбу имондошларимиз каби биз ҳам юзхотирчилик туйғуларидан халос бўлиш учун курашишимиз керакдир.

СЕВГИ ОШГАНИ САЙИН ЮЗХОТИРЧИЛИК ЙЎҚОЛАДИ

18, 19. а) Ҳар бир кишини қабул қилишимиз учун қандай сабаблар бор? б) Буни амалда қандай қила оламиз?

18 Қачондир барчамиз «бегона», яъни Аллоҳдан узоқ бўлганимизни ёдда тутсак яхши бўларди. (Эфес. 2:12) Бироқ Тангри Яҳова бизни Ўзига «севги ила» жалб қилган. (Ҳўш. 11:4, изоҳ; Юҳан. 6:44) Исо Масиҳ бизни қабул қилган. У орқали Худо оиласининг аъзоси бўла оламиз. (Римликларга 15:7 ни ўқинг.) Номукаммал бўлсак-да, Исо бизни қабул қилган экан, кимнидир рад этишни ҳатто хаёлга ҳам келтирмаслигимиз лозим.

Яҳованинг хизматчилари юқоридан тушган доноликка эга бўлишга интилади (19- хатбошига қаранг.)

19 Бу ёвуз дунё ўз поёнига етаётган экан, бўлинишлар, юзхотирчилик ва адоват авжига чиқиши шубҳасиз. (Галат. 5:19–21; 2 Тим. 3:13) Худованд Яҳованинг хизматчилари эканмиз юқоридан тушган доноликка эга бўлишга ҳаракат қиламиз, чунки у юзхотирчилик қилмаслигимизга ва тинчлик ўрнатишга кўмаклашади. (Ёқб. 3:17, 18) Бошқа мамлакатдан бўлган одамлар билан дўстлашишдан завқ оламиз ва уларнинг маданиятидаги фарқни қабул қиламиз, эҳтимол, ҳатто тилини ҳам ўрганармиз. Бундай йўл тутсак, гўё дарёдай бўлган хотиржамлик ва денгиз тўлқинларидай бўлган адолатдан завқ топамиз. (Ишаё 48:17, 18)

20. Севги онгимизу қалбимизни шакллантирганда нима юз беради?

20 Юқорида тилга олинган Австралиядаги имондошимиз: «Ҳақиқий билим қопқалари мен учун очилди»,— деди. Муқаддас Китобни тадқиқ қилиш унга таъсир қилганини тан олиб, у шундай деди: «Қалбим ва онгим янгитдан шаклланди. Шу сабабли, менга сингиб кетган юзхотирчилик ва нафратдан халос бўлдим». Канадалик биродаримиз эса шуни тушундики, «бошқаларни менсимаслик кўпинча ирқчиликка олиб келади, одамларнинг фазилатлари улар туғилган жойига боғлиқ эмас». У инглиз забон опамизга уйланди. Бундай ўзгариш масиҳийлар намоён этадиган севги туфайли юз берди ва юзхотирчилик устидан ғалаба қозонди. Дарҳақиқат, бу асло узилмас ришталар бизни бирлаштириб турибди! (Колос. 3:14)

^ абз. 8 «Биродарлар» ибораси жамоатдаги опа-сингилларни ҳам ўз ичига олади. Павлус Римликларга йўллаган мактубида имондошларига «биродарлар» деб мурожаат қилган. Буни опа-сингилларга ҳам мурожаат деса бўлади, чунки у уларнинг айримларини исми бўйича эслатиб ўтган. (Рим. 16:3, 6, 12) Кўп йиллар давомида «Қўриқчи минораси» журналида жамоатдаги масиҳийларга нисбатан «биродару опа-сингиллар» ибораси қўлланиб келиняпти.