Биласизми?
Қадимда инсонлар йиллар ва ойларни қандай аниқлашган?
ИБРОНИЙЛАР ваъда қилинган юртда бўлганида, йил ерни шудгор қилиш ва уруғ сепиш пайтидан бошланарди. Бу ҳозирги сентябрь ва октябрь ойларига тўғри келади.
Одамлар ой қанча давом этишини осмондаги ойнинг айланиш даврига қараб ҳисоблашарди, у тахминан 29 ёки 30 кундан иборат эди. Йилнинг давомийлигини эса қуёшга қараб аниқлашарди. Лекин ойнинг айланиш даврига қараб белгиланган йил қуёшга қараб белгиланган йилдан қисқароқ эди. Бундай фарқ бўлмаслиги учун улар бирон чора кўриши керак эди. Бунинг учун, улар эҳтимол, навбатдаги йил бошланишидан аввал қўшимча кун ёки вақти-вақти билан қўшимча ой киритишган. Шундай қилиб, календарь экиш ёки ўрим-йиғим мавсумидан бошланган.
Аммо Мусонинг даврига келиб, Худо исроилликларга йилнинг биринчи ойи абиб ёки нисон бўлиши кераклигини айтган. (Чиқ. 12:2; 13:4) Бу тахминан март ва апрель ойларига тўғри келади. Нисон ойида исроилликлар байрам нишонлаб, арпанинг илк ҳосилидан муайян қисмини Худога тақдим этишарди. (Чиқ. 23:15, 16)
Эмиль Шюрер исмли олим яҳудийларнинг тарихи ҳақидаги бир китобда шундай ёзган: «Календарга қўшимча ойни қачон қўшиш кераклигини аниқлаш осон бўлган. Фисиҳ байрами нисон ойининг тўлин ой чиққанида (14 нисонда) нишонланиши керак эди. Шунингдек, у доим баҳорги тенг кунликдан кейин бўлиши лозим эди. [...] Агар яҳудийлар йил охирида Фисиҳ байрами баҳорги тенг кунликдан аввалига тўғри келаётганини аниқлашса, нисондан олдин яна бир ой [13- ой] қўшишарди». («The History of the Jewish People in the Age of Jesus Christ, 175 B.C.–A.D. 135»)
Яҳованинг Шоҳидлари бу усулдан фойдаланиб, Қутлуғ Кечлик маросими қайси санада ўтиши кераклигини аниқлайди. Бу маросим баҳорга ва ибронийча календарь бўйича 14 нисонга тўғри келади. Маросим қачон ўтиши ҳақида бутун ер юзидаги жамоатларга олдиндан хабар берилади *.
Қизиқ, ибронийлар ой тугаганини ва янгиси бошланганини қандай билишган? Ҳозирги кунда шунчаки календарни очиб, буни аниқлаш мумкин. Аммо қадимда бу осон эмас эди.
Нуҳнинг даврида ҳар бир ой 30 кундан иборат бўлган. (Ибт. 7:11, 24; 8:3, 4) Кейинчалик, ибронийлар даврида ҳар бир ой 30 кун давом этмаган. Улар учун ҳар бир ой янги ой чиққанидан бошланган. Бу олдинги ойнинг 29- ёки 30- кунидан кейинги вақтга тўғри келган.
Бир сафар, Довуд ва Йўнатан янги ой бошланиши ҳақида: «Эртага янги ой чиқади»,— деб айтишган. (1 Шоҳ. 20:5, 18) Демак, мил. авв. 11 асргача ойлар олдиндан ҳисоблаб чиқилганга ўхшайди. Исроилликлар янги ой бошланганини қаердан билишган? Яҳудийларнинг оғзаки қонунлари ва урф-одатлари тўплами бўлмиш Мишнада бу ҳақида маълумот берилган. Яҳудийлар Бобил сургунлигидан қайтиб келгач, Олий Кенгаш (яҳудийларнинг олий маҳкамаси) буни ҳал қилган. Байрамлар нишонланган етти ой давомида кенгаш ҳар бир ойнинг 30- кунида йиғилиб, кейинги ой қачон бошланишини белгилаган. Бу қандай қилинган?
Қуддуснинг атрофидаги тепаликларда қўриқчилар кечаси осмонга қараб, янги ойнинг илк нурини кутишарди. Сўнг улар дарров Олий Кенгашга бу ҳақда хабар беришарди. Кенгашдагилар етарлича далилларга эга бўлганини тушунишгач, янги ой бошланганини эълон қилишарди. Борди-ю, осмонни булутлар ёки буғ қоплагани учун янги ойнинг нури кўринмаса-чи? Ўшанда, бу
ой 30 кундан иборат экани ва янги ой бошланиши мумкинлиги эълон қилинарди.Мишнада ёзилишича, Олий Кенгашнинг қарорини эълон қилиш учун Қуддус яқинидаги Зайтун тоғида оловли белги бериларди. Бутун Исроил бўйлаб бу хабарни бошқаларга етказиш учун барча тепаликларда гулхан ёқишарди. Кейинчалик хабар етказиш усули ўзгариб, хабарчилар жўнатиларди. Шундай қилиб, Қуддусдаги ва бошқа жойлардаги яҳудийлар янги ой бошланганини биларди. Натижада мавсумий байрамлар бир хил вақтда нишонланарди.
Ибронийча ойлар, байрамлар ва фасллар бир-бири билан қандай боғлиқ бўлганини тушуниш учун келтирилган рамкани кўриб чиқиш фойдали бўлар.
^ «Қўриқчи минораси»нинг 1992 йил br2 (рус) сонидаги 17- саҳифага ва 1978 йил 1 май (рус) сонидаги «Ўқувчиларнинг саволлари»га қаранг.