Мўл-кўл ҳосил!
ИСО охирзамонда издошлари ҳосил мўллигидан қувонишларини башорат қилган. (Мат. 9:37; 24:14) Украинанинг Закарпатье вилоятида унинг сўзлари ўзгача тарзда амалга ошганига диққат қаратинг. Бу вилоятдаги фақатгина учта қўшни шаҳарнинг ўзида 50 та жамоат ва 5 400 дан ошиқ ваъзгўй бор *. Ҳа, мазкур учта шаҳарнинг аҳолисини умумий ҳисоблаганда, ҳар тўрт кишининг бири Яҳованинг Шоҳиди.
Бу ҳудудда қандай одамлар яшайди? «Бу ердаги одамлар Муқаддас Китобни ҳурмат қилади, адолатни қадрлайди, мустаҳкам оилавий ришталарга эга ва самимият билан бир-бирига ёрдам беришга ҳаракат қилади»,— деб бўлишди шу ерда яшовчи Василе биродаримиз. У давом этиб: «Улар доим ҳам бизнинг эътиқодимизга қўшилишмаса-да, Муқаддас Китобдан бирор нарса ўқиб берсак, диққат билан тинглашади»,— деди.
Хушхабарни эълон қилиш керак бўлган одамларга нисбатан ваъзгўйлар сони юқори бўлгани учун бу ҳудуддаги имондошларимиз хизматда ўзгача қийинчиликка дуч келмоқда. Масалан, бир жамоатда 134 та ваъзгўй бор ва уларнинг ҳудудида бор-йўғи 50 та уй бор! Хўш, қандай қилиб ваъзгўйлар бу вазиятга мослашяпти?
Кўп имондошларимиз эҳтиёж катта бўлган ҳудудларда хизмат қилишга хоҳиш билдирди. Мисол учун, ёши 90 да бўлган Йонаш биродаримиз шундай дейди: «Жамоатимиз ҳудудидаги 1 та уйга 2 та ваъзгўй тўғри келяпти. Мен қишлоқда ваъз қиламан, аммо соғлигим ёмонлашгунига қадар, деярли 160 км узоқликда жойлашган тайинланмаган ҳудудга бориб, венгер тилида ваъз қилардим». Бошқа ҳудудларда ёрдам бериш учун ваъзгўйлар қурбонликларга боришади. Йонаш биродаримиз яна шуларни қўшимча қилди: «Поездга улгуриш учун саҳар 4 да турардим ва у кечки 6 да ортга қайтгунигача ваъз қилардим. Мен буни ҳафтада икки-уч марта қилардим». У қилган меҳнатларини арзигулик деб биладими? У: «Мен бу хизматда кўп қувонч топдим. Олис ҳудудда яшовчи оилага ҳақиқатни ўрганишига ҳисса қўшганимдан жуда мамнунман»,— деб айтди.
Албатта, бу ҳудуддаги жамоатларда бўлганларнинг ҳаммаси ҳам узоқ жойларга бора олмайди. Лекин барча, жумладан, ёши улуғ ваъзгўйлар ҳам маҳаллий ҳудудда кенг шоҳидлик бериш учун жон куйдирмоқда. Натижада, 2017 йили Қутлуғ Кечлик маросимига ваъзгўйлар сонидан деярли икки баробар кўп одам ёки бу учта шаҳар аҳолисининг ярми ташриф буюрди. Шубҳасизки, қаерда хизмат қилмайлик «доимо Раббимизнинг иши билан банд бўлишимиз» мумкин. (1 Кор. 15:58)
^ абз. 2 Бу шаҳарларнинг номи Глубокий Поток, Среднее Водяное ва Нижняя Апша.