Тарбия бериш Аллоҳ севгисидан далолатдир
Яҳова Ўзи севган инсонга тарбия беради. ИБРОН. 12:6
1. «Тарбия бериш» ибораси Муқаддас Китобда кўпинча қайси маънони билдиради?
«ТАРБИЯ БЕРИШ» иборасини эшитганингизда, хаёлингизга нималар келади? Кўпларнинг фикрича, бу кимнидир ўргатиш демакдир. Бироқ тарбия бериш кўпроқ нарсани англатади. Бу тузатиш, панд-насиҳат бериш ва жазолашни ҳам билдириши мумкин. Шу боис, Худо бизга тарбия берганда, гоҳида бу жазолашни ҳам ўз ичига олиши мумкин. Аммо бу ҳеч қачон камситадиган ёки қўпол тарзда бўлмайди. Аксинча, тарбия Худонинг бизга нисбатан севгисини ва У абадий ҳаётга эга бўлишимизни хоҳлаётганини кўрсатади. (Иброн. 12:6) Муқаддас Китобга кўра, тарбия бизга фойда келтиради. Муқаддас Ёзувларда у баъзида билим, донолик, севги ва ҳаёт сўзлари билан ёнма-ён келади. (Ҳик. 1:2–7; 4:11–13) Дарҳақиқат, «тарбия бериш» иборасининг асосий маъноси таълим беришни англатади. У худди ота-она яхши кўрган боласига берадиган таълим-тарбия кабидир.
2, 3. Қай йўсин тарбия ҳам панд-насиҳатни, ҳам жазолашни ўз ичига олиши мумкин? (Очқич оятнинг юқорисидаги расмга қаранг.)
2 Бир мисол ҳақида ўйлаб кўрайлик. Жонни исмли бир болакай уйда копток ўйнабди. Онаси: «Жонни, уйда копток
ўйнама. Ниманидир синдириб қўясан»,— дебди. Аммо у онасига қулоқ солмай, коптокни ўйнайверибди ва бехосдан кўзани синдирибди. Хўш, онаси унга тарбия бериш учун нима қилади? Балки, у ўғлига тарбия бериб, озгина жазолар. У Жонни нотўғри иш қилганини тушунтириб тарбиялар. Онаси унга ота-онасига бўйсуниш яхши ва уларнинг қоидалари зарурий ҳамда ўринли эканини тушунтириши мумкин. Сўзларини тасдиқлаш ниятида онаси айрим чоралар ҳам кўрар. Масалан, муайян вақтга Жоннининг коптогини олиб қўяр. Шунда болакай итоатсизлик қандай оқибатларга олиб келиши мумкинлигини тушунар.3 Биз, имонлилар жамоатининг аъзолари сифатида Худо уйининг бир қисми деб саналамиз. (1 Тим. 3:15) Шу боис, Яҳова адолатли меъёрлар ўрнатишга ва уларга риоя қилмаганимизда бизни тарбиялашга ҳақли эканини тан оламиз. Қолаверса, қилган ишимиз ёмон оқибатларга олиб келган бўлса, самовий Отамизнинг панд-насиҳати туфайли Унга қулоқ солиш қанчалар муҳим эканини эслаймиз. (Галат. 6:7) Аллоҳ бизга ғамхўрлик қилиб, азоб чекишимизни сира ҳам истамайди. (1 Бутр. 5:6, 7)
4. а) Яҳова қандай тарбия бериш усулига барака беради? б) Ушбу мақолада нимага диққат қаратамиз?
4 Муқаддас Китоб асосида тарбия бериб, боламизга ёки тадқиқ ўтаётган кишига Масиҳнинг издоши бўлиш мақсадига эришишга кўмаклаша оламиз. Худонинг Каломи — «адолат йўлида тарбиялашда» қўлланиладиган асосий асбобимиз. Шу йўсин, фарзандимиз ёки тадқиқ ўтаётган инсон буни тушуниб, Исо бизга «амр этган ҳамма нарсага» амал қила олади. (2 Тим. 3:16; Мат. 28:19, 20) Бундай тарбиялаш усулига Яҳова барака беради. Зеро у туфайли улар ҳам Масиҳнинг шогирдларини тайёрлай олишади. (Титусга 2:11–14 ни ўқинг.) Келинг, қуйидаги учта муҳим саволга диққат қаратайлик: 1) Қандай қилиб Худонинг панд-насиҳатида Унинг севгиси акс этади? 2) Ўтмишда Худо тарбиялаган инсонларнинг мисолидан қандай сабоқ олсак бўлади? 3) Тарбия бераётиб, Яҳова ҳамда Исога қандай тақлид қилишимиз мумкин?
ХУДО СЕВГИ ИЛА ТАРБИЯЛАЙДИ
5. Қай йўсин тарбия бериш Яҳованинг бизга нисбатан севгисини акс эттиради?
5 Яҳова севгани туфайли бизни тузатади, таълим беради ва тарбиялайди. Биз Унинг меҳр-муҳаббати остида бўлиб, ҳаёт йўлидан оғмаслигимизни хоҳлайди. (1 Юҳан. 4:16) У ўзимизни нолойиқ ҳис этмаслигимиз учун ҳеч қачон бизни камситмайди ва зарар келтирмайди. (Ҳик. 12:18) Аксинча, Яҳова яхши томонларимизга эътибор қаратиб, ирода эркинлигимизни ҳурмат қилади ва бу билан бизга илтифот кўрсатади. Хўш, Худонинг тарбиясини Унинг Каломи, адабиётларимиз, художўй ота-онамиз ёки оқсоқоллардан олганимизда бунга тўғри муносабатда бўляпмизми? Эҳтимол, билмасдан «хато қилиб қўйсак» оқсоқоллар бизни мулойимлик ва севги ила тузатишга интилишади. Шундай қилиб, улар Яҳованинг бизга нисбатан севгисини акс эттиришади. (Галат. 6:1)
6. Тарбия бериш баъзида вазифалардан маҳрум бўлишни ўз ичига олганда ҳам нега бу Худонинг севгисидан далолатдир?
6 Баъзида тарбия маслаҳат беришдан кўра кўпроқ нарсани ўз ичига олиши мумкин. Масалан, кимдир жиддий гуноҳ қилиб қўйса, у жамоатдаги вазифаларидан маҳрум бўлади. Ҳатто бундай ҳолларда ҳам, шу йўсин тарбия бериш Аллоҳнинг бизга нисбатан севгисини кўрсатади. Мисол учун, вазифаларни йўқотиш кишига Муқаддас Китобни шахсан тадқиқ қилиш, мулоҳаза юритиш ва ибодат қилиш қанчалик муҳим эканини фаҳмлашга кўпроқ ёрдам беради. Шунда у маънан мустаҳкамланиши мумкин. (Заб. ) Вақт ўтгач эса у яна муайян вазифалар бажариши мумкин бўлади. Ҳатто жамоатдан четлатилиш ҳам Яҳованинг севгисини акс этади. Негаки, бу жамоатни ёмон таъсирдан ҳимоя қилади. ( 19:71 Кор. 5:6, 7, 11) Худонинг тарбияси муносиб чора экан, жамоатдан четлатилиш гуноҳга қўл урган кишини бу қанчалар жиддий эканини англаб, тавба қилишга чорлайди. (Ҳавор. 3:19)
ЯҲОВАНИНГ ТАРБИЯСИ ФОЙДАЛИДИР
7. Шавна ким эди ва қандай салбий хислатни ривожлантира бошлади?
7 Панд-насиҳат ўта муҳим эканини англашимизга Яҳова тарбиялаган иккита шахснинг мисолини кўриб чиқиш кўмаклашади. Бу шоҳ Ҳизқиё даврида яшаган Шавна ва бизнинг замонимиздаги Грэхэм исмли биродар. Шавна, эҳтимол, Ҳизқиёнинг саройида «иш бошқарувчи» бўлиб, муайян ҳокимиятга эга эди. (Ишаё 22:15) Афсуски, у мағрурланиб, ўзига улуғворлик излай бошлади. У ўзи учун ниҳоятда қимматбаҳо қабр тайёрлатди ва «улуғвор араваларга» миниб юрарди. (Ишаё 22:16–18)
8. Яҳова Шавнани қай йўсин тарбиялаган ва бу қандай натижа келтирган?
8 Шавна ўзини баланд олиб юра бошлагани боис, Худо уни мартабасидан ағдариб ташлади ва унинг ўрнига Элияқимни тайинлади. (Ишаё 22:19–21) Бу, оссуриялик шоҳ Санхарив Қуддусга ҳужум қилмоқчи бўлганда юз берган эди. Бир қанча вақт ўтгач, шоҳ Қуддусга амалдорларни ва катта қўшинни юборади. Шу йўсин, у яҳудийларнинг руҳини тушириб, Ҳизқиёни қўрқитмоқчи эди. (4 Шоҳ. 18:17–25) Элияқим ўша амалдорлар билан суҳбатлашиш учун юборилган эди, лекин у ўзи якка эмасди. Унинг олдида яна иккита киши бўлиб, улардан бири Шавна эди. Ўшанда у котиб бўлганди. Кўриб турганимиздай, Шавна камтарин бўлишга ўрганди ва у хафа бўлмаганди ёки ўзига раҳм қилмаганди. У илгариги вазифасига қараганда, оддийроқ вазифани бажаришга тайёр эди. Шавнанинг мисолидан учта сабоқ олиш мумкин.
9–11. а) Шавнанинг мисолидан қандай сабоқлар оляпмиз? б) Яҳова Шавнага нисбатан тутган йўлидан қандай далда оляпсиз?
9 Биринчидан, Шавна мартабасидан маҳрум бўлди. Бу бизга: «Мағрурлик — ҳалокатга, такаббурлик — қулашга олиб келади»,— деган огоҳлантирувни эслатяпти. (Ҳик. 16:18) Сиз ҳам жамоатда шарафли вазифаларга эга бўлсангиз, ўзингизга нисбатан камтарин нуқтаи назарни ривожлантиряпсизми? Сизда бор бўлган ҳар қандай қобилият ва бажараётган топшириқни Яҳовадан деб биляпсизми? (1 Кор. 4:7) Ҳаворий Павлус қуйидагича ёзган: «Ҳар бирингизга шундай деяпман: ўз ҳақингизда керагидан ортиқ ўйламанглар. Лекин ақли расо бўлиб юриш учун... ўйланглар». (Рим. 12:3)
10 Иккинчидан, Яҳова Шавна ўзгариши мумкин деган умидда унга жиддий маслаҳат бергандир. (Ҳик. 3:11, 12) Бугунги кунда шарафли вазифаларидан маҳрум бўлган кишилар учун бу яхши ўрнак! Аччиқланиш ва ранжишдан кўра, уларнинг шароитида ўз қобилиятини ишга солиб, бундай панд-насиҳатни Яҳованинг севгиси деб билишса оқилонадир. Отамиз камтарин бўлиб қолганларни мукофотлашини унутмаслигимиз даркор. (1 Бутрус 5:6, 7 ни ўқинг.) Тангрининг меҳрга тўла тарбияси бизни шакллантиради. Шундай экан, келинг, Унинг қўлида эгилувчан бўлайлик!
11 Учинчидан, Яҳова Шавнага нисбатан тутган йўли панд-насиҳат беришга масъулиятли бўлганлар, масалан, ота-оналар ва оқсоқоллар учун ажойиб ўрнакдир. Қандай дейсизми? Гарчи Яҳова содир этилган гуноҳдан нафратланса-да, уни қилган кишига ғамхўрлик қилишни давом этади. Агар ота-она ёки оқсоқол бўлсангиз, Яҳовадан ибрат олган ҳолда нотўғри ишдан нафратланиб, болангиз ёки имондошингизнинг яхши томонларини кўришга уринасизми? (Яҳд. 22, 23)
12–14. а) Яҳованинг тарбиясини баъзилар қандай қабул қилади? б) Қай йўсин битта акамиз Худонинг Каломи туфайли нуқтаи назарини ўзгартирди ва бунинг натижаси қандай бўлди?
12 Минг афсуски, панд-насиҳат олган баъзи кишилар хафа бўлиб, ҳатто Худодан ва Унинг халқидан узоқлашиб кетади. (Иброн. 3:12, 13) Хўш, бу улар ёрдамсиз қолганини англатадими? Йўқ. Келинг, жамоатдан четлатилган, кейин эса тикланган, аммо маънан сусайиб қолган Грэхэмнинг мисолига эътибор берайлик. Грэхэм бир оқсоқол билан дўстлашиб қолади ва ундан у билан тадқиқ ўтишни сўрайди.
13 Бу оқсоқол шундай деб бўлишди: «Грэхэмнинг муаммоси мағрурлик эди. У уни жамоатдан четлатишда иштирок этган оқсоқолларни танқид қиларди. Бир нечта тадқиқ давомида биз мағрурлик ва унинг оқибатларини муҳокама қилдик. Грэхэм Худонинг Каломини ўқиб, ўзини кўзгуда яққол кўргандай эди. Кўрганлари эса унга ёқмаган. Бунинг натижасидан қойилман! У кўзида мағрурлик “ходаси” борлигини ва муаммоси унинг танқидий нуқтаи назари эканини тан олиб, дарров яхши томонга ўзгара бошлади. Грэхэм йиғилишларга мунтазам қатнаб, Худонинг Каломини чуқурроқ тадқиқ қиладиган бўлди ва кунда ибодат қилиш одатини ривожлантирди. Қолаверса, у оила боши сифатидаги вазифаларини бажара бошлади. Хотини ва учта қизи бундан хурсанд бўлди». (Луқо 6:41, 42; Ёқб. 1:23–25)
14 «Бир куни Грэхэм менга қаттиқ таъсир қилган бир гап айтди. “Мен анчадан бери ҳақиқатни биламан ва ҳатто кашшоф бўлганман. Лекин чинакамига Яҳовани яхши кўраман, деб энди айта оламан”,— деди у. Кўп ўтмай унга Йиғилиш залида микрофон билан ёрдам бериш вазифаси топширилди ва у роса хурсанд эди. Грэхэмнинг мисолидан, Худонинг олдида ўзини камтарин тутиб, панд-насиҳатни қабул қилган инсон кўпдан-кўп баракаларга эга бўлишига амин бўлдим!» — деди ўша оқсоқол.
ТАРБИЯ БЕРАЁТИБ, АЛЛОҲ ВА ИСОГА ТАҚЛИД ҚИЛИНГ
15. Панд-насиҳат фойдали бўлиши учун нима қилиш зарур?
15 Яхши устоз бўлиш учун, аввал яхши шогирд бўлиш зарур. (1 Тим. 4:15, 16) Демак, тарбия беришга масъул бўлганлар Яҳованинг йўл-йўриқларига тайёрлик ила амал қилишда давом этиши муҳим. Бундай камтарона итоаткорлик туфайли улар бошқаларга тарбия ёки панд-насиҳат бераётганда, сўз эркинлигига эга бўлади ва ўзгалар уларни ҳурмат қилади. Энди, Исонинг мисолига диққат қаратайлик.
16. Муносиб тарбия бериш борасида Исодан қандай ибрат олишимиз мумкин?
16 Исо ҳатто жуда оғир бўлганда ҳам доимо Отасига қулоқ соларди. (Мат. 26:39) У тингловчиларига билимлару доноликка Отаси туфайли эга бўлганини эслатарди. (Юҳан. 5:19, 30) Исонинг камтарлиги ва итоаткорлиги самимий одамларни унга жалб қилиб, раҳм-шафқатли ва меҳрибон устоз бўлишига кўмаклашган. (Луқо 4:22 ни ўқинг.) Меҳрга тўла гаплари, рамзий маънода букик қамиш ёки липиллаётган пилик каби бўлган одамларга тасалли бахш этган. (Мат. 12:20) Ҳатто сабри синалганда ҳам, Исо меҳрибон ва ғамхўр бўлиб қолган. Бу, ҳаворийлар худбинликни намоён этиб, ораларида ким буюк бўлиши ҳақида баҳслашганда яққол кўринган эди. (Марк 9:33–37; Луқо 22:24–27)
17. Оқсоқоллар имондошларига яхши ғамхўрлик қилишига қайси фазилатлар кўмаклашади?
17 Муқаддас Китоб асосида тарбия беришга масъул бўлган барча Масиҳнинг мисолига эргашса, доно йўл тутган бўлади. Зеро бу билан улар Аллоҳ ва Унинг Ўғли томонидан шаклланишни хоҳлаётганини кўрсатишади. Ҳаворий Бутрус шундай деган эди: «Нозирлар сифатида хизмат қилиб, қарамоғингизда бўлган Аллоҳнинг сурувини боқинглар. Буни мажбурият юзасидан эмас, балки Худонинг олдида бажонидил, ҳаром йўл билан фойда кўриш учун эмас, аксинча, иштиёқ билан қилинглар. Тангрининг омонати устидан ҳукмронлик қилмасдан, сурувга ўрнак кўрсатинглар». (1 Бутр. 5:2–4) Шубҳасизки, Худога ва Исога қувонч ила бўйсунаётган оқсоқоллар ўзлари ҳам, улар ғамхўрлик қилаётган кишилар ҳам барака кўради. (Ишаё 32:1, 2, 17, 18)
18. а) Яҳова ота-онадан нимани талаб қилади? б) Аллоҳ ота-оналарга қандай қилиб ёрдам беради?
18 Буни оилада ҳам қўллаш мумкин. Оила бошларига шундай маслаҳат берилган: «Болаларингизнинг ғашини келтирманглар, аксинча, Яҳованинг тарбиясини бериб, Унинг панд-насиҳати билан уларни ўстиринглар». (Эфес. 6:4) Бу қанчалик муҳим? Ҳикматлар 19:18 да: «Умид борида ўғлингга тарбия бер, тағин ўлимида айбдор бўлиб қолма»,— деган сўзлар қаламга олинган. Ота-она болаларига керакли тарбияни бера олмаса, улар Яҳованинг олдида ҳисобот беришади. (1 Шоҳ. 3:12–14) Ота-оналар камтарлик ила ибодат қилса, Худонинг Каломини ўқиса ва уларни йўналтириши учун муқаддас руҳ сўраса, Яҳова уларга керакли донолик ва куч-қувват ато этади. (Ёқуб 1:5 ни ўқинг.)
АБАДУЛАБАД ТИНЧ ЯШАШГА ЎРГАНИНГ
19, 20. а) Худонинг тарбиясини қабул қилиш қандай баракалар келтиради? б) Навбатдаги мақоладан нимани билиб оламиз?
19 Илоҳий тарбияни қабул қилиш ва бошқаларни тарбиялаётиб Яҳовага ҳамда Исога тақлид қилиш олиб келадиган барча баракаларни санаб ўтиш имконсиздир. Масалан, оила ва жамоатларимизда тинчлик ҳукм суради. Шунингдек, одамлар бўлажак баракаларни баҳам кўриб, чинакам севгини, улар қадрли ва ҳимоя остида эканини ҳис этади. (Заб. 72:7) Ҳа, Яҳованинг тарбияси туфайли Унинг ғамхўрлиги остидаги оилада абадулабад тинч яшашга ўрганяпмиз, деб айтсак хато қилмаймиз. (Ишаё 11:9 ни ўқинг.) Унутмангки, тарбияга айнан шу тарзда ёндашсак, у Худонинг бизга нисбатан беқиёс севгисининг исботи эканини кўра оламиз.
20 Навбатдаги мақолада оила ва жамоатда тарбия бериш ҳақида гап боради. Шунингдек, ўзимизни тарбиялашимиз ва бизга берилган панд-насиҳат келтирадиган оғриқдан ҳам ёмонроқ нима бўлиши мумкинлигини билиб оламиз.