Ўқувчиларнинг саволлари
Нима учун Яҳованинг Шоҳидлари ҳаворий Павлусни тепакал ёки кам соч билан тасвирлашади?
Аслида, Павлуснинг кўриниши қандай бўлганини ҳеч ким аниқ айта олмайди. Адабиётларимиздаги суратлару тасвирлар археологик топилмаларга эмас, тасаввурларимизга асосланган.
Лекин Павлуснинг кўриниши ҳақида баъзи маълумотлар бор. Масалан, «Сион қўриқчи минораси»нинг 1902 йил 1 март сонида шундай дейилган: «Тахминан мил. 150 йили ёзилган “Павлус ва Текланинг ишлари” номли китобда Павлуснинг кўриниши ҳақида айтилган ва эҳтимол, бу энг яхшиси ва ҳақиқатга яқинроқдир. У “бўйи паст, тепакал, оёқлари қийшиқ, жисмонан бақувват, қошлари туташган ва бурни кичик” қилиб тасвирланган».
Бир луғатда мазкур манба ҳақида қуйидагича фикр келтирилган: «“Павлус ва Текланинг ишлари” китобида бирорта тарихий ҳақиқат нотўғри ёзилиши амримаҳол». («The Oxford Dictionary of the Christian Church», 1997 йилги нашр) «Павлус ва Текланинг ишлари» китоби ёзилганидан кейин бир неча аср ўтгач, у кенг тан олинган ва 80 та юнон қўлёзмаларида ҳамда бошқа тилдаги нусхаларида мазкур китобнинг борлиги тасдиқланган. Шундай экан, Павлуснинг кўриниши борасидаги тасвирлар айрим қадимий манбаларга мосдир.
Павлуснинг кўринишидан ҳам муҳимроқ нарсалар борлигини инобатга олайлик. Павлус хизмат қилиб юрганида унга қарши чиққан баъзилар у ҳақида: «Орамизда бўлганида заиф, гаплари эса эътиборга лойиқ эмас»,— дейишган. (2 Кор. 10:10) Аммо Павлус Исо унга ваҳийда кўринганидан кейин масиҳий бўлганини эсдан чиқармайлик. Бундан ташқари, Павлус халқларга Исонинг исми ҳақида шоҳидлик бериш учун танланган киши сифатида нималар қилгани борасида ўйлаб кўрсак бўлади. (Ҳавор. 9:3–5, 15; 22:6–8) Шунингдек, у илоҳий илҳом остида ёзган китоблардан қанчалар фойда олишимиз тўғрисида фикр юритайлик.
Павлус масиҳий бўлишидан олдин қандай ютуқларга эришгани билан мақтанмаган ва кўриниши ҳақида ҳам индамаган. (Ҳавор. 26:4, 5; Филип. 3:4–6) У шундай айтган: «Мен ҳаворийларнинг энг кичигиман ва ҳаворий деб номланишга ҳам нолойиқман». (1 Кор. 15:9) Кейинчалик у қуйидагича ёзган: «Бу иноят, барча муқаддас кишилардан энг кичиги бўлган менга кўрсатилди. Токи мен бошқа халқларга Масиҳнинг ақл бовар қилмайдиган бойлиги тўғрисидаги хушхабарни эълон этайин». (Эфес. 3:8) Мазкур хушхабар Павлуснинг кўринишидан анча муҳимроқдир.