Янги жамоатингизга қай йўсин мослаша оласиз?
АЛЛЕН * шундай деб бўлишди: «Бу ерга кўчаётганимда ҳаяжонланган эдим. Янги дўстлар орттира оламанми ёки мени қабул қилишадими, деб ўйлагандим». Аллен уйидан 1 400 километрдан зиёд узоқликда жойлашган янги жамоатга мослашяпти.
Бошқа жамоатга кўчиб ўтган бўлсангиз, сиз ҳам ўзингизни шундай ҳис қилаётгандирсиз. Мослашишингизга нима ёрдам бериши мумкин? Мослашиш ўйлаганингиздан ҳам қийинроқ бўлса, қандай йўл тутсангиз бўлади? Агар кўчиб ўтмаган бўлсангиз, кўчиб ўтганларга қай йўсин ёрдам бера оласиз?
ҚАЙ ЙЎСИН МОСЛАШИБ, МУВАФФАҚИЯТГА ЭРИША ОЛАСИЗ?
Қуйидаги мисол ҳақида бир ўйлаб кўринг: дарахтларни кўчиришганда улар стресс олади. Дарахт ердан суғирилганда, бу осон кечиши учун одатда унинг кўпгина илдизлари кесиб ташланади. Кўчирилгандан кейин дарахт шу заҳоти янги илдиз ёйиши керак. Шунга ўхшаб, бошқа жамоатга ўтиш стресс ҳис қилишингизга сабаб бўлиши мумкин. Эски жамоатингизда севимли дўстларингиз ва маънавий ишларнинг муайян режаси бўлгани учун сиз у ерда «илдиз» отгандингиз. Энди янги жойда ҳам гуллаб-яшнашингиз учун янги илдиз ёйишингиз лозим. Бунда сизга Муқаддас Китобдаги принципларни қўллаш асқатади. Келинг, улардан баъзиларини кўриб чиқайлик.
Худонинг Каломини мунтазам ўқийдиган инсонлар «оқар сув бўйига ўтқазилган дарахтларга ўхшайди. Улар ўз мавсумида мевасини беради, барглари асло қуримайди. Улар неки қилса, омади келади». (Заб. 1:1–3)
Дарахт сўлиб қолмаслиги учун сув ичиб туриши керак бўлганидек, масиҳий ҳам маънан мустаҳкам қолиши учун Худонинг Каломи билан озиқланиши лозим. Шу боис, Муқаддас Китобни кунда ўқишни ва жамоат учрашувларида мунтазам қатнашишни давом қилинг. Оилавий топиниш ва шахсий тадқиқ каби одатларингизни сақланг. Олдинги жамоатингизда Яҳова билан муносабатларингизни сақлаш учун нималар қилган бўлсангиз, янги жамоатингизда ҳам шундай қилишда давом этинг.
«Бошқаларга яхшилик қилганнинг ўзи ҳам яхшилик кўради». (Ҳик. 11:25)
Ваъзгўйлик хизматида кўпроқ қатнашсангиз, руҳланиб, янги жамоатга тезроқ мослаша оласиз. Кевин исмли оқсоқол шундай деди: «Янги жамоатга кўчганимиздан кўп ўтмай хотиним ва менга кўмакчи кашшоф бўлиб хизмат қилиш айниқса ёрдам берди. Биз тез орада имондошлар, кашшофлар ва ҳудудимиз билан танишдик». Уйидан 1600 км узоқликдаги ҳудудга кўчиб ўтган Рожер қуйидагича айтди: «Янги жамоатга мослашишнинг энг аъло йўли — ваъзгўйлик хизматида иложи борича кўпроқ қатнашиш. Шунингдек, Йиғилиш Залини тозалашни, жамоат учрашувларида имондошлар топшириғи билан чиқа олмаса, ўрнига чиқишни ёки кимнидир йиғилишга олиб боришни таклиф қилиб, оқсоқолларга ёрдам беришга тайёр эканингизни кўрсатинг. Бошқалар фидойи руҳингизни кўрса, сиз билан дўстлашиши осонроқ бўлади».
«Бағрингизни кенг қилинг». (2 Кор. 6:13)
Севгингизни аяманг. Мелисса ва унинг оиласи янги жамоатга кўчишганида, улар диққатини янги дўстлар орттиришга қаратишди. У шундай деб бўлишди: «Биз Йиғилиш Залига вақтлироқ келиб ва учрашувлардан кейин қолиб гаплашардик. Бу туфайли
шунчаки саломлашиш эмас, балки яхшироқ суҳбат қуришга имкон бўларди». Шунингдек, бу орқали улар янги исмларни тезроқ эслаб қолишди. Қолаверса, улар меҳмондўстликни кўрсатиб, бағирларини кенг қилишди. Бу эса, ўз навбатида, янги дўстлик ришталарини мустаҳкамлади. «Биз телефон рақамларимиз билан алмашдик. Шу сабабли, бир-биримиз билан боғланишимиз ва маънавий ҳамда бошқа ишлар билан шуғулланишимиз мумкин»,— деб қўшиб қўйди Мелисса.Мабодо энди танишган одамлар билан суҳбатлашишдан ҳайиқаётган бўлсангиз, кичик қадамлардан бошласангиз бўлади. Масалан, ҳатто илк учрашувданоқ табассум қилишни хоҳламасангиз ҳам, шундай йўл тутинг. Чунки табассум сизни бошқаларга жалб қилади. Унутмангки, «кўздаги нур кўнгилни хушнуд этади». (Ҳик. 15:30) Узоқдан кўчиб ўтган Рейчел шундай деб бўлишди: «Мен табиатан жуда уятчанман. Янги жамоатимдаги биродару опа-сингилларим билан суҳбатлашишга гоҳида ўзимни мажбурлайман. Йиғилиш Залида ёлғиз ўзи ўтирган биронтасини излайман. Балки у ҳам менга ўхшаган тортинчоқдир». Шу каби сиз ҳам ҳар бир жамоат учрашувидан олдин ёки кейин янги бирон инсон билан гаплашишни мақсад қилсангиз яхши бўлади.
Бошқа тарафдан, бир неча ҳафта давомида янги одамлар билан танишиш сизга қийинчилик туғдирмаслиги мумкин. Вақт ўтиб «янги» деган ном ортда қолади. Шундай экан, янги дўстлар орттириш учун ҳаракат қилишда давом этишингиз керак.
МОСЛАШИШ УЧУН ВАҚТ КЕРАК
Баъзи дарахтларга бошқаларига қараганда чуқур илдиз отиш учун кўпроқ вақт талаб этилади. Шу каби, янги жамоатга кўникиш учун ҳар бир кишига ҳар хил вақт керак бўлиши мумкин. Агар анча олдин кўчиб ўтган бўлсангиз ва мослашиш қийин кечаётган бўлса, мана шу принципларни қўллаш сизга ёрдам бериши мумкин:
«Яхшилик қилишдан безмайлик. Агар бўшашмасак, ўз вақтида унинг ҳосилини ўриб оламиз». (Галат. 6:9)
Мослашиш учун одатдагидан кўпроқ вақт керак бўлиши мумкинлигини тушунинг. Масалан, Гилад мактабида таълим олган анчагина тўла вақтли махсус ваъзгўйлар ўз она юртига боришдан аввал тайинланган мамлакатда бир неча йил хизмат қилишади. Бу уларга маҳаллий биродарлар билан дўстлашишга ва ўзга маданиятга мослашишга кўмаклашади.
Бир неча марта кўчган Алехандро биродаримиз мослашиш жараёнини тезлаштириб бўлмаслигини билади. У шундай айтди: «Сўнгги марта кўчгач, хотиним: “Ҳамма дўстларим олдинги жамоатда қолиб кетди!” — деди». Биродаримиз хотинига икки йил аввал кўчганда ҳам худди шу сўзларни айтганини эслатди. Аммо мана шу икки йил мобайнида хотини бошқаларга қизиқиш кўрсатгани туфайли нотаниш одамлар яқин дўстларга айланди.
«“Нима учун ўтмиш кунлар ҳозиргилардан яхшироқ эди?” — деб сўрамагин, бу саволни сўраш доноликдан эмас». (Воиз 7:10)
Янги жамоатингизни олдингиси билан солиштирманг. Мисол учун, янги жамоатингиздаги биродарлар жиддийроқ ёки кўп гапирадиган бўлиши мумкин. Улар сизнинг яхши томонларингизни кўришини хоҳлаганингиздай, сиз ҳам уларнинг ижобий томонларига диққат қаратинг. Кўчиб ўтган айрим имондошларимиз ўзларига: «Ҳамма имондошларимни чиндан ҳам севаманми?» — деган савол беришганини пайқашган. (1 Бутр. 2:17)
«Сўраб туринглар ва сизларга берилади». (
Ёрдам сўраб ибодат қилишда давом этинг. Дейвид исмли оқсоқол: «Буни ўзим енгаман деб ўйламанг. Кўп нарсани фақат Яҳованинг кўмаги билан енга оламиз. Бу ҳақда ибодат қилинг!» — деб фикр билдирди. Юқорида тилга олинган Рейчел ҳам бу фикрга қўшилиб, шундай деди: «Эрим икковимиз оз бўлса-да жамоатда ўзимизни ёлғиз ҳис этаётган бўлсак, Яҳовага айнан бу борада: “Агар бошқалар биз билан дўстлашишига халақит бераётган бирорта нотўғри иш қилаётган бўлсак, илтимос, буни аён қил”,— дея ибодат қиламиз. Кейин эса имондошларимиз билан кўпроқ вақт ўтказишга интиламиз».
Азиз ота-оналар, фарзандларингиз мослашишга қийналаётган бўлса, улар билан бирга бу ҳақда ибодат қилинг. Уларга янги дўстлар билан далдали суҳбатлар уюштиришга ёрдам беринг.
КЎЧИБ ЎТГАНЛАР ЎЗИНИ БЕМАЛОЛ ҲИС ҚИЛИШИГА КЎМАКЛАШИНГ
Жамоатингизга кўчиб келганларга қандай ёрдам бера оласиз? Энг бошидан чин дўст бўлишга ҳаракат қилинг. Шу йўсин, ўзингиз ҳам худди шундай вазиятда эканингизни ва сизга нисбатан нима қилишларини кўз ўнгингизга келтириб, буларни қилишга интилинг. (Мат. 7:12) Кўчиб ўтган имондошларингизни оилавий топинишга ёки JW телевидениенинг ойлик дастурини бирга кўришга таклиф қилсангиз бўлади. Хизматда ҳамкорлик қилишингиз мумкин. Бирга овқатланишга чақирсангиз, улар бундай меҳмондўстликни анча вақт эслаб юришади. Янги келганларга яна қай йўсин ёрдам бера оласиз?
«Янги жамоатга кўчганимизда, опамиз бизга арзон дўконлар рўйхатини берди. Бу жуда қўл келди»,— деди Карлос. Шунингдек, бошқача об-ҳаво бўлган ҳудуддан кўчиб келганларга иссиқ, совуқ ёки ёмғирли пайтда қандай кийиниш кераклигини айтсангиз, улар миннатдор бўлишади. Ҳудудингиз тарихи борасида маълумот келтириб ёки маҳаллий аҳолининг эътиқодини тушунтириб ҳам улар хизматда янада муваффақиятли бўлишига ҳисса қўша оласиз.
ҲАРАКАТ ҚИЛИШГА АРЗИЙДИ!
Сўз бошида айтиб ўтилган Аллен янги жамоатида бир йилдан ошиқроқ вақт мобайнида бўлган. У шундай деди: «Бошида мен ўзимни имондошларим билан танишиш учун турткилаб турардим. Ҳозир эса биз худди бир оиладекмиз ва мен бахтиёрман!» Аллен кўчиб ўтганида ҳеч бир дўстини йўқотмаганига амин. Аксинча, у умрбод дўст бўлиб қоладиган имондошлар орттирди.
^ абз. 2 Ушбу мақоладаги баъзи исмлар ўзгартирилган.