Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

Шодлик ила куйланг!

Шодлик ила куйланг!

Нақадар яхшидир Худойимизни тараннум этмоқ! ЗАБ. 146:1

ҚЎШИҚЛАР: 9, 1

1. Куйлаш бизга қандай таъсир қилади?

ТАНИҚЛИ қўшиқ бастакори бир сафар шундай деган: «Сўзлар фикр юритишингизга ундайди. Мусиқа ҳис этишингизга кўмаклашади. Куйлаш эса қалбингизни забт этади». Самовий Отамиз Яҳовани шарафлаб, Унга нисбатан севгимизни намоён этганимизда бундан ҳам яхшироқ фикрларни «ҳис эта оламиз», шундай эмасми?! Шунинг учун ҳам, якка ўзимиз бўламизми ёки жамоатда Аллоҳнинг халқи биланми, куйлаш ҳақ топинишнинг ажралмас қисми деб ҳисобланиши ажабланарли эмас.

2, 3. а) Жамоатда баланд овозда куйлашга баъзилар қандай қарайди? б) Қайси саволларни кўриб чиқамиз?

2 Хўш, жамоатда баланд овозда куйлашга қандай қарайсиз? Бундан уяласизми? Айрим маданиятларда эркак кишилар омма олдида куйлашга тортинишади. Айниқса, қўшиқ куйланаётганда раҳбарликни ўз зиммасига олганлар ўзларини куйлашдан тийишса ёки бошқа ишлар билан банд бўлишса, бу жамоатнинг бошқа аъзоларига таъсир қилиши мумкин. (Заб. 29:13)

3 Агар куйлашни чиндан ҳам топинишимизнинг бир қисми деб билсак, учрашув дастурининг ушбу қисмида айланиб юрмаймиз ёки бирон жойга чиқиб кетмаймиз. Шундай экан, ҳар биримиз ўзимиздан қуйидагича сўрашимиз лозим: «Учрашувларда куйлашга қандай муносабатдаман? Шодлик ила куйлашга халақит бераётган уялиш туйғусини қай йўсин енгишим мумкин? Куйлаётганимизда ҳис-туйғуларимни тўла равишда қандай намоён эта оламан?»

КУЙЛАШ ҲАҚ ТОПИНИШНИНГ АЖРАЛМАС ҚИСМИДИР

4, 5. Қадимда исроилликларнинг топинишида қўшиқ куйлаш қандай аҳамиятга эга эди?

4 Яҳованинг садоқатли хизматчилари узоқ вақт давомида мусиқа ёрдамида Уни шарафлашган. Шуниси эътиборлики, қадимда исроилликлар Яҳовага садоқат ила хизмат қилганида, куйлаш топинишнинг ажралмас қисми эди. Масалан, маъбаддаги хизмат учун тайёргарлик кўрилаётганда, ҳамду сано куйлаш мақсадида шоҳ Довуд 4 000 та левини тайинлаган эди. Уларнинг орасида қўшиқ куйлашга ўргатилган ва ҳаммаси ўз ишининг устаси бўлган 288 та киши бор эди. (1 Сол. 23:5; 25:7)

5 Маъбадни бағишлаш маросимида мусиқа ва қўшиқ куйлаш муҳим аҳамиятга эга эди. Муқаддас Китобдан билиб олаётганимиздай, карнайчилару қўшиқчилар жўр бўлиб Яҳовага мадҳлар ва шукроналар айтишган. Улар Яҳовага ҳамду сано куйлашганда, карнайлар, зиллар ва бошқа мусиқа асбобларидан фойдаланишган. Ўшанда ҳақ Тангрининг уйи Яҳованинг улуғворлигига тўлган. Шубҳасизки, бу имонга имон қўшадиган воқеа бўлган! (2 Сол. 5:13, 14; 7:6)

6. Нахимиё Қуддусда ҳоким бўлганда ташкиллаштирилган мусиқали намойишни тасвирлаб беринг.

6 Нахимиё ҳам Қуддус деворларини тиклашда садоқатли исроилликларни бошқараётганда, қўшиқчи левиларни тайинлаган эди. Уларда ҳамма мусиқа асбоблари бўлган. Тикланган деворлар бағишланганда, бу муносабат билан улкан мусиқали намойиш ташкиллаштирилган. Ўшанда «Худога шукрона айтадиган иккита катта гуруҳ қўшиқчилар» тайинланган. Куйлаган қўшиқлари узоқдан эшитилиши учун улар девор устида бир-бирига қарама-қарши юриб маъбад ҳудудига яқин жойда учрашишган. (Нахим. 12:27, 28, 31, 38, 40, 43) Шубҳасизки, хизматчилари қувонч ила Уни мадҳ этиб куйлаётганини эшитиб Яҳова мамнун бўлган.

7. Масиҳийларнинг топинишида қўшиқ куйлаш муҳим эканини Исо қандай кўрсатган?

7 Масиҳийлар жамоати пайдо бўлганида ҳам, мусиқа ҳақ топинишнинг асосий қисми бўлган. Тарихдаги энг муҳим кечада, Исо Қутлуғ Кечлик маросимини жорий этгандан кейин ҳамду сано куйлашни ҳам киритган. (Матто 26:30 ни ўқинг.)

8. Биринчи асрда масиҳийлар ҳамду сано куйлашга қандай ёндашган?

8 Биринчи асрда масиҳийлар бирга куйлаб Худони шарафлашга жиддий ёндашган. Улар топиниш учун кўпинча ўз уйларида ёки оддийгина жойларда учрашишарди, аммо бу Яҳовага ғайрат ила куйлашларига тўсқинлик қилмаган. Илоҳий илҳом остида ҳаворий Павлус биродарларига шундай деб ёзган: «Худога ҳамдлар айтиб, бир-бирингизга санолару ёқимли маънавий қўшиқлар билан насиҳат қилиб, таълим беринглар. Яҳовани юрагингизда тараннум этинглар». (Колос. 3:16) Ҳамду санолар китобимиздаги қўшиқлар чиндан ҳам «ёқимли маънавий қўшиқлар»дир. Улар «ишончли ва ақлли хизматкор» тақдим этаётган маънавий озуқанинг бир қисми. (Мат. 24:45)

УЯЛИШ ҲИССИНИ ЕНГИШ

9. а) Баъзиларга йиғилишларда ва анжуманларда шодлик ила куйлашга нима халақит бериши мумкин? б) Яҳовага қай йўсин ҳамду сано куйлашимиз лозим ва бунда ким ўрнак кўрсатиши даркор? (Очқич оятнинг юқорисидаги расмга қаранг.)

9 Оилангиз, маданиятингиз ёки атрофингиздагилар орасида куйлаш кенг тарқалмаган бўлса-чи? Замонавий техник воситалар ёрдамида тажрибали қўшиқчилар куйлашини тинглаб завқ олишингиз мумкин. Овозингизни бу дунё тақдим этаётган қўшиқчиларнинг овози билан солиштирганда уялишингиз ва ҳатто кайфиятингиз бузилиши ҳеч гап эмас. Бироқ бу, Яҳовага ҳамду сано куйлашингизга халақит бермаслиги керак. Аксинча, ҳамду санолар китобини ва бошингизни баланд кўтариб, юрагингизда борини қўшиқда ифода этинг! (Эзра 3:11; Забур 146:1 ни ўқинг.) Бугунги кунда аксарият Йиғилиш Залларида қўшиқлар матни мониторда кўрсатилади. Бу баралла куйлашга ёрдам беради. Шуниси қизиқки, ҳамду сано куйлаш Масъулиятли биродарлар учун махсус таълим дастурида ҳам ўрин олган. Шу боис, оқсоқоллар ҳамду сано куйлашда ўрнак кўрсатишлари даркор.

10. Бемалол ҳамду сано куйлаш учун нимани унутмаслигимиз керак?

10 Кўплар қўшиқ куйлашига тўсқинлик қиладиган омиллардан бири қўрқувдир. Масалан, ўзгаларнинг ёнида турганидан ёки овози бошқаларга ёқмаслигидан қўрқиш бўлиши мумкин. Аммо шуни унутмайликки, гапираётганимизда «барчамиз тез-тез хато қилиб турамиз». (Ёқб. 3:2) Шундай бўлса-да, бу бизни гапиришдан тўхтатмайди. Шунинг учун, келинг, Яҳовага ҳамду сано куйлашга номукаммал овозимиз тўсқинлик қилишига йўл қўймайлик.

11, 12. Куйлаш қобилиятини яхшилаш учун қандай маслаҳатлар мавжуд?

11 Эҳтимол, қандай куйлашни билмаслигимиз ҳам уялишга сабаб бўлаётгандир. Бироқ баъзи маслаҳатларни қўллаб, куйлаш қобилиятимизни яхшилашимиз мумкин *.

12 Баланд овозда куйлашни ўрганиш учун тўғри нафас олиш лозим. Кўпгина лампочкалар электр қуввати туфайли ишлагани сингари, гапираётганимизда ёки куйлаётганимизда нафас олиш ҳам овозни кучайтиришга ҳисса қўшади. Қўшиқларни одатда гапиргандек ёки ҳатто бундан ҳам баландроқ овозда куйлашингиз керак. («Воизлик мактаби» китобининг 181–184- саҳифалардаги «Ўпкадаги ҳавони назорат қилиш» номли сарлавҳа остидаги маслаҳатларга қаранг.) Муқаддас Китобда айтилганидай, ҳамду сано куйланганда Яҳованинг Шоҳидлари шодликдан ҳайқириши керак. (Заб. 32:1–3)

13. Дадиллик билан куйлашга нима ёрдам бериши мумкинлигини тушунтиринг.

13 Оилавий топинишда ёки ҳатто шахсий тадқиқ пайтида қуйидагиларга амал қилинг: ҳамду санолар китобидан ўзингизга ёқадиган қўшиқлардан бирини танланг. Матнни баланд овозда дадиллик билан ўқинг. Кейин айнан шу баландликда битта гапдаги барча сўзларни бир нафасда айтинг. Сўнг бу гапни бир хил баландликда куйланг. (Ишаё 24:14) Куйлаётганингизда овозингиз яхшиланиб бораверади. Бу жуда соз. Сира ҳам қўрқманг ва уялманг!

14. а) Оғзингизни каттароқ очиш куйлашингизга қандай ёрдам беради? (« Куйлаш қобилиятини яхшилаш» номли рамкага қаранг.) б) Келтирилган маслаҳатлардан қайсиларини амалий деб топдингиз?

14 Оғзингизни етарлича очсангизгина бемалол куйлай оласиз. Яна битта маслаҳат: оғзингизни одатда гапирганингиздан каттароқ очинг. Мабодо овозингиз паст ёки эҳтимол ниҳоятда баланд бўлса, қандай йўл тутишингиз мумкин? Бу масала борасида «Воизлик мактаби» китобининг 184- саҳифасидаги «Айрим муаммолар ва уларни енгиш усуллари» номли рамкада амалий маслаҳатлар келтирилган.

ЧИН ҚАЛБДАН ҲАМДУ САНО КУЙЛАНГ

15. а) 2016 йилги мажлисда нима ҳақда эълон қилинди? б) Янги ҳамду санолар китоби чиққанининг айрим сабаблари қандай?

15 «Қўриқчи Минораси Муқаддас Китоб ва букламалар Жамияти (Пенсильвания)»нинг 2016 йилги мажлисида Етакчи кенгаш аъзоси Стивен Летт «Яҳовага шодлик ила куйланг» номли янги ҳамду санолар китоби чиққанини ва тез орада учрашувларда ундан фойдаланишимизни эълон қилди. Биродар Летт «Муқаддас Китоб — Янги дунё таржимаси» қайта кўриб чиқилгани учун бу китоб ҳам қайта кўриб чиқилди деб тушунтирди. Инглиз тилидаги «Янги дунё таржимаси»нинг 2013 йилги қайта кўрилган нашрида ишлатилган ибораларга биноан, баъзи қўшиқлар олиб қўйилди ёки ўзгартирилди. Шунингдек, ваъзгўйлик ишимиз ҳақида ва тўловни қадрлашимизни кўрсатадиган янги қўшиқлар ҳам киритилди. Қолаверса, куйлаш ҳақ топинишнинг ажралмас қисми бўлгани учун Етакчи кенгаш муқоваси «Янги дунё таржимаси»га ўхшаш, яъни юқори сифатли китоб чоп этилишини мақсад қилиб қўйди.

16, 17. Янги ҳамду санолар китобида қандай ўзгаришлар қилинди?

16 «Яҳовага шодлик ила куйланг» китобидан фойдаланиш осонроқ бўлиши учун қўшиқлар мавзу бўйича жойлаштирилган. Мисол учун, илк 12 та қўшиқ Яҳова билан боғлиқ, кейинги 8 таси Исо ҳамда тўлов ҳақида ва ҳоказо. Бу китобда мавзулар кўрсаткичи ҳам бор бўлиб, жуда қўл келади, масалан, биродаримиз оммавий нутқ учун қўшиқ танлаганда бу асқатади.

17 Ҳар биримизга чин қалбдан ҳамду сано куйлашга кўмаклашиш мақсадида айрим матнлардаги фикрлар аниқлаштирилди ва қўшиқлар янада чиройли ҳамда қалбни забт этадиган бўлди. Баъзи тилларда чоп этилган ҳамду санолар китобида эскирган сўзлар ва иборалар ўзгартирилди. Масалан, йиғилишлардаю анжуманларда кўпгина янги кишилар, қизиқувчилар, ёшлар ва опа-сингиллар куйлаётганда бошқаларга худди таълим бергандай туюларди. Шунинг учун, қўшиқларнинг номи ва матни ўзгартирилди.

Оилавий топинишда куйлашни машқ қилинг (18- хатбошига қаранг.)

18. Нега янги китобдаги қўшиқлар матни билан танишиб чиқишимиз керак? (Изоҳга қаранг.)

18 «Яҳовага шодлик ила куйланг» китобидаги анчагина қўшиқлар ибодат шаклида ёзилган. Бу қўшиқлар орқали Яҳовага ўз туйғуларингизни изҳор эта оласиз. Бошқа қўшиқлар эса «[бизни] севишга ва эзгу ишлар қилишга ундаш»га кўмаклашади. (Иброн. 10:24) Албатта, қўшиқларнинг мусиқаси, ритми ва матни билан танишиб чиқишни истаймиз. Бунинг учун jw.org сайтимизда куйланган қўшиқларни тингланг. Уйда куйлашни машқ қилиб, қўшиқларни дадиллик ила ва чин қалбдан куйлашга ўргана оласиз *.

19. Жамоатдагиларнинг бари қандай қилиб Яҳовага топиниши мумкин?

19 Шуни унутмангки, куйлаш топинишимизнинг муҳим бир қисмидир. Шу йўсин Яҳовага бўлган севгимизнию миннатдорчилигимизни намоён эта оламиз. (Ишаё 12:5 ни ўқинг.) Шодлик билан куйлаганингизда, бошқаларни ҳам дадиллик ила куйлашга ундайсиз. Ҳа, жамоатдагиларнинг бари — ёшлар, ёши улуғлар ва қизиқувчилар — шу йўсин Яҳовага топиниши мумкин. Қўшиқ куйлашдан ҳеч ҳам тортинманг. Дарҳақиқат, сано бастакори каби биз ҳам Яҳовага атаб қўшиқ куйлашни хоҳлаймиз! Шундай экан, шодлик ила куйланг! (Заб. 95:1)

^ абз. 11 Куйлаш қобилиятини яхшилаш борасида кўпроқ маълумот олишни истасангиз, JW Интернет телевидениесининг 2014 йил декабрь ойидаги (ингл.) дастурни томоша қилинг. (СТУДИЯМИЗ туркумига киринг.)

^ абз. 18 Яхши куйлашимизга кўмаклашиш учун ҳар бир анжуманнинг бошида ўн дақиқали мусиқали намойиш бўлади. Оркестр ижросидаги бу мусиқалар ўтадиган анжуман учун қалбимизнию онгимизни тайёрлашга ёрдам беради. Шунинг учун, дастур бошланишидан аввал ўз жойимизни эгаллаб, ушбу мусиқали дастурни диққат ила тинглашга чорланамиз.