Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

Ҳеч нарса сизни мукофотдан айирмасин

Ҳеч нарса сизни мукофотдан айирмасин

Ҳеч бир инсон сизларни мукофотдан айирмасин. КОЛОС. 2:18

ҚЎШИҚЛАР: 32, 55

1, 2. а) Худонинг хизматчилари қандай мукофотга кўз тикишяпти? б) Мукофотга кўз тикишимизга нима ёрдам беради? (Очқич оятнинг юқорисидаги расмга қаранг.)

ҲАВОРИЙ ПАВЛУС сингари бугунги кунда ҳам мойланган масиҳийлар қимматбаҳо умидга — «Тангрининг... самовий даъватига, мукофотига» эга бўлишади. (Филип. 3:14) Улар Исо Масиҳ билан осмонда шоҳлик қилиб, биргаликда инсониятни мукаммалликка олиб келишади. (Ваҳ. 20:6) Бу нақадар ажойиб умид! Бошқа қўйларнинг умиди уларникидан фарқ қилади. Улар ер юзида абадий яшаш мукофотига кўз тикишяпти. Нақадар бахтли истиқбол! (2 Бутр. 3:13)

2 Содиқ қолиб мукофотни қўлга киритишга ёрдам бериш мақсадида Павлус мойланган масиҳийларни: «Самовий нарсалар ҳақида фикр юритинглар»,— деб ундаган. (Колос. 3:2) Улар қимматбаҳо умидини, яъни самовий меросини ёдда тутиши керак эди. (Колос. 1:4, 5) Дарҳақиқат, Яҳова Ўз халқига тайёрлаб қўйган баракалар ҳақида мулоҳаза қилиш, Унинг барча хизматчиларига мукофотга кўз тикишга ёрдам беради. Бу самовий умиди борларга ҳам, ерда яшашга умид қилаётганларга ҳам фойдалидир. (1 Кор. 9:24)

3. Павлус имондошларини қандай хавф-хатарлардан огоҳ этган?

3 Шунингдек, Павлус имондошларини мукофотдан айириши мумкин бўлган хавф-хатарлардан огоҳ этган. Мисол учун, у Колосадаги жамоатни, Масиҳга ишониш орқали эмас, балки Таврот қонунига амал қилиб Худонинг марҳаматига эга бўлишга интилган сохта масиҳийлардан огоҳлантирган. (Колос. 2:16–18) Бундан ташқари, Павлус ўз мактубида ҳозирги кунга қадар мавжуд бўлган ва бизни мукофотдан айирадиган хавф-хатарлар ҳақида гапирган. У ахлоқсиз истакларга қарши туриш, имондошлар орасидаги муаммоларни ҳал этиш ва оилавий қийинчиликларни енгиш борасида сўз юритган. Унинг бу масалаларга доир маслаҳатлари ҳанузгача ўз қадр-қимматини йўқотмаган. Шунинг учун, келинг, Павлуснинг Колосаликларга йўллаган мактубидаги севги ила берилган айрим огоҳлантиришларини ўрганиб чиқайлик.

АХЛОҚСИЗ ИСТАКЛАРНИ ЎЛДИРИНГ

4. Нима учун ахлоқсиз истаклар бизни мукофотдан маҳрум этиши мумкин?

4 Имондошларига ажойиб умид ҳақида эслатгач, Павлус қуйидагиларни ёзди: «Ерга хос тана аъзоларингиздаги зино, ҳаром-ҳаришлик, шаҳват, зарарли истак ва... тамагирлик каби эҳтиросларни ўлдиринглар». (Колос. 3:5) Ахлоқсиз истаклар жуда кучли бўлиб, бизни Яҳова билан дўстона муносабатимиздан ҳамда келажакка бўлган умидимиздан маҳрум этиши мумкин. Ахлоқсизлик содир этган битта биродаримиз жамоатга қайтгач шундай деди: «Бу истаклар шунчалик кучли эдики, бошим деворга урилмагунча тўғри йўлга қайтмадим».

5. Хавфли вазиятларда ўзимизни қандай ҳимоя қила оламиз?

5 Яҳованинг ахлоқий меъёрларига зид йўл тутиш васвасаси пайдо бўладиган вазиятларда айниқса эҳтиёт бўлишимиз даркор. Мисол учун, йигит ва қиз учрашишни бошлаши биланоқ бир-бирига қўл теккизиш, ўпишиш масалаларида аниқ чегаралар ўрнатиб, ёлғиз қолмаслик чораларини ўйлаб қўйишса, оқилона бўлади. (Ҳик. 22:3) Масиҳий хизмат сафарига бориши ёки ўзга жинс билан ишлаши каби вазиятлар ҳам ахлоқий томондан хавф туғдириши мумкин. (Ҳик. 2:10–12, 16) Агар сиз ўхшаш вазиятда бўлсангиз, Яҳованинг Шоҳиди эканингизни бошқаларга айтинг, ҳурмат билан муомала қилинг ва ноз-карашма қилишнинг аянчли оқибатлари борлигини ёдда тутинг. Тушкун аҳволда бўлсак ва ёлғизликни ҳис қилсак ҳам хавф остида қолишимиз мумкин. Шундай пайтда бизни қадр-эътиборга лойиқ деб биладиган инсонни излай бошлашимиз ҳеч гап эмас. Биз шу қадар умидсизликка тушишимиз мумкинки, ҳатто дуч келган одамнинг эътиборини қабул қиладиган бўлиб қоламиз. Агар сиз билан шундай юз берса, ёрдам излаб Яҳовага ва Унинг халқига мурожаат қилинг. Бу сизга мукофотдан айрилмасликка кўмаклашади. (Забур 33:19; Ҳикматлар 13:20 ни ўқинг.)

6. Ўйин-кулги турларини саралаётганда нималарни ёдда сақлашимиз муҳим?

6 Ахлоқсиз истакларни ўлдириш учун ахлоқсиз ўйин-кулгиларни рад этишимиз керак. Бугунги кунда ўйин-кулги индустрияси тақдим этаётган кўп нарсалар қадимги Садўм ва Ғамўрадаги аҳволни эслатади. (Яҳд. 7) Бу индустриянинг етакчилари жинсий ахлоқсизликни одатий ҳол ва зарарсиздек кўрсатиб, ахлоқ-одобга оид ғояларини олға суришади. Биз ҳушёрликни йўқотмасликка интилиб, тақдим этилаётган бундай ўйин-кулгиларни борича қабул қилмаслигимиз керак. Танлаган ўйин-кулгимиз ҳаёт мукофотига кўз тикишимизга тўсқинлик қилмаслиги муҳим. (Ҳик. 4:23)

СЕВГИ ВА МЕҲРИБОНЛИККА «БУРКАНИНГ»

7. Жамоат аъзолари орасида қандай муаммолар юзага келиши мумкин?

7 Имонлилар жамоатига тегишли бўлиш барака эканига ҳаммамиз қўшилсак керак. Йиғилишларимизда Худонинг Каломини тадқиқ қилаётганимиз ҳамда бир-биримизни меҳрибонлик ва севги ила қўллаб-қувватлаётганимиз мукофотга кўз тикишимизга ёрдам беряпти. Аммо гоҳида тушунмовчиликлар дастидан жамоат аъзолари орасида таранглик юзага келиши мумкин. Агар шу каби муаммоларни ҳал қилмасак, бу осонликча хафагарчиликка сабаб бўлади. (1 Бутрус 3:8, 9 ни ўқинг.)

8, 9. а) Қайси фазилатлар мукофотни қўлга киритишимизга кўмаклашади? б) Агар имондошимиз бизни хафа қилса, тинчлик сақлашимизга нима ёрдам беради?

8 Хафагарчилик бизни мукофотдан айирмаслиги учун нима қилса бўлади? Павлус колосаликларни шундай деб ундаган: «Худо томонидан танланган муқаддас ва суюкли кишилар сифатида сизлар меҳр-шафқат, меҳрибонлик, ўй-фикрда камтаринлик, мулойимлик ва узоқ сабрлилик каби ёқимли фазилатларга бурканинглар. Бир-бирингизга чидамли бўлинглар ва ҳатто кимнингдир бошқадан арз қилишга сабаби бўлса, уни чин дилдан кечирсин. Яҳова сизларни чин дилдан кечирганидек, сизлар ҳам шундай йўл тутинглар. Буларнинг устига, инсонларни етук даражада бирлаштирадиган севги фазилатига бурканинглар». (Колос. 3:12–14)

9 Севги ва меҳрибонлик бир-биримизни кечиришга кўмаклашади. Мисол учун, имондошимизнинг сўзи ёки хатти-ҳаракатидан ранжиган бўлсак, ўзимиз ҳам гапимиз ёки ишимиз билан бошқаларни хафа қилганимизни эсласак бўлади. Хатоларимизни кечираётган биродару опа-сингилларимизнинг меҳрибонлигию севгисини наҳотки қадрламасак?! (Воиз 7:21, 22 ни ўқинг.) Масиҳнинг меҳрибонлиги туфайли ҳақ Худога хизмат қилаётганлар бирлашаётганидан жуда хурсандмиз. (Колос. 3:15) Барчамиз битта Аллоҳни яхши кўрамиз, битта хабарни ваъз қиламиз ва қийинчиликларимизнинг аксарияти ҳам бир хил. Бир-биримизни меҳрибонлик ва севги ила кечирсак, орамиздаги бирликка ҳисса қўшиб, ҳаёт мукофотига кўз тика оламиз.

10, 11. а) Нега рашк-ҳасад хавфли? б) Рашк-ҳасад бизни мукофотдан айирмаслиги учун нима қилсак бўлади?

10 Муқаддас Китобдаги огоҳлантирувчи мисоллар рашк-ҳасад ҳам бизни мукофотдан айириши мумкинлигини эслатяпти. Мисол учун, Қобил укаси Ҳобилга ҳасад қилиб уни ўлдирган. Кўрах, Датан ва Абурам Мусога ҳасад қилиб унга қарши чиқишган. Шоҳ Шоул ҳам Довуднинг муваффақиятини кўра олмай уни ўлдирмоқчи бўлган. Худонинг Каломида: «Қаерда ҳасадгўйлик ва жанжалкашлик бўлса, ўша ерда тартибсизлик ва ҳар қандай қабиҳлик бўлади»,— деб айтилгани бежиз эмас. (Ёқб. 3:16)

11 Агар чинакам севги ва меҳрибонликни ривожлантирсак, рашк-ҳасад иллатига осонликча чалинмаймиз. Худонинг Каломида: «Севги узоқ сабрли ва меҳрибондир. Севги рашк қилмайди»,— деб ёзилган. (1 Кор. 13:4) Рашк-ҳасад юрагимизда илдиз отишини истамасак, Аллоҳнинг нуқтаи назарига эга бўлишга интилиб, биродару опа-сингилларимизни Масиҳ танасининг аъзолари деб ҳисоблашимиз лозим. Бу бизга ҳамдард бўлиб, қуйидаги илоҳий маслаҳатга ҳамоҳанг йўл тутишга ёрдам беради: «Борди-ю, битта аъзо улуғланса, бошқа аъзолар ҳам у билан бирга қувонишади». (1 Кор. 12:16–18, 26) Бошқалар барака олганда рашк-ҳасад қилмай, улар билан қувонамиз. Мисол тариқасида шоҳ Шоулнинг ўғли Йўнатанни олайлик. Довуд унинг ўрнига шоҳ этиб тайинланганда Йўнатан унга ҳасад қилмаган. Аксинча, унга далда берган. (1 Шоҳ. 23:16–18) Хўш, сиз ҳам Йўнатан каби меҳрибонлик ва севгини кўрсата оласизми?

ОИЛАНГИЗ БИЛАН МУКОФОТГА ЭГА БЎЛИНГ

12. Оилангиз билан мукофотга эга бўлишга қайси маслаҳат ёрдам беради?

12 Муқаддас Китобдаги принципларни қўллаш оилангизга тинчлик ва бахт келтириб, мукофотга эга бўлишга кўмаклашади. Павлус Колосадаги масиҳийларга шундай маслаҳат берган: «Сиз хотинлар, Ҳазратимизнинг издошларига хос равишда эрларингизга бўйсунинглар. Сиз эрлар, хотинларингизни севинглар ва уларга ғазабланиб, қўпол муомала қилманглар. Сиз фарзандлар, ҳар нарсада ота-онангизга қулоқ солинглар, чунки бу Ҳазратимизга маъқул келади. Сиз оталар, фарзандларингизнинг руҳи тушмаслиги учун, уларнинг ғашини келтирманглар». (Колос. 3:18–21) Павлуснинг илоҳий илҳом остида берган маслаҳатини қўллаш эр, хотин ва фарзандларга фойда келтиришига аминсиз, шундай эмасми?!

13. Имондошимиз бўлмаган эри ҳақ топинишга қўшилиши учун опамизга нима ёрдам беради?

13 Борди-ю, имондошимиз бўлмаган эрингиз сизга яхши муносабат қилмаётган бўлса-чи? Бу вазиятни ўзгартириш мақсадида унинг хатти-ҳаракати борасида баҳслашасизми? Айтайлик, у сиз хоҳлагандай ўзгарди ҳам, аммо бу уни ҳақиқатни қабул қилишига олиб келадими? Қайдам. Бироқ эрингизни бош сифатида ҳурмат қилиш орқали оилангизда тинчлик ҳукм суришига ҳисса қўшасиз, Яҳовага шараф келтирасиз ва у ҳатто ҳақ топинишга қўшилиши ҳам мумкин. Шу йўсин икковингиз мукофот сари интила оласиз. (1 Бутрус 3:1, 2 ни ўқинг.)

14. Имондошимиз бўлмаган хотин эрини ҳурмат қилмаса, у қандай йўл тутиши керак?

14 Агар имондошимиз бўлмаган хотинингиз сизни ҳурмат қилмаса-чи? Уйда ким хўжайин эканини кўрсатиш мақсадида хотинингизга бақириб, у сизни кўпроқ ҳурмат қилишига эришасизми? Асло! Худо, сиз Исога тақлид қилган ҳолда севги ила бошчилик қилишингизни хоҳлайди. (Эфес. 5:23) Исо жамоат боши сифатида севги ва сабр-тоқат фазилатларини намоён этяпти. (Луқо 9:46–48) Исонинг намунасидан ибрат олсангиз, хотинингизга ҳақ топиниш йўлига туришга кўмаклашасиз.

15. Эр хотинига ўз севгисини қандай намоён эта олади?

15 Эрларга қуйидагича маслаҳат бериляпти: «Хотинларингизни севинглар ва уларга ғазабланиб, қўпол муомала қилманглар». (Колос. 3:19) Севадиган эр хотинининг таклифларига қулоқ солиб, фикрлари у учун муҳим эканига рафиқасини ишонтирса ҳурмат кўрсатган бўлади. (1 Бутр. 3:7) Гарчи эр доим ҳам хотини сўраган ҳамма нарсани қила олмаса-да, одатда у билан маслаҳатлашиб мувозанатли қарор чиқара олади. (Ҳик. 15:22) Севадиган эр хотинининг ҳурматига талаб қилиб эмас, сазовор бўлиб эришади. Эр рафиқасинию болаларини яхши кўрса, улар Яҳовага қувонч ила хизмат қила олиши ва ҳаёт мукофотини қўлга киритиши эҳтимоли кўпроқ.

Оилавий қийинчиликлар бизни мукофотдан айирмаслиги учун нима қилсак бўлади? (13–15- хатбошиларига қаранг.)

АЗИЗ ЁШЛАР, ҲЕЧ НАРСА СИЗНИ МУКОФОТДАН АЙИРМАСИН!

16, 17. Ёшлар, ота-онангиздан хафа бўлмаслигингизга нима ёрдам беради?

16 Борди-ю, сиз ўсмир бўлсангиз ва ота-онангиз сизни тушунмай, чекловлар қўйишса-чи? Бундан хафа бўлиб, Яҳовага хизмат қилиш энг аъло ҳаёт йўли эканидан шубҳалана бошлашингиз ҳеч гап эмас. Агар бу туфайли Яҳовага хизмат қилмай қўйсангиз, тез орада ҳеч ким сизга художўй ота-онангиз ва жамоатингиз каби ғамхўрлик қилмаслигини англайсиз.

17 Ота-онангиз сизга ҳеч қандай маслаҳат бермаса, улар сизга чиндан ҳам ғамхўрлик қилаётганидан шубҳаланмайсизми? (Иброн. 12:8) Эҳтимол, улар сизни қай тарзда тарбиялаётганидан хафа бўлаётгандирсиз. Яхшиси, ота-онангиз тарбиялаётганига жаҳл қилмай, улар бундай йўл тутаётганининг сабаби борасида ўйлаб кўринг. Тинчланиб, иложи борича уларни танқид қилмасликка интилинг. Худонинг Каломида: «Кам гапирган — доно, оғир, вазмин эса идроклидир»,— деб ёзилган. (Ҳик. 17:27) Маслаҳатни хотиржамлик ила қабул қила оладиган инсон бўлишни мақсад қилинг ва маслаҳат қай тарзда берилгани борасида ҳаддан ташқари бош қотирмай, уни қўлланг. (Ҳик. 1:8) Унутмангки, Худованд Яҳовани яхши кўрадиган ота-она баракадир! Улар ҳаёт мукофотига эришишингизга ёрдам беришни хоҳлаётгани шубҳасиз.

18. Нега мукофотга кўз тикишни мақсад қилдингиз?

18 Самовий умиди борлар ҳам, ердаги жаннатда яшашга умид қилаётганлар ҳам ажойиб келажакни интиқиб кутишяпти. Бу ишончли умид. Зеро уни Яратувчининг Ўзи ваъда қиляпти. Ердаги жаннат ҳақида Худонинг Каломида: «Ер юзи тўлиқ билади Эгамизни»,— деб айтилган. (Ишаё 11:9) Ўшанда ер юзида яшайдиган ҳар бир киши Аллоҳдан таълим олади. Буни интилишга арзийдиган мукофот деса бўлади. Шундай экан, Яҳованинг ваъдаларини ёдда тутинг, сизни ҳеч нарса мукофотдан айирмасин!