46-ТАДҚИҚ МАҚОЛАСИ
Яҳова ерни жаннатга айлантиришга кафолат беряпти
Ер юзида ўзига барака тилаган ҳар ким садоқатли Худо томонидан барака топади. (ИШАЁ 65:16)
3-ҚЎШИҚ Қудратим, Умидим, Таянчим Ўзинг
БУ МАҚОЛАДА a
1. Ишаё пайғамбар исроилликларга қандай хабарни етказган?
ИШАЁ ПАЙҒАМБАР Яҳовани «садоқатли Худо» деб айтган. Муқаддас Китобнинг асл нусхасида «садоқат» сўзи том маънода «омин» сўзини билдиради. (Ишаё 65:16) «Омин» сўзи эса «шундай бўлсин» ёки «шубҳасиз» деган маънога эга. Бу сўз Муқаддас Китобда Исога ва Яҳовага нисбатан ишлатилганда, бирон нима аниқ амалга ошишини англатади. Ишаёнинг исроилликларга айтган хабари аниқ эди: «Яҳова нимани башорат қилса, бу доим амалга ошади». Дарҳақиқат, Яҳова ваъдаларини ҳамиша бажарган.
2. Нега келажагимиз борасидаги Яҳованинг ваъдаларига ишонсак бўлади ва қандай саволларни кўриб чиқамиз?
2 Келажагимиз борасидаги Яҳованинг ваъдаларига ишонсак бўладими? Ишаёнинг давридан тахминан 800 йил ўтиб, ҳаворий Павлус Худонинг ваъдаларига нега ишонишимиз мумкинлигини тушунтирган. У шундай деган: «Худо асло ёлғон гапирмайди». (Иброн. 6:18) Бир ўйлаб кўринг: ахир ўша-ўша булоқдан ҳам тоза, ҳам шўр сув чиқмайди-ку. Шунга ўхшаб, Яҳова ҳақиқат Манбаи бўлгани учун алдамайди. Шундай экан, Яҳова айтаётган ҳар бир нарсага, жумладан, келажагимизга оид ҳамма ваъдаларига тўлиқ ишонсак бўлади. Ушбу мақолада қуйидаги саволларни кўриб чиқамиз: Яҳова бизга келажакда нима беришни ваъда қиляпти? Унинг барча ваъдалари амалга ошишига нима кафолат беряпти?
ЯҲОВА ҚАНДАЙ ВАЪДА БЕРЯПТИ?
3. a) Худонинг хизматчилари қайси ваъдани яхши кўришади? (Ваҳий 21:3, 4) б) Бу ваъдани бўлишганимизда, баъзилар қандай фикр билдиради?
3 Ҳозир биз кўриб чиқадиган ваъда дунё бўйлаб Яҳованинг хизматчилари учун жуда қадрли. (Ваҳий 21:3, 4 ни ўқинг.) Яҳова: «Ўлим, мотам, фарёд ва оғриқ бошқа бўлмайди»,— деб ваъда қиляпти. Кўпчилигимиз ушбу оятлар ёрдамида хизматда бошқаларга тасалли бериб, жаннатдаги ҳаёт қандай бўлишини кўрсатамиз. Бу ваъда билан бўлишганимизда, баъзи одамлар бунга қандай муносабатда бўлади? Эҳтимол, улар шундай дейиши мумкин: «Албатта, бу ажойиб сўзлар, лекин бунга ишониш қийин».
4. a) Яҳова жаннат бўлишини ваъда қилганида, бугунги кунда нима бўлиши борасида У нималарни билган? б) Яҳова ваъда берибгина қолмай, яна нима қилган?
4 Яҳова ҳаворий Юҳаннони жаннат ҳақидаги бу ваъдани ёзишга илҳомлантирганида, биз уни бошқаларга айтишимизни билгани шубҳасиз. Шунингдек, У «янги» нарсалар тўғрисидаги ушбу ваъдага ҳамма ҳам ишонмаслигини билган. (Ишаё 42:9; 60:2; 2 Кор. 4:3, 4) Хўш, Ваҳий 21:3, 4 даги сўзлар амалга ошишига бошқаларни қандай ишонтиришимиз мумкин? Қолаверса, Яҳовага ҳамда Унинг ваъдаларига бўлган ишончимизни қай йўсин кучайтира оламиз? Яҳова бу ажойиб ваъдани берибгина қолмай, бунга нега ишонишимиз мумкинлигининг сабабларини ҳам тушунтирган. Қизиқ, бу қандай сабаблар экан?
ЯҲОВА ВАЪДАСИ АМАЛГА ОШИШИГА КАФОЛАТ БЕРЯПТИ
5. Худонинг жаннат борасидаги ваъдасига ишонишимиз учун қандай сабаблар бор ва уларни қаердан топа оламиз?
5 Яҳованинг жаннат борасидаги ваъдасига нега ишонишимиз мумкинлигини қуйидаги оятлардан кўряпмиз. У ерда шуларни ўқиймиз: «Тахтда ўтирган Зот шундай деди: “Мана, Мен ҳамма нарсани янги қилиб яратяпман”. Шунингдек: “Ёзиб қўй, чунки бу сўзлар ишончли ва ҳаққонийдир”,— деб қўшиб қўйди. Кейин У менга қуйидагиларни айтди: “Амалга ошди! Мен Альфа ва Омега, ибтидо ва интиҳодирман”». (Ваҳ. 21:5, 6а)
6. Нега Ваҳий 21:5, 6 даги сўзлар Худонинг ваъдаси амалга ошишига бизни янада кўпроқ ишонтиряпти?
6 Нега бу сўзлар Худонинг ваъдасига бўлган ишончимизни мустаҳкамлаяпти? Бир китобда ушбу оятлар борасида қуйидагича ёзилган: «Бу Яҳова ваъдасини амалга оширишга бизни ишонтириш учун ҳужжатга Ўз имзосини қўйганга ўхшайди» b. Худонинг ваъдаси Ваҳий 21:3, 4 да ёзилган. Лекин кейин 5-, 6-оятларда Яҳованинг имзосини кўрсак бўлади. Бошқача сўзлар билан айтганда, У ваъдасини амалга оширишга кафолат беряпти. Келинг, Яҳова бераётган бу кафолатни батафсил кўриб чиқайлик.
7. Бешинчи оятда ким гапиришни бошлаяпти ва нега бу диққатга сазовор?
7 Яҳованинг кафолати қуйидаги сўзлар билан бошланяпти: «Тахтда ўтирган Зот шундай деди». (Ваҳ. 21:5а) Ушбу сўзлар ўзгача, чунки улардан кейин Яҳованинг Ўзи гапиряпти. Бу Ваҳий китобида Яҳова шахсан гапирган учта вазиятдан биттаси. Шуни айтиш жоизки, бу кафолатни қудратли фаришта ёки ҳатто тирилган Исо эмас, балки Яҳованинг Ўзи беряпти. Бу Унинг кейинги сўзлари юз фоиз рост эканини тасдиқлаяпти. Нега деганда, Яҳова «ёлғондан холи бўлган Худо». (Титус. 1:2) Шунинг учун Ваҳий 21:5, 6 даги сўзлар тўлиқ ишончимизга лойиқ эканига аминмиз.
«МАНА, МЕН ҲАММА НАРСАНИ ЯНГИ ҚИЛИБ ЯРАТЯПМАН»
8. Яҳова ваъдаси амалга ошишига ишонтириш учун нимани таъкидлаяпти? (Ишаё 46:10)
8 Келинг, «мана» сўзига назар солайлик. (Ваҳ. 21:5) «Мана» деб таржима қилинган юнонча ибора Ваҳий китобида тез-тез ишлатилган. Битта китобда айтилишича, бу ибора «ўқувчининг эътиборини қуйида ёзиладиган сўзларга қаратиш учун» қўлланилган. Қизиқ, қуйида қандай сўзлар ёзилган? Худо шундай деган: «Мен ҳамма нарсани янги қилиб яратяпман». Ҳа, Яҳова келажакда юз берадиган ўзгаришлар ҳақида айтяпти. Лекин ушбу ваъда Худо учун шунчалик аниқки, У бу ўзгаришлар худди юз бергандай гапиряпти. (Ишаё 46:10 ни ўқинг.)
9. a) «Ҳамма нарсани янги қилиб яратяпман» деган сўзлар нимани билдиради? б) Ҳозирги «осмон» ва «ер» билан нима бўлади?
9 Ваҳий 21:5 даги «Ҳамма нарсани янги қилиб яратяпман» деган сўзларга ҳам диққат қаратайлик. Ушбу бобда бу гап Яҳованинг иккита ҳаракатини билдиради. Яъни бирор нарсани бошқасига алмаштириш ва тиклаш. Биринчидан, Яҳова нимани алмаштиради? Ваҳий 21:1 да қуйидагиларни ўқиймиз: «Аввалги осмон ва ер ғойиб бўлган». «Аввалги осмон» Шайтон ва унинг жинлари таъсири остида бўлган ҳукмрон ҳокимиятларни билдиради. (Мат. 4:8, 9; 1 Юҳан. 5:19) Муқаддас Китобда «ер» сўзи унинг аҳолисини билдириши мумкин. (Ибт. 11:1; Заб. 96:1) Шундай қилиб, аввалги «ер» ҳозирги ёвуз инсонларни билдиради. Яҳова ҳозирги ер ва осмонни шунчаки яхшилаб қўймайди, аксинча, уларни таг-томири билан йўқ қилиб ташлайди. Худо ҳозирги осмон ва ернинг ўрнига «янги осмонни ва янги ерни» ўрнатади. Бу янги ҳукумат одил инсонларни бошқаришини англатади.
10. Яҳова нимани янгилайди?
10 Яҳова яна нималарни янги қилиб яратади? (Ваҳ. 21:5) Яҳова ерни яхши ҳолатга келтириб, одамларни соғайтиради, улар мукаммал ҳолатга келади. Ишаё башорат қилганидай, бутун ер юзи чиройли Адан боғидай бўлади. Қолаверса, Худо бизни ҳам янги қилиб қўяди, яъни ҳар биримизни бутунлайин соғайтиради. Чўлоқ, кўзи кўрмайдиган, қулоғи эшитмайдиган одамлар шифо топади ва ҳатто ўлганлар ҳаётга қайтади. (Ишаё 25:8; 35:1–7)
«БУ СЎЗЛАР ИШОНЧЛИ ВА ҲАҚҚОНИЙДИР... АМАЛГА ОШДИ!»
11. Яҳова Юҳаннога нима қилишни айтган ва нега?
11 Яҳова яна нима қилишга кафолат беряпти? Яҳова Юҳаннога: «Ёзиб қўй, чунки бу сўзлар ишончли ва ҳаққонийдир»,— деб айтган. (Ваҳ. 21:5) Яҳова буни «ёзиб қўй» деб айтибгина қолмай, бунинг сабабини ҳам келтирган. У шундай деган: «Чунки бу сўзлар ишончли ва ҳаққонийдир», яъни Худонинг сўзлари рост ва аниқ. Юҳанно бу сўзларни ёзиб қўйганидан миннатдормиз. Сабаби, Худонинг жаннат борасидаги ваъдасини ўқишимиз ва бизни кутаётган ажойиб баракалар ҳақида фикр юритишимиз мумкин.
12. Нега Яҳова: «Амалга ошди!» — деб айта олган?
12 Кейин Худо нима деяпти? «Амалга ошди!» (Ваҳ. 21:6) Энди, Яҳова жаннат тўғрисидаги ҳамма ваъдалари худди амалга ошгандай гапиряпти. Боиси, ниятини амалга оширишдан Уни ҳеч ким тўхтата олмайди. Яҳова ваъдаси аниқ амалга ошишига ишонишимиз учун берган кафолатнинг яна бир қирраси қандай?
«МЕН АЛЬФА ВА ОМЕГА»
13. Нима учун Худо: «Мен Альфа ва Омега»,— деб айтган?
13 Юқорида айтилганидек, Яҳова ваҳий орқали Юҳаннога уч марта гапирган. (Ваҳ. 1:8; 21:5, 6; 22:13) Ҳар сафар Яҳова бир гапни қайта-қайта айтган: «Мен Альфа ва Омега». Юнон алифбоси альфа ҳарфи билан бошланиб, омега ҳарфи билан тугайди. Яҳованинг: «Мен Альфа ва Омега»,— деб айтган сўзлари, У бирон нимани бошласа, буни муваффақият ила ўз ниҳоясига етказиб қўйишини кўрсатяпти.
14. a) Яҳова худди: «Альфа»,— деб айтганда нима юз бергани борасида мисол келтиринг ҳамда «Омега» деганда, нима бўлади? б) Ибтидо 2:1–3 даги сўзлар бизни нимада ишонтиряпти?
14 Яҳова Одамато билан Момоҳавони яратганидан кейин инсонларга ва ер юзига нисбатан илк ниятини айтган. Каломда қуйидагича ёзилган: «Тангри уларни қутлаб: “Серфарзанд бўлиб, кўпайинглар ва ер юзини тўлдириб, тобе қилинглар...”,— деб айтди». (Ибт. 1:28) Ўша пайтда Яҳова худди «Альфа» дегандай эди. У аниқ қилиб ниятини айтган: Одамато билан Момоҳавонинг мукаммал ва итоатли авлодлари ерда яшаб, уни жаннатга айлантиришади. Унинг бу нияти амалга ошганида эса У худди «Омега» дегандай бўлади. Яҳова «осмон билан ернинг ва улардаги барча нарсаларнинг яратилиши ўз ниҳоясига» етганида кафолат берган. Уни Ибтидо 2:1–3 гача топишимиз мумкин. (Ўқинг.) Яҳова еттинчи кун муқаддас бўлишини айтган. Бу нимани англатади? Худо инсонларга ва ерга нисбатан ниятини ҳеч қандай тўсиқсиз бажаришга кафолат берган. Бу еттинчи куннинг охирида бутунлайин амалга ошиши керак эди.
15. Нега Шайтон Яҳовага ниятини амалга оширишга тўсқинлик қила оламан деб ўйлаган бўлиши мумкин?
15 Илк жуфтлик исён кўтарганидан кейин гуноҳкор бўлиб, гуноҳ ва ўлимни авлодларига мерос қилиб қолдирди. (Рим. 5:12) Натижада, Шайтон Худонинг ерни мукаммал ва итоаткор одамлар билан тўлдириш ниятига халақит берди деган хаёлга боришимиз ҳеч гап эмас. Хўш, Шайтон Яҳовага ниятини амалга оширишга тўсқинлик қила олдими? Эҳтимол, Шайтон Яҳова Ўз ваъдасини бажара олмайди, деб ўйлагандир. У Худо инсонларга нисбатан ниятини бажариш учун Одамато билан Момоҳавони ўлдириб, уларнинг ўрнига бошқа мукаммал жуфтликни яратади деган фикрга боргандир. Агар Худо бундай қилганида, Иблис Уни ёлғончи деб айблаши мумкин эди. Нега? Чунки Ибтидо 1:28 га кўра, Яҳова Одамато билан Момоҳавога уларнинг авлодлари ер юзини тўлдиришини айтган.
16. Нега Шайтон Яҳовани ваъдасини амалга ошира олмасликда айблай оламан деб ўйлаган бўлиши мумкин?
16 Шайтон Худо яна нима қилади деб ўйлаган бўлиши мумкин? Балки у Яҳова илк жуфтликка асло мукаммалликка эриша олмайдиган номукаммал фарзандларни дунёга келтиришга йўл қўяди, деб ўйлагандир. (Воиз 7:20; Рим. 3:23) Шундай бўлганида, Иблис Яҳованинг қўлидан ҳеч нарса келмайди деб Уни айблаган бўларди. Нега? Чунки бу юз берганида Худонинг нияти, яъни илк жуфтликнинг мукаммал ва итоатли авлодлари ерни жаннатга айлантиришидан иборат бўлган нияти амалга ошмасди.
17. Яҳова Шайтон ҳамда илк жуфтликнинг исёнини қандай ҳал қилган ва бунинг натижаси қандай бўлган? (Расмга ҳам қаранг.)
17 Шайтон Яҳова илк инсонларнинг ва унинг исёнини қандай ҳал қилишини ҳатто хаёлига ҳам келтирмаган. (Заб. 92:5) Аллоҳ Одамато ва Момоҳавога фарзандларни дунёга келтиришга йўл қўйган. Шу йўсин, Унинг сўзлари рост бўлиб чиққан. У ёлғондан холи Худо. Яҳова бирон нима қилмоқчи эканини айтса, Уни ҳеч нарса тўхтата олмаслигини кўрсатган. У нияти амалга ошишига ишонч ҳосил қилган ва Одамато билан Момоҳавонинг итоаткор авлодларини қутқарадиган «зурриёт»ни тақдим этган. (Ибт. 3:15; 22:18) Худонинг тўлов ҳақидаги режаси Шайтоннинг етти ухлаб тушига ҳам кирмагандир. Нега? Чунки тўлов қурбонлиги беғараз севгига асосланади. (Мат. 20:28; Юҳан. 3:16) Шайтон эса бу фазилатга эга эмас, у худбин. Хўш, бу тўлов қурбонлиги орқали нима бўлади? Яҳованинг илк ниятига кўра, Минг йиллик бошқарувнинг охирида ердаги жаннат илк жуфтликнинг мукаммал ва итоаткор авлодларига тўлади. Ўшанда Яҳова «Омега» дегандай бўлади.
ЖАННАТ БОРАСИДАГИ ВАЪДАГА БЎЛГАН ИШОНЧИМИЗНИ ҚАНДАЙ МУСТАҲКАМЛАЙ ОЛАМИЗ?
18. Худо бизни ишонтираётганининг учта сабаби қандай? (« Яҳованинг ваъдасига ишониш учун учта сабаб» номли рамкага ҳам қаранг.)
18 Ушбу мақолада нега ерда жаннат бўлишига ишонишимиз мумкинлигининг сабабларини кўриб чиқдик. Бошқаларни бу ростдан ҳам юз беришига ишонтириш учун нима дейишимиз мумкин? Биринчидан, бу ваъдани Яҳованинг Ўзи беряпти. Ваҳий китобида қуйидагиларни ўқиймиз: «Тахтда ўтирган Зот шундай деди: “Мана, Мен ҳамма нарсани янги қилиб яратяпман”». Бу ваъдани бажариш учун Худонинг донолиги, кучи ва истаги бор. Иккинчидан, Яҳованинг нуқтаи назари билан қараганда, бу ваъда худди амалга ошиб бўлгандай. Шу боис ҳам У қуйидагича айтяпти: «Бу сўзлар ишончли ва ҳаққонийдир... Амалга ошди!» Учинчидан, Яҳова бирон нимани бошласа, буни муваффақият ила ўз ниҳоясига етказиб қўйишига ҳеч нарса тўсқинлик қила олмайди. Шунинг учун У: «Мен Альфа ва Омега»,— деб айтган. Худо Шайтон ёлғончи ва қўлидан ҳеч нарса келмаслигини исботлайди.
19. Одамлар Худонинг жаннат борасидаги ваъдасидан шубҳаланаётган бўлса, нима қилишингиз мумкин?
19 Унутманг, ҳар сафар хизматда Яҳованинг кафолати ҳақида одамларга айтганингизда, сиз аввало Унинг ваъдаларига бўлган ишончингизни мустаҳкамлайсиз. Хўш, кейинги сафар хизматда кимгадир Ваҳий 21:4 даги Яҳованинг жаннат ҳақидаги ажойиб ваъдасини ўқиб берганингизда, у: «Албатта, бу ажойиб сўзлар, лекин бунга ишониш қийин»,— деса, нима қилишингиз мумкин? Унга 5- ва 6-оятларни ўқиб, тушунтирсангиз бўлади. Бу кишига Яҳова Ўз ваъдасини бажаришга қай йўсин имзо чекиб кафолат берганини кўрсатинг. (Ишаё 65:16)
145-ҚЎШИҚ Аллоҳ ваъда қилган жаннат
a Бу мақолада Яҳова жаннат ҳақидаги ваъдаси амалга ошишига кафолат бераётганини кўриб чиқамиз. Ҳар сафар буни бошқалар билан бўлишганда, Худонинг ваъдаларига бўлган ишончимизни мустаҳкамлаймиз.
b Кўп тилларда нашр этилган «Ваҳий — унинг бажарилиши ўз поёнига етмоқда!» китобининг 303-, 304-саҳифаларидаги 8-, 9-хатбошиларига қаранг.