Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

Йўлбошчимиз Исо Масиҳга ишонинг

Йўлбошчимиз Исо Масиҳга ишонинг

Биргина Йўлбошчингиз бор. У ҳам бўлса Масиҳдир. МАТ. 23:10

ҚЎШИҚЛАР: 14, 30

1, 2. Мусонинг ўлимидан сўнг Ёшуа қандай вазиятга дуч келди?

ЯҲОВАНИНГ мана шу сўзлари Ёшуанинг қулоғига ҳанузгача чалиниб турибди: «Хизматчим Мусо оламдан ўтди. Энди сен бу халқ билан Иорданнинг нариги томонига ўтиб, Мен... бераётган юртга боришга тайёргарлик кўр». (Ёшуа 1:1, 2) Бу деярли 40 йил давомида Мусонинг ёрдамчиси бўлган Ёшуа учун жуда кескин ўзгариш эди!

2 Мусо шунча кўп вақт мобайнида Исроил халқининг йўлбошчиси бўлгани учун, Ёшуа энди халқ уни йўлбошчи сифатида қай йўсин қабул қилар экан деб ташвишлангандир. (Қонун. 34:8, 10–12) Муқаддас Китобнинг бир луғатида Ёшуа 1:1, 2 га шундай изоҳ келтирилган: «Ўтмишда ҳам, бугунги кунда ҳам йўлбошчилик бошқа инсонга ўтиши мамлакатнинг хавфсизлигига зиён келтириши мумкин бўлган давр ҳисобланади».

3, 4. Ёшуа Аллоҳга умид боғлаб адашмаганини қаердан биламиз ва ўзимизга қандай савол бериб кўрсак бўлади?

3 Ёшуанинг қўрққани асосли бўлгандир, аммо бир неча кун ичида у ҳаракатга тушади. (Ёшуа 1:9–11) У Аллоҳга умид боғлайди. Муқаддас Китобда айтилишича, Яҳова Ёшуани ва Исроил халқини фариштаси орқали бошқарган. Бу фаришта Калом, яъни Худонинг тўнғич Ўғли бўлган деб айтсак адашмаймиз. (Чиқ. 23:20–23; Юҳан. 1:1)

4 Яҳованинг кўмаги билан Исроил халқи Мусонинг ўрнига йўлбошчи сифатида Ёшуани қабул қилди. Биз ҳам кескин ўзгаришлар юз бераётган замонда яшаяпмиз ва ўзимиздан шундай деб сўрашимиз мумкин: «Худонинг ташкилоти тезда олға қараб ҳаракат қиляпти экан, тайинланган Йўлбошчимиз Исога ишониш учун қандай сабабларимиз бор?» (Матто 23:10 ни ўқинг.) Бу саволга жавоб олиш учун, келинг, қадимда ўзгаришлар юз берган даврда қай йўсин Яҳова ишончли йўлбошчиларни тақдим этганига эътибор берайлик.

ХУДОНИНГ ХАЛҚИНИ КАНЪОНГА ЕТАКЛАШ

5. Ёшуа Ерихо ёнида турганда нима юз берган? (Очқич оятнинг юқорисидаги расмга қаранг.)

5 Исроил халқи Иордан дарёсидан ўтганига кўп бўлмаган эди. Ўшанда Ёшуа кутилмаган бир вазиятга дуч келади. У Ерихо ёнида турганда қўлида қилич тутган бир кишини учратади. Бу ким эканини билмай, Ёшуа ундан: «Сен биз томондамисан ёки душманлар томондами?» — деб сўрайди. У ким эканини яширмай, Худонинг халқини ҳимоя қилишга тайёр бўлиб, ҳеч бир томонда эмаслигини ва «Яҳова қўшинининг сардориман» деб айтган. (Ёшуа 5:13–15 ни ўқинг.) Гарчи бошқа оятлардан Яҳова Ёшуага тўғридан-тўғри гапирганини кўрсак-да, ўтмишда ҳам кўп ҳолларда бўлганидай, У фариштаси орқали гапирган. (Чиқ. 3:2–4; Ёшуа 4:1, 15; 5:2, 9; Ҳавор. 7:38; Галат. 3:19)

6–8. а) Нега Яҳованинг баъзи йўл-йўриқлари одам нуқтаи назари билан қараганда, ғалати туюлган? б) Қандай қилиб йўл-йўриқлар ҳам доно, ҳам ўз вақтида бўлгани тасдиқланган? (Изоҳга ҳам қаранг.)

6 Ёшуа Ерихо шаҳрига қандай ҳужум қилиш борасида Йўлбошчи фариштадан яққол йўл-йўриқ олган. Аввалига баъзи йўл-йўриқлар яхши иш бермайдигандай туюлиши мумкин. Масалан, гарчи тузалиш учун бир неча кун кетиши керак бўлса-да, Яҳова барча эркаклар суннат қилинишини буюрган. Хўш, ўша пайт меҳнатга қобилиятли эркакларни суннат қилиш вақтимиди? (Ибт. 34:24, 25; Ёшуа 5:2, 8)

7 Эҳтимол, Исроил халқидан бўлган аскарлар душманлар қароргоҳига ҳужум қилса, оилаларини қандай қилиб ҳимоя қила олиши ҳақида хавотир олгандир. Аммо кутилмаганда, ерихоликлар «Исроил ўғилларидан қўрқиб, шаҳар дарвозаларини маҳкам ёпиб қўйишди». (Ёшуа 6:1) Худонинг йўл-йўриғига бўйсунгани туфайли вазият қўққисдан ўзгарганини билиб уларнинг ишончи мустаҳкамландими?

8 Қолаверса, Исроил халқига Ерихога ҳужум қилмаслик буюрилган эди, аксинча, унинг атрофини олти кун давомида бир марта ва еттинчи кун етти марта айланиб чиқиш кутиларди. Баъзи аскарлар: «Вақтни бекор кетказиш-ку!» — деб ўйлаган бўлиши мумкин. Лекин Исроил халқининг кўринмас Йўлбошчиси у қандай йўл тутаётганини аниқ билган. Нафақат унинг тутган йўли, балки Ерихонинг қудратли жангчилари билан тўғридан-тўғри жанг қилишдан ҳимоя қилгани ҳам Исроил халқининг имонига имон қўшган. (Ёшуа 6:2–5; Иброн. 11:30) *

9. Нега Худонинг ташкилотидан олаётган йўл-йўриқларга амал қилишимиз керак? Мисол келтиринг.

9 Бундан нимага ўргандик? Ташкилотимиз томонидан қилинаётган янгиликларнинг сабабларини баъзида тўла равишда тушунмасмиз. Мисол учун, шахсий тадқиқ, ваъзгўйлик ва жамоат учрашувларида электрон мосламалардан фойдаланиш масаласида аввалига саволлар пайдо бўлгандир. Ҳозир эса, имкон борича уларни қўллаш фойдали эканини кўряпмиз. Бошида шубҳаларимиз бўлса-да, шу каби ўзгаришларнинг яхши натижасини кўрганимизда, имонимиз мустаҳкамланиб, янада якдил бўламиз.

БИРИНЧИ АСРДА МАСИҲНИНГ ЙЎЛБОШЧИЛИГИ

10. Биринчи асрдаги етакчи кенгаш кимдан йўл-йўриқ олган?

10 Корнилий масиҳий бўлганидан тахминан 13 йил ўтгач, айрим яҳудий масиҳийлар суннат қилинишни ҳали ҳам олға суришарди. (Ҳавор. 15:1, 2) Антиохияда бу борада баҳс-мунозара кўтарилганда, Павлус Қуддусдаги етакчи кенгаш олдига юборилган. Қизиқ, бу йўл-йўриқни кимдан олган? Павлуснинг ўзи: «У ерга боришимнинг сабаби эса ваҳий олганимдир»,— деган. Шубҳасизки, унга бу йўл-йўриқни Масиҳ берган. Шунинг учун ўша масала етакчи кенгаш томонидан ҳал қилинган. (Галат. 2:1–3)

Масиҳнинг аниқ йўл-йўриғи биринчи асрда яққол кўринган (10-, 11- хатбошиларига қаранг.)

11. а) Яҳудий масиҳийлар орасида суннат қилиниш масаласида нима юз берган? б) Қандай қилиб Павлуснинг Қуддусдаги оқсоқолларнинг йўл-йўриғини қабул қилиш тайёрлиги синалган? (Изоҳга ҳам қаранг.)

11 Масиҳнинг бошқаруви остида етакчи кенгаш томонидан яҳудий бўлмаган масиҳийларни суннат қилмаслик қарори чиқарилди. (Ҳавор. 15:19, 20) Бироқ йиллар ўтгач ҳам, кўпгина яҳудий бўлган масиҳийлар фарзандларини суннат қилаверишган. Қуддусдаги оқсоқоллар Павлус Мусонинг Таврот китобига амал қилмаётгани ҳақида миш-мишлар тарқалганини эшитишганда, унга кутилмаган йўл-йўриқлар беришган *. (Ҳавор. 21:20–26) Одамлар Павлус Тавротга амал қилаётганини тушунишлари учун етакчи кенгаш томонидан унга тўрт киши билан бирга маъбадга бориш кераклиги айтилган. Павлус бу доно маслаҳатмикан деб ўйлаб қолиши мумкин эди. Негаки, аслида яҳудий масиҳийларнинг муаммоси суннат қилиниш борасида аниқ билим етишмаслигида эди. Аммо Павлус оқсоқоллар барча масиҳийлар якдил бўлишини истаётганини тушунган. Шу боис, уларнинг йўл-йўриқларига камтарлик ила амал қилган. Биз ҳам: «Нега Исо ҳатто унинг ўлимидан кейин Таврот қонуни бекор қилинган бўлса-да, бу масала шунча вақт мобайнида ҳал қилинмаганига йўл қўйган?» — деб ўйлашимиз ҳеч гап эмас. (Колос. 2:13, 14)

12. Нега Масиҳ суннат қилиниш масаласи анча вақт мобайнида ҳал қилинмаслигига йўл қўйган бўлиши мумкин? Тушунтиринг.

12 Баъзилар учун ўзгарган тушунчаларни қабул қилишга вақт керак бўлади. Яҳудий масиҳийлар ҳам нуқтаи назарини ўзгартириши учун вақт керак эди. (Юҳан. 16:12) Айримлар бундан буёғига суннат қилиниш Худо билан бўлган ўзгача муносабатларга эга бўлишнинг белгиси эмаслигини тушунишга қийналган. (Ибт. 17:9–12) Яна кимдир таъқиблардан қўрққани боис, яҳудий жамоаларга қарши туришни истамаган. (Галат. 6:12) Лекин вақт ўтгач, Исо Масиҳ Павлус орқали кўпроқ керакли йўл-йўриқларни тақдим этган. (Рим. 2:28, 29; Галат. 3:23–25)

МАСИҲ ҲОЗИР ҲАМ ЖАМОАТИНИ ЕТАКЛАЯПТИ

13. Масиҳ Худонинг халқини етаклаётгани учун миннатдор бўлишимизга нима кўмаклашади?

13 Ташкилотимиздаги ўзгаришларнинг баъзи сабабларини охиригача тушунмаганимизда, Масиҳ ўтмишда Худонинг халқини қандай етаклагани тўғрисида фикр юритсак яхши бўларди. Ҳам Ёшуанинг даврида, ҳам биринчи асрда Масиҳ Худонинг бутун халқини ҳимоя қилиш, имонини мустаҳкамлаш ва орасида бирлик бўлиши учун доим доно йўл-йўриқ тақдим этган эди. (Иброн. 13:8)

14–16. Исо маънавий фаровонлигимиз учун ғамхўрлик қилаётгани «ишончли ва ақлли хизматкор» тақдим этаётган йўл-йўриқдан қандай кўринмоқда?

14 Исо маънавий фаровонлигимиз учун меҳр ила ғамхўрлик қилаётгани «ишончли ва ақлли хизматкор» вақтида йўл-йўриқ тақдим этаётганидан кўринмоқда. (Мат. 24:45) Тўрт фарзанднинг отаси Марк шундай дейди: «Шайтон оилаларга ҳужум қилиш орқали жамоатларни заифлаштирмоқчи. Ҳар ҳафта оилавий топиниш ўтказиш йўл-йўриғи оила боши ўз яқинларини ҳимоя қилишига ҳисса қўшган яхши ўзгариш эди!»

15 Масиҳнинг йўл-йўриғига амал қилганимизда, у маънавий равнақ топишимиз учун қайғураётганини ҳис этамиз. Оқсоқол бўлиб хизмат қилаётган Патрик қуйидагиларни айтди: «Дам олиш кунлари воизлик хизмати учрашуви ўтказилишини қабул қилиш баъзиларга қийин бўлди. Лекин Исонинг асосий фазилатларидан бири, яъни камтар одамларга қизиқиш кўрсатиш истаги ушбу йўл-йўриқ орқали яққол акс этди. Камроқ хизмат қилган биродару опа-сингиллар бу йўл-йўриқ учун жуда миннатдор, чунки энди улар янада кўпроқ маънан ўсди».

16 Маънавий эҳтиёжларимизга ғамхўрлик қилиш учун шунингдек, Исо Масиҳ бугунги кунда ер юзида олиб борилаётган энг муҳим фаолиятга диққатимизни қаратишга ёрдам беряпти. (Марк 13:10 ни ўқинг.) Яқинда оқсоқол бўлиб тайинланган Андре акамиз Аллоҳнинг ташкилотидаги ўзгаришлар борасидаги йўл-йўриқларга доим эътиборли эди. У шундай деди: «Байтилда қисқартириш ҳақидаги ўзгариш шахсан менга вақт жуда шошилинч эканини ва кучимизни ваъзгўйлик хизматига солиш муҳимлигини эслатди».

МАСИҲНИНГ ЙЎЛ-ЙЎРИҒИНИ САДОҚАТ ИЛА ҚАБУЛ ҚИЛИШ

17, 18. Нима учун сўнгги ўзгаришлар келтираётган яхши натижалар ҳақида фикр юритиш фойдали?

17 Аниқ йўл-йўриқлар шуни кўрсатяптики, тахтда ўтирган Шоҳимиз Исо Масиҳ келажагимизни кўзлаб иш тутяпти. Шунинг учун, келинг, сўнгги ўзгаришлар келтираётган яхши натижаларини кўриб суюнайлик. Оилавий топинишда жамоат учрашувларимизда ёки хизматимизда қилинган ўзгаришларнинг яхши натижаларини муҳокама қилиш жуда далдали бўларди.

Оилангиз ва бошқаларга Яҳованинг ташкилоти билан ҳамқадам бўлишга ёрдам беряпсизми? (17-, 18- хатбошиларига қаранг.)

18 Яҳованинг ташкилотидан олаётган йўл-йўриқлар ортида нима турганини ва биз учун фойдали эканини кўрсак, уларга завқ ила риоя қила оламиз. Чоп этиладиган адабиётларнинг сони камайиши ва электрон мосламалардан фойдаланиш йўл-йўриғи учун ҳам миннатдормиз, чунки бу туфайли пул тежалмоқда ҳамда Шоҳлик фаолияти бутун ер юзи бўйлаб олиб борилмоқда. Буни ёдда тутган ҳолда, имкон қадар тез-тез электрон форматдаги адабиёт ва аудио-видео маҳсулотларидан фойдаланишга интилайлик. Шу йўсин, ташкилотимиз тақдим этаётган нарсалардан донолик ила фойдалансак, Масиҳни қўллаб-қувватлаган бўламиз.

19. Нега Масиҳнинг йўл-йўриғини қабул қилишимиз керак?

19 Масиҳнинг йўл-йўриғини тайёрлик ила қабул қилсак, бошқаларнинг имонини мустаҳкамлаб, бирлик бўлишига ҳисса қўшамиз. Бутун дунё бўйлаб Байтилларда қисқартириш бўлгани ҳақида мулоҳаза юритган Андре шундай деди: «Олдин Байтилда хизмат қилган имондошларимиз бу ўзгаришга мослашиб яхши ўрнак кўрсатгани имонимни кучайтириб, ҳурматим янада ошди. Улар топширилган ҳар қандай вазифаларни бажаришдан қувонч топиб, Яҳованинг араваси билан ҳамқадам».

ЙЎЛБОШЧИМИЗГА ИШОНЧ ИЛА УМИД БОҒЛАНГ

20, 21. а) Нима учун Йўлбошчимиз Исо Масиҳга ишонсак бўлади? б) Навбатдаги мақолада қайси саволни кўриб чиқамиз?

20 Йўлбошчимиз Исо Масиҳ яқинда «мутлақ ғалабага» эришиб, «маҳобатли ишлар қилади». (Ваҳ. 6:2; Заб. 45:4) Ҳозир у Худонинг халқини бу дунёни кутаётган ҳодисалар учун тайёрлаяпти, тирилиш пайтида ҳар биримиз янада кенг миқёсда таълим бериш ва қурилиш ишларида қатнаша оламиз.

21 Тайинланган Шоҳимиз бизни муваффақият ила янги дунёга етаклайди, бунинг учун ўзгараётган вазиятларга қарамай, унга ишонишга жон куйдиришимиз лозим. (Забур 46:1–3 ни ўқинг.) Гоҳида биз қийинчиликларга, айниқса, ҳаётимизда кутилмаган воқеаларга дуч келамиз. Хўш, қандай қилиб ички хотиржамликни сақлаб, Яҳовага бутунлайин ишона оламиз? Бу саволни навбатдаги мақолада кўриб чиқамиз.

^ абз. 8 Археологлар Ерихо шаҳрининг харобалари орасида кўп миқдорда озиқ-овқат захираларини топишди. Демак шаҳар кўп вақт мобайнида қуршовда бўлмаган. Исроил халқи Ерихони талон-торож қила олмасди. Шу боис, улар учун юртни забт этишнинг айни пайти эди, чунки ўшанда ўрим-йиғим мавсуми бўлиб далаларда ҳосил мўл эди. (Ёшуа 5:10–12)

^ абз. 11 «Қўриқчи минораси»нинг 2003 йил 15 март сонининг (рус) 24- саҳифасидаги «Павлус синов пайтида камтарин эди» номли рамкага қаранг.