Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

Ҳақиқатни гапириш

Ҳақиқатни гапириш

Бир-бирингизга ҳақиқатни гапиринглар. ЗАКР. 8:16

ҚЎШИҚЛАР: 44, 18

1, 2. Қайси ёлғон инсониятга салбий таъсир қилди ва уни ким айтди?

ТЕЛЕФОН, электр лампа, машина ва совиткич ҳаётимизни осонлаштирган кашфиётлардан баъзилари. Аммо тўппонча, мина, тамаки маҳсулотлари ва атом бомбаси ҳаётимизга хавф туғдирадиган кашфиётлар сирасидандир. Лекин мазкур барча кашфиётлардан олдин инсониятнинг ҳаётига салбий таъсир қилган яна бир нарса бор. Бу нима дейсизми? Бу — ёлғон. Ёлғон ҳақиқатга зид бўлган маълумотдир. Уни айтиб бошқаларни алдаш мумкин. Хўш, илк ёлғонни ким гапирган? Исо Масиҳ «Иблис»ни «ёлғоннинг отаси» деб атаган. (Юҳанно 8:44 ни ўқинг.) Илк ёлғонни Иблис қачон айтган?

2 Бу бир неча минг йил олдин Адан боғида юз берган. Илк жуфтлик, яъни Одамато ва Момоҳаво Яратувчи улар учун барпо қилган жаннатда завқланиб яшаётган эди. Шунда Иблис ҳаракатга тушди. У Худо бу жуфтликка «нима яхши ва нима ёмон эканини билдирадиган дарахтнинг мевасидан» емасликни айтганини ва улар итоатсизлик қилса, ўлишини биларди. Лекин шунда ҳам Шайтон илон орқали Момоҳавога гапириб: «Асло ўлмайсизлар [мана шу илк ёлғондир]. Худо биладики, ундан еган куниёқ кўзларингиз очилади ва сизлар Худо каби нима яхши ва нима ёмон эканини биладиган бўласизлар»,— деб айтди. (Ибт. 2:15–17; 3:1–5)

3. Нима учун Шайтон ёвуз ният билан ёлғон гапирган деб айта оламиз ва бунинг натижаси қандай бўлди?

3 Шайтон ёвуз ният билан ёлғон гапирган. Чунки у Момоҳаво ўша мевадан еса ўлишини яхши билар эди. Момоҳаво ва Одамато Яҳованинг амрига бўйсунишмаган ва охири ўлишган. (Ибт. 3:6; 5:5) Устига-устак, бу гуноҳ туфайли «ўлим барча инсонларга ўтган». Ҳа, ўлим «ҳатто Одамато сингари гуноҳ қилмаганлар устидан ҳам ҳукмронлик қилиб келган». (Рим. 5:12, 14) Ҳозир мукаммал, бахтиёр ҳаёт кечириб ва Худонинг илк ниятига кўра абадий яшашнинг ўрнига «умримиз етмиш йил, агар бардамроқ бўлсак саксон йил». Шунда ҳам кўпинча ҳаётимиз «ғам-ташвишга тўладир». (Заб. 90:10) Афсуски, буларнинг бари Шайтоннинг ёлғони дастидан!

4. а) Қайси саволларга жавоб топамиз? б) Забур 15:1, 2 га кўра кимлар Яҳованинг дўсти бўлиши мумкин?

4 Иблиснинг ҳаракатларини тушунтириб, Исо қуйидагича таъкидлаган: «Унда ҳақиқат бўлмагани учун ҳақиқат йўлида тура олмади». Шайтонда ҳанузгача ҳақиқат йўқ, зеро у ўз ёлғони билан «бутун ер юзини йўлдан оздириб юрибди». (Ваҳ. 12:9) Иблис бизни алдаб кетишини сира ҳам истамаймиз. Шундай экан, келинг, қуйидаги учта савол устида мулоҳаза юритайлик: қай йўсин Шайтон одамларни йўлдан оздирмоқда? Нега инсонлар кўпинча ёлғон гапиради? Одамато ва Момоҳаво сингари Яҳова билан бўлган дўстлигимизни йўқотмаслик учун қандай қилиб доим «ҳақиқатни гапираётганимизни» кўрсата оламиз? (Забур 15:1, 2 ни ўқинг.)

ҚАЙ ЙЎСИН ШАЙТОН ОДАМЛАРНИ ЙЎЛДАН ОЗДИРМОҚДА?

5. Бугунги кунда Шайтон одамларни қай йўсин йўлдан оздирмоқда?

5 Ҳаворий Павлус шуни билганки, Шайтоннинг «ҳийлаларидан бехабар» бўлсак, ёлғонига алданиб қоламиз. (2 Кор. 2:11) Биламизки, бутун дунё — сохта дин, сиёсат ва очкўз тижорат — Иблиснинг ҳукмида. (1 Юҳан. 5:19) Шунинг учун ҳам Шайтон ва унинг жинлари юқори мансабдаги кишилар ёлғон гапиришига таъсир қилаётганидан ҳайрон қолмаймиз. (1 Тим. 4:1, 2) Реклама орқали ёлғон гапириб, зарарли маҳсулотлар чиқарадиган ва ҳийла-найранг ишлатадиган бизнес эгалари ҳақида ҳам шундай деса бўлади.

6, 7. а) Нима учун ёлғон гапирадиган дин раҳбарлари айниқса айбдор деса бўлади? б) Дин раҳбарларининг қандай ёлғонларини эшитгансиз?

6 Айниқса, ёлғон гапирадиган дин раҳбарлари айбдор. Чунки уларнинг ёлғонига ишонган кишиларнинг келажаги хавф остида қолмоқда. Агар киши сохта таълимотни қабул қилиб, Худо маъқулламайдиган ишларни қилса, абадий ҳаётдан маҳрум бўлади. (Ҳўш. 4:9) Исо унинг давридаги дин раҳбарлари айнан шундай ёлғон тарқатишда айбдор эканини билган. Уларга тўғридан-тўғри у қуйидагиларни айтган: «Эй уламою фарзийлар, иккиюзламачилар, ҳолингизга вой! Негаки, сизлар ҳеч бўлмаганда бир кишини динингизга киритиш учун денгизу қуруқликни айланиб чиқасизлар. Мақсадга эришгач эса, уни жаҳаннамга [батамом йўқ қилиниш] ташланадиган даражада, ўзингиздан икки баравар баттарроқ қиласизлар». (Мат. 23:15, изоҳ) Исо дин уламоларини кучли сўзлар билан койиган. Улар ростдан ҳам қотил отаси Иблисга ўхшар эди. (Юҳан. 8:44)

7 Бугунги кунда дунё бўйлаб пастор, руҳоний, раввин ёки бошқа унвонлар билан аталадиган дин раҳбарлари бор. Улар ҳам биринчи асрдаги дин уламолари сингари Муқаддас Китобдаги «ҳақиқатнинг намоён бўлишига тўсқинлик қилиб», «Худо тўғрисидаги ҳақиқатни ёлғонга алмаштирган». (Рим. 1:18, 25) Улар дўзах, ўлмас жон, реинкарнация (қайта туғилиш) каби сохта таълимотларнию гомосексуал ҳаёт тарзи ва битта жинсдаги одамлар турмуш қуриши Худога маъқул келади деган ғояни тарқатмоқда.

8. Тез орада сиёсатчилар қандай ёлғон айтишини кутяпмиз ва бунга қандай муносабат билдирамиз?

8 Сиёсатчилар ҳам ёлғон ишлатиб, одамларни адаштирмоқда. Одамлар «тинчлик ва хавфсизликка» эришдик деб эълон қилганда, энг аччиқ ёлғонлардан бирини эшитамиз. Лекин «улар ногаҳон ҳалокатга дучор бўлишади». Илоё, бу дунё қанчалик қалтис вазиятда эканини унутмай, уларга ишониб қолмайлик! Зеро, шунда аминмизки, «Яҳованинг куни ўғри тунда келгандек келади». (1 Салон. 5:1–4)

НЕГА ИНСОНЛАР КЎПИНЧА ЁЛҒОН ГАПИРАДИ?

9, 10. а) Нима учун одамлар ёлғон гапиради ва бунинг оқибати қандай? б) Тангри Яҳова ҳақида нимани унутмаслигимиз керак?

9 Қандайдир кашфиёт ёки ихтиро урфга кирса, уни кўпроқ ишлаб чиқаришади. Ёлғон гапириш ҳақида ҳам шундай деса бўлади. Бугунги кунда алдаш оддий ҳолга айланиб қолди ва фақатгина мансабдор кишилар эмас, оддий одамлар ҳам ёлғон ишлатмоқда. Бхаттачаржининг «Нега ёлғон гапирамиз?» номли мақоласида таъкидланганидек, «ёлғон гапириш инсониятнинг табиатига чуқур сингиб кетган». Кўпинча одамлар ўзларини ҳимоя ёки тавсия қилиш учун ёлғон ишлатади. Улар хатоларию қинғир ишларини бекитиш мақсадида ёки моддий ва шахсий манфаатини кўзлагани сабабли алдашади. Ўша мақолада айтилганидек, одамлар «каттаю кичик масалаларда бегона, ҳамкасб, дўсти ва яқинларини осонликча алдайди».

10 Хўш, ёлғон гапиришнинг оқибати қандай? Ўзаро ишонч йўқолади ва муносабатлар барбод бўлиши мумкин. Масалан, хотин никоҳдан ташқари ишқий муносабатларини яшириш учун содиқ эрига ёлғон гапириши қалбни қанчалик тилка-пора қилишини тасаввур қилинг. Ёхуд зўравон ота бошқалар олдида ўзини ўрнакли кўрсатиб, ёлғиз қолганда эса рафиқаси ва болаларига азоб бергани ҳақида бир ўйлаб кўринг. Лекин шуни унутмаслигимиз керакки, бундай маккор кишилар Тангри Яҳовадан ҳеч нарсани яшира олмайди, чунки «Унинг кўзи олдида ҳамма нарса очиқ-ойдиндир». (Иброн. 4:13)

11. Ҳанания ва Саффиранинг мисолидан қандай сабоқ олсак бўлади? (Очқич оятнинг юқорисидаги расмга қаранг.)

11 Муқаддас Китобда биринчи асрдаги масиҳий бир жуфтлик «Шайтонга алданиб», Худога ёлғон гапиргани тўғрисида айтилган. Ҳанания ва Саффира ҳаворийларни алдашга қарор қилишган. Улар ерини сотиб, тушган пулнинг фақат муайян қисмини ҳаворийларга олиб келишган. Бу жуфтлик ўзини сахийларча эҳсон қилаётгандек кўрсатиб, жамоатдагилар орасида яхши ном олмоқчи бўлган. Бироқ Яҳова барчасини кузатган эди ва уларни ишларига яраша жазолади. (Ҳавор. 5:1–10)

12. Тавба қилмаган ёвуз ниятли ёлғончилар қаерда азоб чекади ва нима учун?

12 Яҳова ёлғонга қандай қарайди? Шайтон тавба қилмаган ёвуз ниятли ёлғончи экан, унга тақлид қилганлар «оловли... кўлда» азоб чекади. (Ваҳ. 20:10; 21:8; Заб. 5:6) Нега деганда, Яҳова ёлғончиларни Унинг «назарида жирканч ишлар қиладиганлар» билан бир қаторда кўради. (Ваҳ. 22:15, изоҳ)

13. Яҳова ҳақида нимани биламиз ва бу бизни қандай йўл тутишга ундайди?

13 Шак-шубҳасиз, Яҳова «инсон эмаски ёлғон гапирса». Дарҳақиқат «Худо асло ёлғон гапирмайди». (Саҳ. 23:19; Иброн. 6:18) Яҳова ёлғончи тилдан нафратланади. (Ҳик. 6:16, 17) Яҳова биздан мамнун бўлишини истасак, Унинг ростгўйлик борасидаги меъёрига мувофиқ тарзда яшашимиз зарур. Шу боис ҳам бир-биримизга ёлғон гапирмаймиз. (Колос. 3:9)

«ҲАҚИҚАТНИ ГАПИРАМИЗ»

14. а) Сохта дин аъзоларидан нима билан ажралиб турамиз? б) Луқо 6:45 даги принципни тушунтиринг.

14 Худонинг хизматчилари сохта дин аъзоларидан нимаси билан ажралиб туради? Биз «ҳақиқатни гапирамиз». (Закариё 8:16, 17 ни ўқинг.) Ҳаворий Павлус: «Ўзимизни Аллоҳнинг хизматчилари сифатида тавсия этяпмиз»,— деб ёзган. (2 Кор. 6:4, 7) Қолаверса, Исо: «Одамнинг дилида нима бўлса, тили шуни гапиради-ку»,— деган. (Луқо 6:45) Шундай экан, инсон ҳақиқатни қалбида гапирса, ўша ҳақиқат оғзидан ҳам чиқади. У каттаю кичик масалаларда бегона, ҳамкасб, дўсти ва яқинларига ҳақ сўзларни айтади. Ростгўй бўлишга ҳаракат қилаётганимизни кўрсатувчи баъзи мисоллар борасида фикр юритиб кўрайлик.

Ушбу синглимизнинг муаммосини кўряпсизми? (15-, 16- хатбошиларига қаранг.)

15. а) Нима сабабдан икки хил ҳаёт кечириш доноликдан эмас? б) Ёшларга тенгдошларининг босимига қарши туришга нима ёрдам беради? (Изоҳга қаранг.)

15 Ёш бўлсангиз, тенгдошларингизга ёқишни истарсиз. Икки хил ҳаёт кечиришдан эҳтиёт бўлинг. Бундай инсонлар оила аъзолари ва жамоатдагилар олдида ўзини камтаргина қилиб кўрсатади-ю, дунёдаги ёшлар билан бўлганда ва ижтимоий тармоқлардан фойдаланганда умуман бошқа одамга айланади. Бунинг устига, улар ҳақорат сўзларини ишлатиши, ўз ҳаддини билмай кийиниши, масиҳийларга номуносиб мусиқани тинглаши, спиртли ичимликларни суиистеъмол қилиши, гиёҳванд моддаларини истеъмол қилиши, яширинча учрашиб юриши ва бундан ҳам ёмон ишлар билан шуғулланиши мумкин. Улар ёлғон билан яшаб, ота-онасини, имондошини ва Худони алдашади. (Заб. 26:4, 5) Яҳова Уни тилдагина ҳурмат қилаётганимизни, қалбимиз эса Ундан йироқда эканини кўради. (Марк 7:6) Ҳикматларда ёзилган қуйидаги сўзларга амал қилсак, қанчалар оқилона бўлар эди: «Қалбингда гуноҳкорларга ҳасад қилма, ҳар куни Яҳовадан қўрқиб яша». (Ҳик. 23:17) *

16. Тўла вақтли хизмат учун ариза тўлдирганда қай йўсин ростгўй бўлиш керак?

16 Эҳтимол, доимий кашшоф бўлмоқчидирсиз ёки Байтил хизмати каби тўла вақтли махсус хизматнинг қайсидир турида иштирок этмоқчидирсиз. Бунинг учун ариза тўлдирганингизда соғлик, ўйин-кулги борасидаги танлов ва ахлоқ масаласида барча саволларга фақатгина рост жавобларни ёзишингиз муҳим. (Иброн. 13:18) Хўш, нопок одатингиз бўлса ёки шубҳали ишларга қўл урган бўлсангиз, оқсоқолларга мурожаат қилдингизми? Оқсоқоллардан ёрдам сўранг, шунда тоза виждон билан хизмат қила оласиз. (Рим. 9:1; Галат. 6:1)

17. Таъқиб қилувчиларга имондошларимиз тўғрисида бирон нарса айтганда нимадан эҳтиёт бўлишимиз зарур?

17 Масалан, сиз яшаётган жойда фаолиятимиз тақиқланган бўлса ва сизни имондошларимиз ҳақида маълумотга эга бўлиш учун сўроқ қилишса, қандай йўл тутасиз? Хўш, уларга барчасини айтишингиз керакми? Рим ҳокими Исога саволлар берганида, у нима қилган? Муқаддас Ёзувлардаги «сукут сақлашнинг ҳам, гапиришнинг ҳам ўз вақти бор» деган сўзларга мувофиқ равишда Исо баъзида ҳеч нарса демаган. (Воиз 3:1, 7; Мат. 27:11–14) Бундай ҳолларда имондошларимизни хавфли вазиятга туширмаслик учун мулоҳазакор бўлиш яхшироқ. (Ҳик. 10:19; 11:12)

Қачон сукут сақлашнию қачон бор ҳақиқатни гапиришни қандай аниқлайсиз? (17-, 18- хатбошиларига қаранг.)

18. Оқсоқолларга имондошларимиз тўғрисида нимани айтишимиз керак?

18 Жамоатда жиддий гуноҳ содир қилинган бўлса ва сиз бўлиб ўтганлардан хабардор бўлсангиз-чи? Жамоатни пок сақлашга масъул бўлган оқсоқоллар сиздан бу масала ҳақида нималарни билишингизни сўраши мумкин. Айниқса, гуноҳ содир қилган киши яқин дўстингиз ёки қариндошингиз бўлса, қандай йўл тутасиз? «Ишончли гувоҳ ҳақиқатни гапиради». (Ҳик. 12:17; 21:28) Шунинг учун оқсоқолларга бўлиб ўтганларни борича, бузмай айтиб беришга масъулмиз. Чунки улар гуноҳ қилган кишига Яҳова билан бўлган муносабатларини тиклашга ёрдам бериш учун барчасини билишга ҳақли. (Ёқб. 5:14, 15)

19. Навбатдаги мақолада нима ҳақида гап боради?

19 Сано бастакори Довуд: «Инсон юрагида ҳақиқатни топганингдан мамнун бўласан»,— деб ибодат қилган. (Заб. 51:6) Ростгўйлигимиз қалбимиз тубидан, юрагимиздан чиқишини Довуд билган. Ҳаётнинг ҳар бир соҳасида Худонинг хизматчилари бир-бирига ҳақиқатни гапиради. Худонинг хизматчилари сифатида бошқалардан ажралиб туришимизни кўрсатишнинг яна бир йўли одамларга Муқаддас Китобдаги ҳақиқатни ўргатишдир. Бу ҳақида кейинги мақолада гап боради.

^ абз. 15 «Ёшларнинг 10 та саволи» номли рисоланинг «Тенгдошларнинг босимига қандай қарши тура оламан?» номли 6- саволига ва «Ёшларнинг саволлари. Амалий маслаҳатлар» (рус) номли китобининг 2- жилди, 16- бобида келтирилган «Икки хил ҳаёт кечиришни бас қилиш керакми?» номли мақолага қаранг.