Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

41- ТАДҚИҚ МАҚОЛАСИ

«Буюк мусибатда» садоқатли бўлиб қолинг!

«Буюк мусибатда» садоқатли бўлиб қолинг!

Эй, Яҳовага садоқатли кишилар, Уни севинглар! Яҳова садоқатли кишиларни ҳимоя қилади. ЗАБ. 31:23

129- ҚЎШИҚ Чидам билан чопайлик

БУ МАҚОЛАДА *

1–2. а) Дунё раҳбарлари яқинда нима деб эълон қилишади? б) Қайси саволларга жавоб топишимиз керак?

ТАСАВВУР ҚИЛИНГ, дунё раҳбарлари узоқ вақт кутилганидай, «тинчлик ва хавфсизлик» деб эълон қилишди. Улар дунё бўйлаб олдин ҳеч ҳам бўлмаган осойишталик ҳукм сураётгани билан мақтаниши мумкин. Дунёдаги аҳвол уларнинг назорати остида эканига бизни ишонтиришга уринишади. Аммо кейинчалик юз берадиган ҳодисаларни назорат қилишга уларнинг қурби етмайди! Қизиқ, нега? Муқаддас Китобда шундай башорат қилинган: «Улар ногаҳон ҳалокатга дучор бўлишади. Улар сира қочиб қутула олишмайди». (1 Салон. 5:3)

2 Қуйидаги долзарб саволларга жавоб топишимиз керак: «“Буюк мусибатда” нималар бўлади? Ўшанда Яҳова биз қандай йўл тутишимизни кутади? Буюк мусибатда садоқатли бўлиш учун ҳозир қандай тайёргарлик кўрсак бўлади?» (Мат. 24:21)

«БУЮК МУСИБАТДА» НИМАЛАР БЎЛАДИ?

3. Ваҳий 17:5, 15–18 га кўра, Худо «Буюк Бобилни» қандай қилиб йўқ қилади?

3 Ваҳий 17:5, 15–18 ни ўқинг. «Буюк Бобил» йўқ қилинади. Юқорида айтиб ўтилгандай, раҳбарлар ўшанда бўладиган ҳодисаларни назорат қила олмайди. Нима учун? Боиси, «Худо уларнинг дилига солган [соладиган] фикрни амалга оширишади». Бу қандай фикр? У сохта дин империясини, жумладан, христиан оламини * йўқ қилиш фикридан иборат. Аллоҳ бу фикрни «ўнта шохли тўқ қизил йиртқич ҳайвоннинг» дилига солади. «Ўнта шох» Бирлашган Миллатлар Ташкилотини билдирадиган «йиртқич ҳайвонни» қўллаб-қувватлаётган барча сиёсий кучларни билдиради. (Ваҳ. 17:3, 11–13; 18:8) Сиёсий кучлар сохта динга ҳужум қилганда, бу буюк мусибат бошланганининг белгиси бўлади. Бу ер юзидаги ҳар бир киши учун ногаҳон ва даҳшатли ҳодиса бўлади.

4. а) Дунё раҳбарлари сохта динга ҳужум қилганини оқлаш учун қандай сабаблар келтириши мумкин? б) Диний ташкилотларнинг собиқ аъзолари қандай йўл тутиши мумкин?

4 Дунё раҳбарлари Буюк Бобилга нега ҳужум қилганини оқлаш учун қандай сабаблар келтиришини билмаймиз. Улар дунёдаги барча динлар тинчликка путур етказаётганини ва доим сиёсатга аралашаётганини айтишлари мумкин. Ёки улар диний ташкилотлар ҳаддан ташқари бой бўлиб кетишганини таъкидлашар. (Ваҳ. 18:3, 7) Эҳтимол, ўша ҳужум бўлганда дин аъзоларининг барчаси йўқ қилинмас. Аксинча, дунё раҳбарлари диний ташкилотларни ёпиши мумкин. Ўша ташкилотлар йўқ қилингач, собиқ аъзолари дин раҳбарлари ваъдаларида тура олмаганини тушуниб, улар билан алоқани узишга ҳаракат қилиши мумкин.

5. Яҳова буюк мусибат масаласида нимани ваъда қиляпти ва нима учун?

5 Муқаддас Китобда Буюк Бобил қанча вақт давомида йўқ қилиниши ҳақида ҳеч нарса айтилмаган, аммо бу узоқ давом этмаслигини аниқ биламиз. (Ваҳ. 18:10, 21) Яҳова «танлаган кишилари» омон қолиши ва ҳақ топиниш йўқ қилинмаслиги учун, буюк мусибатда «кунларни қисқартиришни» ваъда қиляпти. (Марк 13:19, 20) Лекин Яҳова буюк мусибат ва Армагеддон жанги бошланишидан олдин биз нима қилишимизни кутади?

ҲАҚ ТОПИНИШНИ ТИНМАЙ ҚЎЛЛАБ-ҚУВВАТЛАНГ

6. Нима учун сохта диндан чиқиб кетишнинг ўзи етарли эмас?

6 Ўтган мақоладан билиб олганимиздай, Яҳова Унинг хизматчилари Буюк Бобилдан чиқиб кетишларини истайди. Бироқ бунинг ўзи етарли эмас. Биз ҳақ топинишни, яъни Яҳовага бўлган пок топинишни қўллаб-қувватлашга қатъий қарор қилишимиз лозим. Келинг, буни қай йўсин қила олишимизнинг иккита йўлини кўриб чиқайлик.

Йиғилишларимизни ҳатто қийин дамларда ҳам қолдирмайлик (7- хатбошига қаранг.) *

7. а) Қандай қилиб Яҳованинг юксак ахлоқий меъёрларига қатъий амал қилишимиз керак? б) Ибронийларга 10:24, 25 га биноан, нима қилишимиз лозим ва нега ҳозир бу айни муддао?

7 Биринчидан, Яҳованинг юксак ахлоқий меъёрларига қатъий амал қилишга қарор қилишимиз керак. Бу дунёдаги қадриятлару меъёрларни маъқулламаслигимиз даркор. Масалан, жинсий ахлоқсизликнинг ҳар қандай турини, жумладан, бир жинсдаги одамлар орасидаги никоҳни ва гомосексуал ҳаёт тарзига ундовчи бошқа хатти-ҳаракатларни рад этамиз. (Мат. 19:4, 5; Рим. 1:26, 27) Иккинчидан, имондошларимиз билан топинишни давом эттиришимиз керак. Йиғилиш залида ёки керак бўлса ўз уйларимизда ёки яширинча бўлса ҳам бунга иложи борича риоя қилишга интилишимиз лозим. Нима бўлишидан қатъи назар, жамоат учрашувларимизни қолдирмаймиз. Ҳа, «ўша куннинг яқинлашиб қолганини кўриб турган эканмиз» йиғилишларга янада кўпроқ борамиз. (Ибронийларга 10:24, 25 ни ўқинг.)

8. Биз ваъз қилаётган хабар қандай хабарга ўзгариши мумкин?

8 Буюк мусибатда эълон қилишимиз керак бўлган хабар ўзгариши мумкин. Ҳозир биз Шоҳлик ҳақидаги хушхабарни ваъз қилишга ва шогирдлар тайёрлашга уриняпмиз. Аммо ўшанда, йирик дўл билан солиштирилган хабарни эълон қилишимиз эҳтимолдан йироқ эмас. (Ваҳ. 16:21) Шайтоннинг дунёси яқинда бутунлайин вайрон бўлишини эълон қилармиз. Вақт ўтиб, бу хабар айнан нимадан иборат эканини ва уни қай йўсин эълон қилишимизни билиб оламиз. Юзлаб йиллар мобайнида ваъз қилган ҳамда таълим берган ўша-ўша усуллардан фойдаланамизми? Ёки умуман бошқача усулларни қўллаймизми? Ҳозирча буни билмаймиз. Аммо шуниси аниқки, Яҳованинг ҳукмидан иборат хабарни жасорат ила ваъз қилиш шарафига эга бўламиз! (Ҳиз. 2:3–5)

9. Дунё раҳбарлари биз ваъз қиладиган хабарга қандай муносабат билдириши мумкин, лекин биз нимага аминмиз?

9 Биз ваъз қиладиган хабарни деб, дунё раҳбарлари фаолиятимизни буткул тўхтатишга ҳаракат қилиши эҳтимолдан йироқ эмас. Ҳозирги кунда хизматда Яҳованинг ёрдамига таянганимиздай, ўшанда ҳам худди шундай қилишимиз керак бўлади. Шак-шубҳасизки, Аллоҳимиз Ўз иродасини амалга ошириш ниятида бизга куч ато этади. (Михо 3:8)

ХУДОНИНГ ХАЛҚИГА КЎРСАТИЛАДИГАН ҲУЖУМГА ТАЙЁР БЎЛИНГ

10. Луқо 21:25–28 да башорат қилинганидай, буюк мусибатда юз берадиган ҳодисаларга нисбатан кўпчилик қандай муносабатда бўлади?

10 Луқо 21:25–28 ни ўқинг. Буюк мусибат пайтида одамлар ҳар доим бор бўлишига ишониб келган барча нарса — бу дунёнинг сиёсий, тижорий ва бошқа тузумлари йўқ бўлиб кетаётганини кўриб саросимага тушади. Улар азоб-уқубат чекиб, ўша мудҳиш даврда ўлиб кетишдан қўрқишади. (Заф. 1:14, 15) Ўшанда, ҳатто Яҳованинг халқи учун ҳам оғир давр бўлиши мумкин. Бу дунёдан бўлмаганимиз учун, қандайдир қийинчиликларга дуч келишимиз эҳтимолдан йироқ эмас. Баъзи зарурий нарсаларсиз қолиб кетишимиз мумкин.

11. а) Нега Яҳованинг Шоҳидлари одамларнинг ва раҳбарларнинг диққат марказида бўлади? б) Нима учун буюк мусибатдан қўрқмаслигимиз керак?

11 Шуни айтиш жоизки, дини яксон бўлган инсонлар Яҳованинг Шоҳидлари фаолиятини юритаётганини кўриб ғазабга миниши ҳеч гап эмас. Улар ҳар хил усуллардан, жумладан, оммавий ахборот воситаларидан фойдаланиб бошқаларга ғазабини сочишга уринади. Дунё раҳбарлари ва уларнинг ҳокими Шайтон Яҳова Шоҳидларининг фаолияти олиб борилаётгани учун улардан нафратланишади. Улар ер юзидаги барча динларни йўқ қилиш ниятига ета олишмайди. Дарҳақиқат, биз уларнинг диққат марказида бўламиз. Ўшанда дунё раҳбарлари Магўг юртидаги Гўгга * айланади. Улар биргалашиб, бор кучини ишга солиб Яҳованинг халқига ҳужум қилишади. (Ҳиз. 38:2, 14–16) Айниқса муайян тафсилотларни билмаганимиз учун, буюк мусибатда нималар бўлар экан деб ташвишланишимиз мумкин. Лекин шуниси аниқки, буюк мусибатдан қўрқмаслигимиз керак. Тангри Яҳова ҳаётимизни сақлаб қолишга кўмаклашадиган йўл-йўриқларни беради. (Заб. 34:19) Биз қоматимизни ғоз тутиб бошимизни кўтариб турамиз, зеро халос бўлиш вақтимиз яқинлашиб қолганини биламиз *.

12. Қандай қилиб «ишончли ва ақлли хизматкор» бизни бўлажак ҳодисаларга тайёрламоқда?

12 Буюк мусибатда садоқатли бўла олишимиз учун «ишончли ва ақлли хизматкор» бугунги кунда бизни тайёрламоқда. (Мат. 24:45) Бу хизматкор буни турли йўллар билан амалга оширмоқда. Масалан, 2016–2018 йиллар давомида ўтказилган ўз вақтидаги ҳудудий анжуманлар. Улар орқали яқинлашаётган Яҳованинг кунида қандай фазилатларни ривожлантиришимиз кераклиги таъкидланган эди. Келинг, ўша фазилатларни қисқача кўриб чиқайлик.

САДОҚАТ, САБР-БАРДОШ ВА ЖАСОРАТНИ ОШИРИНГ!

«Буюк мусибатда» омон қолиш учун ҳозирдан тайёрланинг (13–16- хатбошиларига қаранг.) *

13. Қай йўсин Яҳовага бўлган садоқатимизни мустаҳкамлашимиз мумкин ва нега ҳозирдан бошлаб буни қилиш зарур?

13 Садоқат. 2016 йили ўтган ҳудудий анжуман мавзуси: «Аллоҳ Яҳовага садоқатли қолинг!» эди. У бизни Яҳова билан бўлган муносабатларимизни мустаҳкамласак, Унга садоқатли бўлиб қолишимиз мумкинлигига ўргатди. Қолаверса, Яҳовага сидқидилдан ибодат қилиб, Унинг Каломини пухта тадқиқ қилсак, Унга янада яқинлаша олишимизни эсладик. Бундай йўл тутиш ҳатто ниҳоятда қийин муаммоларни енга олишимизга куч ато этяпти. Шайтон дунёсининг охири яқин экан, Худога ва Унинг Шоҳлигига нисбатан садоқатимиз янада кўпроқ синалади. Одамлар бизни масхара қилишдан тўхтамаслиги мумкин. (2 Бутр. 3:3, 4) Бунинг асосий сабабларидан бири биз Шайтон дунёсининг ҳеч қайси қисмини қўллаб-қувватламаётганимизда. Ҳозирда садоқат фазилатини мустаҳкамласак, буюк мусибатда ҳам содиқ бўлиб қоламиз.

14. а) Ер юзида бошчиликни зиммасига олган биродарлар масаласида қандай ўзгаришлар юз беради? б) Нега ўшанда садоқатли бўлишимиз керак?

14 Буюк мусибатда ер юзида бошчиликни зиммасига олган биродарлар масаласида ўзгаришлар юз беради. Ер юзидаги барча мойланган масиҳийлар Армагеддон жангида қатнаша олиши учун осмонда йиғилади. (Мат. 24:31; Ваҳ. 2:26, 27) Бу дегани Етакчи кенгаш аъзолари ер юзидаги фаолиятини тугатади. Лекин улкан оломон бошқарувсиз қолмайди. Бошқа қўйлар орасидаги талабларга мос келадиган биродарлар етакчилик қилади. Ўша биродарларни қўллаб-қувватлаш ва улар тақдим этаётган илоҳий йўл-йўриқларга амал қилиш орқали Яҳовага садоқатли эканимизни намоён этишимиз керак. Ҳа, омон қолишимиз шунга боғлиқ!

15. Қай йўсин сабр-бардошни оширишимиз мумкин ва нега ҳозирдан буни қилиш зарур?

15 Сабр-бардош. 2017 йили ўтган ҳудудий анжуман мавзуси: «Таслим бўлманг!» эди. У бизга қийинчиликлар пайтида сабр-бардошимизни оширишга кўмаклашди. Сабр-бардошли бўлиш яхши шароитларимизга боғлиқ эмаслигини билиб олдик. Яҳовага таяниб, сабр-бардошни оширишимиз мумкин. (Рим. 12:12) Исонинг қуйидаги сўзларини доим ёдда тутайлик: «Охиригача чидаган қутулади». (Мат. 24:13) Бу, қандай қийинчиликка дуч келишимиздан қатъи назар, содиқ бўлиб қолишимиз кераклигини англатади. Ҳозир барча қийинчиликларда сабр-бардошли бўлсак, буюк мусибат бошланишидан аввал ҳам кучли бўлишимиз мумкин.

16. Нима туфайли жасоратли бўла оламиз ва қандай қилиб ҳозирнинг ўзида янада жасоратли бўлишимиз мумкин?

16 Жасорат. 2018 йили ўтган ҳудудий анжуман мавзуси: «Жасоратли бўлинг!» эди. У биз ўз қобилиятларимиз туфайли жасоратли бўла олишимиз имконсиз эканини эслатди. Фақат Яҳовага таяниб сабр-бардошли бўла олишимиз мумкин бўлганидай, жасоратли бўлиш учун ҳам Унга таянишимиз лозим. Хўш, қандай қилиб Яҳовага янада кўпроқ таяна оламиз? Унинг Каломини ҳар куни ўқиб, Яҳова ўтмишда Ўз халқини қандай ҳимоя қилгани ҳақида мулоҳаза юритишимиз муҳим. (Заб. 68:20; 2 Бутр. 2:9) Дунё раҳбарлари буюк мусибатда бизга ҳужум қилганда, жасоратли бўлиб, ҳар қачонгидан ҳам Яҳовага таянишимиз керак. (Заб. 112:7, 8; Иброн. 13:6) Ҳозир Яҳовага таянсак, Гўг ҳужум қилганда керакли жасоратга эга бўламиз *.

ҚУТУЛИШ ПАЙТИНИ ИНТИҚИБ КУТИНГ

Исо ва унинг қўшини яқинда Армагеддон жангида Худонинг душманларини йўқ қилиш учун йўлга чиқди! (17- хатбошига қаранг.)

17. Нима учун Армагеддондан қўрқмаслигимиз лозим? (Муқовадаги расмга қаранг.)

17 Ўтган мақолада айтилгандай, аксариятимиз охирги кунлар пайтида яшаб келяпмиз. Шунингдек, буюк мусибатда омон қолишга умид қиляпмиз. Армагеддон жангида бу дунёга бутунлайин чек қўйилади. Бироқ биз қўрқмаслигимиз керак. Нима учун? Сабаби, бу Худонинг жанги ва биз жанг қилмаймиз. (Ҳик. 1:33; Ҳиз. 38:18–20; Закр. 14:3) Яҳованинг буйруғи билан Исо Масиҳ самовий қўшинни жангга етаклаб боради. У билан бирга тирилган мойланган масиҳийлар ва тумонат фаришталар бўлади. Улар биргаликда Шайтон, жинлар ва ердаги қўшинларга қарши жанг қилишади. (Дон. 12:1; Ваҳ. 6:2; 17:14)

18. а) Яҳова нимани кафолатламоқда? б) Ваҳий 7:9, 13–17 га кўра, келажак борасида қандай аминлигимиз бор?

18 Тангри Яҳова: «Сенга қарши ясалган ҳеч бир қурол ғалаба қозонмайди»,— деб кафолат беряпти. (Ишаё 54:17) Яҳованинг содиқ хизматчилари, яъни «улкан оломон» буюк мусибатдан эсон-омон «чиқиб келади». Улар Унга хизмат қилишни давом эттиришади. (Ваҳий 7:9, 13–17 ни ўқинг.) Муқаддас Китобдан билиб олаётганимиздай, омон қолишимизга шубҳамиз йўқ. Биламизки, «Яҳова садоқатли кишиларни ҳимоя қилади». (Заб. 31:23) Яҳовани яхши кўриб, Уни мадҳ этаётган барча Унинг муқаддас исми оқланишининг гувоҳи бўлади. (Ҳиз. 38:23)

19. Яқинда бизни қандай келажак кутяпти?

19 Бир ўйлаб кўринг, 2 Тимўтийга 3:2–5 да Шайтоннинг таъсиридан холи бўлган янги дунёдаги инсонлар қандай тасвирланган бўларди. (« Келажакдаги одамлар» номли рамкага қаранг.) Етакчи кенгаш аъзоси бўлган биродар Жорж Гангас * бу ҳақда шундай деб ёзган: «Ҳар бир инсон Яҳовага топинса, ҳаёт гўзал бўлади! Яқин орада янги дунёда яшаш шарафига эга бўласиз. Яҳова бор экан, сиз ҳам бор бўласиз. Абадий яшаймиз». Бу ажойиб умид!

122- ҚЎШИҚ Мард ва маҳкам туринг!

^ абз. 5 Биламизки, яқинда «буюк мусибат» бўлади. Бу Яҳованинг Шоҳидлари учун нимани англатади? Яҳова биз қандай йўл тутишимизни кутади? Ўшанда садоқатли бўлиб қолишимиз учун ҳозир қандай фазилатларни ривожлантиришимиз керак? Ушбу мақолада булар ҳақида гап юритамиз.

^ абз. 3 ИБОРА МАЪНОСИ. Христиан олами ибораси ўзини Исо Масиҳнинг издоши ҳисоблаб, аммо Тангри Яҳованинг меъёрлари бўйича Унга топинмаётган инсонларга ишора қилади.

^ абз. 11 ИБОРА МАЪНОСИ. Магўг юртидаги Гўг (ва унинг қисқа шакли Гўг) халқлар иттифоқини англатади ва у буюк мусибат охирига етиб қолганида Яҳованинг хизматчиларига ҳужум қилади.

^ абз. 11 Армагеддон жангидан олдин бўладиган ҳодисалар борасида кўпроқ билиш учун «Қўриқчи минораси»нинг 2013 йил 15 июль сонидаги 3–8- саҳифаларида ва 2015 йил 15 июль сонидаги 14–19- саҳифаларида келтирилган мақолаларга ва «Ниҳоят пок топиниш тикланди!» номли китобнинг (ингл.) 17- ва 18- бобларига қаранг.

^ абз. 16 2019 йилги ҳудудий анжуман мавзуси: «Севги ҳеч қачон тугамайди!» У бизга Яҳованинг меҳрибон ҳимояси остида омон қолишимиз мумкинлигини кўрсатди. (1 Кор. 13:8)

^ абз. 19 «Қўриқчи минораси»нинг 1994 йил 1 декабрь (рус) сонидаги «Қилган ишлари ўзига ҳамроҳ» номли мақолага қаранг.

^ абз. 65 РАСМГА ШАРҲ. Буюк мусибатда Яҳованинг Шоҳидларидан ташкил топган кичик гуруҳ ўрмонда жасорат ила йиғилиш ўтказяпти.

^ абз. 67 РАСМГА ШАРҲ. Яҳованинг содиқ хизматчилари бўлмиш улкан оломон буюк мусибатдан чиқиб, омон қолишди ва бахтиёр.