Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

ТАРЖИМАИ ҲОЛ

Маънавий инсонлар билан ҳамкорлик қилиш шарафига муяссар бўлдим!

Маънавий инсонлар билан ҳамкорлик қилиш шарафига муяссар бўлдим!

ОТАМ Жеймс, онам Жесси Синклерлар 1930- йилларнинг ўрталарида Нью-Йорк шаҳридаги Бронкс туманига кўчиб ўтишди. У ерда улар Шотландиядан келган юртдошлари Вилли Снеден билан танишишди. Энди танишганларига қарамай, улар ўз оилалари ҳақида гапира бошлашди. Бу воқеа мен туғилишимдан бир неча йил олдин бўлган эди.

Онам Виллига Биринчи жаҳон урушидан сал олдин унинг отаси билан акаси Шимолий денгизда бўлишганида қайиқлари минага урилиб портлагани ҳақида айтиб берди. Вилли онамга: «Отангиз жаҳаннамда! *» — деди. У Яҳованинг Шоҳиди эди ва унинг мана шундай муқаддимаси онамни эсанкиратиб қўйди.

Вилли ва Лиз Снеден

Виллининг гапидан онам хафа бўлди, чунки у отаси яхши инсон бўлганини биларди. Аммо Вилли: «Борди-ю, Исо жаҳаннамга тушган, деб айтсам бу сизга таскин берадими?» — деди. Шунда онам черковда ўрганган ибодатини эслади. Бу ибодатда Исо жаҳаннамга тушгани ва учинчи куни тирилгани ҳақида айтилганди. Онамда: «Жаҳаннам доим ёниб турадиган, ёвузлар азобланадиган жой бўлса, Исо нега у ерга тушган?» — деган савол туғилди. Шу йўсин онам ҳақиқатга қизиқиб қолди. У Бронкс жамоатига қатнашни бошлади ва 1940 йили сувга чўмди.

Онам билан, кейинчалик отам билан

Ўша кезлари масиҳий ота-оналар ўз фарзандлари билан Муқаддас Китоб тадқиқини ўтказишига урғу берилмас эди. Онам жамоат учрашувларига кетганида ва дам олиш кунлари ваъзгўйликда иштирок этганида менга отам қараб турарди, ўшанда энди юришни бошлагандим. Бир неча йилдан сўнг, биз ҳам онам билан йиғилишга боришни бошладик. Онам хушхабарни айтишда ва қизиқиш кўрсатган кишилар билан Муқаддас Китоб тадқиқини ўтказишда ниҳоятда фаол эди. Ҳатто, бир-бирига яқин яшаган қизиқувчиларни бир жойга йиғиб, тадқиқ ўтказган пайтлари ҳам бўлган. Мактабда таътилга чиққанимда онам билан ваъзгўйликка борардим. Шу тариқа, Муқаддас Китоб ва бошқаларга қандай таълим бериш борасида кўп нарсаларни билиб олдим.

Афсуски, кичиклигимда ҳақиқатни чуқур қадрламаган эканман. Уни оддий ҳолдек қабул қилганман. Лекин 12 ёшга тўлганимда ваъзгўй бўлдим ҳамда мунтазам равишда воизлик ишида иштирок эта бошладим. 16 ёшга кирганимда эса, 1954 йили 24 июлда Канаданинг Торонто шаҳрида бўлиб ўтган анжуманда ҳаётимни Яҳовага бағишлаганимнинг рамзи сифатида сувга чўмдим.

БАЙТИЛДАГИ ХИЗМАТ

Жамоатимиздаги баъзи биродарлар Байтилда хизмат қилишганди, бошқалари эса ҳали ҳам у ерда хизмат қилишарди. Уларнинг ўрнаги менга қаттиқ таъсир қилди. Уларнинг нотиқлик маҳорати ва Муқаддас Китобдаги ҳақиқатларни тушунтириши менда чуқур таассурот қолдирди. Гарчи мактабдаги ўқитувчиларим университетга киришимни истаган бўлса-да, мен Байтилда хизмат қилишга мақсад қўйдим. Шу боис, Торонтода бўлиб ўтган анжуманда Байтил хизматига ариза тўлдирдим. Кейинроқ, 1955 йили Нью-Йорк шаҳрининг Янки стадионида бўлиб ўтган анжуманда яна бир бор ариза тўлдирдим. Орадан кўп ўтмай, 17 ёшдалигимда 1955 йили 19 сентябрда Бруклиндаги Байтилда хизмат қилиш таклифини олдим. Байтилдаги хизматимнинг иккинчи кунидан Адамс-стрит 117 да жойлашган Муқовалаш бўлимида хизмат қилишни бошладим. Мен китобларнинг 32 та саҳифадан иборат бўлган қисмларини йиғадиган машинада ишлаб, уларни бирлаштириб тикадиган машина учун тайёрлардим.

17 ёшимда, Бруклиндаги Байтилда хизматимни бошлаганимда

Муқовалаш бўлимида тахминан бир ой хизмат қилганимдан кейин, машинкада ёзишни билганим учун мени Журналлар бўлимига тайинлашди. Ўша пайтлари биродару опа-сингиллар «Қўриқчи минораси» ҳамда «Уйғонинг!» журналларига обуна бўлган кишиларнинг манзили туширилган трафарет ясашган. (Бу трафарет кичкина металл пластинкадан қилинган.) Бир неча ойдан кейин эса, Юк жўнатиш бўлимида хизмат қила бошладим. Бўлим нозири Клаус Женсен мендан ҳайдовчи биродарга ёрдам бериш истагим бор-йўқлигини сўради. Ҳайдовчи адабиётлар солинган коробкаларни грузовикда портга таширди, у ердан эса бу адабиётлар бутун дунё бўйлаб жўнатиларди. Шунингдек, Қўшма Штатлар бўйлаб жамоатларга жўнатиш учун почталарга журналлар солинган қоплар олиб бориларди. Биродар Женсен жисмоний иш менга фойдали бўлишини айтди. Ўшанда вазним бор-йўғи 57 кило бўлиб, чўпдай озғин эдим. Портга ва почтага қатнаш жисмонан бақувват бўлишимга ёрдам берди. Ҳақиқатан ҳам, биродар Женсен бу менга фойдаси тегишини билган экан.

Журналлар бўлими жамоатларнинг адабиётларга бўлган эҳтиёжига ғамхўрлик қиларди. Шундай қилиб, Бруклинда журналларимиз қайси тилларда чоп этилишини ва дунёнинг турли қисмларига жўнатилишини билиб олдим. Бу тилларнинг аксарияти ҳақида ҳатто эшитмагандим, аммо ўн минглаб журналларимиз узоқ-узоқ юртларга жўнатилишини билиб, роса хурсанд бўлгандим. Бироқ вақти келиб, бу давлатларнинг кўпига бориш шарафига эга бўламан, деб ўйламагандим.

Роберт Уоллен, Чарлз Молохен ва Дон Адамс билан

1961 йили мени Грант Сьютер назорати остидаги Ғазна бўлимига тайинлашди. Бир неча йилдан кейин, мени умумжаҳон фаолиятимизда бошчиликни ўз зиммасига олган Нейтан Норр биродаримизнинг офисига чақиришди. У менга унинг бўлимида ишлаётган битта биродар бир ойга Масъулиятли биродарлар учун махсус таълим олишга кетаётганини, қайтганидан кейин эса, Хизмат бўлимига тайинланишини айтди. Мени ўша биродарнинг ўрнига, Дон Адамс билан биргаликда хизмат қилишга тайинлашди. Буни қарангки, мен 1955 йилги анжуманда Байтил хизматига тўлдирган аризамни айнан Дон биродаримиз қабул қилганди. Бу бўлимда Роберт Уоллен ва Чарлз Молохен исмли биродарларимиз анчадан буён хизмат қилишаётганди. Тўрталамиз 50 йилдан зиёд бирга ҳамкорлик қилдик. Бундай маънавий инсонлар билан хизмат қилиш менга улкан қувонч бахш этди! (Заб. 132:1)

Илк ташрифим 1970 йили Венесуэлада бўлган

1970 йилдан бошлаб, менга ҳар йили ёки икки йилда бир марта бир неча ҳафта мобайнида Қўриқчи Минораси Жамиятига қарашли кўпгина филиалларга ташриф буюриш топшириғи берилди. Кейинчалик бу минтақа нозирининг ташрифи, деб айтиладиган бўлди. Бу ташриф бутун дунё бўйлаб Байтил оилаларига ҳамда тўла вақтли махсус ваъзгўйларга далда беришни ва филиал ҳужжатларини текширишни ўз ичига оларди. Гилад мактабининг илк синфларининг битирувчилари билан учрашишдан ва улар ҳанузгача бошқа давлатларда ўз вазифаларини сидқидилдан бажаришаётганини кўришдан роса хурсанд бўлардим. Ҳа, минтақа нозири сифатида 90 тадан ошиқ мамлакатга ташриф буюриш менга завқ келтирарди ва бу вазифани шараф, деб билардим.

90 тадан ошиқ мамлакатга ташриф буюриш менга завқ келтирди!

САДОҚАТЛИ ҲАМРОҲ ТОПДИМ

Бруклиндаги Байтил оиласининг барча аъзолари Нью-Йорк шаҳрининг ҳудудидаги жамоатларга тайинланган эди. Мен тайинланган жамоат Бронксда эди. Ўша тумандаги илк жамоат катталашиб, бўлинди. Биринчи жамоат Юқори Бронкс жамоати деб номланди ва мен ўша жамоатга борардим.

1960 йилларнинг ўрталарида Бронкснинг жанубида ҳақиқатни билиб олган латвиялик бир оила мен хизмат қилаётган жамоатнинг ҳудудига кўчиб ўтди. Уларнинг Ливия исмли катта қизлари ўрта мактабни битириши биланоқ доимий кашшоф бўлди. Бир неча ой ўтиб, у ваъзгўйларга эҳтиёж катта бўлган жойда хизмат қилиш учун Массачусетсга кўчиб ўтди. Мен жамоатимиздаги янгиликларни унга ёзиб турардим, у эса Бостон ҳудудида хизмат қилиб, қандай ютуқларга эришаётгани ҳақида бўлишарди.

Ливия билан

Бир неча йил ўтиб Ливия махсус кашшоф этиб тайинланди. У Яҳовага янада кўпроқ хизмат қилишни истарди, шу боис, Байтил хизматига ариза тўлдирди ва уни 1971 йили таклиф этишди. Яҳова менга белги бергандай бўлди! 1973 йилнинг 27 октябрида турмуш қурдик. Тўйимизда Норр биродаримиз нутқ айтгани биз учун шараф бўлди. Ҳикматлар 18:22 да: «Хотин топган бахт топиб, Эгамизнинг марҳаматига сазовор бўлади»,— дейилган. Ливия билан биргаликда 40 йилдан ошиқ вақт давомида Байтилда хизмат қилиш биз учун ҳақиқий барака. Ҳозирда Бронкс тумани яқинидаги бошқа жамоатда хизмат қиляпмиз.

МАСИҲНИНГ БИРОДАРЛАРИ БИЛАН ЕЛКАМА-ЕЛКА ХИЗМАТ

Норр биродаримиз билан хизмат қилиш ниҳоятда завқли эди. У ҳақиқат йўлида жон куйдириб меҳнат қилган ва дунё бўйлаб тўла вақтли махсус ваъзгўйлардан ғоят миннатдор эди. Уларнинг аксарияти тайинланган мамлакатларда Яҳованинг илк Шоҳидлари эдилар. Норр биродаримиз 1976 йили саратон касалига чалингани ниҳоятда қайғули эди. Бир сафар, у аҳволи оғирлашиб ётиб қолганида, чоп этилиши керак бўлган баъзи маълумотларни ўқиб беришимни сўради. Шунингдек, у ўқиладиган маълумотларни эшитиши учун Фредерик Френц биродаримизни ҳам чақиришимни илтимос қилди. Кейинчалик билсам, Френц биродаримизнинг кўзи яхши кўрмагани сабабли, Норр биродаримиз унга мана шу каби маълумотларни ўқиб беришга кўп вақт ажратган экан.

1977 йили Дэниел ва Марина Сидлик билан ташрифда

Биродар Норр 1977 йилда оламдан кўз юмди. Аммо уни билган ва яхши кўрганлар биродаримиз ер юзидаги ҳаётининг охиригача садоқатини сақлаб қолганидан тасалли топишди. (Ваҳ. 2:10) Кейин Френц биродаримиз бошчиликни ўз зиммасига олди.

Ўша кезлари, Норр биродаримиз билан ўнлаб йиллар ҳамкорлик қилган Милтон Хеншель биродаримизга котиблик ишларида ёрдам бераётгандим. Хеншель биродаримиз энди Байтилдаги асосий вазифам Френц биродаримизга кўмаклашишдан иборат бўлишини айтди. Мен чоп этилиши керак бўлган маълумотларни унга мунтазам равишда ўқиб берардим. Унинг хотираси кучли эди ва ўқилаётган маълумотга тамомила диққатини қарата оларди. 1992 йилнинг декабригача, ер юзидаги ҳаётининг якунига қадар унга кўмаклашиш қувончли эди.

Колумбия-Хайтс 124, у ерда ўнлаб йиллар хизмат қилганман

Мен Байтилда ўтказган 61 йил тезда ўтиб кетди. Ота-онам Яҳовага садоқатларини сақлаб, вафот этишди. Мен уларни янги дунёда кутиб олишни интизорлик билан кутяпман. (Юҳан. 5:28, 29) Бу дунё таклиф этаётган ҳеч нарса Худо халқининг манфаати учун хизмат қилаётган садоқатли эркагу аёллар билан ҳамкорлик қилиш шарафига тенг кела олмайди. Ливия билан мен тўла вақтли хизматда ўтказган йилларимиз «Яҳова бераётган қувонч қўрғонимиз» бўлиб келди, дея аминлик ила айта оламиз. (Нахим. 8:10, ЯДТ)

Яҳованинг ташкилотида алмаштириб бўлмайдиган инсон йўқ. Шунинг учун ҳам Шоҳлик тўғрисидаги ҳақиқатни эълон этиш фаолияти давом этмоқда. Кўпгина ишончли ва садоқатли биродару опа-сингиллар билан йиллар оша ҳамкорлик қилиш қувончли ва шарафли эди. Мен биргаликда ҳамкорлик қилган мойланганларнинг аксарияти ер юзидаги ҳаётини якунлади. Мана шундай садоқатли ва маънавий инсонлар билан биргаликда Яҳовага хизмат қилганимдан миннатдорман.

^ абз. 5 Муқаддас Китобнинг асл нусхасидаги шеўл ва ҳадес сўзлари инсониятнинг умумий қабрини англатади. Бироқ баъзи таржималарда бу ибора «жаҳаннам» деб ишлатилган.