Тангри Яҳовага тақлид қилиб эътиборли ва мулойим бўлинг
Бечорага ёрдам қўлини чўзган инсон бахтлидир. ЗАБ. 41:1
1. Худонинг халқи орасидаги севги нима орқали намоён этилади?
ХУДОНИНГ халқи севги туфайли таниқли бўлиб, маънавий оилани ташкил этади. (1 Юҳан. 4:16, 21) Бу севги одатда мардонавор ҳаракатларда эмас, балки мулоҳазакорлик ила айтилган сўзлар ва меҳр ила қилинган ишлар каби турли йўллар орқали намоён этилади. Бошқаларга нисбатан меҳрибон ва эътиборли бўлсак, «cевикли болалар сингари Аллоҳга тақлид қилган» бўламиз. (Эфес. 5:1)
2. Қандай қилиб Исо Худонинг севгисини акс эттирган?
2 Исо Отасига мукаммал тарзда тақлид қилган. У шундай деган: «Эй, заҳмат чекаётганлар ва оғир юк остида юрганлар, барчангиз олдимга келинглар. Мен сизларга роҳат бахш этаман... чунки мен мулойим ва соддадилман». (Мат. 11:28, 29) Исога ўхшаб «бечорага ёрдам қўлини чўзсак», самовий Отамизни хурсанд қиламиз ва ўзимиз ҳам бахтиёр бўламиз. (Заб. 41:1) Келинг, оиламизда, жамоатимизда ва воизлик хизматида қай йўсин бошқаларга эътиборли бўлишимиз мумкинлигини билиб олайлик.
ОИЛАДА ЭЪТИБОРЛИ БЎЛИШ
3. Қандай қилиб эр тушуниш ва инобатга олиш ўзаро чамбарчас боғлиқ эканини кўрсатиши керак? (Очқич оятнинг юқорисидаги расмга қаранг.)
3 Эрлар ўзгаларга эътиборли бўлишда оила аъзоларига ўрнак кўрсатишлари керак. (Эфес. 5:25; 6:4) Масалан, улар хотинига «олган билимига яраша» муомала қилишлари лозим. Бу ибора шунингдек, «уларни инобатга олиб; уларни тушуниб» деб таржима қилинади. (1 Бутр. 3:7, изоҳ) Тушуниш ва инобатга олиш ўзаро чамбарчас боғлиқдир. Мисол учун, хотинини тушунадиган эр рафиқаси уни тўлдириб турувчи шахс эканини ва кўп соҳаларда ундан фарқ қилишини билса-да, бу хотинини менсимасликка сабаб бўла олмайди. (Ибт. 2:18) Бундай эр хотинининг туйғуларинию қадр-қимматини эътиборга олиб, ҳурмат ила муомала қилади. Канадада яшовчи бир имондошимиз турмуш ўртоғи ҳақида шундай деди: «Эрим ҳеч қачон ҳис-туйғуларимга бепарво бўлмайди ва: “Бундай ўйламаслигингиз керак”,— деб айтмайди. У мени жуда яхши тинглайди. Бирон масала борасида нуқтаи назаримни ўзгартиришим керак бўлганда, бу ҳақда меҳр ила айтади».
4. Эр бошқа аёллар билан муомала қилганда рафиқасининг туйғуларини инобатга олаётганини қай йўсин кўрсатиши лозим?
4 Мулоҳазакор эр шунингдек, рафиқасининг туйғуларига эътиборли эканини бошқа аёллар билан муомала қилганда кўрсатади. Улар билан ҳеч ҳам ноз-карашма қилмайди ёки уларга ноўрин қизиқиш кўрсатмайди. Ижтимоий тармоқлар ё Интернетдан фойдаланганда ҳам худди шундай йўл тутади. (Аюб 31:1) Дарҳақиқат, у нафақат хотинини севгани учун, балки Аллоҳни яхши кўргани ва ёмонликдан нафратлангани боис ҳам, хотинига нисбатан садоқатли бўлади. (Забур 19:14; 97:10 ни ўқинг.)
5. Қандай қилиб хотин эрига эътиборли бўлишга ҳаракат қилади?
5 Эрлар боши бўлмиш Исо Масиҳга кўз тикиб, унга тақлид қилишса, хотинларига уларни «чуқур ҳурмат қилишига» ёрдам берган бўлишади. (Эфес. 5:22–25, 33) Эрини ҳурмат қилган хотин унга эътиборли бўлишга ҳаракат қилади, эҳтимол, эрининг ваъзгўйлик иши билан боғлиқ кўпгина масъулиятли вазифалари бордир ёки қандайдир ташвишлар хаёлини чулғаб олгандир. Буюк Британиядаги биродаримиз қуйидагилар билан бўлишди: «Гоҳида рафиқам хатти-ҳаракатларимдан мени нимадир безовта қилаётганини пайқаб қолади. Агар бу хотиним билан муҳокама қилиш мумкин бўлган масала бўлса ҳам, у фикр-хаёлларимни “ташқарига чиқариш” учун Ҳикматлар 20:5 даги принципга амал қилиб, ўринли вақтни кутади».
6. Қай йўсин ҳар биримиз болаларни ўзгаларга эътиборли бўлишга ўргатишимиз мумкин ва бу уларга қандай фойда келтиради?
6 Ота-она бир-бирига эътиборли эканини намоён этиб, фарзандларига яхши ўрнак бўла олади. Албаттаки, болани бошқаларга эътиборли бўлишга ўргатиш биринчи навбатда ота-онанинг зиммасидадир. Масалан, ота-она болаларини Йиғилиш залида югурмасликка ўргатиши мумкин. Ёки ота-оналар фарзандларига ўтиришларда катталардан олдин овқат тановул қилиш яхши эмаслигини айтишар. Шубҳасизки, жамоатдагиларнинг ҳаммаси ота-онани қўллаб-қувватлаши мумкин. Айтайлик, бола биз учун қандайдир яхшилик қилди, эҳтимол, эшик очиб берди, шунда уни мақташимиз лозим. Шундай йўл тутиб, ёшларга яхши таъсир қилишимиз мумкин, яъни улар «олишдан кўра беришнинг бахтиёрлиги катта» эканини ҳис эта олади. (Ҳавор. 20:35)
ЖАМОАТДА «БИР-БИРИМИЗ ҲАҚДА ЎЙЛАЙЛИК»
7. Исо кар одамга эътиборли бўлганини қай йўсин кўрсатган ва бу биз учун қандай ўрнак?
7 Бир сафар Ўнкент вилоятида Исонинг олдига «кар ва яхши гапира олмайдиган бир одамни» олиб келишди. (Марк 7:31–35) Исо уни ҳамманинг кўз ўнгида эмас, «четроққа олиб чиқиб» соғайтирди. Нега? Балки бу киши нуқсонлари дастидан халойиқ ичида ўзини ноқулай ҳис этгандир. Эҳтимол, Исо буни пайқагани учун шундай йўл тутгандир. Албатта, биз одамларни соғайтириб бундай мўъжизаларни қила олмаймиз. Бироқ имондошларимизнинг эҳтиёжларию туйғуларига эътиборли бўлишимиз мумкин ва бу қўлимиздан келади. Ҳаворий Павлус: «Севишга ва эзгу ишлар қилишга ундаш учун бир-биримиз ҳақимизда ўйлайлик»,— деб ёзган. (Иброн. 10:24) Исо кар одам нималарни ҳис этаётганини тушунган ва унга меҳр ила муносабат кўрсатган. Бу биз учун аъло ўрнак!
8, 9. Қандай қилиб ёши улуғ ва имкониятлари чекланганларга эътибор кўрсата оламиз? (Мисоллар келтиринг.)
8 Қариялар ва имкониятлари чегараланган кишиларга эътиборли бўлинг. Имонлилар жамоати шунчаки муваффақияти эмас, севгиси туфайли таниқлидир. (Юҳан. 13:34, 35) Бу севги бизни ёши улуғ ва имкониятлари чегараланган инсонларга жамоат учрашувларига келишга ҳамда ваъз қилишга ёрдам беришга ундайди. Улар ҳатто оз нарса қила олса ҳам биз уларга кўмаклашамиз. (Мат. 13:23) Ногиронлар аравачасидан фойдаланадиган Майкл исмли биродаримиз унга ёрдам бераётган оила аъзолари ва имондошларидан жуда миннатдор. У шундай деди: «Улар менга кўмаклашаётгани туфайли йиғилишларни қолдирмасликка интиламан ва доим хизматда иштирок этаман. Менга айниқса омма олдида ваъз қилиш жуда ёқади».
9 Кўпгина Байтилларда ёши улуғ ва ногирон биродару опалар бор. Ғамхўр нозирлар бундай садоқатли хизматчилар хатлар ёзиши ва телефон орқали ваъз қилиши учун шароитлар яратиб уларга эътиборли эканини кўрсатади. Ёши 86 да бўлган Билл биродаримиз олис ҳудудлардаги одамларга хатлар юборади. У: «Хатлар ёзиш шарафини жуда қадрлаймиз»,— деди. Тахминан 90 ёшда бўлган Нэнси опамиз шундай бўлишди: «Хатлар ёзиш мен учун шунчаки уларни конвертга солиб жўнатишдай эмас. Бу ваъзгўйлик хизмати. Одамлар ҳақиқатни билишга муҳтож!» 1921 йили таваллуд топган Этел опамиз: «Оғриқ ҳаётимнинг бир қисмидир. Баъзида ҳатто кийинишга қийналаман»,— деб айтди. Шунда ҳам у телефон орқали ваъз қилишдан завқ топади ва ҳатто яхши такрорий ташрифлари бор. Ёши 85 да бўлган Барбара қуйидагича айтди: «Соғлигим заиф бўлгани сабаб, ваъзгўйликда мунтазам қатнашишга жуда қийналаман. Лекин телефон орқали бошқаларга шоҳидлик бера олганим учун Яҳовага минг бор шукур». Деярли бир йил давомида бундай қадрдон имондошларимиз 1 228 соат вақтини хизматга бағишлаб, 6 265 та хат ёзган, 2 000 мартадан ошиқ қўнғироқлар қилган ва 6 315 та адабиёт юборишган. Шак-шубҳасизки, уларнинг уринишлари Яҳованинг қалбини қувонтирди! (Ҳик. 27:11)
10. Имондошларимизга йиғилишдан фойда олишга қандай ёрдам беришимиз мумкин?
10 Жамоат учрашувларида эътиборли эканингизни кўрсатинг. Имондошларимиз йиғилишлардан фойда олишини хоҳлаймиз. Эътиборли бўлсак бу мақсадга эришишга кўмаклаша оламиз. Қизиқ, қай йўсин? Масалан, йиғилишга вақтида келсак, бошқаларни чалғитмаймиз. Албатта, кутилмаган вазиятлар бўлиб қолиши ҳеч гап эмас. Лекин кеч қолиш одат тусига айланиб қолган бўлса, эътиборлироқ бўлишимиз учун ниманидир ўзгартиришимиз керак. Унутмангки, у ерга бизни Яҳова ҳамда Исо таклиф қилмоқда. (Мат. 18:20) Улар чуқур ҳурматимизга лойиқдир!
11. Топшириғи бор имондошларимиз нега 1 Коринфликларга 14:40 даги маслаҳатга риоя этишлари керак?
11 Муқаддас Китобдаги: «Ҳамма нарса одоб ва тартиб билан бўлсин»,— деган маслаҳатни инобатга олган ҳолда имондошларимизга эътиборли бўламиз. (1 Кор. 14:40) Биродарлар ўз топшириқларини вақтида тугатиб мазкур маслаҳатга риоя этишаётганини кўрсатишади. Шундай йўл тутиб, улар нафақат навбатдаги биродарга, балки бутун жамоатга эътиборли эканини кўрсатишади. Айрим имондошларимиз уйига етиб олиши учун анча йўл юриши керак бўлади. Кимдир жамоат транспортидан фойдаланади. Баъзиларнинг эса уйда сабрсизлик билан кутадиган имондошимиз бўлмаган турмуш ўртоқлари бор.
12. Нима учун оқсоқоллар ҳурматимиз ва севгимизга арзийди? (« Масъулиятли биродарларга эътиборли эканимизни кўрсатайлик» номли рамкага қаранг.)
12 Жамоатда астойдил меҳнат қиладиган оқсоқоллар ваъзгўйлик хизматида ғайрат ила иштирок этиб эътиборли эканини кўрсатишади. (1 Салоникаликларга 5:12, 13 ни ўқинг.) Улар биз учун қилаётган ҳаракатларини жуда ҳам қадрлаймиз! Оқсоқоллар билан тайёрлик ила ҳамкорлик қилиб, уларни қўллаб-қувватлаймиз. «Боиси, улар ҳисобот берадиганлардай ҳамиша сизлар учун қайғуришяпти». (Иброн. 13:7, 17)
ХИЗМАТДА ЭЪТИБОРЛИ БЎЛИШ
13. Исо одамларга қилган муносабатидан қандай ўрнак олсак бўлади?
13 Исо эътиборли экани ҳақида Ишаё пайғамбар қуйидагича башорат қилган: «У букик қамишни синдирмайди, липиллаётган пиликни ҳам ўчирмайди». (Ишаё 42:3) Исо одамларни яхши кўргани учун уларга ачинган. У мажозий маънода худди букик қамиш ёки липиллаётган пиликдай бўлган инсонларнинг ҳиссиётларини тушунган. Исо эътиборли, меҳрибон ва сабр-тоқатли бўлган. Ҳатто болалар ҳам унинг ёнига бемалол бора олган. (Марк 10:14) Тўғри, биз тўла равишда Исо каби фаҳм-фаросатли бўлиб, таълим бера олмаймиз. Лекин ҳудудимиздаги одамларга эътиборли бўлишимиз мумкин ва бу қўлимиздан келади! Уларга қай тарзда гапиришимиз, қайси пайтда ва қанча вақт давомида суҳбатлашишимиз муҳим аҳамиятга эга.
14. Нега одамларга қай тарзда гапиришимиз муҳим аҳамиятга эга?
14 Хўш, одамларга қай тарзда гапиришимиз даркор? Бугунги кунда ёлғончию бешафқат тижорат, сиёсат ва дин раҳбарлари дастидан сон-саноқсиз кишилар «тарқоқ ва ҳолдан тойган». (Мат. 9:36) Бунинг натижасида кўплар ишончини йўқотиб, умидсизликда умр кечирмоқда. Шундай экан, меҳрибон бўлишимиз, сўз танлашимиз ва уларни ўринли оҳангда ифодалашимиз муҳим. Ҳа, кўплар фақатгина Муқаддас Китобдаги билимлар ёки уларни мантиқан тўғри етказиб берганимиз туфайли эмас, балки уларга самимий қизиқиш кўрсатганимиз ва эътиборли бўлганимиз учун хушхабарни қабул қилади.
15. Шоҳидлик бераётганимизда одамларга эътибор кўрсатишнинг қандай йўллари бор?
15 Шоҳидлик бераётганимизда одамларга эътибор кўрсатишнинг талайгина амалий йўллари бор. Масалан, саволлар таълим беришда қўл келади. Уларни мулойимлик ва ҳурмат ила беришимиз даркор. Кўпгина тортинчоқ ва уятчан одамлар яшайдиган ҳудудда хизмат қиладиган кашшоф ҳижолатга қўймайдиган саволлар беришга ўрганган. Бундай саволларга одам бемалол жавоб бера олиши ёки нотўғри жавоб бериб қўйишдан қўрқмаслиги керак. Мисол учун, у: «Худонинг исмини биласизми?» ёки «Худонинг Шоҳлиги нималигини биласизми?» — деган саволларнинг ўрнига: «Муқаддас Китобдан Худонинг исми борлигини билиб олдим. Уни сизга кўрсатсам майлими?» — деб савол беради. Албатта, маданият ва одамлар турлича, шунинг учун қоида ўрнатмаслигимиз керак. Бироқ маҳаллий аҳолини яхши билишга интилиб, уларга доим эътиборли бўлишимиз ва уларни ҳурмат қилишимиз лозим.
16, 17. а) Одамларникига қачон бориш масаласида қай йўсин эътиборли бўла оламиз? б) Қанча вақт суҳбатлашиш борасида қандай қилиб эътиборли бўлишимиз мумкин?
16 Одамларникига қачон боришимиз керак? Уйма-уй хизмат қилганимизда, таклиф этилмаган меҳмон эканимизни ёдда тутайлик. Шунинг учун, одамлар суҳбатлашишга мойилроқ бўлган пайтда уларникига бориш муҳимдир. (Мат. 7:12) Масалан, ҳудудингиздаги одамлар дам олиш кунлари кўпроқ ухлашни ёқтирадими? Ундай бўлса, хизматингизни эҳтимол, кўчада ваъз қилишдан, омма олдида шоҳидлик беришдан ёки олдиндан келишиб олган инсонникига такрорий ташриф буюришдан бошларсиз.
17 Қанча вақт суҳбатлашишимиз керак? Кўпчилик жуда банд бўлгани боис, ҳеч бўлмаганда илк ташрифларда қисқача суҳбатлар қуришимиз лозим. Узоқ вақт суҳбатлашишдан кўра, камроқ гапириш яхшироқдир. (1 Кор. 9:20–23) Биз одамларнинг вазиятини ёки банд эканини тушунаётганимизни кўришса, яна келишимизга розилик билдириш эҳтимоли кўпроқ. Шуниси аниқки, муқаддас руҳ самараси хизматимизда акс этиши лозим. Шунда, биз чиндан ҳам «Тангрининг хизматдошлари» бўла оламиз ва ҳатто биз орқали Яҳова кимнидир ҳақиқатга жалб қилиши мумкин. (1 Кор. 3:6, 7, 9)
18. Бошқаларга эътиборли бўлиб қандай баракаларга эга бўлишимиз мумкин?
18 Келинг, ҳаммага — оилада, жамоатда ва воизлик хизматида эътиборли бўлиш учун жон куйдирайлик. Шундай йўл тутиб, ҳозирнинг ўзида ва келажакда қут-баракаларга эга бўламиз. Забур 41:1, 2 да айтилганидай: «Бечорага ёрдам қўлини чўзган инсон бахтлидир, мусибат куни Яҳова бундай кишини қутқаради... У ер юзида бахтли инсон дея аталади».