Соат неча бўлди?
ВАҚТНИ билмоқчи бўлсангиз, нима қиласиз? Эҳтимол, соатингизга қарарсиз. Дўстингиз соат неча бўлганини сўраса, қандай жавоб берасиз? Бунинг бир неча йўли бор. Қандай дейсизми?
Айтайлик, ҳозир кундузи соат 1 дан 45 дақиқа ўтди. Сиз: «Биру қирқ беш»,— деб айтасиз. Қаерда яшаётганингиз ва маданиятингизга қараб: «Ўн учу қирқ беш»,— дерсиз. Бу, 24 соатдан иборат вақт ўлчови асосида бериладиган жавоб. Баъзи жойларда эса «ўн бешта кам икки» дейишингиз мумкин.
Худонинг Каломини ўқир экансиз, бу китоб ёзилаётган кунларда одамлар соат неча бўлганини қандай айтган деб қизиқарсиз. Бунинг ҳар хил йўли бор эди. Ибронийча ёзувларда вақтни билдирувчи «эрталаб», «туш», «куппа-кундузи» ва «кеч» сўзлари қўлланилган. (Ибт. 8:11; 19:27; Қонун. 28:29; 3 Шоҳ. 18:26) Баъзи вазиятларда эса у аниқроқ ифодаланган.
Қадимда, қоровуллар туни билан қўриқлаши одатий эди. Исонинг ер юзига келишидан асрлар аввал, исроилликлар тунни учта қоровуллик пайтига бўлишарди. (Заб. 63:6, изоҳ) Ҳакамлар 7:19 да келтирилган изоҳда «ярим тунги қоровуллик» дейилган. Исонинг даврига келиб, яҳудийлар юнон ва римликлар каби тунни тўртта пайтга ажратишарди.
Инжилда бу пайт ҳақида бир неча марта айтилган. Масалан, Исо денгиз устида шогирдлари томон юриб борган пайт ҳақида «туннинг тўртинчи қоровуллиги» дейилган. (Мат. 14:25, изоҳ) Битта мисолда Исо: «Ўғри кечаси соат нечада келишини уй эгаси билганида, ҳушёр туриб, уйига ўғри тушишига йўл қўймасди»,— деб айтган. (Мат. 24:43)
Исо шогирдларига: «Хуллас, ҳушёр туринглар, чунки уйнинг эгаси қайси маҳалда — кечқурунми, ярим тундами, хўроз қичқиришидан олдинми ёки тонг саҳардами — келишини билмайсизлар»,— деганда туннинг тўртала қоровуллик пайтига ишора қилган. (Марк 13:35, изоҳ) «Кечқурун», яъни туннинг биринчи қоровуллиги қуёш ботгандан соат 21:00 гача давом этарди. «Ярим тун», яъни туннинг иккинчи қоровуллиги тахминан 21:00 дан 00:00 гача бўларди. «Хўроз қичқиришидан олдин», яъни туннинг учинчи қоровуллиги ярим тундан тахминан саҳар учгача давом этарди. Исо кечаси ҳибсга олинганда хўроз қичқирган эди ва бу айнан мана шу қоровуллик пайти бўлиши мумкин. (Марк 14:72) «Тонг саҳар», яъни туннинг тўртинчи қоровуллиги деярли саҳар учдан қуёш чиққунча давом этарди.
Кўриб турганимиздай, ўша пайтлари одамларда вақтни белгиловчи ҳозиргидай соатлар бўлмаган. Уларнинг вақт ўлчови кун ёки тундаги пайтларга асосланган.