39- ТАДҚИҚ МАҚОЛАСИ
Яқинимиз Яҳовадан юз ўгирганда
Улар неча марталаб... Унинг дилини оғритди. ЗАБ. 78:40
102- ҚЎШИҚ «Муҳтожларга ёрдам беринг»
БУ МАҚОЛАДА *
1. Яқини жамоатдан четлатилиши баъзиларга қандай таъсир қилиши мумкин?
ЯҚИНИНГИЗ жамоатдан четлатилганми? Бу қалбни тилка-пора қилади. Хилда исмли опамиз қуйидагича бўлишди: «Турмуш ўртоғим билан 41 йил бирга яшадик ва у вафот этди *. Бу дуч келишим мумкин бўлган энг оғир қийинчилик, деб ўйлагандим. Лекин ўғлим жамоатдан четлатилиб, хотини ва болаларини ташлаб кетганида, ундан ҳам ўтиб тушди. Бу менга жуда оғир бўлди».
2, 3. Забур 78:40, 41 га кўра, хизматчилари Яҳовадан юз ўгирганида, У нимани ҳис қилади?
2 Яҳованинг оила аъзоси бўлган айрим фаришталар Ундан юз ўгирганда, бу Унинг қалбини қанчалик тилка-пора қилганини бир ўйлаб кўринг. (Яҳд. 6) Яҳова яхши кўрган исроилликлар Унга қарши кўп маротаба исён кўтарганда, Унинг дили жуда оғриганини кўз олдингизга келтиринг. (Забур 78:40, 41 ни ўқинг.) Шунга амин бўлингки, яқинингиз жамоатдан четлатилганида, меҳрибон самовий Отамизнинг ҳам кўнгли озор чекади. Қайғураётганингизни У яхши тушунади. У меҳр-шафқат ила сизга далда беради ва муҳтож бўлганингизда қўллаб-қувватлайди.
3 Ушбу мақолада бундай вазиятда Яҳованинг ёрдамини олиш учун нима қилишимиз мумкинлиги ҳақида гап боради. Бундан ташқари, яқини жамоатдан четлатилган имондошларимизга қандай ёрдам бера олишимизни кўриб чиқамиз. Аввалига, келинг, қочишимиз керак бўлган баъзи салбий фикрларга диққат қаратайлик.
ЎЗИНГИЗНИ АЙБЛАМАНГ
4. Кўп ота-оналар фарзанди Яҳовадан юз ўгирганида нималарни ҳис қилади?
4 Қадрдон ўғли ёки қизи Яҳовадан юз ўгирганида, ота-она одатда: «Болам ҳақиқатда қолиши учун нима қилсам бўларди?» — деб ўйлайди. Люк биродаримизнинг ўғли жамоатдан четлатилганда, у: «Бу менинг айбим,— деб айтди. — Ўшанда жуда ёмон тушлар кўрардим. Гоҳида кўз ёш тўкардим, қалбим тилка-пора бўларди». Элизабет опамиз ҳам худди шундай вазиятга дуч келиб, одатда қуйидагича ўйларди: «Мен яхши она бўла олмадим. Ўйлашимча, ўғлим Яҳовани яхши кўра олиши учун унга етарлича таълим бера олмадим».
5. Киши Яҳовадан воз кечса, бу ота-онанинг айбими?
5 Шуни унутмаслигимиз керакки, Яҳова ҳар биримизга ирода эркинлигини берган. Бу биз Унга итоатли бўлиш ё бўлмасликни танлай олишимизни англатади. Баъзи болаларда улар учун яхши ўрнак бўладиган ота-онаси бўлмаган. Лекин улар Яҳовага хизмат қилишни ва Унга садоқатли қолишни танлаган. Бошқаларнинг ота-онаси эса уларни Муқаддас Китоб принциплари асосида тарбиялаш учун жон куйдирганига қарамай, улар улғайгач, ҳақиқатни тарк этган. Ҳа, Яҳовага хизмат қилиш-қилмаслик борасида ҳар биримиз шахсий қарор чиқаришимиз керак. (Ёшуа 24:15) Шундай экан, қайғу чекаётган ота-оналар, бу менинг айбим, деб ўйлаш мойиллиги билан курашинг.
6. Ота ёки она Худодан юз ўгирганда, бу болага қандай таъсир қилиши мумкин?
6 Баъзида ота ёки она ҳақиқатдан юз ўгириб, ҳатто оиласини ташлаб кетади. (Заб. 27:10) Отасини ёки онасини ўрнак деб билган фарзандлар учун бу даҳшатли бўлиши мумкин. Отаси жамоатдан четлатилган Эстер шундай дейди: «Мен кўпинча йиғлардим, чунки отам ҳақиқатдан шунчаки узоқлашиб кетмаганини тушунардим. У била туриб Яҳовадан воз кечган. Отамни яхши кўраман. Шу боис, у жамоатдан четлатилганида, ҳол-аҳволи ҳақида тез-тез хавотирланардим. Мени ҳатто ваҳима босарди».
7. Отаси ё онаси жамоатдан четлатилган ёшларга нисбатан Яҳова нималарни ҳис қилади?
7 Азиз ёшлар, отангиз ё онангиз жамоатдан четлатилган бўлса, сизга ҳамдардмиз. Илтимос, шунга амин бўлингки, Яҳова ҳам қалбингиздаги оғриқни яхши билади. Яҳова ҳамда биз, имондошларингиз, сизни севамиз ва садоқатингизни қадрлаймиз. Шуни ҳам унутмангки, ота-онангизнинг қарорлари учун сиз жавобгар эмассиз. Юқорида айтилганидай, Яҳова ҳар бир инсонга танлаш имкониятини беради. Қолаверса, ўзини Худога бағишлаган ва сувга чўмган «ҳар ким ўз аравасини ўзи тортиши» керак. (Галат. 6:5)
8. Яқини Яҳовага қайтгунига қадар садоқатли оила аъзолари қандай йўл тутиши мумкин? (« Яҳовага қайтинг» номли рамкага ҳам қаранг.)
8 Яқинингиз жамоатдан четлатилганда, у қачондир Яҳовага қайтишига умид боғлашингиз табиий. Хўш, унгача нима қилишингиз мумкин? Маънавий соғлиғингиз ҳақида қайғурсангиз бўлади. Бундай йўл тутиб, оилангизнинг бошқа аъзолари ва, эҳтимол, ҳатто жамоатдан четлатилган киши учун ҳам яхши ўрнак бўла оласиз. Шунингдек, оғриқ келтираётган ҳис-туйғуларингизни енгиш учун керакли кучга эга бўласиз. Келинг, қўйишингиз мумкин бўлган баъзи амалий қадамларни кўриб чиқайлик.
МАЪНАН МУСТАҲКАМ ҚОЛИШ УЧУН НИМА ҚИЛСАНГИЗ БЎЛАДИ
9. Қайси йўллар орқали Яҳовадан куч олишимиз мумкин? (« Яқинингиз Яҳовадан юз ўгирганида сизга далда бахш этувчи оятлар» номли рамкага ҳам қаранг.)
9 Имонингизни мустаҳкам сақлашда давом этиш учун жон куйдиринг. Маънавийлигингизни ва оила аъзоларингизни мустаҳкамлашда давом этиш муҳимдир. Хўш, буни қай йўсин қила оласиз? Муқаддас Китобни мунтазам ўқиш, устида мулоҳаза юритиш ва йиғилишларга қатнаш орқали Яҳовадан куч олинг. Отаси ва онаси ҳақиқатдан юз ўгирган Жоанна шундай деди: «Муқаддас Китобда Обигайл, Эстер, Аюб, Юсуф ва Исо ҳақида ўқиганимда, хотиржамликни ҳис қиламан. Уларнинг мисоллари қалбимнию онгимни ижобий фикрлар билан тўлдириб, оғриғимга малҳам бўлади. Бундан ташқари, тароналар ҳам мен учун жуда далдали».
10. Забур 32:6–8 оятлар руҳимиз тушганида, бизга қандай ёрдами бериши мумкин?
10 Барча ташвишларингизни Яҳовага тўкиб солинг. Руҳингиз тушганда тинмай ибодат қилинг. Бу вазиятга меҳрибон Тангримиз каби қарай олиш учун Ундан ёрдам сўранг. У сизга «ақл-идрок ато этиб, юрадиган йўлингизни» кўрсатиши учун ёлвориб ибодат қилинг. (Забур 32:6–8 ни ўқинг.) Тўғри, ўзингизни аслида қандай ҳис қилаётганингизни Яҳовага айтиш жуда оғриқли бўлар. Аммо Яҳова қалбингизда нималар кечаётганини яхши тушунади. У сизни қаттиқ севади ва юрагингизни Унга тўкиб солишингизни истайди. (Чиқ. 34:6; Заб. 62:7, 8)
11. Ибронийларга 12:11 га кўра, нима учун Яҳова севги ила тарбиялашига ишонишимиз керак? (« Жамоатдан четлатилиш Яҳованинг бизга бўлган севгисини кўрсатади» номли рамкага ҳам қаранг.)
11 Оқсоқолларнинг қарорини қўллаб-қувватланг. Жамоатдан четлатилиш Яҳова ўрнатган тартибнинг бир қисмидир. У барчанинг, жумладан, гуноҳ қилган кишининг манфаатини кўзлаб, севги ила тузатади. (Ибронийларга ўқинг.) Кимдир оқсоқолларнинг қарори борасида салбий фикр билдирса, унутманг, у масаланинг фақатгина бир тарафини айтиб ўтиши мумкин. Дарҳақиқат, биз барча тафсилотларни билмаймиз. Шундай экан, чора кўриш учун Муқаддас Китобдаги принципларга амал қилиш ва «Яҳованинг номидан» ҳакамлик қилиш учун жон куйдирган оқсоқолларга ишониш доноликдан бўларди. ( 12:11 ни2 Сол. 19:6)
12. Баъзилар Яҳованинг таълим-тарбиясига итоатли бўлгани учун қандай фойда кўрди?
12 Оқсоқолларнинг бу борада чиқарган қарорини қўллаб-қувватлаш орқали яқинингиз Яҳовага қайтишига ёрдам бера оласиз. Юқорида тилга олинган Элизабет шундай деб бўлишди: «Вояга етган ўғлимиз билан умуман гаплашмаслик жуда қийин эди. Лекин Яҳовага қайтганидан сўнг у: “Мени жамоатдан четлатиб, тўғри қарор чиқаришганди”,— деди. Кейинчалик у кўпгина сабоқлар олганини таъкидлаб ўтди. Яҳованинг таълим-тарбияси доимо тўғри эканини тушундим». Элизабетнинг эри Марк шундай деди: «Анча вақт ўтгач, ўғлимиз Яҳовага қайтмоқчи эканининг сабабларидан бири биз у билан умуман гаплашмаганимиз бўлганини айтди. Яҳова биз Унга итоатли бўлишимизга ёрдам берганидан хурсандман».
13. Оғриқли туйғуларни енгишингизга нима ёрдам бериши мумкин?
13 Ҳис-туйғуларингизни тушунадиган дўстлар билан гаплашиб кўринг. Ижобий нуқтаи назарга эга бўлишингизга ёрдам берадиган маънан етук масиҳийлар билан мулоқот қилинг. (Ҳик. 12:25; 17:17) Юқорида тилга олинган Жоанна шундай деди: «Ўзимни ёлғиз ҳис қилардим. Лекин ишончли дўстлар билан гаплашиш буни енгишимга кўмаклашди». Мабодо жамоатдаги баъзилар гаплари билан ярангизга туз сепса-чи?
14. Нега бир-биримизга чидамли бўлиб, «чин дилдан» кечиришимиз керак?
14 Биродару опа-сингилларга нисбатан сабрли бўлинг. Аслини олганда, ҳеч бир инсон доим ҳам фикрини тўғри ифода эта олмайди. (Ёқб. 3:2) Барчамиз номукаммалмиз. Шу боис, кимдир сизга нима дейишни билмаса ё ҳатто беихтиёр сизни ранжитадиган бирон нима айтса, ҳайрон қолманг. Ҳаворий Павлуснинг қуйидаги маслаҳатини унутманг: «Бир-бирингизга чидамли бўлинглар ва ҳатто кимнингдир бошқадан арз қилишга сабаби бўлса, уни чин дилдан кечирсин». (Колос. 3:13) Қариндоши жамоатдан четлатилган бир опамиз шундай деди: «Далда бермоқчи бўлиб кўнглимни оғритиб қўйган имондошларни кечиришимга Яҳова ёрдам беряпти». Хўш, жамоатдагилар садоқатли имондошларга қандай кўмаклашиши мумкин?
ЖАМОАТ ЁРДАМ БЕРА ОЛАДИ
15. Яқинда жамоатдан четлатилганларнинг қариндошлари учун нима қилишимиз мумкин?
15 Жамоатдан четлатилган кишининг садоқатли оила аъзоларини илиқ қарши олинг. Мириям исмли имондошимиз укаси жамоатдан четлатилганда, йиғилишларга боришдан хавотирланганини айтди. У шундай деди: «Одамлар нима дейишидан қўрқардим. Лекин ажойиб дўстларим четлатилган укам ҳақида салбий фикрларни айтмай дардимга шерик бўлди. Улар туфайли бу қайғуни енгишда ёлғиз эмасдим». Яна бир опамиз эса қуйидагича эслайди: «Ўғлимиз жамоатдан четлатилганда қадрли дўстларимиз бизга тасалли берди. Баъзилар нима дейишни билмаслигини айтди. Улар мен билан кўз ёш тўкарди ёки далдали хатлар юборарди. Улар менга анча ёрдам берди».
16. Қандай қилиб жамоатдагилар керакли ёрдамни кўрсата олади?
16 Садоқатли имондошларимизни қўллаб-қувватлашда давом этинг. Улар ҳар қачонгидан ҳам ҳозир севгингиз ва қўллаб-қувватлашингизга муҳтож. (Иброн. 10:24, 25) Жамоатдан четлатилганларнинг оила аъзолари шунга эътибор бердики, баъзи имондошлар уларга совуқ муносабатда бўлиб, уларга ҳам четлатилгандай қарайди ва гаплашмай қўяди. Бундай бўлишига йўл қўйманг! Ҳақиқатдан юз ўгирган ота-оналарнинг фарзандларини мақтаб, уларга далда беришимиз лозим. Мариянинг эри жамоатдан четлатилди ва оиласини ташлаб кетди. Мария қуйидагича бўлишди: «Баъзи дўстларимиз келиб, биз учун овқат тайёрлади ва фарзандларим билан тадқиқ ўтказишга кўмаклашди. Улар ҳамдард бўлиб мен билан бирга кўз ёш тўкди. Одамлар мен ҳақимда бўлар-бўлмас гапларни тарқатганида, улар мени ҳимоя қилди. Улар кўнглимни кўтарди». (Рим. 12:13, 15)
17. Оқсоқоллар қайғуга ботганларга қай йўсин меҳр-шафқат кўрсата олади?
17 Оқсоқоллар, жамоатдан четлатилган кишининг садоқатли оила аъзоларини мустаҳкамлаш учун турли имкониятлардан фойдаланинг. Яқини Яҳовадан юз ўгирган имондошларингизга тасалли бериш учун сизда ўзгача масъулият бор. (1 Салон. 5:14) Йиғилишдан олдин ёки кейин уларга далда бериш учун ташаббус кўрсатинг. Уларникига боринг ва улар учун ибодат қилинг. Хизматда улар билан ҳамкорлик қилинг ёки оилавий топинишга таклиф қилинг. Маънавий чўпонлар Яҳованинг қайғуга ботган қўзичоқларига улар муҳтож бўлган меҳр-шафқат, севги ва эътиборни кўрсатиши лозим. (1 Салон. 2:7, 8)
УМИДНИ ЙЎҚОТМАНГ, ЯҲОВАГА ТАЯНИШДА ДАВОМ ЭТИНГ
18. Худо нотўғри йўл тутган инсонлар нима қилишини хоҳлайди? (2 Бутрус 3:9)
18 Яҳова «ҳеч кимнинг ҳалок бўлишини истамайди, аммо ҳамманинг тавба қилишини хоҳлайди». (2 Бутрус 3:9 ни ўқинг) Инсон жиддий гуноҳга қўл урса ҳам унинг ҳаёти Худо учун бебаҳо. Унутмангки, Яҳова юқори баҳони, яъни суюкли Ўғлининг тўлов қурбонлигини ҳар биримиз учун берган. Яҳова Ундан юз ўгирганлар қайтиши учун севги ила уларга ёрдам беришга ҳаракат қиляпти. Худо улар бундай қилишига умид боғлаяпти. Буни Исонинг дарбадар ўғил ҳақидаги масалидан кўришимиз мумкин. (Луқо 15:11–32) Ҳақиқатдан юз ўгирган кўплар кейинчалик меҳрибон самовий Отамизга қайтган. Биродару опа-сингилларимиз ҳам уларни қучоқ очиб қарши олган. Юқорида тилга олинган Элизабет ўғли жамоатда тикланганида роса суюнган эди. Ўша дамлар ҳақида фикр юритиб, у: «Таслим бўлмасликка ундаган имондошларимдан жуда миннатдорман»,— деди.
19. Нима учун Яҳовага ишонишда давом этишимиз мумкин?
19 Яҳовага доим ишонишимиз мумкин. У ҳеч қачон бизга зарар етказадиган йўл-йўриқ бермайди. Яҳова Уни яхши кўриб, Унга топинадиганларни қаттиқ севади ва улар учун сахий ҳамда меҳр-шафқатли Отадир. (Иброн. 13:5, 6) Юқорида тилга олинган Марк қуйидагича деди: «Яҳова бизни асло тарк этмади. Қийинчиликларни бошдан кечирганимизда У доим ёнимизда бўлди». Яҳова сизга «инсонларникидан устун турган куч»ни беришда давом этади. (2 Кор. 4:7) Ҳа, яқинингиз Яҳовадан юз ўгирганда ҳам садоқатли қолиб, умидингизни сақлай оласиз.
44- ҚЎШИҚ Шикаста қалб ноласи
^ абз. 5 Яқинимиз Яҳовага хизмат қилмай қўйганда, бизга жуда оғир ботади. Мазкур мақоладан бу юз берганда, Худо нимани ҳис қилишини билиб оламиз. Қолаверса, жамоатдан четлатилган кишининг оила аъзолари бу оғриқни қандай қилиб енгиши ва маънан соғлом қолиши мумкинлигига эътибор берамиз. Бундан ташқари, жамоатдагиларнинг барчаси унинг оила аъзоларига қай йўсин тасалли ва ёрдам бериши ҳақида сўз юритамиз.
^ абз. 1 Ушбу мақоладаги баъзи исмлар ўзгартирилган.