37- ТАДҚИҚ МАҚОЛАСИ
Имондошларингизга ишонинг
Севги... ҳамма нарсага ишонади, ҳар нарсага умид қилади. 1 КОР. 13:7
124- ҚЎШИҚ Вафодормиз
БУ МАҚОЛАДА a
1. Кўпчилик бошқаларга ишонмаётганидан нега ҳайрон эмасмиз?
ШАЙТОННИНГ дунёсида одамлар кимга ишонишни билмайди. Улар дин раҳбарлари, тижоратчи ва сиёсатчиларнинг ишларидан доим норози. Қолаверса, кўплар дўстлари, қўшнилари ва ҳатто оила аъзоларига ишонмайди. Биз бундан ҳайрон эмасмиз. Муқаддас Китобда башорат қилинганидай, «охирзамонда» одамлар садоқатсиз, туҳматчи ва сотқин бўлади. Бошқача айтганда, улар ушбу замонанинг худоси Шайтонга ўхшайди. Унга ишониб бўлмайди. (2 Тим. 3:1–4; 2 Кор. 4:4)
2. а) Кимга тўлиқ ишонамиз? б) Баъзиларда қандай савол пайдо бўлиши мумкин?
2 Масиҳийлар сифатида Яҳовага тўлиқ ишонамиз. (Ерм. 17:7, 8) У бизни севишига ҳамда дўстларини «асло тарк этмаслигига» аминмиз. (Заб. 9:10) Шунингдек, Исо Масиҳга ҳам ишонамиз. Чунки у ўз жонини биз учун фидо қилган. (1 Бутр. 3:18) Муқаддас Китобдаги принциплар амалий эканини ўз тажрибамиздан биламиз. (2 Тим. 3:16, 17) Ҳа, Яҳовага, Исога ва Муқаддас Китобга ишонамиз. Лекин баъзилар: «Биродару опа-сингилларимга доим ишонсам бўладими?» — деб ўйланиб қолади. Агар бу саволнинг жавоби «ҳа» бўлса, нега уларга ишонишимиз мумкин?
ИМОНДОШЛАРИМИЗГА МУҲТОЖМИЗ
3. Қандай шарафга эгамиз? (Марк 10:29, 30)
3 Яҳова бизни умумжаҳон оиласига қўшди. Бу катта шараф бўлиб, кўп фойда келтиради. (Марк 10:29, 30 ни ўқинг.) Дунёнинг турли жойларида биз каби Яҳовани севадиган ва Унинг меъёрлари бўйича яшашга интиладиган имондошларимиз бор. Тилимиз, маданиятимиз ва кийимларимиз турличадир. Аммо биринчи марта танишганимиздаёқ бир-биримизга яқин бўлиб қоламиз. Айниқса, улар билан бирга самовий Отамизни улуғлаб, Унга топинишни яхши кўрамиз. (Заб. 133:1)
4. Нега биродару опа-сингилларимизга муҳтожмиз?
4 Ҳозир биродару опа-сингилларимиз билан ҳар қачонгидан ҳам яқинроқ муносабатларга эга бўлишимиз керак. Баъзан улар бизнинг оғирликларимизни кўтаришади. (Рим. 15:1; Галат. 6:2) Шунингдек, улар Яҳованинг хизматида фаол бўлишимизга ҳамда маънан мустаҳкам қолишимизга ёрдам беришади. (1 Салон. 5:11; Иброн. 10:23–25) Душманларимизга, яъни Шайтон Иблис ва унинг ёвуз дунёсига қарши турибмиз. Бизга кўмаклашадиган жамоатимиз бўлмаганида, ўзимизни қандай ҳис қилардик-а?! Тез орада Шайтон ва унинг томонида бўлганлар Худонинг хизматчиларига ҳужум қилади. Ўшанда биродару опа-сингилларимиз бизни қўллаб-қувватлаётганидан ниҳоятда миннатдор бўламиз!
5. Нега баъзилар бошқаларга ишонишга қийналади?
5 Аммо баъзилар имондошларига ишонишга қийналади. Эҳтимол, улар шахсий маълумотни кимгадир айтган ва у бошқаларга уни етказган ёки ваъдасида тура олмаган. Ёки бўлмаса, жамоатдаги бирон киши уларнинг қалбига озор етказгандир. Бундай вазиятларда бошқаларга ишониш қийин бўлиши ҳеч гап эмас. Хўш, имондошларимизга ишонишга нима ёрдам бериши мумкин?
СЕВГИ ИШОНИШГА ЁРДАМ БЕРАДИ
6. Қай йўсин севги ишончни мустаҳкамлашга ёрдам беради? (1 Коринфликларга 13:4–8)
6 Ишончнинг пойдевори — севги. 1 Коринфликларга 13- бобда тасвирланган севгининг қирралари бошқаларга бўлган ишончимизни мустаҳкамлашга ёки қайта тиклашга ёрдам беради. (1 Коринфликларга 13:4–8 ни ўқинг.) Мисол учун, 4- оятда: «Севги сабр-тоқатли ва меҳрибондир»,— деб айтилган. Яҳова Унга қарши гуноҳ қилганимизда ҳам бизга сабр қилади. Шу боис, биродару опа-сингилларимизнинг гапи ёки ҳаракати ғашимизни келтирганида ё қалбимизни оғритганида, уларга нисбатан сабр-тоқатли бўлишимиз керак. 5- оятда эса: «[Севги] аччиқланмайди, хафагарчиликларни ҳисоблаб юрмайди»,— дейилган. Биз ҳам хафагарчиликларни ҳисоблаб юришни, яъни имондошларимиз қалбимизни оғритганини доим ёдда тутишни истамаймиз. Воиз 7:9 да: «Аразчи бўлма»,— деб айтилган. Келинг, яхшиси, Эфесликларга 4:26 даги ушбу сўзларга амал қилайлик: «Қуёш ботгунча ғазабдан қайтинглар».
7. Қандай қилиб бошқаларга бўлган ишончимизни ошира оламиз? (Матто 7:1–5)
7 Шунингдек, имондошларимизга Яҳова каби қарасак уларга кўпроқ ишона оламиз. Худо уларни яхши кўради ва хатоларини ҳисобламайди. Биз ҳам Унга тақлид қилишни истаймиз. (Заб. 130:3) Бошқаларнинг камчиликларига эмас, балки яхши томонларига диққат қаратишимиз ва улар қила оладиган яхши ишлари ҳақида ўйлашимиз лозим. (Матто 7:1–5 ни ўқинг.) Уларнинг нияти холис эканидан ҳеч қачон шубҳаланмаймиз. Чунки «севги ҳамма нарсага чидайди». (1 Кор. 13:7) Бу одамларга кўр-кўрона ишонишимиз кераклигини англатмайди. Аксинча, ишончли бўлгани учун уларга ишонамиз b.
8. Қандай қилиб имондошларга кўпроқ ишонишга ўргана оласиз?
8 Ишончни ҳам ҳурмат каби қозониш керак. Бу эса вақт талаб этади. Қандай қилиб имондошларга кўпроқ ишона оласиз? Уларни яхшироқ билишга ҳаракат қилинг. Жамоат йиғилишларида имондошлар билан суҳбатлашинг. Улар билан биргаликда ваъзгўйликда иштирок этинг. Сабрли бўлиб, уларга ишониш мумкинлигини исботлашга имкон беринг. Эҳтимол, бошида уларга ҳис-туйғуларингиз ва шахсий маълумотларни айтмассиз. Лекин муносабатларингиз қалинлашгани сайин буларни айтиш сиз учун осонроқ бўлар. (Луқо 16:10) Агар имондошингиз сизни ранжитса, нима қиласиз? Ундан умидингизни узишга шошилманг, бироз вақт ўтишига йўл қўйинг. Баъзиларнинг хатти-ҳаракати имондошларга бўлган ишончингизни ўғирлашига йўл қўйманг. Бу борада Яҳованинг баъзи содиқ хизматчиларининг мисолларини кўриб чиқамиз. Бошқалар уларни хафа қилган бўлса-да, улар ишонишда давом этишган.
БОШҚАЛАРГА БЎЛГАН ИШОНЧНИ РИВОЖЛАНТИРГАН ИНСОНЛАРДАН САБОҚ ОЛИНГ
9. а) Қандай қилиб Ханна баъзиларнинг хатоларига қарамай Яҳовага ишонишда давом этган? б) Ханнанинг мисолидан қандай сабоқ оляпсиз? (Расмга қаранг.)
9 Қачондир масъулиятли биродардан ранжиганмисиз? Ундай бўлса, Ханнанинг мисолини кўриб чиқиш сиз учун фойдали бўлади. Ўша пайтларда Исроилда олий руҳоний Элах Яҳовага топинишда муҳим ўрин эгаллаган. Аммо унинг оила аъзолари яхши ўрнак кўрсатмаган. Элахнинг ўғиллари руҳоний бўлганига қарамай, уятсиз ва ахлоқсиз ишларга қўл урган. Отаси эса уларни тўғри йўлга солишга деярли ҳаракат қилмаган. Лекин Яҳова Элахни олий руҳоний вазифасидан шу заҳоти маҳрум этмаган. Ханна у муқаддас чодирда олий руҳоний бўлганида Яҳовага топинишда давом этган. Элах Ханна кўнгли ғамга тўлиб ибодат қилаётганини кўрганида, уни маст деб ўйлаган. Тафсилотларни текшириб кўрмай Элах кўнгли эзилган Ханнани танқид қилган. (1 Шоҳ. 1:12–16) Шундай бўлса ҳам, Ханна ўғил кўрса уни муқаддас чодирда хизмат қилишга олиб келишни ваъда қилган. Чунки у Элах ўғлига ғамхўрлик қилишига ишонган. (1 Шоҳ. 1:11) Қизиқ, Элахнинг ўғиллари билан нима бўлган? Вақти келиб, Яҳова уларни жазолаган, Ханнани эса мукофотлаб ўғли Шомуилни берган. (1 Шоҳ. 4:17; 1 Шоҳ. 1:17–20)
10. Баъзилар Довуднинг кўнглини оғритган бўлса-да, қандай қилиб у бошқаларга ишонишда давом этди?
10 Қачондир яқин дўстингиз кўнглингизни оғритганми? Агар шундай бўлса, шоҳ Довуднинг мисолига диққат қаратайлик. Охитўфел унинг дўсти эди. Лекин у Абсаломга шерик бўлиб, Довудни тахтдан туширмоқчи бўлди. Ҳам ўғлининг, ҳам дўстининг кўмагисиз қолиш Довуд учун кучли зарба бўлгандир. Шунга қарамай, у бошқаларга ишонишда давом этди. Довуд исёнга қўшилишдан бош тортган садоқатли дўсти Хушайга ишонди. Бу тўғри қарор эди. Чунки Хушай Довудни қутқариш учун ҳатто ўз жонини хавф остига қўйиб, яхши дўст эканини исботлади. (2 Шоҳ. 17:1–16)
11. Қандай қилиб Наволнинг битта хизматкори ишончни намоён этган?
11 Наволнинг хизматкори кўрсатган ўрнакка эътибор қаратайлик. Бир сафар Довуд ва унинг одамлари бой бўлган исроиллик Наволнинг хизматкорларини ҳимоя қилишган. Вақт ўтиб, Довуд ундан одамлари учун егулик сўраган. Навол қўлидан келадиган бу ишни қилишдан бош тортган. Шунда Довуд ғазабга миниб, унинг хонадонига тегишли барча эркак кишиларни ўлдиришга қарор қилган. Наволнинг битта хизматкори хўжайинининг хотини Обигайлга барчасини айтиб берган. У Наволнинг хонадонига тегишли бўлган ва Обигайл унинг ҳаётини қутқариб қолишини яхши билган. Хизматкор қочиб кетишнинг ўрнига, Обигайл вазиятни ҳал қилишига ишонган. У Обигайл бошқалар орасида доно аёл сифатида танилганини билган. Шунинг учун, ундан шубҳаланмаган. Кейинчалик юз берган воқеалар у тўғри йўл тутганини кўрсатяпти. Чунки Обигайл жасорат ила йўл тутиб, Довудни режалаштирган ишидан қайтишга ундаган. (1 Шоҳ. 25:2–35) Обигайл Довуд тўғри қарор чиқаришига ишонган.
12. Исо шогирдларига ишонганини қай йўсин кўрсатган?
12 Исо шогирдларининг хатоларига қарамай уларга ишонган. (Юҳан. 15:15, 16) Ёқуб ва Юҳанно Исодан Шоҳликда ўзгача мавқега эга бўлишни сўрашганида, у уларнинг ниятини шубҳа остига қўймаган ёки уларни ҳаворий бўлишдан маҳрум этмаган. (Марк 10:35–40) Кейинчалик, Исо ҳибсга олинган кечада шогирдлари уни ташлаб кетишган. (Мат. 26:56) Аммо Исо уларга бўлган ишончини йўқотмаган. У шогирдларининг номукаммал эканини тушунган ва «уларни охиригача севган». (Юҳан. 13:1) Исо тирилганидан сўнг 11 та садоқатли ҳаворийсига шогирд тайёрлаш ва унинг қўйларига ғамхўрлик қилишни топширган. (Мат. 28:19, 20; Юҳан. 21:15–17) Исонинг ушбу номукаммал инсонларга бўлган ишончи кўр-кўрона бўлмаган. Шогирдлар ердаги ҳаётининг якунига қадар садоқат ила хизмат қилишган. Ҳа, Ханна, Довуд, Наволнинг хизматкори, Обигайл ва Исо номукаммал инсонларга ишониш борасида аъло ўрнак.
ИШОНЧИНГИЗНИ ТИКЛАНГ
13. Бошқаларга бўлган ишончни йўқотишга нима сабаб бўлиши мумкин?
13 Биродарга бирон махфий маълумотни айтиб, кейинчалик у ишончингизни оқламаган вазиятга дуч келганмисиз? Бундай вазият туфайли тушкунликка тушиш ҳеч гап эмас. Бир опамизнинг мисолига диққат қаратайлик. У шахсий масаласини бир оқсоқолга айтиб берган. Кейинги куни эса оқсоқолнинг хотини опамизга қўнғироқ қилиб, унинг масаласи бўйича унга далда берган. Бундан кейин бу опамиз оқсоқолга ишонмай қўйган. Лекин у тўғри йўл тутган ва ёрдам излаган. Опамиз бу ҳақда бошқа оқсоқол билан гаплашган. У опамизга оқсоқолларга бўлган ишончини тиклашга кўмаклашган.
14. Бир биродаримизга ишончини тиклашга нима ёрдам берган?
14 Бир биродар иккита оқсоқолдан хафа бўлиб, уларга ишонмай қўйган. Аммо у жуда ҳурмат қилган биродарнинг сўзлари устида мулоҳаза юрита бошлаган. Ўша биродар: «Бизнинг душманимиз имондошлар эмас, Шайтондир»,— деб айтган. Бу сўзлар уни ҳаракатга ундаган. У Яҳовага ибодат қилган ва иккала оқсоқол билан муносабатини тиклаган.
15. Нега ишончни тиклаш учун вақт керак бўлиши мумкин? Мисол келтиринг.
15 Қачондир жамоатдаги масъулиятли вазифангиздан маҳрум бўлганмисиз? Бу ниҳоятда оғир бўлиши мумкин. Масалан, 1930 йиллар давомида нацистлар Германиясида фаолиятимиз тақиқ остида бўлганида Грета ва унинг онаси садоқат ила хизмат қилишган. Грета «Қўриқчи минораси» журналини чоп этишга ёрдам берган. Аммо биродарлар опамизнинг отаси ҳақиқатга қарши эканини билишганида, у жамоатга оид маълумотларни душманларга айтиб беришидан қўрқиб, уни вазифасидан озод этишган. Грета бошқа қийинчиликларга ҳам дуч келган. Иккинчи жаҳон уруши пайтида биродарлар Грета ва унинг онасига журналларимизни бермай қўйишган. Кўчада кўриб қолишганида эса ҳатто саломлашишмаган. Бу уларга жуда оғир ботган. Грета ўша биродарларни кечиришига ва уларга бўлган ишончини тиклашига кўп вақт керак бўлган. У: «Яҳова уларни кечирган бўлса керак. Мен ҳам кечиришим лозим»,— деган c.
«Бизнинг душманимиз имондошлар эмас, Шайтондир»
16. Нима учун биродару опа-сингилларга бўлган ишончимизни тиклашимиз керак?
16 Агар сиз ҳам шу каби ёқимсиз воқеани бошдан кечирган бўлсангиз, ишончингизни тиклашда давом этинг. Ҳаракатларингиз беҳуда эмас. Мисол учун, қайсидир таомни еб мазангиз қочса, бундан буёғига нима еяётганингизга эътиборли бўласиз. Биргина ёмон таом сизни овқатланишдан тўхтатмайди. Шу каби, биргина ёмон воқеа номукаммал биродару опа-сингилларга бўлган ишончингизни ўғирлашига йўл қўйманг. Ишончимизни тиклаганда, бахтлироқ бўламиз ва жамоатда ҳамма бир-бирига ишониши учун нималар қилишимиз мумкинлигига эътибор бера оламиз.
17. Нега ишонч муҳим ва кейинги мақолада нимани кўриб чиқамиз?
17 Шайтоннинг дунёсига эмас, имондошларимизга ишонайлик. Чунки уларни яхши кўрамиз ва улар ҳам бизни севади. Бундай ишонч қувончимизга қувонч қўшиб, ҳозирнинг ўзида якдил бўлишимизга ёрдам беради ва олдимиздаги оғир пайтларда дуч келадиган қийинчиликларда ҳимоя қилади. Борди-ю, кимдир сизни ранжитган бўлса ва унга бошқа ишонмаётган бўлсангиз, вазиятга Яҳова каби қарашга ҳаракат қилинг. Муқаддас Китобдаги принципларни қўлланг ва у ердаги мисоллардан сабоқ олинг. Имондошларга бўлган севгингизни кучайтиринг. Шунингдек, хафагарчиликни енгиб, бошқаларга бўлган ишончингизни тикланг. Шу йўсин, «туғишгандан ҳам яқинроқ дўстлар» орттирасиз. (Ҳик. 18:24) Бироқ нафақат биз бошқаларга, балки улар ҳам бизга ишониши керак. Навбатдаги мақолада биродарларимиз бизга ишониши учун нима қилишимиз мумкинлиги ҳақида сўз юритамиз.
99- ҚЎШИҚ Сон-саноқсиз Шоҳидлармиз
a Биродару опа-сингилларимизга ишонишимиз керак. Бу доим ҳам осон эмас, айниқса, улар бизни ранжитганда жуда қийин бўлади. Ушбу мақолада имондошларимизга бўлган ишончимизни мустаҳкамлашга ёки қайта тиклашга ёрдам берадиган Муқаддас Китобдаги принципларни ва ўтмишда яшаган баъзиларнинг мисолларини кўриб чиқамиз.
b Муқаддас Китобда жамоатдаги баъзиларга ишонмаслигимиз кераклиги ҳақида ёзилган. (Яҳд. 4) Кам ҳолларда, сохта биродарлар «нотўғри таълимотлар» орқали бошқаларни ҳақ йўлдан оздиради. (Ҳавор. 20:30) Уларга ишонмаслигимиз ва қулоқ солмаслигимиз даркор.
c Гретанинг вазияти ҳақида кўпроқ билиш учун 1974 йилги «Яҳова Шоҳидларининг йилномаси»нинг (ингл.) 129–131- саҳифаларига қаранг.