Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

Тангри Яҳовани Нуҳ, Дониёр ва Аюб каби биласизми?

Тангри Яҳовани Нуҳ, Дониёр ва Аюб каби биласизми?

Ёвуз одам адолатни тушунмайди, Яҳовани излаганлар эса барча нарсани англайди. ҲИК. 28:5

ҚЎШИҚЛАР: 43, 49

1–3. а) Ушбу охирзамонда Худога содиқ қолишимизга нима ёрдам беради? б) Бу мақолада нимани кўриб чиқамиз?

ОХИРЗАМОН ўз ниҳоясига яқинлашиб қолган экан, ёвуз инсонлар «майса каби ўсиб кетяпти». (Заб. 92:7) Шу боис ахлоқий меъёрларга ҳеч ким амал қилмаётгани ажабланарли эмас. Шундай муҳитда яшар эканмиз, қандай қилиб «ёмонликка нисбатан ёш болалардай, идрок этишда эса етук кишилардай» бўла оламиз? (1 Кор. 14:20)

2 Бу саволнинг жавобини очқич оятдан топишимиз мумкин. Унда айтилганидай, «Яҳовани излаганлар барча нарсани», яъни Уни мамнун этиш учун зарур бўлган ҳамма нарсани англайди. (Ҳик. 28:5) Шунга ўхшаш фикр Ҳикматлар 2:7, 9 да ҳам бор. Бу оятларга кўра Яҳова «доноликни тўғри одам учун сақлайди». Натижада у тўғрилик, адолат ва ҳаққоният нималигини тушунади, яхшилик йўлларини англаб етади.

3 Нуҳ, Дониёр ва Аюб бундай доноликка эга бўлишган. (Ҳиз. 14:14) Худонинг бугунги халқи ҳақида ҳам шундай дейиш мумкин. Шахсан сиз ҳақингизда-чи, нима деса бўлади? Яҳовани мамнун этиш учун зарур бўлган «барча нарсани англаяпсизми»? Бунинг сири Худо ҳақида аниқ билимга эга бўлишдадир. Буни ёдда тутган ҳолда ушбу мақолада қуйидагиларни кўриб чиқамиз: 1) Нуҳ, Дониёр ва Аюб Яҳовани қандай билиб олишган, 2) бу билим уларга қандай фойда келтирган ва 3) биз уларники каби имонни қандай ривожлантиришимиз мумкин?

НУҲ ЁВУЗ ДУНЁДА ХУДОГА ҲАМРОҲ БЎЛИБ ЯШАГАН

4. Нуҳ Яҳова ҳақида қай йўсин билим олган ва бу билим унга қандай ёрдам берган?

4 Нуҳ Яҳовани қандай билиб олган? Инсоният тарихининг бошида Худога содиқ эркагу аёллар асосан қуйидаги учта йўл билан У ҳақида билим олишган: улар Худонинг кўзга кўринадиган ижодларини кузатишган, бошқа художўй кишилардан У ҳақда эшитишган ва Аллоҳнинг адолатли меъёрларию принципларига амал қилиб баракалар олгани орқали Уни таниб-билишган. (Ишаё 48:18) Худонинг ижодларини кузатиб Нуҳ нафақат У мавжуд эканининг кўп тасдиғини кўрган, балки Унинг «абадий қудрати» каби кўзга кўринмас кўпгина фазилатлари борлигини ва У «илоҳий Шахс эканлигини» ҳам тушунган. (Рим. 1:20) Натижада, Нуҳ Худога ишонибгина қолмай, Унга бўлган кучли имонни ривожлантирган.

5. Нуҳ Худонинг инсоният учун ниятини кимлардан билиб олган?

5 «Каломни эшитгач имон пайдо бўлади». (Рим. 10:17) Нуҳ Яҳова ҳақида кимдан эшитган? Шубҳасизки, у кўп нарсани қариндошларидан билиб олган. Худога содиқ бўлган ва ҳаёти Одаматоники билан кесишган отаси Ламех улар қаторига кирган. (Очқич оятнинг юқорисидаги расмга қаранг.) Қолаверса, у бобоси Матушалоҳ билан гаплашган ва бобосининг бобоси Ёред Нуҳ 366 ёшга киргунича тирик бўлган *. (Луқо 3:36, 37) Эҳтимол, шу кишилардан ва уларнинг рафиқаларидан Нуҳ инсоният қандай пайдо бўлгани, ер юзини одил инсонлар билан тўлдириш ҳақидаги Худонинг нияти ва Адан боғида кўтарилган исён тўғрисида билиб олгандир. Бу исённинг оқибатларини у ўз кўзи билан кўрган. (Ибт. 1:28; 3:16–19, 24) Нуҳ билиб олган барча нарса унинг қалбига таъсир қилган ва Худога хизмат қилишга ундаган. (Ибт. 6:9)

6, 7. Қай йўсин умид Нуҳнинг имонини мустаҳкамлаган?

6 Умид имонни мустаҳкамлайди. Нуҳ унинг исми бошқаларга умид бахш этганини билганида нималарни ҳис қилганини бир тасаввур қилинг! Исмининг маъноси «ором; тасалли» бўлиши мумкин. (Ибт. 5:29, изоҳ) Илоҳий илҳом остида Ламех: «Яҳова лаънатлаган ерга ишлов берганимизда,.. заҳмат чеккан бизларга у [Нуҳ] енгиллик беради»,— деган эди. Нуҳ Аллоҳга умид боғлаган. Ундан олдин яшаган Ҳобил ва Ханўх каби у ҳам илоннинг бошини эзадиган «зурриёт» келишига ишонган. (Ибт. 3:15)

7 Нуҳ Ибтидо 3:15 да ёзилган башоратнинг тафсилотларини тушунмаган бўлиши мумкин, аммо у ердаги сўзлар озод этилишга умид бераётганини англагани шубҳасиз. Қолаверса, Адан боғида берилган ушбу ваъда Ханўх эълон қилиб юрган хабарга уйғун бўлган. У, Худо ёвузларни ҳукм қилиши ҳақида ҳам башорат қилган. (Яҳд. 14, 15) Сўнгги бор Армагеддонда амалга ошадиган Ханўхнинг хабари, ўз вақтида Нуҳнинг имони ва умидини мустаҳкамлагани аниқ.

8. Худо ҳақидаги аниқ билим Нуҳни нималардан ҳимоя қилган?

8 Худо ҳақидаги аниқ билим Нуҳга қандай фойда келтирган? Бундай билим Нуҳга имон ва илоҳий доноликни ато этиб, уни айниқса маънавий зарардан ҳимоя қилган. Масалан, Нуҳ «Худога ҳамроҳ бўлиб яшагани» учун худосизлар билан юрмаган ёки мулоқот қилмаган. Инсон қиёфасига кирган итоатсиз фаришталар имонсиз ва ҳар нарсага лаққа тушадиган одамларда ғайриоддий қобилиятлари билан таассурот қолдириб, эҳтимол, одамлар уларга топинишини исташгандир. Лекин Нуҳ уларнинг ҳийлаларига алданмаган. (Ибт. 6:1–4, 9) Шунингдек, Нуҳ инсонлар кўпайиб ер юзини тўлдиришлари кераклигини билган. (Ибт. 1:27, 28) Бироқ аёллар ва инсон қиёфасига кирган руҳий шахслар ўртасида жинсий яқинлик бўлиши нотабиий ва нотўғри эканидан у хабардор бўлгани эҳтимолдан йироқ эмас. Бундай яқинлик туфайли ғайриоддий болалар дунёга кела бошлаганида Нуҳ тўғри хулоса қилгани тасдиқланган. Вақт ўтиб, Худо ер юзига тўфон юбормоқчи экани ҳақида Нуҳни огоҳлантирган. У огоҳлантиришга ишониб, кема қура бошлаган ва оиласини сақлаб қолган. (Иброн. 11:7)

9, 10. Нуҳнинг имонига қандай тақлид қилишимиз мумкин?

9 Нуҳники каби имонни қандай ривожлантиришимиз мумкин? Бунинг учун Худонинг Каломини пухта тадқиқ қилиб, ўрганганларимизни қалбимизга жойлашимиз ва билиб олганларимиз бизни шакллантириб, йўналтиришига йўл қўйишимиз муҳим. (1 Бутр. 1:13–15) Шунда имон ва илоҳий донолик бизни Шайтоннинг ҳийлаларию бу дунёнинг ёвуз руҳиятидан ҳимоя қилади. (2 Кор. 2:11) Бундай руҳият зўравонлик ва ахлоқсизликни севишга ҳамда тана истакларини биринчи ўринга қўйишга ундаяпти. (1 Юҳан. 2:15, 16) Унинг таъсири остида маънан заиф кишилар ҳатто Худонинг улуғ куни яқин эканини тасдиқловчи аниқ далилларга кўз юмишади. Агар эътибор берсак, Исо бизнинг кунларимизни Нуҳники билан солиштирганда асосий диққатни зўравонлик ва ахлоқсизликка эмас, балки маънан бефарқ бўлиб қолиш хавфига қаратган. (Матто 24:36–39 ни ўқинг.)

10 Ўзингиздан шундай сўраб кўринг: «Ҳаёт тарзим чиндан ҳам Яҳовани билишимни кўрсатяптими? Имоним нафақат Аллоҳнинг адолатли меъёрларига мувофиқ яшашга, балки уларни бошқаларга айтишга ҳам ундаяптими?» Илойим, жавобларингиз «Худога ҳамроҳ бўлиб» яшаётганингизни кўрсатсин.

ДОНИЁР БУТПАРАСТЛИК РИВОЖЛАНГАН БОБИЛДА ИЛОҲИЙ ДОНОЛИКНИ НАМОЁН ЭТГАН

11. а) Ёш Дониёрнинг художўйлиги олган тарбияси ҳақида нимани очиб беряпти? б) Дониёрнинг қайси фазилатларига тақлид қилмоқчисиз?

11 Дониёр Яҳовани қандай билиб олган? Дониёрнинг ота-онаси унга яхши таълим-тарбия бериб, Яҳовани ва Унинг Каломини севишга ўргатган. Бу севгини у бутун умр сақлаган. Ҳатто ёши ўтганда ҳам, у Муқаддас Ёзувларни ўқиб, устида мулоҳаза юритган. (Дон. 9:1, 2) Дониёрнинг Худо ҳақида, жумладан, Унинг Исроил халқига қилган муносабати тўғрисида чуқур билимга эга экани, Дониёр 9:3–19 да ёзилган ва у чин дилдан айтган ибодатида ажойиб тарзда акс этган. Бу ибодатни ўқиб, устида фикр юритишга бир неча дақиқа вақт ажратсангиз яхши бўларди. У Дониёрнинг шахсияти ҳақида нимани очиб бераётганига диққат қаратинг.

12–14. а) Дониёр илоҳий доноликни қай йўсин намоён этди? б) Худога содиқ қолиб Дониёр қандай баракаларга эга бўлди?

12 Худо ҳақидаги аниқ билим Дониёрга қандай фойда келтирган? Содиқ яҳудий учун бутпарастлик ривожланган Бобилда яшаш кўп қийинчилик туғдирган. Масалан, Яҳова яҳудийларга: «Мен сизларни сургун қилган шаҳарда тинчлик бўлишига ҳаракат қилинг»,— деб айтган. (Ерм. 29:7) Шу билан бирга Худо улардан мутлақ садоқатни талаб қилган. (Чиқ. 34:14) Хўш, Дониёрга бу иккита талаб борасида мувозанатли бўлишга нима кўмаклашган? Илоҳий донолик туфайли у ҳукмрон ҳокимиятларга бўйсунишнинг меъёри борлигини тушуниб етган. Асрлар ўтгач, Исо ҳам худди шу принципни таъкидлаган. (Луқо 20:25)

13 Келинг, 30 кун мобайнида бирорта кимса ёки худога ибодат қилишни ман этадиган фармон чиққанда Дониёр қандай йўл тутганини кўриб чиқайлик. (Дониёр 6:7–10 ни ўқинг.) У: «Бор-йўғи ўттиз кун экан-ку!» — деб айтиши мумкин эди. Аммо Муқаддас Ёзувларга асосланган эътиқоди туфайли Дониёр бу фармонга бўйсунмади. Албатта, у ҳеч кимга сездирмай эҳтиёткорлик билан ибодат қилиши мумкин эди. Унинг кунда ибодат қилиш одати ҳаммага маълум эди. Бу ҳатто Дониёрнинг ҳаётини хавф остига қўйса-да, у Худога топинишда ён бераётгандай таассурот уйғотмасликка қарор қилди.

14 Яҳова Дониёрнинг виждонан ва жасорат ила чиқарган қарорига барака бериб, уни даҳшатли ўлимдан мўъжизавий тарзда сақлаб қолди. Натижада, Мидия ва Форс империясининг олис ҳудудларига қадар Яҳова ҳақида зўр шоҳидлик берилди! (Дон. 6:25–27)

15. Дониёрники каби имонни қандай ривожлантиришимиз мумкин?

15 Дониёрники каби имонни қандай ривожлантиришимиз мумкин? Кучли имонга эга бўлишнинг сири, шунчаки Худонинг Каломини ўқиш эмас, унинг «мағзини чақишдан» иборат. (Мат. 13:23) Яҳованинг нуқтаи назарига эга бўлишни истаймиз, бунга Муқаддас Китобдаги принципларни яхши тушуниш киради. Бунинг учун ўқиган нарсалар борасида мулоҳаза юритишимиз даркор. Қолаверса, айниқса, қийинчиликлар ёки бошқа оғир вазиятларга дуч келганимизда мунтазам равишда сидқидилдан ибодат қилишимиз муҳим. Донолик ва куч сўраб ишонч ила ибодат қилсак, Яҳова уларни бизга сахийлик билан ато этади. (Ёқб. 1:5)

АЮБ ЯХШИ ВА ОҒИР ПАЙТДА ИЛОҲИЙ ПРИНЦИПЛАРГА АМАЛ ҚИЛГАН

16, 17. Аюб Худо ҳақидаги аниқ билимга қай йўсин эга бўлган?

16 Аюб Яҳовани қандай билиб олган? Аюб исроиллик бўлмаган. Бироқ у Иброҳим, Исҳоқ ва Ёқуб билан узоқ қариндош эди. Яҳова эса уларга Ўзи ва инсониятга нисбатан нияти ҳақида айрим тафсилотларни ошкор этган. Қайсидир йўл билан Аюб ушбу кўпгина бебаҳо ҳақиқатлардан хабардор бўлган. (Аюб 23:12) У: «Сен ҳақингда эшитган эдим»,— деб айтган. (Аюб 42:5) Бундан ташқари, Яҳованинг Ўзи Аюб У тўғрисида ҳақиқатни айтганини таъкидлаган. (Аюб 42:7, 8)

Худонинг кўринмайдиган фазилатларини кўринадиган ижодларида кузатсак имонимиз мустаҳкамланади (17- хатбошига қаранг.)

17 Аюб шунингдек, Аллоҳнинг кўпдан-кўп кўринмас фазилатларини кўринадиган мавжудотларни кузатиб билиб олган. (Аюб 12:7–9, 13) Кейинчалик, Худонинг улуғворлиги инсонники билан солиштирганда анча юксак эканини Аюбга эслатиш учун Элиху ҳам, Яҳова ҳам унинг эътиборини ижодларга қаратган. (Аюб 37:14; 38:1–4) Яҳованинг сўзлари Аюбнинг қалбига таъсир қилгани учун у камтарлик ила шундай деган: «Энди, Сен барча нарсага қодир эканингни, ҳеч бир ниятинг амалга ошмай қолмаслигини билиб олдим. [...] Тупроқ ва кулга ўтириб, тавба қиламан». (Аюб 42:2, 6)

18, 19. Аюб чиндан ҳам Яҳовани билганини қай йўсин кўрсатган?

18 Худо ҳақидаги аниқ билим Аюбга қандай фойда келтирган? Аюб илоҳий принципларни жуда яхши тушунган. У Яҳовани чиндан ҳам билган ва бу билимларига яраша ҳаёт кечирган. Масалан, Аюб Худони севаман деб туриб, яқинига ёмон муносабатда бўлиш нотўғри эканини билган. (Аюб 6:14) У ўзини бошқалардан устун қўймаган. Аксинча у барча, ҳам бой, ҳам камбағаллар учун қайғурган. У: «Мени онам қорнида яратган Зот уларни ҳам яратмаганми?!» — деган. (Аюб 31:13–22) Шуниси аниқки, Аюб илгари эга бўлган обрў ва бойлик унинг бошқаларга ёки ўзига нисбатан нуқтаи назарига таъсир қилишига йўл қўймаган. Дунёдаги кўпгина қудратли ва бой кишилар ҳақида бундай деб бўлмайди.

19 Аюб бутпарастликнинг барча турларини рад этган ва буни ҳатто хаёлига ҳам келтирмаган. Сохта топиниш, жумладан, бойликка берилиб кетиш «кўкдаги Аллоҳдан юз ўгириш» билан тенг эканини у билган. (Аюб 31:24–28 ни ўқинг.) Никоҳ — бир эркак ва бир аёл ўртасидаги муқаддас ришта эканини Аюб тан олган. У бошқа аёлга эҳтирос билан қарамаслик учун кўзлари билан аҳд қилган. (Аюб 31:1) Эсингизда бўлса, ўша даврда Худо кўп хотинликка изн берган. Шундай экан, Аюб хоҳлаганида иккинчи хотин олиши мумкин эди *. Аллоҳ Адан боғида илк никоҳ масаласида тутган йўлидан Аюб ўзи учун андаза олган бўлса керак. (Ибт. 2:18, 24) Деярли 1 600 йил ўтгач, Исо Масиҳ тингловчиларини никоҳ ва жинсий ахлоқ борасида ўша-ўша адолатли принципларга амал қилишга ўргатган. (Мат. 5:28; 19:4, 5)

20. Қандай қилиб Яҳова ҳамда Унинг меъёрлари ҳақидаги аниқ билим бизга яхши мулоқот ва ўйин-кулгини танлашга кўмаклашади?

20 Аюбники каби имонни қандай ривожлантиришимиз мумкин? Яна бир бор таъкидласак, бунинг сири — Яҳова ҳақида аниқ билимга эга бўлиш ва бу билимлар ҳаётимизнинг ҳар бир соҳасида бизни бошқаришига йўл қўйишдан иборат. Мисол учун, сано бастакори Довуд Яҳова «зўравонликни севадиганлардан» нафратланишини айтиб, «ёлғончи одамлар» билан мулоқот қилишдан бизни огоҳлантирган. (Забур 11:5; 26:4 ни ўқинг.) Хўш, бу оятлар сизга Яҳованинг нуқтаи назари ҳақида нимани ошкор этяпти? Бу, ҳаётингизда нимани биринчи ўринга қўйиш, Интернетдан фойдаланиш, ким билан мулоқот қилиш ва ўйин-кулги танлашингизга қандай таъсир қилиши керак? Берган жавобларингиздан сиз Яҳовани қанчалик яхши билишингиз аён бўлади. Бугунги мураккаб ва ёвуз дунёда бенуқсонликни сақлаш учун зеҳнимизни ишга солиш қобилиятини машқ қилишимиз лозим. Шунда, нафақат яхшини ёмондан ажрата оламиз, балки нима донолик ва нима нодонлик эканини ҳам фаҳмлаймиз. (Иброн. 5:14; Эфес. 5:15)

21. Самовий Отамизни мамнун этиш учун зарур бўлган «барча нарсани» англашга нима ёрдам беради?

21 Нуҳ, Дониёр ва Аюб Яҳовани бутун қалби билан қидиргани учун, У Ўзини уларга ошкор этган. Яҳова Уни мамнун этиш учун зарур бўлган «барча нарсани» англашларига ёрдам берган. Шу йўсин, улар одилликда ўрнак кўрсатиб, чинакамига муваффақиятли ҳаёт кечиришган. (Заб. 1:1–3) Ўзингизга қуйидаги саволни бериб кўринг: «Мен ҳам Яҳовани Нуҳ, Дониёр ва Аюб каби яхши биламанми?» Ҳа, маънавий нур ёришиб бораётган экан, Уни янада яхшироқ билиб олишингиз мумкин. (Ҳик. 4:18) Бунинг учун, Худонинг Каломини чуқурроқ тадқиқ қилинг, билганларингиз устида фикр юритинг ва муқаддас руҳ сўраб ибодат қилинг. Ўшанда самовий Отамизга янада яқинроқ бўласиз! Бугунги худосиз дунёда ақл-идрок ва донолик ила ҳаёт кечира оласиз. (Ҳик. 2:4–7)

^ абз. 5 Нуҳнинг катта бобоси Ханўх ҳам «Худога ҳамроҳ бўлиб яшашни канда қилмаган». Аммо Нуҳ туғилишидан тахминан 69 йил олдин «Аллоҳ уни олиб кетган». (Ибт. 5:23, 24)

^ абз. 19 Нуҳ тўғрисида ҳам шундай деб айтиш мумкин. Адан боғидаги исёндан кўп ўтмай, кўп хотинлик кенг тарқалган бўлса-да, Нуҳнинг ҳам битта хотини бор эди. (Ибт. 4:19)