Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

7- ТАДҚИҚ МАҚОЛАСИ

Жамоатдаги оқсоқолларнинг ҳокимиятини тушуниш

Жамоатдаги оқсоқолларнинг ҳокимиятини тушуниш

Масиҳ жамоатнинг, яъни тананинг қутқарувчиси ва боши. ЭФЕС. 5:23

137- ҚЎШИҚ Яҳовага вафодор аёл-қизлар

БУ МАҚОЛАДА *

1. Яҳованинг оиласида бирлик ҳукм сураётганининг сабабларидан бири қандай?

ЯҲОВАНИНГ оиласига тегишли эканимиздан бахтиёрмиз. Нега оиламизда тинчлик ва бирлик ҳукм сурмоқда? Бунинг сабабларидан бири барчамиз Яҳова ўрнатган бошчиликни ҳурмат қилишда жон куйдираётганимиздир. Дарҳақиқат, бошчилик тартибини яхшироқ тушунсак, янада якдил бўлиб қола оламиз.

2. Мазкур мақолада қайси саволларга жавоб топамиз?

2 Ушбу мақолада жамоатда кимлар ҳокимиятга эга эканини кўриб чиқамиз. Қолаверса, қуйидаги саволларга жавоб топамиз: жамоатда опа-сингилларнинг ўрни қандай? Барча биродарлар жамоатдаги ҳар бир опа-сингилнинг бошими? Оила боши хотини ва фарзандлари устидан ҳокимиятга эга бўлгани каби оқсоқоллар ҳам биродару опа-сингиллар устидан худди шундай ҳокимиятга эгами? Аввалига, келинг, опа-сингилларга қандай нуқтаи назарда бўлишимиз кераклигини кўриб чиқайлик.

ОПА-СИНГИЛЛАРГА ҚАНДАЙ НУҚТАИ НАЗАРДА БЎЛИШИМИЗ КЕРАК?

3. Опа-сингилларимиз бажараётган ишлари учун миннатдорчилигимизни қай йўсин ошира оламиз?

3 Биз оиласига ғамхўрлик қилиш, хушхабарни ваъз қилиш ҳамда жамоатни қўллаб-қувватлаш учун қаттиқ меҳнат қиладиган опа-сингилларни қадрлаймиз. Яҳова ҳамда Исо опа-сингилларимизга қандай нуқтаи назарда эканини кўриб чиқиш, уларга нисбатан миннатдорчилигимизни янада оширади. Шунингдек, ҳаворий Павлус аёлларга қандай муносабатда бўлганини билиб олиш ҳам бизга фойда келтиради.

4. Муқаддас Китобдаги қайси мисоллардан Яҳова эркагу аёлларни қадрлашини билиб олса бўлади?

4 Муқаддас Китобга кўра, Яҳова эркагу аёлларни қадрлайди. Мисол учун, буни биринчи асрда Яҳова муқаддас руҳини эркагу аёлларга берганидан ва улар ҳар хил тилларда гапириш каби мўъжизалар яратганидан кўрса бўлади. (Ҳавор. 2:1–4, 15–18) Яҳова ҳам эркакларни, ҳам аёлларни муқаддас руҳи билан мойлаб, Масиҳ билан бирга бошқариш умидини ато этган. (Галат. 3:26–29) Шунингдек, эркагу аёллар ер юзида абадий яшаш мукофотига эга бўлишади. (Ваҳ. 7:9, 10, 13–15) Бундан ташқари, эркагу аёлларга хушхабарни ваъз қилиш ва таълим бериш вазифаси топширилган. (Мат. 28:19, 20) Масалан, Ҳаворийлар китобида Прискилла исмли опамиз эри Акила билан ўқимишли Аполлосга ҳақиқатни аниқроқ тушунтириб бергани тўғрисида айтилган. (Ҳавор. 18:24–26)

5. Қай йўсин Луқо 10:38, 39, 42 Исонинг аёлларга бўлган нуқтаи назарини очиб бермоқда?

5 Исо эркагу аёлларни ҳурмат қилган. Аёлларни менсимаган ва Муқаддас Ёзувларни муҳокама қилиш у ёқда турсин, ҳатто омма олдида улар билан гаплашмаган фарзийлардан фарқли равишда Исо бундай йўл тутмаган. Аксинча, у бошқа шогирдлари қаторида аёллар билан чуқур маънавий суҳбатларни олиб борган *. (Луқо 10:38, 39, 42 ни ўқинг.) Қолаверса, улар Исонинг ваъзгўйлик сафарларида ҳамроҳ бўла олган. (Луқо 8:1–3) Исо тирилганини ҳаворийларга эълон қилиш шарафини аёлларга берган. (Юҳан. 20:16–18)

6. Қай йўсин Павлус аёлларни ҳурмат қилишини кўрсатган?

6 Ҳаворий Павлус Тимўтийга аёлларни ҳурмат қилишни алоҳида эслатган. У Тимўтийга «ёши улуғ хотинларга онангдек, ёш аёлларга опа-сингилларингдек» муомала қил, деб насиҳат қилган. (1 Тим. 5:1, 2) Павлус Тимўтийга маънан етук масиҳий бўлишга кўп ёрдам берган бўлса-да, биринчи бўлиб онаси ва бувиси Муқаддас Ёзувларни унга ўргатишганини ҳам тан олган. (2 Тим. 1:5; 3:14, 15) Павлус Римликларга ёзган мактубида опа-сингилларнинг исмларини алоҳида тилга олиб, салом йўллаган. У нафақат опа-сингиллар нималар қилганини айтиб ўтган, балки бажарган ишлари учун миннатдорчилик ҳам билдирган. (Рим. 16:1–4, 6, 12; Филип. 4:3)

7. Қайси саволларни кўриб чиқамиз?

7 Юқоридаги хатбошиларидан шуни кўрса бўладики, Муқаддас Китобда аёллар эркакларга қараганда қуйи поғонада туриши ҳақида ҳеч нарса айтилмаган. Меҳрибон ва сахий опа-сингилларимиз ҳақиқий таянч бўлиб, оқсоқоллар улар жамоатнинг тинчлигию бирлигини сақлашда ёрдам беришига ишонади. Бироқ баъзи саволлар очиқ қоляпти. Мисол учун, нега Яҳова опа-сингиллардан муайян вазиятларда бошларини ёпишни талаб қилади? Фақат биродарлар оқсоқол ёки жамоат хизматкори сифатида тайинланар экан, бу барча биродарлар жамоатдаги ҳар бир опа-сингилнинг боши эканини англатадими?

БАРЧА БИРОДАРЛАР ҲАР БИР ОПА-СИНГИЛНИНГ БОШИМИ?

8. Эфесликларга 5:23 га биноан, барча биродарлар ҳар бир опа-сингилнинг бошими? Тушунтиринг.

8 Барча биродарлар ҳар бир опа-сингилнинг бошими? Қисқа қилиб айтганда йўқ. Уларнинг боши Исо Масиҳдир. (Эфесликларга 5:23 ни ўқинг.) Оилада эр хотини устидан ҳокимиятга эга. Сувга чўмган ўғил онасининг боши эмас. (Эфес. 6:1, 2) Жамоатда эса оқсоқоллар биродару опа-сингиллар устидан фақат чекланган ҳокимиятга эга. (1 Салон. 5:12; Иброн. 13:17) Ота-онасидан алоҳида яшайдиган турмушга чиқмаган опа-сингиллар уларни ва оқсоқолларни ҳурмат қилишда давом этишади. Бироқ жамоатдаги барча биродарлар каби уларнинг ҳам ягона боши Исодир.

Турмуш қурмай ота-онасидан алоҳида яшайдиганлар Исонинг бошчилиги остида бўлади (8- хатбошига қаранг.)

9. Нега баъзида опа-сингиллар бошини ёпиши керак?

9 Тўғри, Яҳова таълим бериш ва топинишда бошчилик қилиш масъулиятини эркакларнинг зиммасига юклаган, бироқ У худди шу вазифаларни аёлларга бермаган. (1 Тим. 2:12) Нега? Яҳова оиласида тартиб бўлиши учун Исони эркакнинг боши этиб тайинлаган. Худди шу сабабга кўра, Худо эркакни аёлнинг боши этиб тайинлаган. Опа ёки сингил одатда биродарлар қиладиган вазифани бажаришига тўғри келса, Яҳова улардан бошини ёпишни талаб қилади *. (1 Кор. 11:4–7) Яҳова опа-сингилларни камситиш эмас, улар У ўрнатган бошчилик тартибига ҳурмат кўрсатишлари учун буни талаб қиляпти. Буларни ёдда тутган ҳолда, келинг, ушбу саволга жавоб топамиз: оила боши ва оқсоқол қандай ҳокимиятга эга?

ОИЛА БОШИ ВА ОҚСОҚОЛНИНГ ҲОКИМИЯТИ

10. Нега баъзида оқсоқол жамоатдагилар учун қоидалар ўрнатишни хоҳлаши мумкин?

10 Оқсоқоллар Масиҳни яхши кўради ва Яҳова ҳамда Исо уларга ғамхўрлик қилиш учун топширган «қўзиларни» ҳам севади. (Юҳан. 21:15–17) Яхши ниятлар ила оқсоқол ўзини жамоатдагиларнинг отасидай ҳис қилиши мумкин. Шу боис, у оила боши уйидагиларини ҳимоя қилиш учун қоидалар ўрнатишга ҳаққи бор экан, оқсоқол ҳам Худонинг қўзиларини ҳимоя қилиш умидида қоидалар ўрнатишга ҳақли, деб ўйлар. Баъзи биродару опа-сингиллар оқсоқолларни маънавий боши сифатида кўргани учун улардан қарор чиқаришларини сўраши мумкин. Бироқ жамоат оқсоқоллари ҳамда оила бошлари бир хил ҳокимиятга эгами?

Оқсоқоллар жамоатдагиларнинг маънавий ва ҳиссий эҳтиёжларига ғамхўрлик қилишмоқда. Яҳова уларга жамоатни ахлоқан пок сақлаш масъулиятини берган (11- , 12- хатбошиларига қаранг.)

11. Оила боши ҳамда оқсоқолнинг масъулиятлари ўртасида қандай ўхшашликлар бор?

11 Ҳаворий Павлус оила боши ҳамда оқсоқолнинг масъулиятлари ўртасидаги баъзи ўхшашликларни айтиб ўтган. (1 Тим. 3:4, 5) Масалан, Яҳова оиладагилар оила бошига қулоқ солишларини истайди. (Колос. 3:20) Қолаверса, У жамоатдагилар оқсоқолларга итоатли бўлишларини хоҳлайди. Яҳова ҳам оила боши, ҳам оқсоқолдан уларнинг ғамхўрлиги остидагилар маънан соғлом эканига амин бўлишларини кутади. Шунингдек, уларнинг ҳар иккаласи ҳокимияти остида бўлганларнинг ҳиссий эҳтиёжларига ғамхўрлик қилиши лозим. Яхши оила боши каби, оқсоқол ҳам ғамхўрлиги остидагилар қийинчиликка дуч келганида, уларга ёрдам кўрсатилаётганига амин бўлиши даркор. (Ёқб. 2:15–17) Бундан ташқари, Яҳова оқсоқоллару оила бошларидан Унинг меъёрларини олға суришларини ҳамда Муқаддас Китобда «ёзилганлардан ташқарига чиқмасликларини» кутади. (1 Кор. 4:6)

Оила бошига уйдагилари устидан бошчилик қилиш ҳокимиятини Яҳова берган. Меҳрибон оила боши қарорлар чиқаришдан олдин рафиқаси билан маслаҳатлашади (13- хатбошига қаранг.)

12, 13. Римликларга 7:2 га биноан, оқсоқол ҳамда оила бошининг масъулиятлари ўртасида қандай фарқ бор?

12 Бироқ оқсоқол ҳамда оила бошининг масъулиятлари ўртасида фарқли томонлар ҳам бор. Масалан, Яҳова оқсоқолларни ҳакамлар сифатида тайинлаган ва тавба қилмаган гуноҳкорларни жамоатдан четлатиш масъулиятини уларга берган. (1 Кор. 5:11–13)

13 Бошқа томондан, Яҳова оила бошларига берган баъзи масъулиятларни оқсоқолларга тақдим этмаган. Масалан, У оила бошига уйдагилари учун қоидалар ўрнатиш ва уларга бўйсунишни талаб қилиш ҳуқуқини берган. (Римликларга 7:2 ни ўқинг.) Мисол учун, оила боши фарзандлари уйга кечаси нечада келишини ҳал қилиш ҳуқуқига эга. Шунингдек, фарзандлари ўша қоидани бузса, уларни жазолашга оила бошининг ҳаққи бор. (Эфес. 6:1) Албатта, меҳрибон оила боши уйдагилари учун қоидалар ўрнатишдан олдин рафиқаси билан маслаҳатлашади, ахир уларнинг иккови «бир танку» *. (Мат. 19:6)

МАСИҲНИ ЖАМОАТ БОШИ СИФАТИДА ҲУРМАТ ҚИЛИНГ

Исо Яҳованинг бошчилиги остида масиҳийлар жамоатига йўл-йўриқ бермоқда (14- хатбошига қаранг.)

14. а) Марк 10:45 га кўра, нега Яҳова Исони жамоат боши этиб тайинлагани ўринли? б) Етакчи кенгаш қандай масъулиятга эга? (« Етакчи кенгашнинг масъулияти» номли рамкага қаранг.)

14 Яҳова тўлов орқали жамоатдаги ҳар бир кишининг ва умуман олганда, барчанинг ҳаётини сотиб олган. (Марк 10:45 ни ўқинг; Ҳавор. 20:28; 1 Кор. 15:21, 22) Шу боис, ўз ҳаётини тўлов сифатида берган Исони Яҳова жамоат боши этиб тайинлагани ўринли. Бош сифатида Исо ҳар бир киши, оила ва бутун жамоатнинг юриш-туриши борасида қоидалар ўрнатишга ва уларга амал қилишни талаб қилишга ҳақли. (Галат. 6:2) Бироқ Исо қоидалар ўрнатишдан кўпроғини қилади. У ҳар биримизга ғамхўрлик қилиб, бизни яхши кўради. (Эфес. 5:29)

15, 16. Марлей ва Бенжамин айтган сўзлардан нимани ўргандингиз?

15 Опа-сингиллар уларга ғамхўрлик қилиш учун тайинланган биродарлар томонидан берилган йўл-йўриқларга амал қилиб, Масиҳни ҳурмат қилаётганини кўрсатишмоқда. Кўпгина опа-сингилларимиз Қўшма Штатларда яшовчи Марлей исмли имондошимизнинг қуйидаги фикрига қўшилади: «Турмуш ўртоқ ва жамоатда опа сифатидаги ўрнимни жуда қадрлайман. Яҳова ўрнатган бошчиликка нисбатан тўғри нуқтаи назарни ривожлантиришга доим ҳаракат қиламан. Эрим ва жамоатдаги биродарлар мени ҳурмат қилгани ва меҳнатим учун кўрсатган миннатдорчилиги туфайли бундай йўл тутишим осонроқ кечяпти».

16 Биродарлар опа-сингилларни ҳурмат қилаётгани билан бошчилик тартибини тушунаётганини кўрсатмоқда. Англияда яшовчи Бенжамин шундай деди: «Опа-сингилларнинг йиғилишларда берган шарҳларию қай йўсин тадқиқ қилиш ҳамда хизматда самарали бўлиш борасидаги таклифларидан кўп нарсаларни билиб олдим. Уларнинг меҳнатини бебаҳо, деб биламан».

17. Нега бошчилик тартибини ҳурмат қилишимиз керак?

17 Жамоатдаги барча — эркак, аёл, оила боши ва оқсоқол бошчилик тартибини тушуниб, уни ҳурмат қилса, жамоатда тинчлик ҳукм суради. Энг асосийси, севувчи самовий Отамиз Яҳовани мадҳ этамиз. (Заб. 150:6)

123- ҚЎШИҚ Илоҳий тартибга садоқат-ла бўйсунамиз

^ абз. 5 Жамоатда опа-сингилларнинг ўрни қандай? Барча биродарлар жамоатдаги ҳар бир опа-сингилнинг бошими? Оқсоқоллар ҳамда оила бошилари бир хил ҳокимиятга эгами? Мазкур мақолада Худонинг Каломидаги ёрқин мисоллар ёрдамида ушбу саволларга жавоб топамиз.

^ абз. 5 «Қўриқчи минораси»нинг 2020 йил сентябрь сонидаги «Жамоатингиздаги опа-сингилларни қўллаб-қувватланг» номли мақоланинг 6- хатбошига қаранг.

^ абз. 13 Оила қайси жамоатда хизмат қилиши борасида ким қарор қабул қилиши ҳақида «Қўриқчи минораси»нинг 2020 йил август сонидаги «Яҳованинг жамоатидаги ҳар бир кишини ҳурмат қилинг» номли мақоланинг 17–19- хатбошиларига қаранг.

^ абз. 64 Етакчи кенгашнинг масъулияти борасида кўпроқ маълумот олиш учун «Қўриқчи минораси»нинг 2013 йил 15 июль сонидаги 20–25- саҳифаларга қаранг.