Севгининг қайси тури чинакам бахт келтиради?
Худоси Яҳова бўлган халқ саодатлидир! ЗАБ. 144:15
1. Нега биз яшаётган давр ўзгача?
БИЗ инсоният тарихидаги ўзгача бир даврда яшаяпмиз. Муқаддас Китобда башорат қилинганидай, Яҳова «ҳар бир миллатдан, қабиладан, халқдан ва тилдан бўлган... улкан оломонни» йиғяпти. Ушбу саккиз миллиондан зиёд бахтли одамлар «қудратли халқ»ни ташкил қиляпти. Бу инсонлар «туну кун [Худога] муқаддас хизматни адо этишяпти». (Ваҳ. 7:9, 15; Ишаё 60:22) Бундан олдин ҳеч қачон Аллоҳни ҳам, имондошларини ҳам севадиган шунча кўп инсон бўлмаган.
2. Худодан узоқлашган одамларга қандай севги тури хос? (Очқич оятнинг юқорисидаги расмга қаранг.)
2 Бироқ Муқаддас Ёзувларда шунингдек, бизнинг кунларимизда умуман бошқача севги тури бўлиши каромат қилинган. Бу ҳам бўлса Худодан узоқлашган одамларга хос худбин севгидир. Ҳаворий Павлус: «Охирзамонда... одамлар ўзини севадиган, пулпараст... Аллоҳдан кўра айш-ишратни кўпроқ севадиган бўладилар [«улар Худони эмас, айш-ишратни яхши кўрадилар», Ўзбекистон Библия Жамияти]»,— деб ёзган. (2 Тим. 3:1–4) Бу севги тури Худога бўлган севгининг акси бўлиб, унга умуман зид. Худбин севги одамларга улар кутган бахтиёрликни олиб келмаяпти. Аксинча, бундай севгини кўрсатаётганлар худбин дунёда барчанинг ҳаётини оғирлаштиряпти.
3. Ушбу мақолада нимани муҳокама қиламиз ва нега?
3 Павлус бу худбин севги кенг тарқалиб, масиҳийларга ҳам хавф туғдиришини тушунган. Шунинг учун, у беғараз севги етишмаётган одамлардан қочиш кераклиги ҳақида огоҳлантирган. (2 Тим. 3:5) Албатта, шу каби инсонлар билан алоқани умуман уза олмаймиз. Шундай экан, қай йўсин бизни қамраб олган бу дунёдаги нуқтаи назардан қочиб, севги Худоси Яҳовани мамнун қилишга ҳаракат қила оламиз? Келинг, Аллоҳга ёқадиган севгини 2 Тимўтийга 3:2–4 да айтилган севги билан таққослайлик. Бу биз намоён этишимиз керак бўлган, бизга чинакам мамнуният ва бахт келтирадиган севгини тўғри баҳолаб, уни яхшилай олишимизга кўмаклашади.
ХУДОНИ СЕВИШ КЕРАКМИ ЁКИ ЎЗИМИЗНИМИ?
4. Нега ўзимизни меъёрида севиш нотўғри эмас?
4 «Одамлар ўзини севадиган» бўлади деб ёзган Павлус. Ўзимизни яхши кўриш нотўғрими? Асло. Биз ўзимизни меъёрида севишимиз табиий ва ҳатто керакдир. Чунки Яҳова бизни шундай қилиб яратган. Исо: «Яқинингизни ўзингизни севгандай севинг»,— деб айтган. (Марк 12:31) Ахир ўзимизни яхши кўрмасак, яқинимизни ҳам сева олмаймиз. Қолаверса, Муқаддас Китобда қуйидагиларни ўқиймиз: «Эрлар ҳам ўз хотинларини ўз таналарини севгандай севишлари керак. Ўз хотинини севган ўзини ўзи севади. Ҳеч бир киши ўз танасидан нафратланмайди, аксинча, уни озиқлантириб, ардоқлайди». (Эфес. 5:28, 29) Демак, ўзимизни ўринли тарзда севиш яхши экан.
5. Ўзини ҳаддан ташқари яхши кўрадиган одамларга қандай таъриф берасиз?
5 Севгининг 2 Тимўтийга 3:2 да айтилган тури табиий, соғлом севги эмас. У бузуқ ва худбин севгидир. Ўзини ҳаддан ташқари яхши кўрадиган одамлар ўзи ҳақида керагидан ортиқ ўйлайди. (Римликларга 12:3 ни ўқинг.) Уларни фақат ўз ҳаёти қизиқтиради, холос. Бундай кишиларнинг бошқалар билан деярли иши йўқ. Бирон нима юз берса, улар ўзини эмас, ўзгаларни айблайди. Муқаддас Китобдаги битта изоҳда ўзини ҳаддан ортиқ севадиган одамлар мана шундай таққосланган: «Думалоқ бўлиб ўралиб оладиган типратикан юмшоқ юнги ичида иссиққина ётади, атрофдагиларга эса учли тиканларини кўрсатиб туради». Ҳа, нуқул ўзини севадиган одамлар чинакамига бахтли эмас.
6. Аллоҳни севадиган одамлар нимага эришади?
6 Илоҳиётшуносларнинг фикрича, ҳаворий Павлус охирзамонда кенг тарқалган ёмон хислатларни айтиб ўтишдан аввал ўзини севиш тўғрисида ёзгани бежиз эмас. Чунки қолган иллатлар бу хислатнинг натижасидир. Аллоҳни севадиган одамлар эса яхши фазилатларни намоён этишни хоҳлашади. Муқаддас Китобда бундай севги севинч, тинчлик, сабр-тоқат, меҳрибонлик, ҳиммат, имон, мулойимлик ва ўзини тута билиш фазилатлари билан боғлиқ. (Галат. 5:22, 23) Сано бастакори: «Худоси Яҳова бўлган халқ саодатлидир!» — деб ёзган. (Заб. 144:15) Ҳа, Яҳова бахтиёр Худо ва Унинг халқи буни акс этади. Бундан ташқари, ўзини севадиган ва фақат олиш қизиқтирадиган одамлардан фарқли ўлароқ, Яҳованинг хизматчилари бошқаларнинг манфаатини ўйлаб ўзини бунга бағишлашдан хурсанд. (Ҳавор. 20:35)
7. Худога нисбатан севгимизни текшириб кўришга қайси саволлар ёрдам беради?
7 Ўзимизни севиш Худога нисбатан севгидан устун бўлиб қолмаганини қандай билсак бўлади? Келинг, Филиппиликларга 2:3, 4 даги қуйидаги насиҳатга эътибор берайлик: «Ҳеч нарсани иззатталаблик ёки манманлик билан қилмай, аксинча, камтар бўлиб, бошқаларни ўзингиздан устун қўйинглар. Нафақат ўзингизнинг, балки бошқаларнинг ҳам манфаатини кўзланглар». Ўзимиздан шундай деб сўрасак бўлади: «Бу насиҳатга амал қиляпманми? Худонинг иродасини чин юракдан бажаришга интиляпманми? Ҳам жамоатда, ҳам ваъзгўйликда бошқаларга ёрдам беришга ҳаракат қиляпманми?» Вақтимизнию кучимизни бериш доим ҳам осон эмас. Бунинг учун ҳаракатлар ва фидойилик талаб этилади. Лекин оламнинг Ҳукмдорини мамнун қилаётганимизни билишдан ортиқ бахт борми?!
8. Аллоҳга бўлган севги баъзиларни нимага ундади?
8 Аллоҳга бўлган севги баъзиларни нуфузли ишларини қолдириб, Яҳовага кўпроқ хизмат қилишга ундамоқда. Қўшма Штатларда яшовчи Эрика шифокор бўлиб ишлайди. Аммо у бу соҳада мавқе орттирмай, доимий кашшоф бўлди ва эри билан бир нечта мамлакатда хизмат қилди. Ўтмишни эслаб, у шундай деб бўлишди: «Чет элда кўпларга ёрдам берганимиз ва шу билан бирга дўстлар орттириш имкони бўлгани ҳаётимизни чинакамига бойитди. Ҳозир ҳам шифокор бўлиб ишлайман, лекин кўпроқ вақт ҳамда кучимни одамларнинг маънан соғайишига ва жамоатдагиларнинг эҳтиёжларини қондиришга сарфлайман. Бундан мен ич-ичимдан хурсандман ва мамнунман».
БОЙЛИК ОСМОНДАМИ ЁКИ ЕРДАМИ?
9. Нега пулни севиш бахт келтирмайди?
9 Павлус одамлар «пулпараст» бўлишини ҳам ёзган. Бир неча йил олдин кашшоф биродаримиз Ирландияда битта кишига Худо ҳақида гапирган экан. Бу киши ҳамёнидан пул чиқариб, мағрурлик ила: «Мана менинг худойим!» — деган экан. Гарчи кўпчилик очиқчасига бундай гапирмаса-да, бу дунё пулни ва унга сотиб олинадиган нарсаларни севадиган одамларга тўлиб кетган. Бироқ Муқаддас Китобда шундай огоҳлантириш бор: «Кумушни севган кумушга, бойликни севган эса мол-дунёга асло тўймайди». (Воиз 5:10) Бунақа одамлар ҳамиша пули кўп бўлишини истайди ва уларни топаман деб «кўпгина азобларга» дуч келади. (1 Тим. 6:9, 10)
10. Муқаддас Китобда бойлик ва камбағаллик ҳақида нима дейилган?
10 Тўғри, барчамизга пул керак. Улар бизни қайсидир жиҳатдан ҳимоялайди. (Воиз 7:12) Қизиқ, инсон зарурий эҳтиёжлари учун керакли нарсаларга эга бўлибгина бахтни ҳис эта оладими? Албатта! (Воиз 5:12 ни ўқинг.) Ёқенинг ўғли Ағур: «Менга камбағаллик ҳам, бойлик ҳам берма. Фақат ризқ-рўзимни берсанг бўлгани»,— деган эди. У нега ниҳоятда камбағал бўлишни истамаганини тушунамиз. Бу билан у ўғрилик қилиш васвасасига тушиб, Худонинг исмига доғ тушириши мумкинлиги ҳақида айтмоқчи эди. Аммо нега Ағур бой бўлмаслик тўғрисида ҳам ибодат қилган? У шундай ёзган: «Токи тўқликдан Сендан воз кечиб: “Яҳова Ўзи ким?!” — демайин». (Ҳик. 30:8, 9) Эҳтимол, сиз ҳам Худога эмас, бойлигига таянадиган одамларни танирсиз.
11. Исо пул масаласида қандай маслаҳат берган?
11 Пулни яхши кўрадиганлар Аллоҳни мамнун эта олмайди. Исо шундай деган: «Ҳеч ким икки хўжайинга қуллик қилолмайди. У ё биридан нафратланиб, иккинчисини севади ёки бирига содиқ қолиб, иккинчисини менсимайди. Сизлар ҳам Худонинг, ҳам бойликнинг қули бўла олмайсизлар». Бу сўзларни айтишдан олдин у қуйидагича деган: «Ўзингиз учун ер юзида хазина тўпламанглар. Чунки бу ерда уларни куя ва занг еб битиради ҳамда ўғрилар кириб талайди. Бунинг ўрнига, хазинани осмонда тўпланглар. У ерда уларни на куя, на занг еб битиради ва на ўғрилар кириб талайди». (Мат. 6:19, 20, 24)
12. Қандай қилиб содда ҳаёт кечириш Худога хизмат қилишни осонлаштиради? Мисол келтиринг.
12 Кўплар содда ҳаёт кечиргани туфайли нафақат бахтлироқ бўлишди, балки Яҳовага ҳам кўпроқ хизмат қилишларига имкон пайдо бўлди. Қўшма Штатларда яшовчи Жэк хотини билан кашшоф бўлиб хизмат қилиш мақсадида катта уйи ва бизнесини сотиб юборди. У шундай деб бўлишди: «Чиройли уйимиз ва мол-мулкимиздан воз кечиш осон бўлмади. Гап шундаки, бир неча йил олдин ишдаги муаммолар дастидан уйга кайфиятим бузилиб қайтардим. Рафиқам эса доимий кашшоф бўлгани учун ҳамиша бахтли эди. У: “Энг зўр Хўжайиним бор!” — деб айтарди. Ҳозир ўзим ҳам кашшофман ва икковимиз битта Шахсга, Яҳовага хизмат қиляпмиз».
13. Пулга бўлган нуқтаи назаримизни қандай текширишимиз мумкин?
13 Пулга бўлган нуқтаи назаримизни текшириш учун ростгўйлик ила қуйидаги саволларга берган жавобларимиз устида фикр юритишимиз лозим: «Муқаддас Китобда пул тўғрисида айтилганларга ишониб, шунга яраша яшаяпманми? Пул топиш ҳаётимда биринчи ўриндами? Моддий нарсаларни Яҳова ҳамда одамлар билан бўлган муносабатлардан устун қўймаяпманми? Эҳтиёжларимга Яҳова ғамхўрлик қилишига чиндан ҳам ишоняпманми?» Шунда аминмизки, Унга таянганларнинг умиди ҳеч қачон пучга чиқмайди. (Мат. 6:33)
ЯҲОВАНИ СЕВАМИЗМИ ЁКИ АЙШ-ИШРАТНИМИ?
14. Ўйин-кулги борасида нуқтаи назаримиз қандай бўлиши лозим?
14 Башорат қилинганидек, бугун кўп одамлар «айш-ишратни севади». Биламизки, ўзимизга ва пулга нисбатан мувозанатли нуқтаи назарга эга бўлишнинг ёмон жойи йўқ ва ўйин-кулги борасида ҳам шундай фикрдамиз. Яҳова биз тарки дунё қилишимизни ёки завқ келтирадиган барча нарсалардан воз кечишимизни истамайди. Муқаддас Китобда Худонинг хизматчиларига қарата: «Шундай экан, қувонч билан таомингни еб, шод кўнгил ила шаробингни ич»,— деб ёзилган. (Воиз 9:7)
15. «Айш-ишратни яхши кўрадиган» дегани нимани англатади?
15 Тимўтийга йўлланган иккинчи мактуб 3:4 да одамлар Худони эмас, айш-ишратни яхши кўриши ҳақида айтилган. Эътибор берган бўлсангиз, бу оятда одамлар Аллоҳни айш-ишратдан кўра кўпроқ севади деб ёзилмаган. Акс ҳолда, уларда Худога нисбатан озгина бўлса-да севги бор, деган фикр пайдо бўларди. У ерда «Худони эмас» деб айтилган. Бир илоҳиётшунос қуйидагича ёзган: «Ушбу [оятда] одамлар Худони озгина бўлса ҳам севади, деган фикр умуман йўқ. Бу, улар Тангрини асло севмаслигини англатади». Айш-ишратни яхши кўрадиганлар учун бу жиддий огоҳлантиришдир. Муқаддас Китобда бундай инсонлар «айш-ишратга берилган» деб тушунтирилган. (Луқо 8:14)
16, 17. Ўйин-кулги борасида Исо қандай ўрнак қолдирган?
16 Исо ўйин-кулгилар борасида мувозанатли нуқтаи назарни намоён этган. У «никоҳ тўйи» ва «катта зиёфат»га борган. (Юҳан. 2:1–10; Луқо 5:29) Тўйда шароб тугаб қолганда, у мўъжизавий тарзда сувни шаробга айлантирган. Бошқа сафар эса унинг еб-ичганини танқид қилганлар мувозанатли нуқтаи назарга эга эмаслигини у ошкор этган. (Луқо 7:33–36)
17 Ҳа, Исо ўйин-кулгиларга муккасидан кетмаган. Унинг ҳаётида Яҳова биринчи ўринда эди ва у бошқалар учун жон куйдирган. Кўпдан-кўп одамлар яшаши учун Исо устунда азоб чекиб ўлишга тайёр бўлган. Унинг изидан юришни хоҳлаганларга у шундай деган: «Мен учун одамлар сизларни ҳақоратлаб, қувғун қилишса, сизлар ҳақда ёлғон ва ҳар қандай ярамас сўзларни айтишса, бахтлисизлар. Шод-хуррам бўлинглар, зеро осмондаги мукофотингиз буюкдир. Ахир сизлардан аввал ўтган пайғамбарлар ҳам шундай қувғун қилинишган-ку». (Мат. 5:11, 12)
18. Ўйин-кулгиларга бўлган севгимизни текширишга қайси саволлар қўл келади?
18 Ўйин-кулгиларга бўлган севгимизни қай йўсин текшира оламиз? Ўзимизга қуйидаги саволларни берсак яхши бўларди: «Ўйин-кулгиларга қараганда йиғилишлару ваъзгўйлик хизмати иккинчи ўринда эмасми? Худога хизмат қилиш ниятида ўзимга ёқадиган нарсаларни қурбон қилишга тайёрманми? Менга завқ келтирадиган ўйин-кулгини танлаётиб, Яҳова бунга қандай нуқтаи назарда эканини инобатга оляпманми?» Аллоҳни чин дилдан севсак, нафақат Унга ёқмайдиган, балки Уни ранжитиши мумкин бўлган нарсалардан ҳам қочамиз. (Матто 22:37, 38 ни ўқинг.)
БАХТГА ЭРИШИШ ЙЎЛИ
19. Чин бахтга кимлар эриша олади?
19 Одамлар деярли 6 000 йилдан бери азоб чекяпти. Лекин Шайтоннинг дунёси ўз поёнига етиб бормоқда. Ер юзида ўзини, пулни ва ўйин-кулгини ҳаддан зиёд севадиган инсонлар кўпайиб кетган. Одамлар нуқул бирон-бир нарсага эга бўлиш ҳақида ўйлаб, ўз истакларини ҳаётда энг муҳим деб билишади. Бундайлар чин бахтга сира ҳам эриша олмайди. Бундан фарқли ўлароқ, сано бастакори: «Ёқубнинг Худосини ёрдамчим деб билган, Тангриси Яҳовага умид боғлаган киши бахтлидир»,— деб ёзган. (Заб. 146:5)
20. Қай йўсин Худога бўлган севги сизни бахтли қилди?
20 Яҳованинг халқи орасида Унга бўлган севги ортиб бормоқда ва йилдан-йилга сафимиз кенгаймоқда. Бу, Худонинг Шоҳлиги бошқараётганининг исботи бўлиб, яқинда ер юзида хаёлимизга ҳам келмайдиган баракаларга эга бўлишимизни кўрсатмоқда. Худойи Таолонинг иродасини бажариш ҳамда Уни хушнуд қилаётганимизни билиш бизга чинакам ва абадий қувонч келтиряпти. Ҳа, Яҳовани севадиганлар абадулабад шод бўлишади! Келаси мақолада, худбин севгининг оқибатида юзага келадиган айрим хислатларни ва улар Яҳованинг хизматчилари намоён этадиган фазилатлардан қандай фарқ қилишини билиб оламиз.