Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

52- ТАДҚИҚ МАҚОЛАСИ

Ота-оналар, фарзандингизга Яҳовани севишга ёрдам беринг

Ота-оналар, фарзандингизга Яҳовани севишга ёрдам беринг

Фарзандлар Яҳовадан меросдир. ЗАБ. 127:3

134- ҚЎШИҚ Фарзандлар — Яҳовадан меросдир

БУ МАҚОЛАДА *

1. Яҳова ота-оналарга нимани ишониб топширди?

ЯҲОВА илк жуфтликни фарзанд кўриш истаги билан яратган. Бежизга Муқаддас Китобда: «Фарзандлар Яҳовадан меросдир»,— дейилмаган. (Заб. 127:3) Бу нима дегани? Тасаввур қилинг, яқин дўстингиз катта миқдордаги пулини сақлаб туришингизни илтимос қилади. Ўзингизни қандай ҳис этасиз? Албатта, у сизга ишонганидан хурсанд бўласиз. Аммо ўша пулни қандай қилиб хавфсиз жойда сақлайман, деб хавотирланарсиз. Энг яқин Дўстимиз Яҳова ота-оналарга пулдан ҳам қимматлироқ бир нарсани ишониб топширди. Яҳова уларга фарзандларига яхши ғамхўрлик қилиш ва уларни бахтли қилиш масъулиятини топширди.

2. Қайси саволларга жавоб топамиз?

2 Болали бўлиш-бўлмасликни ким ва қачон ҳал қилиши керак? Ота-оналар фарзандларига бахтли бўлишга қандай ёрдам бера олади? Масиҳий жуфтликлар доно қарор чиқара олишига ёрдам берадиган Муқаддас Китобдаги баъзи принципларга диққат қаратайлик.

ЭР-ХОТИННИНГ ҚАРОРИНИ ҲУРМАТ ҚИЛИНГ

3. а) Жуфтлик болали бўлиш-бўлмаслигини ким ҳал қилиши керак? б) Дўстлар ва оила аъзолар Муқаддас Китобдаги қайси принципни ёдда тутиши лозим?

3 Баъзи маданиятларда энди турмуш қурганлар иложи борича тезроқ фарзандли бўлиши кутилади. Улар ҳатто оила аъзолари ва бу одатга амал қиладиган бошқа одамлар томонидан босимга учраши мумкин. Осиёлик биродар Жетро қуйидагича деди: «Жамоатдаги болали оилаларнинг баъзилари фарзанди йўқ жуфтликларга босим ўтказиб, болали бўлишга ундайди». Осиёлик бошқа биродар Жеффри эса: «Баъзиларнинг айтишича, болангиз бўлмаса қариганингизда ҳеч ким сизга ғамхўрлик қилмайди»,— деб бўлишди. Бироқ фарзандли бўлиш-бўлмасликни ҳар бир жуфтлик ўзи ҳал қилади. Бу уларнинг қарори ва масъулиятидир. (Галат. 6:5) Шубҳасизки, дўстлар ва оила аъзолар янги турмуш қурганлар бахтли бўлишини исташади. Лекин барча шуни унутмаслиги керакки, болали бўлиш-бўлмаслик қарорини жуфтликнинг ўзи чиқаради. (1 Салон. 4:11)

4–5. Жуфтликлар қайси иккита муҳим саволни кўриб чиқиши керак ва бу учун энг аъло вақт қачон? Тушунтиринг.

4 Фарзандли бўлишга қарор қилган жуфтлик қуйидаги иккита муҳим саволни муҳокама қилса оқилона бўларди: «Биринчидан, улар қачон бола кўрмоқчи? Иккинчидан, улар нечта фарзандли бўлмоқчи?» Жуфтлик бу саволларни қачон муҳокама қилса ўринли бўларди? Нима учун мазкур иккита савол муҳим?

5 Аксарият вазиятларда жуфтликлар болали бўлиш масаласини турмуш қуришдан аввал кўриб чиқса оқилона бўларди. Нима учун? Асосий сабабларидан бири бу борада битта фикрга эга бўлиш муҳимдир. Қолаверса, улар бу масъулиятни олишга тайёр ё тайёр эмаслиги ҳақида ўйлаб кўриши керак. Баъзи жуфтликлар тўйдан камида бир ё икки йил ўтгач, бола кўришга қарор қилган. Боиси, ота-она бўлиш кўп вақт ҳамда куч олади. Улар бундай фикрга келганининг сабаби, оилавий ҳаётга мослашиш ва муносабатлари янада мустаҳкамланиши учун ўзларига бир оз вақт беришдир. (Эфес. 5:33)

6. Оғир пайтларда яшаётганимиз туфайли айрим жуфтликлар нима қилишга қарор қилган?

6 Баъзи масиҳийлар Нуҳнинг учта ўғли ва уларнинг турмуш ўртоқларига тақлид қилишга қарор қилган. Бу учта жуфтлик шу заҳоти фарзанд кўрмаган. (Ибт. 6:18; 9:18, 19; 10:1; 2 Бутр. 2:5) Исо бизнинг пайтимизни «Нуҳ пайғамбар даври» билан солиштирган. Чиндан ҳам «ниҳоятда оғир вақтларда» яшаяпмиз. (Мат. 24:37; 2 Тим. 3:1) Буни ёдда тутган ҳолда, айрим жуфтликлар хизматга кўпроқ вақт ажрата олиш учун фарзанд кўришни вақтинчалик кейинроққа қолдиришган.

Бола кўриш ва нечта фарзандли бўлиш масаласида қарор чиқарганда, доно жуфтлик «қанча харажат кетишини ҳисоблаб олади» (7- хатбошига қаранг.) *

7. Луқо 14:28, 29 ва Ҳикматлар 21:5 даги принциплар жуфтликка қандай ёрдам беради?

7 Фарзанд кўриш-кўрмаслик ва нечта болали бўлиш борасида доно жуфтликлар «қанча харажат кетишини ҳисоблаб олади». (Луқо 14:28, 29 ни ўқинг.) Тажрибали ота-оналар шуни биладики, фарзанд катта қилиш учун пулнинг ўзи етарли эмас. Бу, шунингдек, вақт ҳамда куч олади. Шу сабабли жуфтлик қуйидаги саволларни кўриб чиқиши муҳим: «Оиламизнинг асосий эҳтиёжларига ғамхўрлик қилиш учун иккаламиз ҳам ишлашимизга тўғри келадими? Бизда бор бўлган асосий нарсалар билан қониқамизми? Икковимиз ҳам ишлашимизга тўғри келса, фарзандларимизга ким қараб туради? Уларнинг фикрлаш тарзию хатти-ҳаракатларига ким таъсир қилади?» Юқоридаги саволларни хотиржамлик ила муҳокама қилган жуфтликлар Ҳикматлар 21:5 даги (ўқинг) сўзларни қалбига жо қилган бўлади.

Севувчи эр турмуш ўртоғини қўллаб-қувватлаш учун қўлидан келганича ҳаракат қилади (8- хатбошига қаранг.)

8. Масиҳий жуфтликларда қандай қийинчиликлар бўлади ва севувчи эр нима қилади?

8 Ҳам ота, ҳам она фарзандига етарлича вақт ва куч сарфлаши керак, чунки у бунга лойиқ. Шу боис, жуфтлик бирин-кетин фарзандли бўлса, ҳар бирига алоҳида вақт ажратиш қийин бўлиши мумкин. Бир нечта ёш боласи бор айрим жуфтликлар ҳолдан тойиб қолишини айтди. Масалан, она доим ўзини жисмонан ва ҳиссан чарчаган ҳис этиши мумкин. Хўш, бу унинг мунтазам равишда тадқиқ ўтказишига, ибодат қилишига ва хизматда қатнашишига таъсир қиладими? Устига-устак, улар йиғилишларда диққатли бўлишга ва улардан фойда олишга қийналиши мумкин. Албатта, севувчи эр фарзандлари эътиборга муҳтож бўлганда ҳам йиғилишда, ҳам уйда турмуш ўртоғини қўллаб-қувватлаш учун қўлидан келганини қилади. Масалан, у турмуш ўртоғига уй ишларида ёрдамлашиши мумкин. Қолаверса, ҳамма оилавий топиниш дастуридан фойда олиши учун у кўп меҳнат қилиши керак. Шунингдек, масиҳий оталар доимий равишда оила аъзолари билан ваъзгўйлик хизматида қатнашади.

ФАРЗАНДЛАРГА ЯҲОВАНИ СЕВИШНИ ЎРГАТИНГ

9–10. Фарзандига ёрдам беришни истаган ота-она нима қилиши керак?

9 Ота-она фарзандига Яҳовани севишга ёрдам бериш учун нималар қилиши мумкин? Қандай қилиб улар боласини ахлоқсизликдан ҳимоялай олади? Ота-оналар қўйиши мумкин бўлган бир нечта қадамга эътибор беринг.

10 Яҳовадан ёрдам сўраб, ибодат қилинг. Шимшўннинг ота-онаси бўлган Монувах ва унинг турмуш ўртоғи қолдирган ўрнакка диққат қаратайлик. Монувах хотини ўғил туғишини билганида, Яҳовага ёлвориб болани қандай тарбиялаш борасида йўл-йўриқ сўраган.

11. Ҳакамлар 13:8 да келтирилганидек, қай йўсин ота-она Монувахнинг мисолига тақлид қила олади?

11 Босния ва Герцеговинадаги Ниҳад ва Алма Монувахдан ўрнак олди. Улар шундай фикр билдиришди: «Монувах сингари Яҳовага ёлвориб, яхши ота-она бўлишимиз учун бизга йўл-йўриқ кўрсатишини сўрадик. Яҳова турли йўллар — оятлар, адабиётларимиз, йиғилишлар ва анжуманлар орқали ибодатларимизга жавоб берди». (Ҳакамлар 13:8 ни ўқинг.)

12. Юсуф ва Марям фарзандларига қандай ўрнак кўрсатган?

12 Ўрнагингиз орқали таълим беринг. Гапларингиз муҳим, лекин хатти-ҳаракатларингиз фарзандингизга кўпроқ таъсир қилиши мумкин. Юсуф ва Марям фарзандларига, жумладан, Исога аъло ўрнак кўрсатгани шубҳасиз. Юсуф оиласига ғамхўрлик қилиш учун оғир меҳнат қилган. Шунингдек, у ўз хонадонини маънавий нарсаларни қадрлашга ундаган. (Қонун. 4:9, 10) Таврот бўйича Юсуф «ҳар йили» Қуддусга Фисиҳ байрамини нишонлаш учун оиласини олиб келишга мажбур бўлмаган. Лекин барибир уларни олиб келарди. (Луқо 2:41, 42) Ўша пайтда баъзи оталар оиласи билан сафарнига чиқишни ноқулай, кўп вақт оладиган ва қиммат, деб ҳисоблагандир. Лекин Юсуф маънавий нарсаларни қадрлаган ва болаларига ҳам шундай қилишни ўргатган. Бундан ташқари, Марям ҳам Муқаддас Ёзувларни яхши билган. У ҳам сўзлари, ҳам ишлари билан болаларига Худонинг Каломини севишни ўргатгани шубҳасиз.

13. Қай йўсин бир жуфтлик Юсуф билан Марямнинг мисолига тақлид қилди?

13 Юқорида тилга олинган Ниҳад ва Алма Юсуф билан Марямнинг мисолига тақлид қилишни истади. Хўш, бу уларга ўғлини Худони севадиган ва Унга хизмат қиладиган инсон сифатида ўстиришга қандай ёрдам берди? Улар шундай деди: «Ҳаёт тарзимиз билан ўғлимизга Яҳованинг принциплари бўйича яшаш қанчалар яхши эканини кўрсатишга интилардик». Ниҳад: «Фарзандингиз қандай инсон бўлишини истасангиз, сиз ҳам шундай инсон бўлинг»,— деб қўшиб қўйди.

14. Нима сабабдан ота-она фарзанди ким билан мулоқот қилаётганини билиши керак?

14 Фарзандингизга яхши дўстлар топишга кўмаклашинг. Ҳам ота, ҳам она фарзанди ким билан мулоқот қилаётганини ва нима билан банд эканини билиши керак. Бу ота-оналар боласи ижтимоий тармоқларда ва уяли телефонида ким билан мулоқот қилаётганини билишни ўз ичига олади. Чунки ўша мулоқот фарзанднинг фикрларию хулқига таъсир қилиши мумкин. (1 Кор. 15:33)

15. Ота-оналар Жессининг мисолидан нимани ўрганиши мумкин?

15 Ота-она компьютер ёки мобил қурилмалардан фойдаланишни яхши билмаса-чи? Филиппиндаги Жесси исмли ота қуйидагича деди: «Электрон қурилмаларни унча тушунмасдик. Аммо бу бизни фарзандларимизга бундай қурилмаларнинг хавфли тарафлари ҳақида ўргатишдан тўхтатмади». Жесси электрон қурилмаларни яхши тушунмагани учунгина болаларига улардан фойдаланишни тақиқламаган. У шундай тушунтирди: «Болаларимни электрон қурилма ёрдамида янги тилни ўрганишга, йиғилишларга тайёргарлик кўришга ва Муқаддас Китобни ҳар куни ўқишга ундардим». Агар ота-она бўлсангиз, jw.org® сайтида «Ўсмирлар» сарлавҳаси остида келтирилган ўзаро СМС ёзиш ва Интернетга суратлар қўйиш борасидаги мақолаларни фарзандингиз билан ўқиб, муҳокама қилдингизми? «Электрон қурилмаларнинг хўжайинимисиз ё қулими?» ва «Ижтимоий тармоқлардан оқилона фойдаланинг» номли видеоларни биргаликда кўриб чиқдингизми *? Фарзандингизга электрон қурилмалардан донолик ила фойдаланишни ўргатар экансиз, бу маълумотлар асқатади. (Ҳик. 13:20)

16. Кўп ота-оналар нима қилди ва натижаси қандай бўлди?

16 Кўп ота-оналар фарзанди Худога хизмат қилиб, яхши ўрнак кўрсатган одамлар билан дўстлашиши учун имконият яратишга жон куйдиради. Масалан, Кот-д’Ивуардаги Ндени ва Бомен туман нозирини уйларида қолишга тез-тез таклиф қилишарди. Ндени шундай деб бўлишди: «Бу ўғлимизга жуда яхши таъсир қилди. У кашшофликни бошлади ва ҳозир туман нозирининг ўринбосари сифатида хизмат қиляпти». Сиз ҳам фарзандингизнинг шундай дўстлари бўлишига ғамхўрлик қила оласизми?

17–18. Ота-она фарзандига қачон таълим-тарбия беришни бошлаши керак?

17 Фарзандингизга иложи борича эртароқ таълим-тарбия беришни бошланг. Ота-она фарзандига таълим-тарбия беришни қанча эрта бошласа, шунча яхши. (Ҳик. 22:6) Тимўтийнинг мисоли тўғрисида ўйлаб кўринг. У улғайгач, ҳаворий Павлус билан ҳамкорлик қилган. Тимўтийнинг онаси Эвника ва бувиси Лоида унга «чақалоқлигиданоқ» таълим берган. (2 Тим. 1:5; 3:15, изоҳ)

18 Кот-д’Ивуардаги бошқа бир жуфтлик — Жен-Клауд ва Пис олтита фарзандига ҳам Яҳовани севишни ва Унга хизмат қилишни ўргатишга муваффақ бўлди. Бунда уларга нима ёрдам берди? Улар Эвника ва Лоиданинг мисолига эргашди. Улар: «Фарзандларимиз туғилганидан кўп ўтмай, яъни чақалоқлигиданоқ қалбларига Худонинг Каломини жо қилдик»,— деб бўлишди. (Қонун. 6:6, 7)

19. Худонинг Каломини фарзанднинг қалбига жо қилиш нимани ўз ичига олади?

19 Яҳованинг Каломини фарзандларнинг «қалбларига жо қилиш» нима дегани? Бу «тез-тез қайтариш орқали бирон нимани ўргатиш ёки эслатиш» дегани. Бунинг учун ота-она фарзанди билан мунтазам равишда вақт ўтказиши керак. Баъзида болага йўл-йўриқларни қайта-қайта айтишга тўғри келганидан ота-онанинг кўнгли чўкиши мумкин. Аммо ота-она буни фарзандига Худонинг Каломини тушунишга ва уни амалда қўллашга ёрдам берадиган усул деб билишга интилиши керак.

Ота-она ҳар бир фарзандига қандай таълим-тарбия бериш борасида қарор чиқариши керак (20- хатбошига қаранг.) *

20. Фарзандларни катта қилишда Забур 127:4 даги сўзлар қандай қўл келиши мумкинлигини тушунтиринг.

20 Фарзандларингизни яхши билинг. Забурнинг 127- саносида фарзандлар ўқлар билан солиштирилган. (Забур 127:4 ни ўқинг.) Ўқлар турли материаллардан ясалиб, турли ҳажмда бўлганидай, иккита бола ҳам бир хил бўлмайди. Шу боис, ота-она ҳар бир боласига қай йўсин таълим-тарбия беришни аниқлаши керак. Иккита фарзандини Яҳованинг хизматчилари қилиб тарбиялашда муваффақиятли бўлган ҳозирги Исроилдаги бир жуфтлик уларга нима ёрдам бергани билан бўлишди: «Ҳар бир боламиз билан алоҳида Муқаддас Китоб тадқиқини ўтказганмиз». Ҳар бир оила боши бундай тадқиқ ўтказиш зарурлигини ёки бунинг имкони бор-йўқлигини ўзи ҳал қилади.

ЯҲОВА СИЗГА ЁРДАМ БЕРАДИ

21. Яҳова ота-оналарга қандай ёрдам бера олади?

21 Гоҳида дуч келаётган қийинчиликлари туфайли ота-оналарнинг руҳи тушиши мумкин, лекин фарзандлар Яҳованинг ҳадясидир. У доим ёрдам беришга тайёр. У ота-оналарнинг ибодатини ҳозирлик билан эшитади. Муқаддас Китоб, адабиётларимиз ва жамоатдаги тажрибали ота-оналарнинг ўрнагию маслаҳатлари ёрдамида Худо уларнинг ибодатларига жавоб беради.

22. Ота-она фарзандига бериши мумкин бўлган энг аъло нарсалар қаторига нималар киради?

22 Айтишларича, бола катта қилиш 20 йиллик лойиҳа. Лекин ота-она доим ота-она бўлиб қолаверади. Севги, вақт ҳамда Муқаддас Китобга асосланган таълим-тарбия улар фарзандларига бериши мумкин бўлган энг аъло нарсалар сирасидандир. Ҳар бир бола таълим-тарбияга турлича муносабат билдиради. Яҳовани севадиган ота-оналардан таълим-тарбия олаётган кўпларнинг туйғулари осиёлик Жоанна Маеники билан ўхшашдир. У қуйидагича деди: «Ота-онам менга қандай таълим-тарбия берганини эсласам, уларнинг тарбияси ва Яҳовани севишни ўргатишгани учун жуда миннатдорман. Улар менга шунчаки ҳаёт бермади, балки унга мазмун ҳам киритишди». (Ҳик. 23:24, 25) Миллионлаб масиҳийлар шунга ўхшаш туйғуларни ҳис этмоқда.

59- ҚЎШИҚ Яҳни мадҳ этайлик

^ абз. 5 Турмуш ўртоқлар фарзандли бўлиши керакми? Агар улар бунга қарор қилса, нечта бола кўриш керак? Қай йўсин улар фарзандларига Яҳовани севишга ва Унга хизмат қилишга ёрдамлаша олади? Ушбу мақолада юқоридаги саволларга жавоб топишга ёрдам берадиган замонавий мисоллар ва Муқаддас Китобдаги принциплар келтирилган.

^ абз. 15 Масалан, «Ёшларнинг саволлари. Амалий маслаҳатлар» (рус) номли китобнинг 1- жилд, 36- боб ва 2- жилд, 11- бобига қаранг.

^ абз. 60 РАСМГА ШАРҲ. Масиҳий жуфтлик болали бўлиш-бўлмаслик масаласини муҳокама қиляпти. Бу қувончли бўлиш билан бирга масъулиятли экани борасида ҳам суҳбатлашяпти.

^ абз. 64 РАСМГА ШАРҲ. Болаларининг ёши ва қобилиятлари турлича бўлгани учун бир жуфтлик ҳар бири билан алоҳида тадқиқ ўтказяпти.