Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

29- ТАДҚИҚ МАҚОЛАСИ

«Боринглар... шогирд тайёрланглар»

«Боринглар... шогирд тайёрланглар»

Боринглар, барча халқлардан шогирд тайёрланглар. МАТ. 28:19

60- ҚЎШИҚ Нажотбахш хабар

БУ МАҚОЛАДА *

1–2. а) Исонинг Матто 28:18–20 да келтирилган амрига кўра, масиҳий жамоатларнинг асосий вазифаси нима? б) Ушбу мақолада қандай саволларни кўриб чиқамиз?

ҲАВОРИЙЛАР тоғ ён бағрида йиғилганда завққа тўлган эди. Исо тирилганидан сўнг улар билан ўша ерда кўришишни сўраганди. (Мат. 28:16) Эҳтимол, ўшанда Исо «бирданига 500 дан ортиқ биродарларга кўринди». (1 Кор. 15:6) Қизиқ, нима учун Исо бу учрашувни ташкиллаштирди? У уларга муҳим бир амрни бериб: «Боринглар, барча халқлардан шогирд тайёрланглар»,— деди. (Матто 28:18–20 ни ўқинг.)

2 Исонинг сўзларини тинглаган шогирдлар биринчи асрдаги имонлилар жамоатининг бир қисмига айланди. Ўша жамоатнинг энг муҳим вазифаси кўпроқ одамларга Масиҳнинг шогирди * бўлишга кўмаклашишдан иборат эди. Ҳозирги кунда дунё бўйлаб Масиҳнинг шогирдларидан иборат юз мингдан ошиқ жамоатлар бор ва уларнинг ҳам асосий мақсади шогирд тайёрлашдир. Ушбу мақолада тўртта саволни кўриб чиқамиз: «Нега шогирд тайёрлаш иши шунчалик муҳим? Бу нимани ўз ичига олади? Шогирд тайёрлаш ишида ҳамма қатнашадими? Нима учун бу вазифани бажаришда сабрли бўлишимиз керак?»

НЕГА ШОГИРД ТАЙЁРЛАШ ИШИ ШУНЧАЛИК МУҲИМ?

3. Юҳанно 14:6 ва 17:3 га кўра, нега шогирд тайёрлаш иши шунчалик муҳим?

3 Нега шогирд тайёрлаш иши шунчалик муҳим? Боиси фақат Масиҳнинг шогирдлари Худонинг дўсти бўлиши мумкин. Қолаверса, Исога эргашганлар ҳозирданоқ ҳаётини яхшилаб, келажакда жаннатда абадий бахтли яшаш умидига эга бўлади. (Юҳанно 14:6; 17:3 ни ўқинг.) Шубҳасизки, Исо бизга муҳим масъулиятни ишониб топширди, лекин бу вазифани ўзимиз бажармаймиз. Ҳаворий Павлус ўзи ва яқин ҳамкорлари ҳақида: «Тангрининг хизматдошларимиз»,— деб айтган. (1 Кор. 3:9) Дарҳақиқат, Яҳова ҳамда Исо номукаммал инсонларга ажойиб шараф берган!

4. Иван ва Матилде билан бўлган воқеадан қандай сабоқ оляпмиз?

4 Шогирд тайёрлаш иши бизга улкан қувонч бахш этиши мумкин. Колумбиядаги Иван ва хотини Матилденинг мисолига диққат қаратайлик. Улар Дэйвир исмли йигитга ваъз қилганди ва у: «Ҳаётимни ўзгартиришни истайман, аммо бу қўлимдан келмайди»,— деди. Дэйвир профессионал боксчи ва гиёҳванд бўлиб, спиртли ичимликларни суиистеъмол қиларди, Эрика исмли қиз билан расмий никоҳсиз яшарди. Иван қуйидагича бўлишди: «Уникига ташриф буюриш учун олисдаги қишлоққа борардик. Бу эса, бир неча соат велосипедда лой йўллардан юришни англатарди. Дэйвирнинг шахсияти ва муносабати яхшиланаётганини пайқаган Эрика ҳам Муқаддас Китоб тадқиқига қўшилди». Вақт ўтгач, Дэйвир гиёҳвандликни, ичишни ва боксни ташлади. Шунингдек, Эрика билан никоҳини расмийлаштирди. Матилде шундай деди: «2016 йили Дэйвир ва Эрика сувга чўмганида, Дэйвир: “Ҳаётимни ўзгартиришни истайман, аммо бу қўлимдан келмайди”,— деб бир неча бор айтганини эсладик. Кўз ёшларимизни тия олмадик». Шубҳасизки, одамлар Масиҳнинг шогирди бўлганида, роса қувонамиз.

ШОГИРД ТАЙЁРЛАШ ИШИ НИМАНИ ЎЗ ИЧИГА ОЛАДИ?

5. Шогирд тайёрлашда қўйиладиган биринчи қадам қандай?

5 Шогирд тайёрлашда қўядиган илк қадамимиз Яҳова ҳақида ўрганишга тайёр бўлганларни «излашдир». (Мат. 10:11) Биз учратган ҳар бир инсонга шоҳидлик берсак, чинакамига Яҳованинг Шоҳидлари эканимизни исботлаймиз. Ҳа, Масиҳнинг ваъз қилиш амрига бўйсуниб, Худонинг хизматчилари эканимизни яққол кўрсатамиз.

6. Хизматда муваффақиятли бўлишда нима ёрдам беради?

6 Баъзилар Муқаддас Китобдаги ҳақиқатларни ўрганишни жуда истайди, аммо кўплар бошида унча қизиқиш билдирмаслиги мумкин. Бундай инсонларда қизиқиш уйғотишимиз керак. Хизматда муваффақиятли бўлиш учун пухта тайёргарлик кўришимиз даркор. Сиз учратадиган инсонларни қизиқтириб қўйиши мумкин бўлган ўзгача мавзуларни танланг. Сўнг қандай қилиб ўша мавзу борасида суҳбат бошлашни режалаштиринг.

7. Қай йўсин суҳбат бошлай оласиз ва нима учун кишини тинглаш, нуқтаи назарини ҳурмат қилиш муҳим деб ўйлайсиз?

7 Балки уй эгасидан шундай деб сўрарсиз: «Бир мавзу борасида фикрингизни билсам майлими? Ҳозирги кунда ажрашиш жиддий муаммога айланган. Нима деб ўйлайсиз, оиламизни мустаҳкамлаш учун нималар қилсак бўлади?» Кейин Матто 7:12 ни муҳокама қилсангиз бўлади. Ёки қўшнингиздан: «Болаларни яхши тарбиялашда нима асқатади? Бу борада қандай фикрдасиз?» — деб сўрасангиз бўлади. Кейин эса, Қонунлар 6:6, 7 ни муҳокама қилинг. Қандай мавзу танлашингиздан қатъи назар, сизни тинглайдиган инсонлар ҳақида ўйланг. Муқаддас Китоб аслида нимага ўргатишини билиб, улар қандай фойда олиши борасида фикр юритинг. Одамлар билан суҳбатлашганда, уларни тинглашингиз ва нуқтаи назарини ҳурмат қилишингиз муҳим. Шунда уларни яхшироқ тушуна оласиз ва улар ҳам сизни тинглаш эҳтимоли ошади.

8. Нима учун доимий равишда такрорий ташрифлар қилиш керак?

8 Киши Муқаддас Китобни тадқиқ қилиш қарорига келгунига қадар, вақтингизни ажратиб такрорий ташрифлар қилишингиз зарур бўлади. Нима учун? Боиси инсонникига ташриф буюрганимизда, у уйда бўлмаслиги мумкин. Қолаверса, тадқиқ ўтиш учун сиз билан ўзини бемалол ҳис қила олгунига қадар бир неча маротаба такрорий ташрифлар қилишга тўғри келиши ҳеч гап эмас. Унутмангки, гулга мунтазам равишда сув қуйиб турилсагина, у ўсади. Шу сингари, қизиқиш билдирган инсон билан доимий равишда Муқаддас Китоб ҳақида суҳбатлар қурсак, унинг Яҳова ҳамда Исога бўлган севгиси ошиш эҳтимоли кўпаяди.

ШОГИРД ТАЙЁРЛАШ ИШИДА ҲАММА ҚАТНАШАДИМИ?

Дунё бўйлаб Яҳованинг Шоҳидлари самимий кишиларни қидиради (9–10- хатбошиларига қаранг.) *

9–10. Нима сабабдан ҳар бир масиҳий самимий кишиларни топишда қатнашади деб айта оламиз?

9 Ҳар бир масиҳий самимий инсонларни топишга ҳисса қўшади. Буни йўқолиб қолган болани топиш билан солиштирса бўлади. Қанақасига дейсизми? Ҳаётий бир воқеага эътибор беринг. Уч ёшли болакай йўқолиб қолган эди. Уни излашда тахминан 500 киши қатнашди. Ниҳоят, болакай йўқолганидан деярли 20 соат ўтиб, бир киши уни маккажўхори даласидан топди. Ихтиёрий тарзда ёрдам берган ўша киши одамлар уни мақташини истамади. У: «Ахир уни юзлаб киши излади»,— деди.

10 Кўплар йўқолиб қолган ўша болакайга ўхшайди. Уларда ҳеч қандай умид йўқ ва улар ёрдамга муҳтож. (Эфес. 2:12) Худонинг саккиз миллиондан ошиқ хизматчилари бундай одамларни топиш ишида қатнашяпти. Балки Муқаддас Китобни тадқиқ қилишга қизиққан инсонни шахсан топа олмассиз. Бироқ ўша ҳудудда хизмат қилган бошқа ваъзгўйлар Муқаддас Китоб ҳақиқатларини ўрганишни истаган кишини топа олар. Имондошимиз кимгадир Масиҳнинг шогирди бўлишга ёрдам берса, ҳар биримизда қувониш учун асос бўлади.

11. Гарчи Муқаддас Китоб тадқиқини ўтказмаётган бўлсангиз-да, қайси бошқа йўллар орқали шогирд тайёрлашда ёрдамлаша оласиз?

11 Ҳозирда ким биландир тадқиқ ўтмаётган бўлсангиз ҳам, бошқа йўллар орқали шогирд тайёрлаш ишида кўмаклаша оласиз. Масалан, Йиғилиш залига энди келганларни кўрсангиз, уларни қарши олиб ёрдам беришингиз мумкин. Шунда уларга Худонинг чинакам хизматчилари севгиси билан ажралиб туришини кўришга кўмаклашган бўласиз. (Юҳан. 13:34, 35) Йиғилиш пайтида берган ҳатто қисқа шарҳларингиз уларга ўз эътиқоди борасида самимий ва хушмуомалалик ила гапиришга туртки бўлиши мумкин. Бундан ташқари, янги ваъзгўйлар билан ҳамкорлик қилиб, уларга Муқаддас Китоб асосида инсонлар билан музокара қилишга кўмаклаша оласиз. Бундай йўл тутиб уларга Масиҳга тақлид қилишни ўргатган бўласиз. (Луқо 10:25–28)

12. Шогирд тайёрлаш учун ўзгача қобилиятлар керакми? Тушунтиринг.

12 Бошқаларга Масиҳнинг шогирди бўлишига кўмаклашиш учун ўзгача қобилиятларга эга бўлишимиз керак деган фикрга бормайлик. Қизиқ, нега? Боливиядаги Фаустинанинг мисолига эътибор берайлик. У Яҳованинг Шоҳидлари билан суҳбатлашишни бошлаганида ўқий олмас эди. Кейин у оз-моз ўқишни ўрганди. Ҳозир у сувга чўмган ва бошқаларга таълим бериш унинг жону дили. Одатда у ҳар ҳафта бешта Муқаддас Китоб тадқиқини ўтказади. Гарчи Фаустинанинг ўзи тадқиқ ўтказаётган кишиларнинг аксарияти сингари яхши ўқий олмаса-да, олтита инсонга сувга чўмишга кўмаклашди. (Луқо 10:21)

13. Гарчи банд бўлсак-да, шогирд тайёрлаш ишида қатнашиш қандай баракалар келтиради?

13 Кўпгина масиҳийлар масъулиятли муҳим ишлар билан банд. Бунга қарамай, улар Муқаддас Китоб тадқиқларини ўтказиш учун вақт ажратади ва қувонишади. Мисол тариқасида Меланини олайлик. У Аляскада саккиз яшар қизини ёлғиз тарбияларди. Бундан ташқари, у кун бўйи ишлаб, саратон касаллигига чалинган отасига ғамхўрлик қиларди. Мелани олис ҳудудда яшарди ва у ердаги ягона Шоҳид эди. У ким биландир Муқаддас Китобни тадқиқ қилишни жуда истагани учун совуқларда бардошли бўлиш ҳамда ваъз қилиш учун куч сўраб ибодат қиларди. Ниҳоят у Худонинг исми борлигини билишдан суюнган Сарани учратди. Бир оз вақт ўтиб, Сара Муқаддас Китобни тадқиқ қилишга рози бўлди. Мелани шундай айтди: «Жума куни оқшомлари роса чарчардим, лекин қизим билан тадқиққа бориб, кўп фойда олардим. Саранинг саволлари устида изланиш олиб боришдан завқ олардик ва у Яҳова билан дўстлашаётганини кўриш ёқимли эди». Сара қийинчиликларда жасоратли бўла олди: черковни тарк этди ва сувга чўмди.

НИМА УЧУН ШОГИРД ТАЙЁРЛАШ ИШИДА САБРЛИ БЎЛИШИМИЗ КЕРАК?

14. а) Шогирд тайёрлаш ва балиқчилик ўртасида қандай ўхшашликлар бор? б) Павлуснинг 2 Тимўтийга 4:1, 2 да келтирилган сўзлари сизга қандай таъсир қилмоқда?

14 Хизматингиз самарасиздай туюлса ҳам, самимий инсонларни излашда таслим бўлманг. Эсингизда бўлса, Исо шогирд тайёрлаш ишини балиқчилик билан солиштирган. Балиқчилар биргина балиқни тутиш учун бир неча соат вақтини сарфлаши мумкин. Кўпинча улар кечаси ёки саҳар тонгда овга чиқади ва гоҳида узоқ масофага сузиб боришларига тўғри келиши мумкин. (Луқо 5:5) Шунга ўхшаб, айрим ваъзгўйлар «овлаш» учун сабр ила бир неча соат вақтини кетказишади ва турли ҳудудларга боришади. Нега деганда, шундай йўл тутиб кўпроқ одамларни учратиш мумкин. Жон-жаҳди билан ҳаракат қилганлар кўп ҳолларда хушхабарга қизиқиш билдирган инсонларни учратишга муваффақ бўлади. Одамларни учратиш эҳтимоли кўпроқ бўлган жойда хизмат қилиб кўриш учун вақтингизни мослаштира оласизми? (2 Тимўтийга 4:1, 2 ни ўқинг.)

Муқаддас Китобни ўрганаётганларга маънавий қадамлар қўйишга кўмаклашинг (15–16- хатбошиларига қаранг.) *

15. Муқаддас Китоб тадқиқларини ўтказишда нима учун сабрли бўлиш керак?

15 Нима сабабли Муқаддас Китоб тадқиқларини ўтказиш учун сабрли бўлиш керак? Бунинг сабабларидан бири шундаки, инсонга Муқаддас Китобдаги таълимотларни билишга ва уларни яхши кўришга ёрдамлашишдан кўра кўпроқ нарсани қилишимиз зарур. Унга Муқаддас Китобнинг Муаллифини — Яҳовани таниб-билишга ва севишга кўмаклашишимиз лозим. Кишига Исо шогирдларидан нимани талаб қилишини ўргатишдан ташқари, қандай қилиб Худонинг ҳақиқий хизматчиси каби яшаш кераклигини тушунишга ёрдам беришимиз ҳам кутилади. Агар у Муқаддас Китоб принципларини қўллашга қийналса, сабр ила унга тиргак бўлишимиз керак. Баъзилар атиги бир неча ой ичида фикрлаш тарзию одатларини ўзгартира олса, бошқалар учун кўпроқ вақт керак бўлиши мумкин.

16. Раулнинг мисолидан қандай сабоқ олдингиз?

16 Перуда тўла вақтли махсус ваъзгўй бўлиб хизмат қилган имондошимиз билан юз берган воқеа сабрли бўлиш фойда келтиришини кўрсатмоқда. У қуйидагича ҳикоя қилди: «Рауль исмли киши билан иккита китобни ҳам тугатган эдик. Аммо у ҳали ҳам ҳаётига жиддий ўзгаришлар киритиши кутиларди. Оиласидан уруш-жанжал аримасди, ҳақоратли сўзларни ишлатарди ва ўзини тутиши туфайли фарзандлари уни ҳурмат қилишга қийналарди. Рауль йиғилишларга мунтазам равишда келарди. Шунинг учун, унга ва оиласига ёрдам бериш мақсадида такрорий ташрифлар қилишда давом этдим. Уни учратганимдан уч йилдан ошиқ вақт ўтгач, у сувга чўмишга муносиб бўлди».

17. Кейинги мақолада нимани билиб оламиз?

17 Исо бизга: «Боринглар... барча халқлардан шогирд тайёрланглар»,— деб айтган. Бу вазифани бажариш учун кўпинча фикрлаш тарзи бизникидан фарқ қиладиган одамларни, жумладан, ўзини ҳеч қайси динга тегишли эмас ёки Худо борлигига ишонмайдиган кишиларни учратишимиз мумкин. Кейинги мақолада бу каби инсонларга қай йўсин хушхабарни ваъз қила олишимиз тўғрисида билиб оламиз.

68- ҚЎШИҚ Шоҳлик уруғини сепайлик

^ абз. 5 Масиҳийлар жамоатига муҳим вазифа — одамларга Масиҳнинг шогирди бўлишга ёрдам бериш топширилган. Ушбу мақолада вазифамизни бажариш учун асқатадиган амалий маслаҳатларни кўриб чиқамиз.

^ абз. 2 ИБОРА МАЪНОСИ. Масиҳнинг шогирдлари Исо ўргатганидан кўра кўпроқ нарсани бажаради. Улар билиб олганларини амалда қўллайди. Улар Исонинг ўрнагига эргашиб, имкон борича унинг изидан оғмай юришга ҳаракат қилади. (1 Бутр. 2:21)

^ абз. 52 РАСМЛАРГА ШАРҲЛАР. Таътилга кетаётган бир киши аэропортда Яҳованинг Шоҳидларидан адабиёт олди. Кейинчалик у таътилда айланиб юрганида жамоат жойида ваъз қилаётган Шоҳидларни кўриб қолади. Уйига қайтгач, Яҳованинг Шоҳидлари унинг эшигини тақиллатади.

^ абз. 54 РАСМЛАРГА ШАРҲЛАР. Ўша киши Муқаддас Китобни тадқиқ қила бошлайди. Ниҳоят сувга чўмади.