Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

44- ТАДҚИҚ МАҚОЛАСИ

Охират яқинлашар экан, қалин дўстлик ришталарини ривожлантиринг

Охират яқинлашар экан, қалин дўстлик ришталарини ривожлантиринг

Чин дўст ҳамма вақт севади. ҲИК. 17:17

101- ҚЎШИҚ Баҳамжиҳат хизмат қилайлик

БУ МАҚОЛАДА *

«Буюк мусибат» пайтида яхши дўстларга муҳтож бўламиз (2- хатбошига қаранг.) *

1–2. Бутруснинг биринчи мактуби 4:7, 8 га кўра, қийинчиликларда бардошли бўлишга нима ёрдам беради?

«ОХИРЗАМОН» ўз ниҳоясига етиб борар экан, даҳшатли қийинчиликларга дуч келишимиз мумкин. (2 Тим. 3:1) Мисол учун, ғарбий Африкадаги бир мамлакатда сайлов ўтгач, ижтимоий нотинчликлар бошланиб, тўдалар зўравонлик қиладиган бўлди. Биродару опа-сингиллар уруш бўлган ҳудудда яшагани туфайли, олти ойдан ошиқ вақт давомида эркин ҳаракат қила олмади. Бу каби қийинчиликни енгишга уларга нима ёрдам берди? Баъзилар хавфсизроқ жойларда яшайдиган имондошларимизнинг уйида қўним топди. Битта биродар қуйидагича деди: «Бундай вазиятда ёнимда дўстларим борлигидан жуда хурсанд эдим. Бир-биримизга далда бера олдик».

2 «Буюк мусибат» бошланганда, ёнимизда бизни севадиган ажойиб дўстларимиз бўлганидан суюнамиз. (Ваҳ. 7:14) Шу боис, ҳозирда қалин дўстлик ришталарини ривожлантириш ўта муҳим. (1 Бутрус 4:7, 8 ни ўқинг.) Еремиёнинг мисолидан кўп нарсани ўрганиш мумкин. Зеро, Қуддус вайрон бўлишидан аввалги оғир пайтларда яқин дўстлари унга омон қолишига ёрдам берган *. Хўш, Еремиёга қандай тақлид қила оламиз?

ЕРЕМИЁНИНГ МИСОЛИДАН ЎРНАК ОЛИНГ

3. а) Еремиё ўзини бошқалардан олиб қочишига нима сабаб бўлиши мумкин эди? б) Еремиё котиби Борухга нима ҳақида айтган ва натижаси қандай бўлган?

3 Еремиё она шаҳри Онотўтда садоқатсиз одамлар, жумладан, қўшнилари ва балки қариндошлари орасида камида 40 йил яшаган. (Ерм. 11:21; 12:6) Лекин у одамлардан ўзини олиб қочмаган. Дарҳақиқат, у туйғуларини садоқатли котиби Борух билан бўлишган ва улар ёзиб қолдирилгани туфайли бундан хабардормиз. (Ерм. 8:21; 9:1; 20:14–18; 45:1) Борух Еремиё билан юз берган барча нарсани ёзар экан, кун сайин уларнинг ўзаро меҳри ва ҳурмати ошиб борганини тасаввур қилсак бўлади. (Ерм. 20:1, 2; 26:7–11)

4. Яҳова Еремиёга нима қилишни айтди ва қай йўсин бу вазифа Борух билан бўлган дўстлик ришталарини мустаҳкамлади?

4 Еремиё кўп йиллар давомида Қуддус билан нималар юз бериши ҳақида Исроил халқини жасорат ила огоҳлантирган. (Ерм. 25:3) Яҳова халқни тавба қилишга ундаганда, Еремиёга огоҳлантирувини ўрама битикка ёзишни айтган. (Ерм. 36:1–4) Еремиё ва Борух бу илоҳий вазифани бажариш учун, эҳтимол, бир неча ой мобайнида яқиндан ҳамкорлик қилишгандир. Шубҳасизки, бу вақт давомида улар имонни мустаҳкамлайдиган суҳбатлар қуришган.

5. Борух Еремиё учун яхши дўст эканини қай йўсин исботлади?

5 Ўрама битик ёзилгач, ундаги хабарни етказиш учун Еремиё дўсти Борухга ишониши керак эди. (Ерм. 36:5, 6) Борух бу хавфли вазифани жасорат ила бажарди. Борух маъбад ҳовлисига кириб, ўрама битикни ўқиганида, Еремиё қанчалар фахрланганини тасаввур қила оласизми? (Ерм. 36:8–10) Яҳудо беклари Борух нима қилганини эшитгач, уларга ҳам битикда ёзилганларни овоз чиқариб ўқиб беришни буюришди. (Ерм. 36:14, 15) Беклар Еремиёнинг айтганларини шоҳ Ёҳайиқимга етказишга қарор қилишди. Улар мулоҳазакорлик ила йўл тутиб Борухга шундай дейишди: «Бор, яширин. Сен ҳам, Еремиё ҳам яширининглар. Ҳеч ким қаерда эканингизни билмасин». (Ерм. 36:16–19) Ҳа, бу яхши маслаҳат эди!

6. Еремиё ва Борух қаршиликка дуч келганда қандай йўл тутишди?

6 Еремиёнинг сўзларини эшитгач, шоҳ Ёҳайиқим шу қадар дарғазаб бўлдики, ҳатто битикни ёндириб юборди ҳамда Еремиё ва Борухни ҳибсга олишни буюрди. Аммо Еремиё қўрқувга берилмади. У бошқа битикни олди-да, Борухга берди. Еремиё «Ёҳайиқим оловда ёндирган ўрама битикдаги барча сўзларни айтиб турди», Борух эса уларни ёзди. (Ерм. 36:26–28, 32)

7. Еремиё ва Борух ўзаро ҳамкорлик қилганида нималар юз берган бўлиши мумкин?

7 Қийинчиликларни бирга енгган одамлар ўртасида кўпинча қалин ришталар пайдо бўлади. Ёвуз шоҳ Ёҳайиқим йўқ қилган битикнинг ўрнига бошқасини ёзиш учун, Еремиё ва Борух биргаликда ҳамкорлик қилиб, яқинроқ танишишганини ва дўстлик ришталари мустаҳкамланганини тасаввур қилсак бўлади. Ушбу садоқатли иккита кишининг мисолидан қандай фойда олишимиз мумкин?

ЧИН ДИЛДАН СУҲБАТ ҚУРИШ

8. Қалин дўстлик ришталарини ривожлантиришга нима халақит қилиши мумкин ва нега таслим бўлмаслик керак?

8 Ўтмишда кимдир бизни хафа қилган ёки кўнглимизни қолдирган бўлса, бошқаларга дилимиздагини айтиш қийин бўлиши мумкин. (Ҳик. 18:19, 24) Ёки яқин муносабатларни ривожлантириш учун вақтимизу кучимиз йўқдай туюлаётгандир. Аммо таслим бўлмаслик керак. Оғир дамларда имондошларимиз ёнимизда бўлишини истасак, ҳозирдан улар билан фикримизу туйғуларимизни бўлишишга ўрганишимиз керак. Чин дўст бўлиш учун бу муҳим қадам. (1 Бутр. 1:22)

9. а) Исо дўстларига ишонганини қандай кўрсатган? б) Қай йўсин очиқ суҳбат қуриш бошқалар билан бўлган муносабатларингизни мустаҳкамлаши мумкин? Мисол келтиринг.

9 Исо дўстлари билан очиқ суҳбат қуриб, уларга ишонишини кўрсатган. (Юҳан. 15:15) Хурсандчилигимиз, ташвишларимиз ва кўнглимизни туширган вазиятлар ҳақида бошқалар билан бўлишиб, унга тақлид қила оламиз. Кимдир сизга бирон нима айтиб берса, уни диққат ила тингланг. Эҳтимол, шунда кўп фикр, туйғу ва мақсадларингиз ўхшаш эканини пайқарсиз. Ёши 20 дан ошган Синди исмли имондошимизнинг мисолига диққат қаратайлик. У 60 дан ошган Мари-Луиз исмли кашшоф опамиз билан дўстлашиб қолди. Синди ва Мари-Луиз ҳар пайшанба эрталаб бирга ваъзгўйлик хизматига чиқишади ва турли мавзулар борасида ўзаро бемалол суҳбат қуришади. Синди шундай деди: «Дўстларим билан чуқур суҳбатлар қуришни ёқтираман. Бу уларни яхшироқ билиб олишимга ёрдам беради». Дўстларингиз билан ўз ҳис-туйғуларингизни бўлишсангиз ва уларни тингласангиз, дўстлик ришталарингиз мустаҳкамланади. Синди каби бошқалар билан очиқ ва дилдан суҳбат қуриш учун ташаббус кўрсатсангиз, улар билан бўлган муносабатларингиз қалинлашиши мумкин. (Ҳик. 27:9)

БИРГАЛИКДА МЕҲНАТ ҚИЛИНГ

Яхши дўстлар хизматда ҳамкорлик қилади (10- хатбошига қаранг.)

10. Ҳикматлар 27:17 га биноан, имондошлар билан ҳамкорлик қилганда қандай натижаларга эришамиз?

10 Еремиё ва Борухнинг вазиятида бўлганидек, имондошлар билан ҳамкорлик қилганда, уларнинг яхши фазилатларини кўрамиз, улардан ўрганамиз ва муносабатларимиз қалинлашади. (Ҳикматлар 27:17 ни ўқинг.) Масалан, хизматда дўстингиз эътиқодини жасурлик ила ҳимоя қилганда ёки Яҳова ҳамда Унинг ваъдалари тўғрисида чин дилдан айтиб берганида нима ҳис этасиз? Эҳтимол, унга бўлган севгингиз янада ошади.

11–12. Хизматда ҳамкорлик қилиш дўстлик ришталарини мустаҳкамлашини кўрсатувчи мисол келтиринг.

11 Хизматда ҳамкорлик қилиш инсонларни бир-бирига яқинлаштиришини кўрсатувчи иккита мисолга диққат қаратайлик. 23 ёшли Аделайн исмли имондошимиз дўстларидан бирига — Кандисга камдан-кам ваъз қилинадиган ҳудудда бирга ҳамкорлик қилишни таклиф қилди. У қуйидагича бўлишди: «Янада ғайрат билан ваъз қилишни ва хизматдан кўпроқ қувонч топишни истагандик. Иккаламиз ҳам маънавий далдага муҳтож эдик». Бирга ҳамкорлик қилишдан улар қандай фойда олди? «Кун охирида ҳис-туйғуларимизни, қурган суҳбатларимиздан қалбимизга нима таъсир қилганини ва хизматда Яҳова бизни қандай йўналтирганини бўлишардик,— деди Аделайн,— Икковимиз ҳам бундай суҳбатлардан завқ олардик ва яқиндан танишардик».

12 Франциялик турмуш қурмаган иккита имондошимиз Лайла ва Марианна Марказий Африка Республикасининг гавжум пойтахти Бангида беш ҳафта хизмат қилди. Лайла шундай эслайди: «Марианна билан қийинчиликларга дуч келдик, лекин яхши суҳбат ва самимий севги туфайли дўстлигимиз қалинлашди. Марианна мослашувчан эканини, маҳаллий халқни севишини ва хизматдаги ғайратини кўрганим сайин, унга бўлган ҳурматим ошди». Бундай фойда олиш учун бошқа мамлакатга кўчишга мажбур эмассиз. Ҳар сафар ҳудудингиздаги биродар ёки опа-сингил билан ҳамкорлик қилганда, улар билан яқинроқ танишиш ва дўстлик ришталарингизни мустаҳкамлаш имконига эгасиз.

ДЎСТЛАРИНГИЗНИНГ ФАЗИЛАТЛАРИГА ДИҚҚАТ ҚАРАТИБ, КЕЧИРИМЛИ БЎЛИНГ

13. Дўстлар билан ҳамкорлик қилганда, қандай қийинчиликка дуч келишимиз мумкин?

13 Гоҳида дўстлар билан яқиндан ҳамкорлик қилганда, нафақат кучли томонларини, балки заифликларини ҳам билиб оламиз. Бу қийинчиликни енгишимизга нима ёрдам бериши мумкин? Келинг, яна Еремиёнинг мисолига қайтайлик. Бошқаларнинг яхши тарафларига диққат қаратиб, хатоларини кечиришга унга нима ёрдам берган?

14. Еремиё Яҳова ҳақида нимани билиб олган ва бу унга қандай ёрдам берган?

14 Еремиё Муқаддас Ёзувлардаги унинг исми билан аталган китобни ҳамда эҳтимол, Шоҳлар тарихи учинчи ва тўртинчи китобларни ҳам ёзган. Бу вазифа унга Яҳова номукаммал одамларга қанчалар меҳр-шафқатли эканини кўришга ёрдам бергани шубҳасиз. Масалан, Ахаб қилмишларидан тавба қилганида, Яҳова у тириклигида хонадонидагиларининг ҳеч бирига фалокат келтирмаслигини айтганини Еремиё билган. (3 Шоҳ. 21:27–29) Шунга ўхшаб, Еремиё Манаше Ахабдан ҳам баттар ёвуз ишлар қилиб, Яҳовани ранжитганидан хабардор эди. Лекин шунда ҳам Яҳова Манашени кечирди, боиси у тавба қилган эди. (4 Шоҳ. 21:16, 17; 2 Сол. 33:10–13) Бу воқеалар Еремиёга яқин дўстлари билан муносабат қилганида, Худонинг сабрию меҳр-шафқатига тақлид қилишга ёрдам бергандир. (Заб. 103:8, 9)

15. Борух вазифасидан чалғиганида, Еремиё Яҳованинг сабрига қандай тақлид қилган?

15 Борух бир оз вақтга вазифасидан чалғиганида, Еремиё у билан қандай муносабат қилганига диққат қаратинг. У дўстини шу заҳоти ташлаб кетмади, аксинча, унга Худонинг меҳр ила, лекин очиқчасига берилган хабарини айтди. (Ерм. 45:1–5) Бу воқеадан қандай сабоқ оляпмиз?

Яхши дўстлар бир-бирини чин дилдан кечиради (16- хатбошига қаранг.)

16. Ҳикматлар 17:9 да келтирилганидай, дўстлик ришталарини мустаҳкам сақлаш учун нима қилишимиз керак?

16 Очиғини айтганда, биродару опа-сингиллардан мукаммалликни кута олмаймиз. Шу боис, ким биландир яқин дўст тутинсак, бу ришталар мустаҳкамланиши учун жон куйдириш керак. Дўстимиз хатога йўл қўйса, меҳр ила, аммо очиқчасига Худонинг Каломига асосланган маслаҳат беришимизга тўғри келар. (Заб. 141:5) Агар бизни хафа қилишса, кечиришимиз керак. Кечиргач эса, хафагарчиликларни яна эслаш васвасасидан қочишимиз зарур. (Ҳикматлар 17:9 ни ўқинг.) Ҳа, ушбу оғир пайтларда имондошларимизнинг заиф эмас, балки кучли тарафларига диққат қаратишимиз жуда муҳим! Шундай йўл тутиб, улар билан бўлган муносабатларимизни мустаҳкамлаймиз. Ахир буюк мусибат пайтида яқин дўстларга муҳтож бўламиз.

МЕҲР-САДОҚАТ КЎРСАТИНГ

17. Еремиё оғир пайтда чин дўст эканини қандай исботлади?

17 Еремиё пайғамбар оғир пайтларда чин дўст эканини исботлади. Мисол учун, сарой амалдори Обидмалек Еремиёни сардобадаги балчиқда ўлиб кетишдан қутқарган, лекин бу иши учун беклар унга зарар етказишидан қўрққан. Еремиё бундан хабар топгач, дўстим ўз муаммосини ўзи ҳал қилади, деб қўл қовуштириб ўтирмаган. Гарчи ўзи қамаб қўйилган бўлса-да, дўсти Обидмалек билан Яҳованинг тасалли бахш этувчи ваъдаларини бўлишиб, қўлидан келганини қилган. (Ерм. 38:7–13; 39:15–18)

Яхши дўстлар (18- хатбошига қаранг.)

18. Ҳикматлар 17:17 га кўра, дўстимиз қийинчиликларга дуч келганида, нима қилишимиз керак?

18 Бугунги кунда биродару опа-сингилларимиз турли қийинчиликларни бошдан кечиряпти. Масалан, баъзилар табиий ёки инсонларнинг ўзи сабабчи бўлаётган офатлардан азоб чекади. Бундай воқеалар юз берганида, айримларимиз бу дўстларимизни уйларимизга таклиф қила олармиз. Бошқаларимиз эса моддий тарафдан ёрдам беришимиз мумкин. Лекин биродару опа-сингилларга кўмаклашиш учун барчамиз Яҳовадан ёрдам сўрасак бўлади. Биродар ёки опа-синглимиз тушкунликда эканидан хабар топганимизда, нима дейишни ёки қандай йўл тутишни билмасмиз. Аммо ёрдам бериш барчамизнинг қўлимиздан келади. Масалан, дўстимиз учун вақт ажратишимиз мумкин. У бирон нима билан бўлишганда, уни ҳамдардлик ила тинглармиз. Шунингдек, у билан далда бахш этувчи севимли оятимизни бўлишсак бўлади. (Ишаё 50:4) Энг асосийси, дўстларингиз сизга муҳтож бўлганида уларнинг ёнида бўлишдир. (Ҳикматлар 17:17 ни ўқинг.)

19. Ҳозирданоқ дўстлик ришталарини мустаҳкамлаш келажакда қандай ёрдам беради?

19 Ҳозирданоқ биродару опа-сингиллар билан бўлган муносабатларимизни мустаҳкамлаш қароримиз қатъий бўлиши керак. Нега? Чунки душманлар ёлғон ёки нотўғри маълумот орқали орамизда бўлинишлар яратишга интилади. Улар имондошларимизга ишонмаслигимиз ва уларни қўллаб-қувватламаслигимиз учун ҳаракат қилади. Аммо уларнинг ҳаракатлари пучга чиқади. Улар севги ришталаримизни уза олмайди. Дўстлик ришталаримизга ҳеч нарса путур етказа олмайди. Дарвоқе, бу дўстлик нафақат ушбу замонада, балки абадий давом этади!

24- ҚЎШИҚ Яҳованинг тоғига келинг

^ абз. 5 Охират яқинлашар экан, барчамиз имондошлар билан бўлган муносабатларимизни мустаҳкамлашимиз керак. Бу мақолада Еремиёнинг мисолидан нимани ўрганиш мумкинлигини кўриб чиқамиз. Қолаверса, ҳозирдан қалин дўстлик ришталарини ривожлантириш қийинчиликларда қандай ёрдам беришига диққат қаратамиз.

^ абз. 2 Еремиё китобидаги воқеалар даврий тартибда ёзилмаган.

^ абз. 57 РАСМГА ШАРҲ. «Буюк мусибат» пайтида вазият қандай бўлиши мумкинлиги тасвирланган. Бир нечта биродару опа-сингиллар чордоқда йиғилган. Улар дўст бўлгани туфайли бир-бирига далда бера оляпти. Ўша биродару опа-сингиллар буюк мусибат келишидан аввал қалин дўстлик ришталарини ривожлантирган.