Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

6- ТАДҚИҚ МАҚОЛАСИ

Бенуқсон бўлиб қолинг!

Бенуқсон бўлиб қолинг!

Токи ҳаёт эканман, бенуқсонлигимдан воз кечмайман! АЮБ 27:5

34- ҚЎШИҚ Бенуқсон бўлиб юринг

БУ МАҚОЛАДА *

1. Яҳованинг Шоҳидлари дуч келган учта вазиятда қай йўсин садоқатли бўлиб қолишган?

КЕЛИНГ, Яҳованинг Шоҳидлари дуч келган учта вазиятни тасаввур қилайлик. 1) Мактабда ўқитувчи синглимизга 8 март байрамида иштирок этишни айтади. Синглимиз бу байрам Аллоҳга ёқмаслигини билади. Шу боис, ўқитувчига бу байрамда иштирок этмаслигини ҳурмат ила айтади. 2) Тортинчоқ ёш биродаримиз уйма-уй ваъз қилади. У Яҳованинг Шоҳидларини масхара қилган мактабдаги бир бола кейинги уйда яшашини билиб қолади. Лекин у ўша боланинг эшигини тақиллатади. 3) Биродаримиз оиласига ғамхўрлик қилиш учун кўп меҳнат қилади. Бир куни бошлиғи ундан ноқонуний ишга қўл уришни сўрайди. Гарчи ишини йўқотиши мумкинлигини билса-да, у бошлиғига ростгўй бўлиши кераклигини ва Худо хизматчиларидан қонунга бўйсунишни талаб қилаётганини тушунтиради. (Рим. 13:1–4; Иброн. 13:18)

2. Қайси саволларга диққат қаратамиз ва нима учун?

2 Бу учта имондошимиз қандай фазилатни кўрсатди? Жасорат ва ростгўйлик каби бир нечта фазилатни деб айтарсиз. Аммо шунингдек, улар айниқса муҳим бўлган бенуқсонлик фазилатини намоён этишди. Ҳар бири Яҳовага содиқ бўлиб қолди. Учаласи ҳам Яҳованинг меъёрларини бузишни рад этди. Улар бенуқсонлик туфайли тўғри йўл тутди. Шубҳасизки, Яҳова уларнинг ҳар бири бу фазилатни намоён этганидан фахрланади. Самовий Отамиз биз билан ҳам фахрланишини истаймиз. Шундай экан, келинг, қуйидаги учта саволга диққат қаратайлик: «Бенуқсонлик бу нима? Нега бенуқсон бўлишимиз керак? Ушбу мушкул замонда бенуқсон бўлиб қолиш қароримизни қай йўсин кучайтира оламиз?»

БЕНУҚСОНЛИК БУ НИМА?

3. а) Бенуқсонлик бу нима? б) Қайси мисоллар бенуқсонлик қандай фазилат эканини тушунишимизга кўмаклашади?

3 Хўш, Худонинг хизматчилари бенуқсонликни қандай қилиб намоён этишяпти? Улар Яҳовани чин қалбдан севишгани учун доимо Унга ёқадиган ишлар қилишади. Келинг, бенуқсонлик ҳақида Муқаддас Китобда нима дейилганига эътибор қаратайлик. Муқаддас Китобда «бенуқсонлик» деб ўгирилган ибронийча сўз камчилиги йўқ, нуқсондан холи ёки тўла-тўкис деган маънога эга. Мисол учун, исроилликлар Яҳовага атаб ҳайвонларни қурбонликка келтирарди ва Тавротга биноан ҳайвонлар нуқсонсиз * бўлиши керак эди. (Лев. 22:21, 22) Худонинг халқига оёғи, қулоғи ёки кўзи бўлмаган ҳайвонларни, жумладан, касал ҳайвонларни қурбонликка келтириш ман этилган эди. Яҳова учун ўша ҳайвон камчиликсиз, нуқсондан холи ёки бутун бўлиши муҳим эди. (Мал. 1:6–9) Бундан Яҳова учун бенуқсонлик ёки тўла-тўкислик муҳим аҳамиятга эга эканини тушунсак бўлади. Масалан, бирон нарсани — мева, китоб ёки жиҳозни — харид қилаётганда, у бутун бўлишини, яъни мева чиримаган ёки тишланмаган, китобнинг ҳамма варақлари ёки жиҳознинг барча қисмлари жойида бўлишини истаймиз. У камчиликсиз, нуқсондан холи ёки бутун бўлишини хоҳлаймиз. Худди шундай Яҳова ҳам бизнинг севгимиз ва садоқатимиз борасида шуларни хоҳлайди. Улар камчиликсиз, нуқсондан холи ёки бутун бўлиши лозим.

4. а) Нима учун номукаммал одам бенуқсон бўла олади? б) Забур 103:12–14 га кўра, Яҳова биздан нимани кутади?

4 Бенуқсон бўлиш учун мукаммал бўлишимиз лозим деб ўйлашимиз керакми? Йўқ, ахир биз номукаммал бўлиб, анчагина хатоларга йўл қўямиз-ку. Келинг, бундай хулосага келмаслик кераклигининг иккита сабабини билиб олайлик. Биринчидан, Яҳова асосий эътиборини хатоларимизга қаратмайди. Муқаддас Китобда: «Эй Яҳ, хатоларимизга диққат қаратадиган бўлсанг, ким ҳам тура оларди, эй Яҳова?!» — деб ёзилган. (Заб. 130:3) У номукаммал, гуноҳкор эканимизни билади ва бизни чин қалбдан кечиради. (Заб. 86:5) Иккинчидан, Яҳова имкониятларимиз чегараланганини билади ва қўлимиздан келмаганини биздан талаб қилмайди. (Забур 103:12–14 ни ўқинг.) Ундай бўлса, Худонинг назарида камчиликсиз, нуқсондан холи ёки бутун бўлишимиз мумкинми?

5. Нега Яҳованинг хизматчилари бенуқсон қолиш учун Уни севишлари керак?

5 Яҳованинг хизматчилари бенуқсонликни севги туфайли намоён этишади. Яҳова самовий Отамиз экан, Унга бўлган севги ва садоқатимиз камчиликсиз, нуқсондан холи ёки бутун бўлиши керак. Шу йўсин, ҳатто синовларга дуч келганимизда ҳам бенуқсон бўлиб қоламиз. (1 Сол. 28:9; Мат. 22:37) Юқоридаги учта ваъзгўйни эслайлик. Нима учун улар тўғри йўл тутган? Наҳотки, синглимиз мактабда хафа бўлиб юришни истаса, ёш биродаримиз эшик олдида уялиб қолишни хоҳласа ёки оила боши бўлган биродаримиз ишини йўқотишни истаса? Албатта, йўқ. Зеро, улар самовий Отаси Яҳованинг адолатли меъёрларини билишади ва бутун диққатини Уни мамнун қилишга қаратишади. Улар Худони севгани учун қарор чиқаришдан аввал доим У ҳақида ўйлашади. Шундай қилиб, бенуқсон эканини исботлашади.

НЕГА БЕНУҚСОН БЎЛИШИМИЗ КЕРАК?

6. а) Нима сабабли бенуқсон бўлишингиз керак? б) Қандай қилиб илк жуфтлик бенуқсонликни сақлай олмади?

6 Нима сабабли ҳар биримиз бенуқсон бўлишимиз лозим? Шайтон Яҳовага қарши чиқиб, сизнинг ниятингизни шубҳа остига қўйгани учун бенуқсон бўлишингиз даркор. Адан боғида исёнкор бу фаришта Шайтон ёки «Душманга» айланган. У Яҳовани ёмон, худбин ва алдоқчи Ҳукмдор деб, Унинг обрўсига путур етказган. Минг афсуски, Одамато билан Момоҳаво унга қўшилиб, Яҳовага қарши чиқишди. (Ибт. 3:1–6) Адан боғида улар Яҳовага нисбатан севгисини мустаҳкамлаш учун сон-саноқсиз имкониятларга эга эди. Бироқ Шайтон исён кўтарганда уларнинг севгиси нуқсондан холи, камчиликсиз ва бутун эмас эди. Яна бир саволга жавоб топиш керак: бирорта инсон Худованд Яҳовани севгани учун Унга содиқ бўлиб қоладими? Бошқача қилиб айтганда, инсонлар бенуқсон бўлиб қола оладими? Айнан шу савол Аюбнинг замонида кўтарилган эди.

7. Аюб 1:8–11 дан билиб олганимиздай, Яҳова Аюбнинг бенуқсонлиги ҳақида қандай фикрда эди? Шайтон-чи?

7 Аюб Исроил халқи Мисрда қул бўлган даврда яшаган. У ўзгача тарзда бенуқсонликни намоён этган. Аюб ҳам номукаммал эди ва хатоларга йўл қўйган. Лекин у бенуқсон бўлгани учун, Яҳова уни яхши кўрган. Эҳтимол, ўша пайтга келиб Шайтон инсонларнинг бенуқсонлигини шубҳа остига қўйиб бўлгандир. Шунинг учун, Яҳова Шайтонга Аюб пайғамбарга эътибор қаратишни айтади. Аюбнинг тутган йўли орқали Шайтон ёлғончи экани ошкор бўлган. Яҳова Шайтонга унинг бенуқсонлигини синашга йўл қўйган. Яҳова дўсти Аюбга ишонган. Шу боис, У Шайтон уни синашига ижозат берган. (Аюб 1:8–11 ни ўқинг.)

8. Шайтон қандай қилиб Аюбга ҳужум қилган?

8 Шайтон зўравон ва қотил. У Аюбнинг бор нарсасига ҳужум қилиб, мол-мулкидан маҳрум қилди, қулларини ўлдирди ва обрўсига путур етказди. У Аюбнинг оиласини ҳам тинч қўймай, ўнта фарзандини нобуд қилди. Сўнг эса унинг ўзига ҳам ҳамла қилиб, жиддий касалликка йўлиқтирди: бошдан-оёқ оғриқли яраларга мубтало қилди. Хотини эса қайғу-алам дастидан нима деяётганини тушунмай, Аюбни таслим бўлишга ва Худони лаънатлаб, ўлиб кетишга чорлаган. Аюбнинг ўзини оладиган бўлсак, у ўзига ўлим тилаган, аммо бенуқсонликдан қайтмаган. Кейин Шайтон зарба беришнинг умуман бошқача усулини қўллаган. У Аюбнинг учта дўстидан фойдаланган. Тўғри, улар уни йўқлаб келишган, бироқ тасалли беришнинг ўрнига, шафқатсизларча унга ақл ўргатиб, танқид қилишган. Улар Аюбнинг муаммоларида Худо айбдор эканини ва унинг бенуқсонлиги Уни умуман қизиқтирмаслигини айтишган. Улар Аюб ёмон инсон бўлгани учун бу барча кўргиликлар бошига тушган деб хитоб қилишган. (Аюб 1:13–22; 2:7–11; 15:4, 5; 22:3–6; 25:4–6)

9. Аюб мушкул аҳволда бўлганига қарамай, қандай йўл тутган?

9 Қизиқ, Аюб бу қийинчиликларга нисбатан қандай муносабат билдирди? У номукаммал бўлган. Сохта юпатувчиларига танбеҳ бериб, кейинчалик оғзидан аҳмоқона сўзлар чиққанини таъкидлаган. У Худодан кўра ўзини ҳақ деб билган эди. (Аюб 6:3; 13:4, 5; 32:2; 34:5) Бироқ ҳатто шу қадар мушкул аҳволда ҳам Аюб Тангри Яҳовадан юз ўгирмаган эди. У сохта дўстлари айтган бўҳтонларга ишонмай: «Сизларни одил деб тан олишни ақлимга сиғдира олмайман! Токи ҳаёт эканман, бенуқсонлигимдан воз кечмайман!» — деб айтганди. (Аюб 27:5) Бу сўзлар муҳим аҳамиятга эга. Ҳа, Аюб таслим бўлмади. Биз ҳам шундай қилишимиз мумкин.

10. Шайтон Аюб борасида кўтарган масалага сизнинг қандай дахлингиз бор?

10 Шайтон ҳар биримизнинг ниятимизни шубҳа остига қўяди. Қизиқ, бунинг сизга қандай дахли бор? Аслида, у сиз ҳам Тангри Яҳовани чин дилдан севмаслигингизни, ўзингизни ҳимоя қиламан деб Унга хизмат қилишни тўхтатишингизни ва бенуқсонликни сақлай олмаслигингизни айтган. (Аюб 2:4, 5; Ваҳ. 12:10) Хўш, буни билгач, ўзингизни қандай ҳис этяпсиз? Бу сизга қаттиқ ботяптими? Лекин бир ўйлаб кўринг: Яҳова сизга ажойиб имкониятни тақдим этиб, сизга ишоняпти. У Шайтон бенуқсонлигингизни синашига йўл қўймоқда. Яҳова бенуқсон бўлиб қолишингизга амин ва Шайтон ёлғончи эканини исботлашингизга кўмаклашади. Ҳа, Яҳова сизга бунда ёрдам беришини ваъда қилмоқда. (Иброн. 13:6) Сарвари Оламнинг бизга ишониши улкан шараф! Нима учун бенуқсонлик шу қадар муҳим эканини тушуняпсизми? Бу туфайли Шайтоннинг бўҳтонларини рад этиб, Отамизнинг исмини оқлашимиз ва Унинг ҳукмдорлигини қўллаб-қувватлашимиз мумкин. Қандай қилиб бенуқсон бўлиб қола оламиз?

ҚАЙ ЙЎСИН ҲОЗИРДАН БЕНУҚСОН БЎЛИБ ҚОЛА ОЛАМИЗ?

11. Аюбдан қандай ўрнак олишимиз мумкин?

11 Шайтон ушбу «охирзамонда» ҳужумларини кўпайтирди. (2 Тим. 3:1) Бу мушкул даврда бенуқсон бўлиб қолиш учун қандай чоралар кўрсак бўлади? Бу борада ҳам Аюбдан ўрнак олишимиз мумкин. У қийинчиликларга дуч келишидан анча йил олдин кўп маротаба бенуқсон бўлиб қолган. Бенуқсонликни сақлаш қароримиз қатъий бўлиши учун қайси учта соҳада Аюбдан сабоқ олишимиз мумкинлигига диққат қаратайлик.

Қай йўсин бенуқсон бўлиб қолиш қарорингизни кучайтира оласиз? (12- хатбошига қаранг.) *

12. а) Аюб 26:7, 8, 14 га кўра, қандай қилиб Аюб Яҳовага нисбатан эҳтиром ҳиссини ҳамда ҳурматини оширган? б) Қай йўсин қалбимизни Аллоҳга нисбатан эҳтиром ҳиссига тўлдира оламиз?

12 Аюб эҳтиром ҳиссини ривожлантириш орқали Яҳовага бўлган севгисини кучайтирган. Аюб Яҳованинг ажойиб ижодларини кузатиш учун вақт ажратган. (Аюб 26:7, 8, 14 ни ўқинг.) У ер, осмон, булутлар ва момақалдироқ ҳақида фикр юритганда лол қолиб, Яҳованинг ижодлари тўғрисида ҳали кўп нарсани билмаслигини англаган. У Яҳованинг фикрларини ҳам қадрлаган. Худонинг сўзлари ҳақида «айтганларини хазинадай қўриқлайман» деган. (Аюб 23:12) Аюб Яҳовага нисбатан эҳтиром ҳиссига эга бўлиб, Уни чуқур ҳурмат қилган. У Отасини яхши кўриб, Уни мамнун қилишни истаган. Натижада эса, бенуқсон бўлиб қолиш қарори янада қатъий бўлган. Биз ҳам Аюб сингари йўл тутишимиз лозим. Ҳозирда Худонинг ижодлари ҳақида Аюбнинг давридаги одамларга қараганда кўпроқ билимларга эгамиз. Яҳова қандай Шахс эканини билишимизга кўмаклашадиган тўлиқ Муқаддас Китобимиз бор. Билиб олаётганларимизнинг барчаси қалбимизни эҳтиром ҳиссига тўлдиришга қўл келади. Яҳовага нисбатан эҳтиром ҳисси ва ҳурматимиз Унга бўлган севгини, итоаткорликни ва бенуқсон бўлиб қолиш истагимизни кучайтиришга ундайди. (Аюб 28:28)

Порнографияни рад этиш орқали бенуқсон бўлиб қолиш қароримиз қатъий бўлади (13- хатбошига қаранг.) *

13–14. а) Аюб 31:1 да келтирилганидай, қандай қилиб Аюб итоаткор эканини исботлаган? б) Биз Аюбнинг ўрнагига қай йўсин эргаша оламиз?

13 Аюб барча соҳада итоатли бўлгани туфайли бенуқсонликни сақлай олган. У бенуқсон бўлиб қолиш учун итоатли бўлиш кераклигини билган. Дарҳақиқат, ҳар гал итоаткорлик ила ҳаракат қилганимиз туфайли бенуқсонликни сақлаш қароримиз кучаяди. Аюб Аллоҳга ҳар куни итоатли бўлиш учун жон куйдирган. Масалан, аёлларга нисбатан қилган муносабатида у эҳтиёткор эди. (Аюб 31:1 ни ўқинг.) У уйланган киши сифатида хотинидан ташқари ҳар қандай аёлга нисбатан ишқий туйғуларни ривожлантириш номуносиб эканини билган. Бугунги кунда дунё жинсий ахлоқсизликка қўл уриш васвасаларига тўлиб-тошган. Аюб сингари биз ҳам турмуш ўртоғимиз бўлмаган ҳар қандай кишига ноўрин эътибор қаратишни истамаймиз. Шунингдек, ҳар турли беҳаё суратлар ёки порнографиядан қочамиз. (Мат. 5:28) Ҳар куни бу соҳада ўзимизни тута билсак, бенуқсонликни сақлаш қароримиз кучаяди.

Моддий нарсаларга мувозанатли нуқтаи назарга эга бўлиш орқали бенуқсон бўлиб қолиш қароримиз қатъий бўлади (14- хатбошига қаранг.) *

14 Аюб моддий нарсаларга бўлган нуқтаи назарида ҳам Яҳовага итоаткор эди. У агар мол-мулкига ишонса, жиддий гуноҳга қўл уриб, жазоланиши мумкинлигини тушунган. (Аюб 31:24, 25, 28) Биз ҳам молпараст бўлиб кетган дунёда яшаяпмиз. Муқаддас Китобда айтилганидай, пул ва мол-мулк масаласида мувозанатли нуқтаи назарни ривожлантирсак, бенуқсонликни сақлаш қароримиз кучаяди. (Ҳик. 30:8, 9; Мат. 6:19–21)

Умидимизни тирик сақлаш орқали бенуқсон бўлиб қолиш қароримиз қатъий бўлади (15- хатбошига қаранг.) *

15. а) Яна нима туфайли Аюб бенуқсон бўлиб қолган? б) Нима учун Яҳова тақдим этаётган умидни ёдимизда тутишимиз лозим?

15 Аюб Аллоҳ уни мукофотлашига умид қилгани туфайли бенуқсонликни сақлай олган. Аюб, Худо унинг бенуқсонлигига бефарқ эмаслигига амин эди. (Аюб 31:6) Қийинчиликларига қарамай, у Яҳова охир-оқибат унга мукофот ато этишига ишонган. Бу аминлик бенуқсонликни сақлашига кўмаклашгани аниқ. Яҳова Аюбнинг бенуқсонлигини кўриб хурсанд бўлган ва у номукаммал одам бўлса-да мўл-кўл баракалар ёғдирган. (Аюб 42:12–17; Ёқб. 5:11) Келажакда эса Аюб бундан ҳам кўпроқ баракаларга эга бўлади. Сиз ҳам бенуқсонликни сақлаётганингиз учун Яҳова сизга баракалар ёғдиришига умид қиляпсизми? Тангримиз ўзгармайди! (Мал. 3:6) Агар Худо бенуқсонлигимизни қадрлаётганини ёдимизда тутсак, абадий ҳаётга бўлган умид қалбимизда ёниб туради. (1 Салон. 5:8, 9)

16. Нима қилишга қароримиз қатъий бўлиши керак?

16 Илойим, бенуқсонликни сақлаш қарорингиз қатъий бўлсин! Гоҳида бенуқсонлик йўлида ўзингизни ёлғиз ҳис қилишингиз мумкин, лекин ёлғиз эмассиз. Сиз бутун дунё бўйлаб бенуқсонликни сақлаётган миллионлаб садоқатли хизматчилар орасида бўласиз. Қолаверса, ўтмишда ҳатто ўлим билан юзма-юз келиб бенуқсонликни сақлаган имонли эркагу аёллар қаторига қўшиласиз. (Иброн. 11:36–38; 12:1) Қадрдонлар, келинг: «Бенуқсонлигимдан воз кечмайман!» — деб айтган Аюб каби бенуқсон бўлиб қолайлик! Бенуқсонлигимиз Яҳовани абадулабад шарафласин!

124- ҚЎШИҚ Вафодормиз

^ абз. 5 Бенуқсонлик бу нима? Нега Яҳова хизматчиларининг бу фазилатини қадрлайди? Нима учун ҳар биримиз бенуқсон бўлиб қолишимиз муҳим? Ушбу мақолада бу саволларнинг жавобларини Муқаддас Китоб асосида кўриб чиқамиз. Қолаверса, ҳар куни бу фазилатни намоён этиш қароримизни қай йўсин кучайтиришимиз мумкинлигини ҳам билиб оламиз. Бундай йўл тутиш қут-баракаларга элтади.

^ абз. 3 Ҳайвонлар борасида «нуқсонсиз» деб таржима қилинган ибронийча сўз инсонларга нисбатан қўлланилган «бенуқсон» сўзи билан боғлиқ.

^ абз. 50 РАСМЛАРГА ШАРҲЛАР. Аюб ёш ота сифатида Яҳованинг ажойиб ижодлари ҳақида болаларига таълим беряпти.

^ абз. 52 РАСМЛАРГА ШАРҲЛАР. Биродаримиз порнография томоша қилаётган ҳамкасбларига қўшилмаяпти;

^ абз. 54 РАСМЛАРГА ШАРҲЛАР. Биродаримиз унга кераксиз бўлган ва харид қилишга қурби етмайдиган қиммат ва катта телевизорни сотиб олиш таклифини рад этяпти;

^ абз. 56 РАСМЛАРГА ШАРҲЛАР. Биродаримиз жаннатда яшаш умиди ҳақида ибодат ила мулоҳаза юритяпти.