Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

24- ТАДҚИҚ МАҚОЛАСИ

«Исмингдан қўрқишим учун, юрагимни бутун қил»

«Исмингдан қўрқишим учун, юрагимни бутун қил»

Исмингдан қўрқишим учун, юрагимни бутун қил. Эй, Тангрим Яҳова, бутун қалбим билан Сенга ҳамду сано айтаман. ЗАБ. 86:11, 12

7- ҚЎШИҚ Яҳова — куч-қудратимиздир

БУ МАҚОЛАДА *

1. Худодан қўрқиш нима ва нега Яҳовани севадиганлар учун бундай қўрқув муҳим аҳамиятга эга?

МАСИҲИЙЛАР Худони севишади ва шу билан бирга Ундан қўрқишади. Айримлар учун бу бир-бирига зид фикрдай туюлиши мумкин. Лекин бу ерда даҳшатга соладиган қўрқув ҳақида гап кетмаяпти. Келинг, қўрқувнинг ўзгача турини кўриб чиқайлик. Бундай қўрқувга эга кишилар Худога нисбатан эҳтиром ҳиссини туяди ва Уни чин дилдан ҳурмат қилади. Улар самовий Отаси билан бўлган дўстлик ришталарига зарар етказишни истамагани туфайли Уни ранжитишдан қочади. (Заб. 111:10; Ҳик. 8:13)

2. Шоҳ Довуднинг Забур 86:11 да келтирилган сўзлари асосида қайси иккита нарсани кўриб чиқамиз?

2 Забур 86:11 ни ўқинг. Мазкур сўзлар устида фикр юритар экансиз, шоҳ Довуд Худодан қўрқиш қанчалик муҳим эканини тушунганини аниқ кўра оласиз. Келинг, Довуднинг илҳомлантирилган сўзларини қай йўсин амалда қўллашимиз мумкинлигини кўриб чиқайлик. Аввалига Худонинг исмига нисбатан эҳтиром ҳиссини туйишимиз учун қандай сабаблар борлигига диққат қаратамиз. Кейин эса Худонинг исмига нисбатан эҳтиром ҳиссини туяётганимизни кундалик ҳаётимизда қандай кўрсатишимиз мумкинлиги ҳақида гап боради.

НЕГА ХУДОНИНГ ИСМИ ЭҲТИРОМ ҲИССИНИ УЙҒОТАДИ?

3. Қайси ҳодиса Мусога Худонинг исмига нисбатан доим эҳтиром ҳиссини туйишга ёрдам берган бўлиши мумкин?

3 Мусо қоянинг ёриқ жойида туриб, Яҳованинг улуғворлиги унинг олдидан ўтиб кетганини кўрганида нималарни ҳис қилгани ҳақида бир ўйлаб кўринг. Эҳтимол, бу — Исо ер юзига келишидан аввал инсонлар кўрган энг ажойиб ҳодиса бўлган. Мусо, ҳойнаҳой, фаришта айтган қуйидаги сўзларни эшитган: «Яҳова, Яҳова — шафқатли ва раҳмдил, сабр-тоқатли, меҳр-садоқат ва ҳақиқатга бой Худо. У минглаб одамларга меҳр-садоқат кўрсатувчи, хато, айб ва гуноҳни кечирувчи... Тангридир». (Чиқ. 33:17–23; 34:5–7) Мусо Яҳова исмини айтганида мазкур ҳодиса унинг эсига келгандир. Кейинчалик у Исроил халқига Худонинг «улуғ, маҳобатли исмидан» қўрқиш кераклигини айтганининг ажабланарли жойи йўқ. (Қонун. 28:58)

4. Яҳованинг қайси фазилатлари устида мулоҳаза юритсак, Унга нисбатан эҳтиром ҳиссига тўламиз?

4 Худонинг исми тўғрисида фикр юритганда, бу исм ортида турган Шахс ҳақида ҳам мулоҳаза қилиш мақсадга мувофиқдир. Унинг қудрат, донолик, адолат ва севги каби фазилатларини ёдга олишимиз лозим. Худонинг бу ва бошқа фазилатлари устида мулоҳаза юритсак, Унга нисбатан эҳтиром ҳиссига тўламиз. (Заб. 77:11–15)

5, 6. а) Худонинг исми нимани англатади? б) Чиқиш 3:13, 14 ва Ишаё 64:8 га кўра, қай йўсин Яҳова иродасини бажо келтиради?

5 Худо исмининг маъноси борасида нимани биламиз? Кўп олимлар Яҳова исми «У бўлдиради» деган маънони англатишига қўшилади. Бу Яҳова Ўз ниятини амалга оширишига ҳеч нима тўсиқ бўла олмаслигини ва Унинг қўлидан ҳамма нарса келишини эслатяпти. Қанақасига?

6 Яҳова ниятини амалга ошириш учун Ким бўлиши керак бўлса Ўша бўла олади. (Чиқиш 3:13, 14 ни ўқинг.) Адабиётларимизда Яҳова шахсиятининг эҳтиром ҳиссини уйғотадиган бу қирраси борасида мулоҳаза юритишга тез-тез ундаламиз. Бундан ташқари, Яҳова номукаммал одамлар Унга хизмат қилиши ва ниятини амалга ошириши учун ким бўлишлари керак бўлса, уларни ўша қила олади. (Ишаё 64:8 ни ўқинг.) Шу йўллар орқали Яҳова иродасини бажо келтиради. Иродасини амалга оширишдан Уни ҳеч нима тўхтата олмайди. (Ишаё 46:10, 11)

7. Қай йўсин самовий Отамизга бўлган миннатдорчилигимизни ошира оламиз?

7 Самовий Отамиз нималарни амалга оширгани ва бизни қобилиятли қилгани борасида мулоҳаза юритсак, Унга бўлган миннатдорчилигимиз ошади. Масалан, Яҳова яратган ажойиботлар ҳақида ўйлаганимизда, Унинг ишлари ва яратганлари бизни эҳтиром ҳиссига тўлдиради. (Заб. 8:3, 4) Шунингдек, Яҳова Унинг иродасини бажаришимиз учун бизга ёрдам бергани тўғрисида фикр юритганимизда, Унга бўлган ҳурматимиз янада ошади. Ҳа, Худонинг исми чиндан ҳам эҳтиром ҳиссини уйғотади! Бу Отамизнинг бутун шахсиятини, У қилган ва қиладиган барча ишларни ўз ичига олади. (Заб. 89:7, 8)

«ЯҲОВАНИНГ ИСМИНИ ЭЪЛОН ЭТАМАН»

Мусонинг ўргатганлари халққа далда бахш этган. У Худонинг исмига ва шахсиятига диққат қаратган (8- хатбошига қаранг.) *

8. Қонунлар 32:2, 3 га кўра, Худо хизматчилари Унинг исмига қандай муносабатда бўлишларини истайди?

8 Исроил халқи ваъда қилинган юрт остонасида турганида Яҳова Мусога бир қўшиқни ўргатди. (Қонун. 31:19) Мусо эса, ўз навбатида, мазкур қўшиқни халққа ўргатиши керак эди. (Қонунлар 32:2, 3 ни ўқинг.) 2- ва 3- оятлар устида мулоҳаза қилсак, Яҳова Унинг исми яширин бўлишини ва овоз чиқариб айтмайдиган даражада муқаддас ҳисобланишини истамаганини аниқ кўриш мумкин. Аксинча, Худо барча онгли мавжудотлар Унинг исмини билишини хоҳлайди. Мусо Яҳова ҳамда Унинг улуғ исми ҳақида ўргатгани Исроил халқи учун нақадар улкан шараф бўлган! Ўсимликларга ўсишга ёрдам берадиган майин ёмғир сингари, Мусонинг ўргатганлари халқнинг имонини мустаҳкамлаб, далда бахш этган. Биз ҳам шундай таълим бераётганимизга қай йўсин ишонч ҳосил қила оламиз?

9. Қандай қилиб Худонинг исми муқаддас бўлишига ҳисса қўша оламиз?

9 Уйма-уй ёки жамоат жойларида ваъз қилганимизда одамларга Муқаддас Китобдан Худонинг Яҳова деган шахсий исмини кўрсатишимиз мумкин. Биз уларга Яҳовани улуғлайдиган ажойиб адабиёт ё видеолар ёки веб-сайтимиздаги маълумотни таклиф қилишимиз мумкин. Ишда, мактабда ёки саёҳатга чиққанда суюкли Худойимиз ва У қандай Шахс экани тўғрисида суҳбатлашиш имкониятларини изласак бўлади. Уларга Яҳова биз ва ер юзи учун нималар қилмоқчи эканини айтишимиз мумкин. Булар ҳақида билиб олгач, улар Яҳова бизни қанчалар қаттиқ севишини илк бор ҳис этишлари ҳеч гап эмас. Бошқаларга севувчи Отамиз тўғрисида айтиб Унинг исми муқаддас бўлишига ҳисса қўшамиз. Уларга Худо ҳақида ёлғон маълумотга эга эканини тушунишга ёрдам бера оламиз. Одамларга Муқаддас Китоб асосида таълим берганимизда, уларга энг кўп далда бахш этувчи билимларни ўргатамиз. (Ишаё 65:13, 14)

10. Муқаддас Китоб тадқиқларини ўтказганимизда, нима учун Худонинг қонунларини ўргатишнинг ўзи етарли эмас?

10 Муқаддас Китоб тадқиқларини ўтказганимизда, одамларга Худонинг исмини билиб олишга ва Унга исмини айтиб мурожаат қилишга кўмаклашишни хоҳлаймиз. Қолаверса, бу исм ортида қандай Шахс турганини кўришга ёрдам беришни истаймиз. Агар уларга шунчаки йўл-йўриқларни, илоҳий меъёрларни ва хулқ-атвор борасидаги қоидаларни ўргатсак, бу мақсадга эриша оламизми? Каломни яхшилаб ўрганаётган одам Худонинг қонунларини билиб олиши ва ҳатто улардан завқланиши мумкин. Бироқ у Яҳовага Уни севгани учун итоатли бўладими? Унутманг, Момоҳаво Худонинг қонунини билган, лекин на у, на Одамато Қонун чиқарувчини чин дилдан севган. (Ибт. 3:1–6) Шундай экан бошқаларга Худонинг адолатли талабларию меъёрларини ўргатишдан кўпроғини қилишимиз даркор.

11. Худонинг қонунларию меъёрларини ўргатганда, бошқаларга Қонун чиқарувчини севишга қай йўсин ёрдам бера оламиз?

11 Яҳованинг талабларию меъёрлари ёқимли ва доим биз учун фойдалидир. (Заб. 119:97, 111, 112) Лекин Муқаддас Китобни ўрганаётганлар мазкур қонунлар ортида Яҳованинг севгисини кўрмагунча, буни тушунмаслиги мумкин. Шу сабабли, улардан қуйидагича сўрасак бўлади: «Нима деб ўйлайсиз, нега Худо хизматчиларига муайян ишни қилишни, бошқасини эса қилмасликни айтади? Бу Унинг шахсияти борасида нимани ошкор этяпти?» Каломни ўрганаётганларга Яҳова ҳақида мулоҳаза юритишга ва Унинг улуғ исмини чин дилдан севишга ёрдамлашсак, уларнинг қалбини забт этиш эҳтимоли ошади. Шунда улар нафақат қонунларни, балки Қонун чиқарувчини севишга ўрганишади. (Заб. 119:68) Уларнинг имони кучайиб, дуч келадиган оғир синовларда бардошли бўла олишади. (1 Кор. 3:12–15)

БИЗ «ЯҲОВАНИНГ НОМИ ИЛА ЮРАМИЗ»

Бир сафар Довуд юраги иккига бўлинишига йўл қўйган (12- хатбошига қаранг.)

12. Қай йўсин Довуд бир сафар юрагини бутун сақлай олмади ва бунинг оқибати нима бўлди?

12 Шоҳ Довуднинг Забур 86:11 даги «юрагимни бутун қил» деган сўзлари ҳам муҳим аҳамиятга эга. Юрак иккига бўлинишига йўл қўйиш қанчалар осон эканини у ўз ҳаётида кўрган. Бир сафар Довуд томидан битта аёл чўмилаётганини кўриб қолди. У бошқа кишининг хотини эди. Хўш, ўша пайт Довуднинг юраги бутунмиди ё бўлинганмиди? У Яҳованинг қуйидаги меъёрини биларди: «Яқинингизнинг... хотинига... кўз олайтирманглар». (Чиқ. 20:17) Аммо у ўша аёлга қарашда давом этгандир. Унинг юраги иккита истак ўртасида бўлинди — Ботшева билан бўлиш ёки Яҳовани мамнун қилиш. Гарчи Довуд доим Яҳовани севган ва Ундан қўрққан бўлса-да, худбинларча йўл тутди. Ўшанда Довуд нотўғри йўлни танлади. У Худонинг исмига доғ туширди. Устига-устак, Довуд бегуноҳ одамларнинг ва ўз оиласининг бошига кулфат келтирди. (2 Шоҳ. 11:1–5, 14–17; 12:7–12)

13. Довуднинг юраги яна бутун бўлганини қаердан биламиз?

13 Яҳова Довудга танбеҳ берди ва у Худо билан муносабатларини тиклади. (2 Шоҳ. 12:13; Заб. 51:2–4, 17) Довуд юраги иккига бўлинишига йўл қўйгани қандай ташвиш ва азоб келтирганини унутмаган. Яҳова Довудга юрагини бутун қилишга ёрдам бердими? Албатта, зеро Муқаддас Китобда Довуд Яҳовага «бутун қалби билан» хизмат қилгани айтилган. (3 Шоҳ. 11:4; 15:3)

14. Ўзимизга қандай савол беришимиз керак ва нега?

14 Довуднинг мисоли ҳам далда беради, ҳам огоҳлантиради. У жиддий гуноҳга қўл ургани Худонинг бугунги кундаги хизматчилари учун огоҳлантирувчи мисолдир. Яҳовага яқинда хизмат қилишни бошладикми ёки анча йиллардан бери хизмат қиляпмизми, ўзимизга шундай савол беришимиз керак: «Шайтоннинг юрагимни бўлиш учун қилаётган ҳаракатларига қарши туряпманми?»

Юрагимизни иккига бўлиш учун Шайтон ҳар қандай усулдан фойдаланади. Бунга йўл қўйманг! (15- , 16- хатбошиларига қаранг.) *

15. Ахлоқсиз тасвирларга дуч келганимизда, Худодан қўрқиш қандай қилиб биз учун ҳимоя бўлиши мумкин?

15 Мисол учун, телевизор ёки Интернетда ноўрин истакларни қўзғатадиган тасвирлар пайдо бўлса, қандай йўл тутасиз? Балки ўша тасвир ёки фильм порнография эмас-ку, деб ўзимизни оқлаш осондир. Лекин бу Шайтон юрагимизни бўлиш учун қилган тузоқ бўлиши мумкинми? (2 Кор. 2:11) Ўша тасвир одам катта ходани ёриш учун ишлатадиган металл пона сингари бўлиши мумкин. Аввал у понанинг ингичка ва ўткир учини ходага қоқади. Кейин эса понани чуқурроқ қоқиб киргизади ва хода бўлинади. Эҳтиросни қўзғатишга қаратилган тасвирлар понанинг ингичка учидай бўлиши мумкинми? Арзимас ва безарардай кўринган тасвирлар кўп ўтмай кишининг юрагини бўлиб, гуноҳ қилишига ҳамда бенуқсонликни сақлай олмаслигига сабаб бўлиши мумкин. Шу боис, юрагингизга ҳеч қандай ноўрин нарса киришига йўл қўйманг. Худонинг исмидан қўрқиш учун уни бутун сақланг!

16. Васвасага дуч келганимизда ўзимизга қандай саволлар беришимиз керак?

16 Васвасага соладиган тасвирлардан ташқари, нотўғри йўл тутишимиз учун Шайтон бошқа кўп йўллар орқали ҳам бизни йўлдан оздиришга ҳаракат қилади. Хўш, биз қандай йўл тутамиз? Ўзимизни оқлаш осон бўлиши ҳеч гап эмас. Масалан, қуйидагича ўйлармиз: «Бу жиддий гуноҳ эмас-ку! Буни қилганим учун жамоатдан четлатилмайман». Бундай фикр юритиш мутлақо нотўғри. Ўзимизга қуйидаги саволларни берсак яхши бўларди: «Шайтон бу васвасадан фойдаланиб юрагимни иккига бўлишга уриняптими? Нотўғри истакларимга берилсам, Худонинг исмига доғ туширмайманми? Бу ишим мени Худога яқинлаштирадими ё Ундан узоқлаштирадими?» Мазкур саволлар устида мулоҳаза юритинг. Уларга холисона жавоб бериш учун донолик сўраб ибодат қилинг. (Ёқб. 1:5) Бундай йўл тутиш чинакам ҳимоя бўлиши мумкин. Бу сизга Исо каби: «Йўқол кўзимдан, Шайтон!» — деб, васвасани қатъийлик ила рад этишингизга ёрдам беради. (Мат. 4:10)

17. Нега бўлинган юракнинг ҳеч қандай қадри йўқ? Мисол келтиринг.

17 Бўлинган юракнинг ҳеч қандай қадри йўқ. Аъзолари ўзаро келиша олмайдиган спорт жамоасини тасаввур қилинг. Баъзилари фақат ўзларига шараф олишни истайди, айримлари эса қоидалар бўйича ўйнагиси келмайди, яна бошқалари мураббийни умуман ҳурмат қилмайди. Бундай жамоа ғалаба қозониши амримаҳол. Аммо якдиллик ила ҳаракат қиладиган жамоада муваффақият қозониш эҳтимоли кўпроқ бўлади. Яҳовага хизмат қилиш учун фикр, истак ва ҳис-туйғуларингизда уйғунлик бўлса, юрагингиз ўша муваффақиятли жамоа каби бўлиши мумкин. Унутманг, Шайтон юрагингизни бўлишни истайди. У фикр, истак ва ҳис-туйғуларингиз Яҳованинг меъёрларига зид бўлишини хоҳлайди. Лекин Яҳовага хизмат қилиш учун юрагингиз бутун бўлиши керак. (Мат. 22:36–38) Шайтон юрагингизни бўлишига асло йўл қўйманг!

18. Михо 4:5 даги сўзларга мувофиқ қандай йўл тутишга қарор қилдингиз?

18 Довуд сингари Яҳовадан: «Исмингдан қўрқишим учун, юрагимни бутун қил»,— деб сўранг. Ибодатингизга мувофиқ яшашни мақсад қилинг. Ҳар куни чиқараётган қарорларингиз — хоҳ кичик, хоҳ катта бўлсин — Худонинг муқаддас исмидан эҳтиром ҳиссига тўлаётганингизни кўрсатсин. Бундай йўл тутиб Яҳованинг Шоҳиди сифатида бу исмга шараф келтирасиз. (Ҳик. 27:11) Шунда барчамиз Михо пайғамбарнинг сўзларига қўшилиб: «Биз эса, абадулабад Худойимиз Яҳованинг номи ила юрамиз»,— деб айта оламиз. (Михо 4:5)

41- ҚЎШИҚ Ё Раб, қабул эт дуомни

^ абз. 5 Ушбу мақолада Довуд Забур 86:11, 12 даги ибодатида Худога нима деб айтганига диққат қаратамиз. Худонинг исмидан қўрқиш нимани англатади? Бу буюк исмдан қўрқишимиз учун қандай асос бор? Қай йўсин Худодан қўрқиш васвасага берилишдан ҳимоя қилади?

^ абз. 53 РАСМГА ШАРҲ. Мусо Исроил халқига Яҳовани улуғлайдиган қўшиқни ўргатган.

^ абз. 57 РАСМГА ШАРҲ. Момоҳаво нотўғри истакларини рад этмаган. Ундан фарқли равишда, биз нотўғри истакларни уйғотадиган ва Худонинг исмига доғ туширадиган ишларга сабаб бўладиган тасвирларни кўришни ёки хабарларни ўқишни рад этамиз.