Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

7-ТАДҚИҚ МАҚОЛАСИ

15-ҚЎШИҚ Яҳованинг Ўғлини мадҳ этинг!

Яҳованинг кечирими сиз учун нимани англатади?

Яҳованинг кечирими сиз учун нимани англатади?

Сен чин дилдан кечирасан. (ЗАБ. 130:4)

АСОСИЙ ФИКР

Яҳова бизни ўзгача тарзда кечиришини кўрсатувчи Муқаддас Китобдаги баъзи мисолларни кўриб чиқамиз. Мазкур мақолада Яҳова бизни кечираётганига бўлган миннатдорчилигимизни оширишга нима ёрдам беришини билиб оламиз.

1. Одам сизни кечирганини айтганида, у нимани назарда тутаётганини билиш нега қийин?

 «СИЗНИ КЕЧИРДИМ». Кимнидир сўзимиз ёки ишимиз билан хафа қилиб қўйганимизни билсак, бу сўзлар жуда далда беради, шундай эмасми?! Хўш, «Сизни кечирдим» деган сўзлар аслида нимани англатади? Эҳтимол, бу билан у ҳалиям сиз билан дўст эканини айтмоқчидир. Ёки у шунчаки бўлиб ўтганлар ҳақида бошқа гапиришни истамаётганини назарда тутяптими? Ҳа, одамлар: «Сизни кечирдим»,— деб айтганида турли нарсаларни назарда тутади.

2. Муқаддас Ёзувларда Яҳованинг кечирими қандай тасвирланган? (Изоҳга ҳам қаранг.)

2 Яҳова биз гуноҳкор инсонларни кечириши одамлар бир-бирини кечиришидан тубдан фарқ қилади. Ҳеч ким Яҳова каби кечира олмайди. Сано бастакори У ҳақда шундай деган: «Одамлар Сени ҳурмат қилиши учун, Сен уларни чин дилдан кечирасан». (Заб. 130:4) a Дарҳақиқат, Яҳова «чин дилдан кечиради». Унинг ўрнагидан кечириш аслида нимани англатишини билиб оляпмиз. Баъзи вазиятларда Муқаддас Китоб ёзувчилари Яҳованинг кечиримини ифодалаш учун қўллаган ибронийча сўз одамларнинг кечиримини тасвирлаш учун ҳеч қачон ишлатилмаган.

3. Яҳованинг кечирими бизникидан қандай фарқ қилади? (Ишаё 55:6, 7)

3 Худо кимнидир кечирганида, унинг гуноҳини ювиб ташлагандай бўлади. Дарз кетган муносабатлар тўлиқ тикланади. Ҳа, Яҳова бизни такрор ва такрор бутунлай кечираётгани учун жуда миннатдормиз. (Ишаё 55:6, 7 ни ўқинг.)

4. Чин дилдан кечириш нимани англатишини тушунишимизга Яҳова қандай ёрдам беряпти?

4 Яҳованинг кечирими бизникидан фарқ қилар экан, унда қанақасига номукаммал инсонлар сифатида бунинг асл маъносини тушуна оламиз? Яҳова бу борада ёрдам бериш учун ёрқин мисоллардан фойдаланган. Мазкур мақолада уларнинг айримларини кўриб чиқамиз. Улардан Яҳова қай йўсин гуноҳларни ювишини ва шу билан бирга гуноҳ туфайли дарз кетган муносабатларни қайта тиклашини билиб оламиз. Бу мисолларни кўриб чиқар эканмиз, бизни кечиришини кўп йўллар орқали тушунтирган меҳрибон ва раҳмдил Отамизга бўлган севгимизу миннатдорчилигимизни оширамиз.

ЯҲОВА ГУНОҲНИ ОЛИБ ТАШЛАЙДИ

5. Яҳова гуноҳларимизни кечирганда нима бўлади?

5 Муқаддас Китобда гуноҳ кўпинча оғир юк билан солиштирилган. Шоҳ Довуд гуноҳлари борасида қуйидагича ёзган: «Хатоларим бошимдан ошиб ётибди, улар мен учун кўтариб бўлмайдиган оғир юк кабидир». (Заб. 38:4) Аммо Яҳова тавба қилган гуноҳкорларнинг хатоларини кечиради. (Заб. 25:18; 32:5) Ибронийчадан «кечиради» деб ўгирилган сўз том маънода «кўтармоқ» ёки «олиб ташламоқ» деган маънони билдиради. Демак, Яҳова гуноҳларимизни кечирганида, елкамиздаги оғир юкни олиб ташлагандай бўлади.

«Кечирдинг» (Заб. 32:5)


6. Яҳова гуноҳларимизни қанчалик узоққа олиб ташлайди?

6 Муқаддас Китобда Яҳова гуноҳларимизни биздан узоққа олиб ташлашини кўрсатиш учун яна бир мисол келтирилган. Забур 103:12 да шундай дейилган: «Шарқ ғарбдан қанчалик узоқ бўлса, қилмишларимизни биздан шу қадар узоқлаштиради». Шарқ ғарбдан энг олисда жойлашган нуқта. Улар ҳеч қачон бир-бири билан кесишмайди. Бошқача қилиб айтганда, Яҳова гуноҳларимизни биз тасаввур қилгандан ҳам узоққа олиб ташлайди. Бу Худо бизни бутунлай кечиришига ишонтиряпти.

«Шарқ ғарбдан қанчалик узоқ... [бўлганидай]» (Заб. 103:12)


7. Яҳова гуноҳларимизни нима қилиши Муқаддас Китобда қандай ифодаланган? (Михо 7:18, 19)

7 Хўш, Яҳова мажозий маънода гуноҳларимизни биздан узоққа олиб ташлаганида, уларни ўзида сақлаб турадими? Йўқ! Шоҳ Ҳизқиё Яҳова ҳақида шундай деган: «Барча гуноҳларимни ортингга улоқтириб юбординг». (Ишаё 38:9, 17) Бу мисолдан Яҳова тавба қилган кишининг гуноҳларини олиб, уларни кўрмаслик учун улоқтириб юборишини билиб оляпмиз. Мазкур фикрни яна қуйидагича ўгириш мумкин: «Сен гуноҳларимни шундай қилдингки, гўё улар содир бўлмагандай». Михо 7:18, 19 да бу фикр борасида бошқа мисол келтирилган. (Ўқинг.) Бу оятларда Худо гуноҳларимизни денгиз тубига улоқтиргани ҳақида айтилган. Қадимда бирон нарса денгиз тубига тушиб кетса, уни ҳеч қачон топишнинг имкони йўқ эди.

«Барча гуноҳларимни ортингга улоқтириб юбординг» (Ишаё 38:17)

«Сен барча гуноҳларимизни денгиз тубига улоқтириб юборасан» (Михо 7:19)


8. Нималарни билиб олдик?

8 Бу мисоллардан шуни кўрдикки, Яҳова кечирганида У бизни оғир юкдай бўлган гуноҳлардан озод этади. Довуд айтганидай, «қонунсиз ишлари кечирилган [«қопланган», изоҳ] ва гуноҳлари афв этилган кишилар бахтлидир. Гуноҳи учун Яҳова жавобгарликка тортмайдиган инсон саодатлидир». (Рим. 4:7, 8) Чинакам кечириш шундай бўлади.

ЯҲОВА ГУНОҲНИ ЮВИБ ТАШЛАЙДИ

9. Яҳова бизни бутунлай кечиришини кўришимизга Муқаддас Китоб қандай кўмаклашяпти?

9 Тўлов қурбонлиги орқали Яҳова тавба қилганларнинг гуноҳларини юва олади. Келинг, У буни қандай қилиши борасида Муқаддас Китобда нима дейилганига эътибор берайлик. Рамзий маънода Яҳова гуноҳларни ювади ва улардан тозалайди. Натижада гуноҳ қилган киши покланади. (Заб. 51:7; Ишаё 4:4; Ерм. 33:8) Тангрининг Ўзи бу жараённинг натижаси ҳақида қуйидагича деган: «Гуноҳларингиз қирмизи матодай бўлса-да, қордай оппоқ бўлади. Улар қип-қизил матодай бўлса ҳам, жундай оқ бўлиб қолади». (Ишаё 1:18) Матодан қизил ёки қирмизи доғларни кетказиш жуда мушкул. Шундай бўлса-да, Яҳова бу мисол ёрдамида гуноҳларимизни ювиб, бизни шунчалик тоза қилганидан уларни кўра олмаслигимизга ишонтиряпти.

«Гуноҳларингиз қирмизи матодай бўлса-да, қордай оппоқ бўлади» (Ишаё 1:18)


10. Яҳова бизни сахийлик ила кечираётгани Каломда қандай тасвирланган?

10 Ўтган мақолада айтилганидек, гуноҳ «қарз»га ҳам ўхшатилган. (Мат. 18:32–35) Шундай экан, ҳар сафар Яҳовага қарши гуноҳ қилганимизда, қарзимиз ортиб бораверади. Ундан катта миқдорда қарздормиз. Бироқ Яҳова бизни кечирганида, тўлашимиз керак бўлган қарздан кечгандай бўлади. У кечирган гуноҳлар учун ҳеч қандай ҳақ талаб қилмайди. Бу Яҳова бизни кечирганида ҳис қиладиган туйғуларимизни очиб берадиган яхши мисол, шундай эмасми?!

«Бутун қарзингдан кечгандим» (Мат. 18:32)


11. Муқаддас Китобда гуноҳларимиз ювилиши борасида гап кетганда, бу нимани англатади? (Ҳаворийлар 3:19)

11Ҳаворийлар 3:19 ни ўқинг. Бу оятда «ювилиш» деб таржима қилинган юнонча сўз асл матнда «ишқалаб ўчирилиш» деган маънога эга. Яҳова нафақат қарзимизни, яъни гуноҳларимизни бекор қиляпти, балки уларни ўчириб ташлаяпти. Қарз бекор қилинганда, пул миқдори устидан «Х» белгиси қўйилганини тасаввур қилармиз. Аммо бу белгининг остидаги сонларни ҳамма кўра олади. Бирон нарсани ўчириб ташлаш эса умуман бошқача. Буни тушуниш учун бир мисолга эътибор беринг. Қадимда фойдаланилган сиёҳни сув билан осонликча ўчириб ташлаш мумкин эди. Одам нам шимгични олиб ёзувни ўчирарди. Шунда қарз ўчириб ташланганида, у бутунлайин йўқ бўлиб кетарди. Ўшанда бошқалар бундан олдин нима ёзилганини кўра олмасди. Бу ёзув худди ҳеч қачон бўлмагандай. Яҳова гуноҳларимизни нафақат бекор қилишини, балки уларни бутунлайин ўчириб ташлашини билиш қалбларимизга илиқлик бахш этяпти! (Заб. 51:9)

«Гуноҳларингиз ювилиши учун» (Ҳавор. 3:19)


12. Қуюқ булут тўғрисидаги мисолдан нимани билиб оляпмиз?

12 Муқаддас Китобда Яҳова гуноҳларимизни қай йўсин бутунлай кечиришини кўрсатувчи яна бир мисол келтирилган. Яҳова шундай деган: «Қилмишларингни булут билан ёпаман, гуноҳларингни қуюқ булут ила тўсиб қўяман». (Ишаё 44:22) Яҳова кечирганида, гуноҳларимиз умуман кўринмаслиги учун уларни худди қуюқ булут ортига яширгандай бўлади.

«Қилмишларингни булут билан ёпаман» (Ишаё 44:22)


13. Яҳова гуноҳларимизни кечирганида, ўзимизни қандай ҳис қиламиз?

13 Хўш, бу биз учун нимани англатади? Яҳова гуноҳларимизни кечирганида, ўзимизни айбдор ҳис қилмаслигимиз керак. Исо Масиҳнинг тўкилган қони туфайли қарзларимиз бутунлайин бекор қилинди. Яҳова гуноҳни кечирганида, Унинг назарида асло гуноҳ қилмагандай бўламиз. Ҳа, гуноҳларимиздан тавба қилганимизда, Яҳова шу йўсин чин дилдан кечиради.

ЯҲОВА ЯҚИН МУНОСАБАТЛАРНИ ТИКЛАЙДИ

Самовий Отамиз кечираётгани учун У билан яқин муносабатларга эга бўлишимиз мумкин (14-хатбошига қаранг.)


14. Яҳова бизни бутунлай кечиришига нега ишонсак бўлади? (расмларга ҳам қаранг.)

14 Яҳова бизни кечирганида, У билан яна дўстона муносабатларга эга бўла олишимизга ишонсак бўлади. Бу айбдорлик ҳисси билан курашишга ёрдам беради. Худо мендан ҳали ҳам ранжиган ва жазолаш учун қулай фурсатни кутяпти деб қўрқмаслигимиз лозим. У ҳеч қачон бундай қилмайди. Яҳова бизни кечирганини айтса, нега Унга ишонсак бўлади? Худо Еремиё пайғамбарга шундай деган: «Мен уларнинг хатосини кечираман ва гуноҳини асло ёдга олмайман». (Ерм. 31:34) Ҳаворий Павлус қуйидаги фикрни айтганда ўша сўзларга ишора қилган: «Мен уларнинг... гуноҳларини асло ёдга олмайман». (Иброн. 8:12) Хўш, бу нима дегани?

«Гуноҳини асло ёдга олмайман» (Ерм. 31:34)


15. Яҳова гуноҳларимизни ёдда сақламаслиги нимани англатади?

15 Муқаддас Китобда «ёдга олмоқ» ёки «эсламоқ» иборалари доим ҳам инсон ўтмишда содир бўлган бирон воқеа ҳақида ўйлашини англатмайди. Аксинча, бу киши қандайдир иш қилишига ҳам ишора қилади. Масалан, Исонинг ёнида устунга осилган жиноятчи ундан қуйидагича сўраган: «Исо, Шоҳ бўлганингизда мени эсланг». (Луқо 23:42, 43) Жиноятчи шунчаки уни ўша пайтда ёдга олишини сўрамаганди. Исонинг жавобидан у келажакда ўша жиноятчи учун бирон иш қилишини, яъни уни тирилтиришини билиб оляпмиз. Демак, Яҳова гуноҳларимизни ёдга олмаслигини айтганида, У бизга қарши бирон иш қилмаслигини назарда тутади. Яҳова гуноҳларимизни кечирганида, вақт ўтиб улар учун бизни жазоламайди.

16. Чин дилдан кечириш олиб келадиган эркинлик Каломда нима билан таққосланган?

16 Яҳова бизни кечирганида эркинликни ҳис қиламиз. Муқаддас Китобдаги бир мисол буни тушунишимизга ёрдам беради. Унга кўра, номукаммал бўлганимиз туфайли «гуноҳнинг қули»миз. Бироқ Яҳова бизни кечирганида «гуноҳдан озод бўл»ган қулларга ўхшаймиз. (Рим. 6:17, 18; Ваҳ. 1:5) Худо бизни кечирганини билганимизда, озод этилган қул каби бахтиёр бўламиз.

«Сизлар гуноҳдан озод... [бўлдингизлар]» (Рим. 6:18)


17. Кечирилиш туфайли қайси маънода шифо топамиз? (Ишаё 53:5)

17Ишаё 53:5 ни ўқинг. Ушбу мақолада кўриб чиқиладиган охирги мисолда биз бедаво касалликка чалинган одамларга ўхшатилганмиз. Яҳова Ўғли орқали тақдим этган тўлов қурбонлиги туфайли рамзий маънода шифо топганмиз. (1 Бутр. 2:24) Гуноҳ қилганимизда, Яҳова билан муносабатларимизга путур етади. Тўлов туфайли эса У бизни кечириши ва яна дўстлашиши мумкин. Жиддий касалликдан фориғ бўлган инсон жуда хурсанд бўлгани каби, биз ҳам Яҳова бизни кечиргани туфайли маънан шифо топганимиз ва яна Унинг марҳаматига сазовор бўлганимиз учун қалбимиз шодликка тўлади.

«Унинг яралари орқали биз шифо топдик» (Ишаё 53:5)


ЯҲОВАНИНГ КЕЧИРИМИ БИЗ УЧУН НИМАНИ АНГЛАТАДИ?

18. Яҳованинг кечирими тўғрисидаги мисоллардан нималарни билиб олдик? («Яҳова бизни қай йўсин кечиради?» номли рамкага ҳам қаранг.)

18 Яҳованинг кечирими борасида Муқаддас Китобда келтирилган мисоллардан нимани билиб олдик? Яҳова бизни кечирганида, худди ҳеч қачон гуноҳ қилмагандай бўламиз ва улар учун келажакда бизни жазоламаслигига ишонсак бўлади. Бу туфайли самовий Отамиз билан яқин муносабатларга эга бўла оламиз. Қолаверса, Яҳованинг чин дилдан кечириши ҳадя эканини унутмаслигимиз лозим. У буни биз бунга лойиқ бўлганимиз учун эмас, балки севгани ва сахий бўлгани учун тақдим этяпти. (Рим. 3:24)

19. a) Нима учун миннатдор бўлишимиз керак? (Римликларга 4:8) б) Навбатдаги мақолада нимани кўриб чиқамиз?

19Римликларга 4:8 ни ўқинг. «Чин дилдан кечир»адиган Худойимиз борлиги учун ҳар биримиз миннатдормиз, шундай эмасми?! (Заб. 130:4) Аммо Яҳова бизни кечириши муҳим бир нарсага боғлиқ. Исо буни қуйидагича тушунтирган: «Бошқаларнинг хатоларини... кечирмасангиз, унда Отангиз ҳам хатоларингизни кечирмайди». (Мат. 6:14, 15) Шуниси аниқки, бошқаларни кечиришда Яҳованинг ўрнагига тақлид қилишимиз жуда муҳим. Хўш, буни қай йўсин қила оламиз? Навбатдаги мақолада бошқаларни кечириш нималарни ўз ичига олишини билиб оламиз.

46-ҚЎШИҚ Раҳмат Сенга, Яҳова

a Асл ибронийча матнда қўлланилган сўзлар фақатгина Яҳова гуноҳларни бутунлай кечира олишини англатади. Муқаддас Китобнинг кўпгина таржималарида бу оятдаги муҳим фикр очиб берилмаган.